Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 20.09.2018



03:39:57 (GMT +5), Жм, 21 сен 2018

Фуқаролар ишончини оқлаш учун адлия органлари олдида улкан вазифалар мавжуд

Аҳамият беринг

Фуқаролар ишончини оқлаш учун адлия органлари олдида улкан вазифалар мавжуд

Халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, бу борада соҳага янги механизмларни жорий этиш бугунги кунда ҳар бир давлат органининг ўз олдига қўйган асосий мақсадларидан биридир.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги

Халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, бу борада соҳага янги механизмларни жорий этиш бугунги кунда ҳар бир давлат органининг ўз олдига қўйган асосий мақсадларидан биридир.

Бунда эса, адлия органлари ҳам фуқароларни ўйлантираётган , жойларда соҳа билан боғлиқ ечимини кутаётган масалаларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича жиддий ёндашувларни амалга оширмоқда ва ҳар бир адлия органи ходими иш фаолиятида “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак” деган тамойилга қатъий амал қилишга интилиб, халққа янада яқин бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, мазкур ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилаётганлигини ўрганиш мақсадида адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги ишчи гуруҳ жорий йилнинг 10-12 сентябрь кунлари Бухоро вилоятида бўлишди. Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган Президент Фармони ва Қарорида назарда тутилган вазифалар ижроси ва у ерда олиб борилаётган ишлар қай даражада амалга оширилаётганлиги танқидий таҳлил қилинди. Шунингдек, тизимда мавжуд муаммолар ва аҳолини қийнаётган масалалар юзасидан Бухоро вилояти фуқаролари билан суҳбатлар ва учрашувлар ташкил қилинди.

Жумладан, ишчи гуруҳи вилоятнинг Вобкент туманида бўлиб, у ерда “Обод қишлоқ” дастури юзасидан олиб борилаётган ишлар, туман аҳолисини ўйлантираётган масалалар билан яқиндан танишишди. Туман аҳолисига маиший хизмат кўрсатаётган объектларнинг аҳволи кўздан кечирилиб, ушбу бўш турган тижорат объектлари ўрганилди.

Шунингдек, вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги ташкилот ва муассаса раҳбарларига янги қабул қилиниб келинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ҳар ҳафта тушунтириб бориш қанчалик тизимли йўлга қўйилганлиги, туман (шаҳар) адлия бўлими ходимлари ва нотариусларнинг малакасини ошириш ҳамда улардаги амалиётни бир хилда йўлга қўйилишини таъминлаш мақсадида семинарлар қанчалик тизимли ташкил этилаётганлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Маълум бўлишича, айрим ҳудудларда, хусусан Когон шаҳри ҳудудида баъзи шахсларга (асосан фуқаролиги бўлмаган шахсларга) уларнинг 30 ёшдан ошганлигига қарамасдан, туғилиши умуман қайд қилинмаган холатлар мавжуд.

Туғруқ комплексларида туғилиш ҳақидаги тиббий маълумотномани қоғоз шаклида олиш жараёни фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларни келтириб чиқараяпти.

Шу билан бирга, давлат нотариал идораларида ортиқча қоғозбозликни олдини олиш ва нотариал ҳаракатларга сарфланадиган вақтни тежаш мақсадида “Нотариус” ахборот тизимини янада такомиллаштириш зарур. Бунда тизимга ҳаракат турига қараб киритиладиган маълумотлар асосида нотариуслар томонидан тасдиқланадиган ҳужжатларнинг (шартнома, ишончнома, ариза ва бошқалар) автоматик равишда шаклланадиган намуналар жорий этилиши ва фуқаролар томонидан кутиш холатларини замонавий технологияларни қўллаган ҳолда камайтириш лозимлиги юзасидан фикрлар билдирилди. Жумладан, бугунги кунда нотариуслар томонидан юритиладиган 15 хилдаги турли китоблар ва реестрларни тубдан қисқартиришга келишиб олинди. Айниқса тақдим этиладиган статистик ҳисоботларни автоматлаштириш юзасидан зудлик билан дастур ишлаб чиқиши юзасидан топшириқлар берилди.

Яна бир холат. Ҳар бир ҳудудда бир қатор ташкилотлар, жумладан давлат ташкилот ва муассасалари ҳамда диний ташкилотларда турли хилдаги пуллик хизмат ва фуқаролардан ундириладиган тўловларни ўз ҳолича белгилаш холатлари мавжуд. Бу эса мазкур соҳа муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида тартибга солинмаганлигини кўрсатмоқда.

Маълумки, аҳоли амалга оширилаётган ислоҳотлар, рўй бераётган янгиликлар ҳақида асосан ОАВ орқали хабардор бўлади. Бухоро вилоятидаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари эса бу имкониятдан тўлалигича фойдалана олмаётганлиги, амалга оширилаётган ижобий ишлар ва фуқароларнинг юзлаб мурожаатларини қаноатлантириш орқали ечилган муаммоларни ОАВ, хусусан телевидение орқали ўз вақтида ёритилмай қолиши натижасида вилоят аҳолиси туман адлия бўлимлари фаолияти ҳақидаги тўғри тасаввурнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилмоқда.

Шунингдек, куни кеча Адлия вазирлигининг туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари фаолиятига бағишлаб ўтказилган мажлисда айнан Бухоро вилоятида мавжуд муаммолар, ечимини кутаётган масалалар айтиб ўтилганлиги баробарида, туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш борасидаги ҳуқуқбузарлик ва қонунбузилишлар, хусусан ишга қабул қилиш жараёнида ортиқча ҳужжатлар талаб қилиниши мавжудлиги, айрим Давлат унитар корхоналарининг Вазирлар Маҳкамасининг қарорисиз ташкил қилинганлиги ва улар томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига тўлиқ риоя қилинмаётганлиги аниқланди.

Ишчи гуруҳининг фикрига кўра, ҳудудларда бу борада аниқланган холат юзасидан тегишли тажриба алмашинишини йўлга қўйиш ва бошқа вилоятлардаги холатлар ҳам ўрганиб чиқилиши лозим.

Вилоятнинг барча ҳудудларида очилаётган давлат хизматлари марказларининг айни пайтдаги қурилиш ишлари қандай кетаётганлиги, улар томонидан айрим хизматларни кўрсатишни янада соддалаштириш, хусусан фуқароларнинг солиқ органи ва кадастр маълумотларини электрон тизим орқали очиқ ва ошкора бўлиши фуқароларга ҳар томонлама қулайликларни яратиб, уларни ортиқча оворагарчиликлардан халос қилади.

Шу ўринда, яқин кунларда очилиши кутилаётган Бухоро шаҳар давлат хизматлари маркази биносида 100дан ортиқ тезкор ва қулай хизматлар кўрсатилиши таъминланади. Ҳозирда муҳташам бинода пардозлаш ва мебель билан жиҳозлаш ишлари якунига етказиляпти.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, икки кун давомида олиб борилган ўрганиш натижалари адлия органлари ходимлари ўзининг соҳасидаги ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар устида тинимсиз ишлаши кераклигини яна бир бор исботлади.

Фуқароларни қийнаётган, хусусан, нотариат, ФҲДЁ, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ўз ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар белгиланди ва бу борада қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.