Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 22.08.2019



18:39:20 (GMT +5), Шб, 24 авг 2019

Суд экспертлик фаолияти: такомиллаштириш ва суд экспертларининг малакасини оширишнинг ҳуқуқий асослари

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, суд экспертлик фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу соҳани замонавий, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш орқали одил судловни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган давр мобайнида суд экспертлик фаолиятини такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши суд экспертларини тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга туртки бўлди. Мазкур қонун билан суд экспертлари ҳар икки йилда малака ошириш курсларида муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакасини, шунингдек, ҳуқуқий билимларини ошириб бориши шартлиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида суд экспертизаси фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Республикада фаолият юритаётган суд экспертиза муассасаларида тор соҳа мутахассис (эксперт)ларга бўлган эҳтиёжи мавжуд ва бу эхтиёж кундан кунга ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларида суд экспертлари тайёрланмайди, фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академиясида криминалистик экспертизаларнинг 5 та тури бўйича мутахассислар тайёрланади. Натижада Республика суд экспертиза муассасаларида кадрлар етишмаслиги муаммоси мавжуд. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Суд экспертларини малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш Ўқув марказида суд экспертларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув курсларини ташкил қилиш, суд экспертларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида таълимни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда мазкур йўналишга доир давлат талабларини тайёрлаш зарур.

Бундан ташқари, суд экспертизаси фаолиятини такомиллаштириш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини юқори даражада илмий-техник ва инновацион жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, суд экспертизасининг янги турлари ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар бажариб келинмоқда.

Биринчидан, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида 66 та йўналиш бўйича экспертиза тадқиқотлари ўтказилмоқда. Келгусида эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизанинг янги, суд лингвистик экспертизаси, суд автомобиль йўллари экспертизаси ва суд компьютер-техник экспертизаси каби турларини босқичма-босқич (2017-2019 йиллар) амалиётга татбиқ қилишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу борада, хорижий тажриба асосида мавжуд кўникмаларни ўрганиш ва ўзлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида тадқиқотларнинг полиграф ёрдамидаги суд-психофизиологик экспертизаси, суд-электротехникавий экспертиза ва озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибини аниқлаш экспертизаси каби янги турларини босқичма-босқич (2018-2021 йилларда) ташкил этиш вазифаси жуда долзарбдир.

Учинчидан, инновацион ахборот дастурлари ва инновацион лойиҳаларни суд экспертлик амалиётига жорий қилишга қаратилган кўп тармоқли дастур лойиҳаси тайёрланди. Лойиҳага кўра, Марказда ахборот таҳлил фаолиятини автоматлаштириш, суд экспертизалар ҳисобини юритишнинг электрон тизимини юритиш, идоралараро ҳужжатлар айланишни жорий қилиш ҳамда тадқиқот объектлари ва ҳужжатларни шифрлаш бўйича бир қатор функциялар киритилиши белгиланган. Инновацион лойиҳалар суд-компьютер ва техник, суд фонография, суд баллистика ва изшунослик, суд автотехника, суд қурилиш ва бошқа экспертлик йўналишлари бўйича амалга оширилиб, бу йўл орқали муддатларни қисқартириш ва экспертиза хулосаларнинг ишончлилигини янада ошириш мақсад қилиб қўйилган. Бу лойиҳалар асосан йўналишлар бўйича замонавий дастурий таъминотлар билан таъминлаш, вазиятларни моделлаштириш, қидирув-ахборот базаларини яратиш орқали амалга оширилади.

Тўртинчидан, суд экспертлик фаолиятини умумэътироф этилган халқаро стандарт талабларига мослаштириш, яъни лабораторияларни ҳалқаро ISO/IEC 17025 талаблари асосида аккредитациядан ўтказиш зарурияти мавжуд. Бу борада ҳалқаро ҳамкорлик ва ҳалқаро тажриба муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида, суд экспертлик фаолияти ҳам долзарб соҳавий йўналишлардан бири бўлиб, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилинишида, уларнинг ишончини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Суд экспертлик соҳасига мамлакат раҳбари ва Ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши ҳам бу фикримизни тасдиқлайди. Соҳани ривожлантириш борасида таъкидлаб ўтилган бир қатор фикрлар қаторига яна кўплаб устувор йўналишларни киритиш ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш мумкин.

Бу соҳанинг ривожи учун ҳар бир суд экспертиза идорасида фаолият юритаётган ходим ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши ва энг асосийси бу хизматлари ортида доимо инсон манфаатлари ётишини чуқур ҳис қилмоғи даркор.