Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.08.2019



09:01:09 (GMT +5), Дш, 19 авг 2019

Навоий вилояти бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот бўлиб ўтди

Аҳамият беринг

Навоий вилояти бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот бўлиб ўтди

Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятида маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан учрашди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятида маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан учрашди.

Асосий мақсад - тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий инвесторлар билан иш ўринларини яратишдаги йўналишлар, иқтисодиётнинг айрим тармоқларини ривожлантириш ва экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишда бевосита мулоқот ўрнатиш.

Маълумот учун: Навоий вилоятида 24 мингга яқин тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, уларнинг 9600 тасини якка тартибдаги тадбиркорлар, 14200 тасини юридик шахслар ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳамда турли банк-молия идоралари, давлат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи мулоқот чоғида асосий эътиборни инвестицияларни жалб этиш учун мавжуд тўсиқ ва ғовларни аниқлаш, ушбу соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф қилишга кўмаклашишга қаратишди.

Маълумки, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, рухсат бериш амалиётларини соддалаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, давлат томонидан тартибга солишни камайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айнан шунинг учун мамлакатда қулай инвестиция иқлимини яратиш давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Вилоятда ҳам йирик лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда.

Масалан, Навоий вилоятида 2018 йил 19 декабрда Президент қарори билан тасдиқланган 10 дан ортиқ тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларни жалб этиш билан йўли амалга ошириладиган лойиҳалар 2019 йилда ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури доирасида амалга ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, Хатирчи туманида “Азия сера серасилик шеркити” турк компанияси билан 10 гектарлик майдонда иссиқхона барпо этиш, Кармана туманида Хитой ва Австрия ишбилармонлари билан МДФ ва ДСП,   мармар тошларни қоплаш учун композит материаллар ва табиий тошдан плитка ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Ишчи гуруҳи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари билан ҳамкорликда Навоий вилоятидаги тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширилиш жараёнини ўрганиш учун Нурота туманидаги гранит ва мармар ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда Навоий шаҳридаги кичик саноат зонасига борди. 1,2 гектар майдонда жойлашган ушбу кичик саноат зонаси фаолият юритмаётган ишлаб чиқариш майдонларини даромадли рақаобатбардош корхоналарга айлантириш, инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш ва янги иш жойларини яратишга қаратилган.

Унинг ҳудудида жойлашган давлат кўчмас мулки бизнес субъектларига 10 йиллик муддатга берилади, кейинчалик агар бизнес режалар амалга оширилса, иш ўринлари яратилса, барча солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида тўлаб борилса, ушбу мулкка тадбир эгалик ҳуқуқини қўлга киритади.

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган учрашувда 400дан ошиқ тадбиркорлар “Навоий” эркин иқтисодий зонаси, вилоят ҳокимлиги, турли давлат ташкилотлари ва тижорат банклари филиаллари вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, хорижий инвесторлар учун тизимга имтиёз ва преференцияларни жорий этишга йўналтирилган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Инвестиция фаоллигини ошириш, мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларининг оқимини жиддий равишда кўпайтириш учун “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ушбу йўналишдаги қонунчиликни такомиллаштиришни давом эттириш кўз тутилганлиги таъкидланди. Мулоқот чоғида тадбиркорлани қизиқтирган масалалар юзасидан соҳа мутахассислари батафсил тушунтириш беришди.

Аҳоли билан учрашувларда таъкидланганидек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури фуқароларнинг бандлигини таъминлашда, моддий шароитларини сифат жиҳатидан яхшилашда катта ёрдам бўлди. Ўз бизнесини бошламоқчи бўлганларга фақатгина имтиёзли кредитлар ажратилинибгина қолмай, бизнесни ташкил қилиш ва юритишнинг ҳар бир босқичида амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Балиқчилик, паррандачилик, иссиқхоналарни яратиш, шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга оширишга бағишланган буклет ва флаерлар тарқатилди.

Мониторинг ва учрашув якунларига кўра, инвестиция лойиҳалари, шу жумладан хорижий капитал иштирокидаги лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди, қўшимча лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.