Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 19.03.2019



08:51:26 (GMT +5), Чр, 20 мар 2019

Нотариусликка тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби белгиланди

Аҳамият беринг

Нотариусликка тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби белгиланди

Адлия вазири буйруғи билан Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.


Адлия вазири буйруғи билан Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, танлов нотариус лавозими бўш бўлганда ёки қўшимча нотариус лавозими таъсис этилганда ўтказилади.

Танлов жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида трансляция қилинади.

Нотариус лавозими бўшаганлиги тўғрисидаги хабарнома олинган ёки қўшимча нотариус лавозими таъсис этилган кундан бошлаб етти иш куни ичида “Инсон ва қонун” газетасида ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида танлов ўтказиш тўғрисида эълон берилади.

Танловда йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган (илгариги икки йил бўлган), малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон фуқароси иштирок этиши мумкин.

Бунда, судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Талабгор Адлия вазирлигига ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этади. Илгари ҳужжатлар бевосита ёки тегишли адлия бошқармаси орқали тақдим этилган.

Ҳужжатлар талабларга мувофиқ бўлмаганда ёки ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда талабгорга ҳужжатлар қайтариб юборилади.

Талабгор танлов ўтказиладиган кундан камида беш кун олдин бу ҳақида хабардор қилинади.

Танлов суҳбат тарзида давлат ва жамият қурилиши ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳадаги ислоҳотлар, фуқаролик ҳуқуқи ҳамда нотариат соҳалари бўйича ўтказилади. Илгари ёзма-оғзаки равишда ўтказилган.

Саволларга тайёрланиш учун талабгорларга 20 дақиқагача вақт ажратилади ҳамда танловга уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ва шпаргалкалар олиб кириш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Танлов натижасига кўра энг кўп балл олган талабгор танловда ғолиб деб топилади.

Баллар тенг бўлиб қолганда, танлов ғолиби энг кўп бир хил балл олган талабгорлар орасидан комиссия аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади.

Танлов ғолиби билан меҳнат шартномасини тузиш ва уни нотариус лавозимига тайинлаш тегишли ҳудудий адлия органининг буйруғи билан амалга оширилади.