Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 14.06.2018



06:53:26 (GMT +5), Дш, 18 июн 2018

ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар янада соддалаштирилади

Аҳамият беринг

ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар янада соддалаштирилади

Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида энг муҳим воқелар –туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим ва бошқа холатлар юзасидан ФҲДЁ органларига мурожаат этамиз.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан  алоқалар бўлими

Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида энг муҳим воқелар –туғилиш,никоҳ тузиш, ўлим ва бошқа холатлар юзасидан ФҲДЁ органларига мурожаат этамиз. Шу орқали бизнинг ҳуқуқ ва бурчларимиз пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжатга эга бўламиз.

Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизда 231 та ФҲДЁ бўлимлари бўлиб, уларда 727 нафар ходим фаолият кўрсатади. 2017 йил давомида улар томонидан 1 млн. 200 тадан ортиқ  фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари  қайд этиилган.

 Айнан ушбу тизим орқали кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида 2018 йилнинг 11 июнида Давлатимиз раҳбарининг  “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда асосий эътибор аҳолига ҳар томонлама сифатли давлат хизматларини кўрсатишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган.

Жумладан, ҳужжатда ФҲДЁ органлари томонидан оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш ишларида фаол иштирок этиш, аҳолига тезкор равишда архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архивини шакллантириш назарда тутилган.

Муҳим янгиликлардан яна бири, бюрократия ва коррупцияни олдини олишга қаратилган идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали “мобиль давлат хизматлари” услубларидан фойдаланиш белгиланган.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб оила мустаҳкамлигининг гарови, уни ҳуқуқий жиҳатдан суғурталовчи никоҳ шартномасини, шунингдек ҳозирда ҳаётимизда кўп учраётган алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилинди.

Маълумки, ФҲДЁ органларида туғилишни қайд этишда давлат божи ундирилмайди, бироқ судлар томонидан туғилганлик фактини белгилаш билан боғлиқ ишларни кўришда тўловлар ундирилиши белгиланган эди.

Эндиликда судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўриш учун ҳеч қандай тўловлар ундирилмаслиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, туғилиш ва ўлим фактларини ўз вақтида қайд қилиш мақсадида 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ФҲДЁ органлари билан соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйилади. Ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар ҳисобини олиб боришни автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан чақалоқларга унинг ҳаёти давомида тўпланадиган ўзи ҳақидаги барча маълумотларни қамраб олувчи шахсий идентификация рақами берилади.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, жойларда туғилиш, никоҳни қайд қилиш ва бекор қилиш, ўлим холатлари бўйича ишларнинг айрим ҳолларда суст олиб борилаётганлиги сабабли қарор билан туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Улар инвентаризация ўтказиб, ҳар бир холат бўйича фуқароларга манзилли ҳуқуқий ёрдам кўрсатишади. Бу ишларни амалга оширишда комиссия  “Туғилганликни қайд этилиши – бола ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишининг ва фуқаролик бўлмаслигини олдини олишнинг ҳуқуқий асосидир” деган ғоя асосида фаолият юритади.

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик учун тўловларни электрон мобил иловалар орқали тўлаш тизими жорий этилади.

Қабул қилинган қарор аҳолига ўз вақтида тезкор ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишга хизмат қилади.