Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 15.02.2019



03:38:24 (GMT +5), Яш, 17 фев 2019

Адлия вазирлиги –энг очиқ давлат органи

Аҳамият беринг

Адлия вазирлиги –энг очиқ давлат органи

Давлат органларининг фаолиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, улар олиб бораётган фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш даражаси фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончининг мезонидир.


Давлат органларининг фаолиятидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, улар олиб бораётган фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш даражаси фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончининг мезонидир.

2018 йил 15 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” бўйича навбатдаги рейтингида 1-ўринни эгаллаганлиги эълон қилинди.

Бундай мақомга эришининг замирида, албатта, вазирлик жамоасининг машаққатли меҳнати ётибди.

Адлия органлари ходимлари фуқароларни ўйлантираётган, жойларда соҳа билан боғлиқ ечимини кутаётган масалаларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича жиддий ёндашувларни амалга оширмоқда ва ҳар бир адлия органи ходими иш фаолиятида “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак” деган тамойилга қатъий амал қилишга интилиб, халққа янада яқин бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Жумладан, очиқликни таъминлаш, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида адлия органлари ва муассасалари томонидан 7 071 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилнинг 1 ярим йиллигида 181 та телевидения, 253 та радио, 291 та газета ва журналда чиқишлар қилинди. 2 226 та ўтказилган тадбирларда маърузалар қилинди. 2 266 та давра суҳбати, 948 та семинарлар, 1 та илмий амалий конференция ташкил қилинди.

Адлия тизимининг аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида адлия органлари ва муассасаларига жами келиб тушган жами 18 мингдан ортиқ мурожаатларнинг қарийб 15 мингтаси қонуний ҳал этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали қабул қилинган 2 158 та мурожаат, Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 563 та мурожаатлар мазмунан ҳал этилди. Энг асосийси, давлат нотариал идоралари нотариусларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилинган шикояларнинг 1,7 бараварга камайишига эришилди.

Давлат хизматлари марказлари соҳасида ислоҳотлар ҳам самарали давом эттирилди. Улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар сони ҳам 18 тадан 85 тагача оширилиши таъминланди. 16 та хизмат турлари бўйича ишлаб чиқилган регламентлар Ҳукумат томонидан қабул қилинди.

Бундан ташқари, адлия вазирининг тегишли буйруғи билан жисмоний ва юридик шахслардан “ишонч телефони”га тушаётган мурожаатларни марказлашган ҳолда қабул қилиш мақсадида вазирликда кўп каналли, ўзбек ва рус тилларида хизмат кўрсатувчи, Республиканинг исталган ҳудудидан 1 008 қисқа рақамини териб боғланиш мумкин бўлган “CALL CENTER” ташкил қилинди.

“CALL CENTER”га Адлия вазирлигининг фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлувчи соҳаларнинг малакали ходими доимий равишда жисмоний ва юридик шахсларга келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар бериш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш учун бириктирилди.

Инновацион янги лойиҳалар асосида замонавий тарғиботнинг ўзига хос кўринишлари яратилди. Бу эса, адлия органларини халққа яқинлаштирмоқда.

Адлия вазирлигининг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтининг такомиллаштирилган, бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган янги кўриниши иш бошлади. Мазкур веб-сайт орқали адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг барча йўналишлари бўйича маълумотлар билан танишиш мумкин.

Веб-сайтда Адлия вазирлигининг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг телефон рақамлари ҳамда почта манзиллари, электрон почта манзиллари, маълумот хизмати телефонларининг ва ишонч телефонларининг рақамлари, жамоат транспортининг қатнов йўллари, тўхташ жойларининг номлари ва йўналиш рақамлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатиб ўтилган. Расмий веб-сайт рус тилида ҳам юритилади. Ҳозирги кунда расмий веб-сайтнинг инглиз тилидаги версияси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Маълумотлар ҳар куни ёки камида икки кунда бир янгиланади.

“Telegram” мессенджерида 110 000 дан ошиқ аъзоси бўлган “Huquqiy axborot” канали орқали янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти аҳолига оддий, қисқа ва халқчил тилда ёритиб берилмоқда.

Бундан ташқари, адлия органлари ва муассасалари фаолиятини кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиниши, улар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар тўғрисида дарҳол Адлия вазирликка хабар бериш мақсадида “Facebook” ижтимоий тармоғида “Адлия билан мулоқот–Диалог с юстицией” гуруҳи ташкил этилди. Худди шундай саҳифалар “Instagram”, “Twitter”, “Odnoklassniki”, “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларида ҳам Адлия вазирлигининг алоҳида гуруҳ ва саҳифалари мавжуд.

ОАВ билан ҳамкорлик йўналишида янги анъанага асос солинди, яъни Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида доимий равишда ҳар ҳафтанинг жума куни журналистлар учун ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмунини тушунтириш бўйича “Тараққиёт стратегияси” марказида “Адлия ахбороти” номли брифинг ва матбуот анжумани ташкил этилиб келинмоқда.

Параллел равишда брифинглар вилоятларда бошқармалар томонидан ҳам ҳудудий телеканалларга чиқилмоқда. 2018 йилнинг I ярим йиллиги давомида раҳбарият иштирокида жами 12 та матбуот анжумани ҳамда брифинг ўтказилди. Ушбу янгиликлар Facebook ижтимоий тармоғидаги вазирликнинг “Адлия билан мулоқот” гуруҳи ҳамда Telegram ижтимоий тармоғидаги “Huquqiy axborot” каналида тўғридан тўғри эфирга узатилиб келинмоқда.

Шу ўринда, эътиборга олиш керакки, Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан барча пресс-релизлар, бюллетенларнинг электрон шакли базаси юритилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адлия билан учрашув” журналистлар клуби низомини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруқ қабул қилинди. Журналистлар клуби билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Телеграм ижтимоий тармоғида алоҳида гуруҳ ҳам тузилган.

Адлия вазирлигининг уч ойлик, ярим йиллик, тўққиз ойлик ҳамда бир йиллик фаолияти давомида амалга оширган ишлари ҳақида маълумот расмий веб-сайт ҳамда ОАВда эълон қилиб борилмоқда.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 24 май куни Адлия вазирлигида блогерлар ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ эшиклар куни ўтказилди. Унда Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг “ЎзА” ахборот агентлиги ҳамда “Daryo.uz”, “Xabar.uz”, “Gazeta.uz”, “Qalampir.uz” каби интернет нашрлар вакиллари, блогерлар ва журналистлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Русланбек Давлетов блогер ва журналистлар томонидан турли мавзуларда йўлланган долзарб саволларга батафсил жавоб берди. Хусусан, виждон эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, қонунчиликда ўзбек тилининг ўрни, ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш эркинлиги ва масъулияти, давлат бошқаруви органлари ва идораларининг оммавий ахборот воситалари учун очиқлиги, фуқароларнинг ахборот олиш эркинлиги, шунингдек, таълим масалалари ҳам кўтарилди. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган учрашув Адлия вазирлиги ва журналистлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, вазирлик фаолиятининг кенг жамоатчиликка янада яқин бўлиши учун ижобий қадам бўлганини иштирокчилар алоҳида эътироф этишди.

Шунингдек, ҳар ойда бир марта ижтимоий тармоқлар орқали вазир ўринбосарларининг онлайн мулоқоти мунтазам ташкил этиб келинади.

Вазирлик ҳайъат мажлислари доимий равишда видеоконференцалоқа шаклида, ОАВ ҳамда жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтмоқда. Вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан, мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар вазирлик расмий веб-саҳифасида мунтазам эълон қилиб борилади.

Адлия вазирлиги халққа яқин бўлиб, унинг муаммоларини ҳал этиш учун имконият даражасида ҳаракат қилади.

Вазирлик жамоасининг энг муҳим мақсади –халқни рози қилиш. Улар учун бундан ортиқ мукофот йўқ.