Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 12.12.2018



04:46:50 (GMT +5), Пш, 13 дек 2018

Адлия вазирлигининг фаолияти натижалари рақамларда: қиёсий таҳлил

Аҳамият беринг

Адлия вазирлигининг фаолияти натижалари рақамларда: қиёсий таҳлил

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 13 апрелида қабул қилинган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 13 апрелида қабул қилинган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қисқа вақт давомида бўлса ҳам, мазкур ҳужжатларда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш ҳамда Адлия вазирлиги олдига қўйилган мақсадларга эришиш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2018 йилнинг 9 ойи ичида бевосита Адлия вазирлиги томонидан 212 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди ва норма ижодкорлиги кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан роппа-роси 2 мартага ошди. Хусусан, 45 та қонун, 44 та Президент ҳужжатлари, 83 та Ҳукумат қарорлари ва 40 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди.

 

 Хусусан, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга қонуний эга бўлиш мақсадида “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ҳамда мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида Ҳукумат қарори қабул қилинган.

Ҳозирги кунда мазкур умумдавлат акцияси доирасида 11 206 та шахс ўзига қарашли бўлган ўзбошимчалик билан қурилган уйига қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини олди.

Бундан ташқари, Ҳукуматимиз томонидан 2018 йил 15 февралда қабул қилинган қарори билан автомашинани бошқариш ёки сотиш ҳуқуқи билан ишончномаларни яқин қариндошларга берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари, бегона шахсларга берганлик учун эса, энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди. Бунда давлат божи миқдори 1,7 бараварга арзонлашди. Автомашиналарни олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи миқдори ўртача 2-5 маротабагача арзонлашди.

Шу билан бирга, Ҳукуматнинг 2018 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божлари 5 бараварга камайтирилди, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони сезиларли даражада қисқартирилди, ҳисоботлар сони камайтирилди.

Вазирлик томонидан, ўтган давр мобайнида 2 030 та Қонун, Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 2017 йилнинг 9 ойи давомида ушбу кўрсаткич 1 887 тани ташкил қилган. Шуниндек, давлат рўйхатидан ўтказилган ҳужжатлар сони 158 тага кўпайди ва 474 тани ташкил қилди.

  

 Мазкур йўналишда иш кўламининг янада ошиши, албатта, вазирлик ва идораларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти билан боғлиқдир. Жумладан, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан 71 та, Молия вазирлиги томонидан 67 та, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан жами 61 тадан лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилган. Бироқ, лойиҳаларниннг барчасига ҳам розилик имзоси қўйилмаган. 102 та лойиҳа қайтарилди, 86 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларини малакали мутахассислар билан тўлдириш мақсадида ҳисобот даврида 2177 та юридик хизмат ходими суҳбатдан ўтказилди. Бироқ, уларнинг барчаси ҳам ўз лавозимига лойиқ деб топилмади. 177 та номзод юридик хизмат ходими лавозимига тайинлаш бўйича суҳбатдан ўта олмади. Шунга қарамай, ўтган давр мобайнида юридик хизмат ходими лавозимига 296 та вакант ўринлар малакали мутахассисилар билан тўлдирилди. Таъкидлаш лозимки, ўтган йилнинг шу даврида 1040 та юридик хизмат ходими лавозими вакант бўлган бўлса, 2018 йилнинг 9 ойи якуни бўйича ушбу кўрсаткич 744 тани ташкил қилди.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш борасида бир қанча самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Узбеккино” Миллий агентлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, шаҳарлар ва туманларнинг ободонлаштириш бошқармалари фаолиятининг самарадорлиги, хусусан, уларнинг функциялари, фаолиятида давлат-хусусий шериклик механизмлари қай даражада қўлланилгани ўрганилди. Ўрганиш натижасида аниқланган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда соҳа фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, юқори турувчи давлат органларига киритилди.

Адлия органларига келиб тушаётган мурожаатларнинг сони камайгани ҳам қўлланилаётган чораларнинг натижадорлигидан далолат бермоқда. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 33 мингта мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2017 йилгига нисбатан 24 мингтага камайган. Хусусан, суд қарорларидан норози бўлиб қилинган мурожаатлар сони 43 фоизга, коммунал тўловлар масаласида эса, 11 фоизга камайган. Нотариат масаласида келиб тушган мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44 фоизга камайган.

 

 Адлия органлари томонидан ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017 йилнинг 9 ойи давомида жами ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари сони 47 341 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даври мобайнида – 127 356 тани ташкил қилиб, 80 015 тага кўпайган. Бунга яққол мисол сифатида деярли ҳар куни адлия органлари томонидан республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари, туман ва шаҳарларда янги ташкил қилинган адлия бўлимлари томонидан жойларда амалга оширилаётган манзилли тарғибот тадбирларини кўрсатиш мумкин. Куни-кеча Адлия вазирлигининг ташаббуси билан бутун республикада ўтказилган “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби ҳам шулар қатори.

Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматларини кўрсатишда фуқароларга янада енгиллик яратиш мақсадида айрим турдаги ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари томонидан тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу фуқароларнинг ҳам сарф-харажатларни, ҳам вақтини тежашга,
ва асосийси, оғирини енгил қилишга хизмат қилмоқда.

Жумладан, ҳисобот даврида давлат хизматлари марказлари томонидан жами 43 385 та ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналари фуқароларимизга расмийлаштирилиб берилди, мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича жами 557 231 та ариза давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Адлия вазирлиги томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, мунтазам равишда шахсий, шу жумладан сайёр қабуллар ўтказиш ҳамда вазирлик фаолиятини кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ва олиб борилаётган фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича самарали ишлар олиб борилганлиги натижасида 59 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари орасида “Очиқлик индекси” бўйича ўтказилган навбатдаги рейтингида Адлия вазирлиги пешқадам орган сифатида биринчи ўринни эгаллади.