Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 21.08.2018



04:07:49 (GMT +5), Чр, 22 авг 2018

Адлия ахбороти: эндиликда ўқитган талабалари белгиланган имтиҳонлардан ўта олмайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномаси бекор қилинади

Аҳамият беринг

Адлия ахбороти: эндиликда ўқитган талабалари белгиланган имтиҳонлардан ўта олмайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномаси бекор қилинади

Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан 2018 йилнинг 8 июнь куни ўтказилган “Адлия ахбороти” номли брифингда маълумот берилди.


Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан 2018 йилнинг 8 июнь куни ўтказилган “Адлия ахбороти” номли брифингда маълумот берилди. Унда якунига етаётган  ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари тўғрисида тўхталинди. Брифингда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги қарори билан Ўрмон хўжалиги қўмитаси Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат органлари ва бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилганлиги маълум қилинди.

Шу билан бирга, брифингда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида назарда тутилган муҳим жиҳатлар ҳақида маълумотлар берилди.

Қарор билан қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталарининг тақсимот қилиш тартиби белгиланганлиги, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли квоталарининг тақсимоти олий таълим муассасалари томонидан шакллантирилиши таъкидланди.

Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифасига умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга шахслар кириши айтиб ўтилди.

Брифингдан сўнг, ОАВ учун матбуот анжумани ўтказилди. Соҳа мутахассислари иштирокида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорининг мазмун моҳияти, унда назарда тутилган янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Сўзга чиққан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакили қарорнинг асосий жиҳатларига тўхталиб, қуйидагиларни маълум қилди:

Алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратура жорий этилади.

Яна бир янгилик, олий таълим муассасалари (институт, университет, академия ва ҳ.к.) бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш мумкин.

Олий таълим муассасаларида (институт, университет, академия ва ҳ.к.) талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими қайтадан кўриб чиқилади.

Талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонига айланади. Яъни, ўқитган талабалари белгиланган имтиҳонлардан ўта олмайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилади.

Яна бир муҳим жиҳат, абитуриентлар ҳужжатларини ўқишга кириш учун электрон шаклда топшириш имконини берадиган тизим яратилади. Яъни ўқишга кириш учун ҳужжатларни Тошкентга ёки вилоят марказига келиб топшириш шарт бўлмайди. Бу бўйича тегишли чора-тадбирлар дастури 2019 йил 1 январгача Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.

Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳақида ҳам сўз юритилди. Адлия вазирлигининг масъул ходими тақдим этган маълумотларга кўра, мазкур низом қабул қилиниши билан илгари амалда бўлиб келган Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарор ўз кучини йўқотди.

Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божлари камайтирилди.

Эндиликда, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун:

диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари;

бошқа диний ташкилотлар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Ушбу соҳадаги яна бир янгиликлардан бири диний ташкилот раҳбарлари диний маълумотни хорижий давлатда олган бўлса диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда унинг нострификацияланганлиги ҳақидаги ҳужжатни ҳам тақдим этиши лозим. Илгари бу нарса назарда тутилмаган эди.

Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича фаолиятга ҳам “ягона дарча” тамойили жорий этилган.

Хусусан, эндиликда диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин СТИР ва КТУТ кодлари адлия органлари томонидан бир йўла тегишли гувоҳнома билан тақдим этилади.

Тадбирда иштирок этганлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоблар олишди.

Эслатиб утамиз, юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларининг тўлиқ матни билан, “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – www.lex.uz сайти орқали ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами” расмий нашри орқали танишиш мумкин.

Маълумот учун: “Адлия ахбороти” номли брифинг ҳар жума куни соат 15.00да ўтказилади.