Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 25.05.2019



06:55:19 (GMT +5), Яш, 26 Мая 2019

“Биз коррупцияга қаршимиз” номли мегатанловни ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ RSS обуна

“Биз коррупцияга қаршимиз” номли мегатанловни ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ

I боб. Умумий қоидалар 


I боб. Умумий қоидалар 

1. Мазкур Низом аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш йўлларини топиш мақсадида ташкил этилаётган “Биз коррупцияга қаршимиз” номли мегатанловни (бундан кейинги ўринларда Танлов деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

“Энг яхши журналистик материал учун”;

“Энг яхши блогпост учун”;

“Энг яхши ижтимоий ролик учун”;

“Энг яхши иншо учун”.

3. Танловни ўтказиш мақсадида ташкилий қўмита тузилади.

Қуйидагилар ташкилий қўмитанинг вазифалари ҳисобланади:

танловнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

танловни ўтказиш доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;

танлов ҳайъатини тузиш ва унинг ишини мувофиқлаштириш;

танловнинг юқори савияда ташкил этилишини таъминлаш;

мазкур Низомга кўра, ғолибларни тақдирлаш ва рағбатлантириш.

4. Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси ташкилий қўмитанинг ишчи органи бўлиб ҳисобланади 


II боб. Танловга ҳужжатларни тақдим этиш ва расмийлаштириш

 

5. Танловда иштирок этиш истагини билдирган ҳар бир номзод ўз ижодий материалларини, номинация номини кўрсатган ҳолда, ташкилий қўмитанинг ишчи органига паспорт нусхаси ва резюмеси билан биргаликда топширади.

“Энг яхши журналистик материал учун” ва “Энг яхши ижтимоий ролик учун”номинацияларига материаллар электрон ва (ёки) босма (PDF) шаклда тақдим этилади.

“Энг яхши блогпост учун” номинациясига материаллар блогпост манзили кўрсатилган ҳолда топширилиши керак.

“Энг яхши иншо” номинацияси бўйича танловни ўтказиш IV бобда белгиланган тартибда амалга оширилади.

6. Танловда иштирок этиш бўйича материаллар 2018 йилнинг 1 декабрига қадар қабул қилинади.

Танловга белгиланган муддатдан сўнг топширилган материаллар кўриб чиқилмайди.

7. Ишчи орган номзодларни алоҳида журналга қайд этади ва барча материалларни 2018 йилнинг 1 ноябрига қадар ташкилий қўмитага тақдим этади.

 

III боб. Танлов ғолибларини аниқлаш

 

8. Танлов ғолиби қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:

а) “Энг яхши журналистик материал учун” номинацияси бўйича:

журналистик материалнинг мазмуни ва таъсирчанлиги;

мавзунинг долзарблиги;

материалнинг объективлиги ва ҳуқуқий маълумотлар билан тўғри ишланганлиги;

статистик маълумотлар ва инфографикалардан унумли фойдаланилганлиги;

форматнинг халқона, содда ва тушунарли экани.

б) “Энг яхши блогпост учун” номинацияси бўйича:

блогпостнинг коррупцияга қарши кураш бўйича жамоатчилик фикрини шакллантиришда аҳамияти;

блогпостнинг коррупцияга қарши курашда ижтимоий аҳамиятга эгалиги;

блогпостнинг қамрови (ўқувчилар ва муҳокама қилувчилар доирасининг кенглиги).

в) “Энг яхши ижтимоий ролик учун” номинацияси бўйича:

ижтимоий ролик мавзусининг долзарблиги, мазмуни, ҳуқуқий жиҳатдан тўғрилиги;

бадиий ифодавийлиги;

таъсирчанлиги ва тушунарлилиги.

9. Ташкилий қўмита томонидан танлов ғолибларини аниқлаш мақсадида ҳар бир йўналиш бўйича мутахассислардан иборат 10 кишилик таркибда ҳакамлар ҳайъати тузилади.

Танлов ҳайъати ҳар бир номинация бўйича келиб тушган ҳужжатларни 2018 йилнинг 20 октябрдан 1 декабрига қадар кўриб чиқади ва номзодлар орасидан танлов ғолибларини аниқлайди ҳамда бу тўғрисида қарор қабул қилади.

10. Танлов ғолибини аниқлашда қўйиладиган мезонларга риоя этилганлиги танлов ҳайъати раиси томонидан назорат қилиб борилади.

Танлов ҳайъатининг қарори очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

11. Ғолибларни аниқлашда танлов ҳайъати иштирок этган материаллар ҳақида ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазаларни эътиборга олиши мумкин.

Танлов натижалари баённома билан расмийлаштирилади. Баённома ҳайъат аъзолари томонидан имзоланади.

12. Танлов ҳайъати томонидан танлов натижалари бўйича қабул қилинган қарор муҳокама қилинмайди.

 

IV боб. “Энг яхши иншо учун” номинацияси бўйича танловни ўтказиш тартиби

 

13. “Энг яхши иншо учун” номинацияси бўйича танлов уч босқичда (туман (шаҳар), вилоят, республика) қуйидаги муддатларда ўтказилади:

биричи босқич: 1 октябрь – 20 октябрь (21-30 октябрь – баҳолаш ва натижаларни эълон қилиш);

иккинчи босқич: 1 ноябрь – 15 ноябрь (15-22 ноябрь – баҳолаш ва натижаларни эълон қилиш);

учинчи босқич: 23 ноябрь – 1 декабрь (1-6 декабрь– баҳолаш ва натижаларни эълон қилиш).

14. “Энг яхши иншо учун” номинацияси бўйича танлов икки гуруҳ кесимида ўтказилади:

биринчи гуруҳ – умумий ўрта таълим мактабларининг 8–11 синфлари ҳамда лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида;

иккинчи гуруҳ – олий таълим муассасалари талабалари ўртасида.

15. “Энг яхши иншо учун” номинацияси бўйича танловни ўтказишда қуйидагилар масъул ҳисобланади:

биринчи босқич учун туман (шаҳар) адлия бўлимлари;

иккинчи босқич учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари.

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтадиган танловнинг биринчи ва иккинчи босқичларини ўтказиш учун ҳудудларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоят адлия бошқармалари, Тошкент шаҳрида эса Тошкент давлат юридик университети масъулдир.

16. Танловнинг биринчи гуруҳи учун номзодлар ўз ижодий ишларини ота-онаси ёки ўқитувчиси номидан кузатув хати (унда иштирокчи ва ота-она ёки ўқитувчи ҳақида маълумот ҳамда алоқа маълумотлари кўрсатилади) билан бирга, иккинчи гуруҳ эса ўзи ҳақидаги маълумотнома (объективка) билан бирга топширадилар.

Маълумотномада алоқа маълумотлари (e-mail, телефон рақами, манзил) кўрсатилган бўлиши керак.

17. Ҳар бир босқичда ҳар бир гуруҳдан учтадан ғолиб кейинги босқичга ўтказилади.

Республика босқичига Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятдан икки гуруҳдан учтадан олтита, жами 84та иштирокчи етиб келади.

Республика босқичида ҳар бир гуруҳдан биттадан ғолиб танлов ҳайъати томонидан аниқланади.

 

V боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш

 

18. Танлов ғолибларини тақдирлаш ҳақидаги маълумот Адлия вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Тегишли номинация бўйича ғолиб бўлган номзод шахсан хабардор қилинади.

19. Мегатанловнинг “Энг яхши журналистик материал учун”, “Энг яхши блогпост учун” ҳамда “Энг яхши ижтимоий ролик учун” номинациялари ғолиблари қуйидаги қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар:

Ҳар йўналиш бўйича 3-ўрин ғолибларига ‒ телевизор;

Ҳар йўналиш бўйича 2-ўрин ғолибларига ‒ ноутбук;

Ҳар йўналиш бўйича 1-ўрин ғолибларига ‒ Samsung S9 смартфони.

“Энг яхши иншо учун” номинациясининг ҳар бир гуруҳ бўйича ғолибларига Sаmsung S9 смартфони берилади.

20. Ғолибларнинг дипломлари Адлия вазири ва бошқа ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари томонидан имзоланади.

21. Танлов натижаларини эълон қилиш ҳамда ғолибларни тақдирлаш Конституция куни арафасида танлов ҳайъати аъзолари, иштирокчилар, ижодий жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилинган ҳолда амалга оширилади.

22. Ғолибларга ва бошқа иштирокчиларга ҳомийлар томонидан таъсис этиладиган бошқа қимматбаҳо совғалар ҳам берилиши мумкин.

Танлов ғолиблари ва совриндорлари матбуотда эълон қилинади.

 

VI боб. Якуний қоидалар

 

23. Танловни ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ барча харажатлар Адлия вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар ҳамда ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.

24. Номзодлар томонидан танловда иштирок этиш учун тақдим этилган материаллар бўйича изоҳ ёки шарҳ берилмайди ва улар эгаларига қайтарилмайди.

25. Танлов иштирокчиларининг танловларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатлари уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

Танлов учун материалларни қуйидаги манзилга юборинг:

Тошкент, Сайилгоҳ 5

targibot@minjust.gov.uz

Мурожаат учун телефон: 233-75-97