Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 19.07.2019



10:30:23 (GMT +5), Шб, 20 июл 2019

Нотариат институти ислоҳотлар жараёнида

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : А. Сеттиева, Адлия вазирлиги масъул ходими

Барчамизга маълумки, нотариат институти фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда жуда катта аҳамиятга эга. Чунки, мамлакатимизда нотариат институти жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини нотариуслар томонидан қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан ҳимоя қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда фуқароларнинг ушбу йўналишдаги мулкий ҳуқуқ ва эркинликларини давлат томонидан кафолатлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Жорий йилнинг 25 май санасида Президентимиз Ш. Мирзиёев нотариат институтини янада ислоҳ қилишга оид “Низоларни олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорни имзолади.

Ушбу ҳужжатда мамлакатимиздаги нотариат институтининг жорий ҳолати танқидий баҳоланиб, бугунги кунда давлат нотариал идораларида аҳолига кўрсатилаётган нотариал ҳизматларнинг сифати ва тезкорлиги паст даражада эканлиги, амалиётда мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик ва коррупция ҳолатлари аҳолининг нотариат тизимига бўлган ишончини пасайиб бораётганлигига сабаб бўлаётганлиги ҳақида тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, мазкур қарор билан амалиётдаги реал ҳолатлардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларга ечим бериш мақсадида нотариуслар фаолиятига бир канча ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, 2019 йил 1 январдан бошлаб, нотариал ҳаракатларини амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш улар бармоқ изларини сканер қилиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга ошириладиган бўлди. Бу эса нотариусларни алдаб, паспортдаги шахс ўрнига бошка шахслар томонидан нотариал ҳаракат расмийлаштирилишини олдини олади.

Шу билан биргаликда, нотариал ҳужжатлардаги имзони соxталаштириш жиноятларига ҳам чек қўйилади. Эндиликда нотариал ҳаракатлар бажарилганлигини тасдиқлаш фақат имзо қўйиш билан эмас, балки махсус техник воситалар ёрдамида бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга ошириладиган бўлди.

Бунда нотариал идораларда фуқаролар бармоқ изларини сканер қилиш мутлоқ бепул амалга оширилишини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Яна битта муҳим янгиликлардан бири 2019 йилдан бошлаб, кўчмас мулк ижара шартномалари ва текин фойдаланиш шартномалари нотариал идораларда тасдиқланмайди, ортиқча давлат божи тўланмайди. Бундан буён фуқаролар тарафлар ўртасида ўзаро оддий ёзма усулда шартнома тузиб, ушбу шартномани тегишли ҳудуддаги солиқ идорасида ҳисобга олдириб қўйишларининг ўзи кифоя.

Ҳозиргача ушбу турдаги шартномалар расмийлаштирилиши учун фуқаролар турли давлат ташқилотлардан тегишли ҳужжатлар тўплаб келишда қийинчиликларга учрар, кўплаб вақт йўқотиш, шунингдек, ижара тўловлари, давлат божи тўлашларига тўғри келар эди. Эндиликда ушбу оворагарчиликларнинг барчасига барҳам берилди.

Шунингдек, бугунги кунгача нотариал идораларда уй-жой олди-сотди шартномалари миқдоридан келиб чиқиб оддий қоғозда расмийлаштирилиб келинган. Бу эса ушбу турдаги шартномаларни соҳталаштириш имкониятини туғдирган. Шунингдек, суд амалиётида ҳам бу турдаги ҳуқуқбузарликларга оид ҳолатлар жуда кўп учрамоқда эди.

Эндиликда нотариал идоралар томонидан уй-жой олди-сотдиси шартномалари оддий қоғозда эмас, балки махсус гербли, ҳимоя даража, серия, тартиб рақам ва ҳудудий кодга эга бланкаларда расмийлаштирилиши белгилаб қўйилди.

Васиятномаларни имзолаш жараёни махсус аудио ва видео ёзувларда қайд этиб борилиши мажбурий қилиб қўйилди. Бу эса амалиётда жуд кўп учрайдиган васиятномалар билан боғлиқ низолар, меросхўрлар ўртасидаги меросни тақсимлаш масалаларидаги тортишувларни олдини олишга хизмат қилади. Нотариал ҳаракатлар расмийлаштириш жараёнини аудио ва видео тасмага ёзиш фақатгина васиятнома расмийлаштириш ҳолатларига эмас, балки нотариал ҳужжатларни фуқаролар жисмоний нуқсони, касаллиги ёки турли асосли ҳолатларга кўра бошқа фуқароларга имзолатиши ҳолатларига ҳам қўлланилади.

Қарор билан нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддати икки йилдан бир йилга қисқартирилди. Шунингдек, айрим турдаги шахслар учун мажбурий стажирока ўташ тўғрисидаги талаблар бекор қилинди. Бу эса жойларда бўш турган нотариус лавозими иш ўринларини янги кадрлар билан тўлдиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, малака имтиҳони жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги расмий веб-сайтида нотариус лавозимига номзодларни танлов асосида танлаб олиш жараёни реал вақт режимида аудио ва видеотранслация қилиш амалиётини жорий этган ҳолда амалга ошириладиган бўлди.

Сўнги вақтларда фуқароларимиз томонидан нотариусларнинг уларга нисбатан кўпол муносабатда бўлиши, ўзини тутиш ва муомала маданияти масалаларида кўплаб асосли шикоят ва аризалар келиб тушаётган эди.

Бу каби ноҳушликларни олдини олиш мақсадида нотариусларнинг турли кайфиятдаги фуқаролар билан мулоқотга киришишларида келиб чиқадиган келишмовчиликларни тўғри бартараф этиш, стресс ҳолатларини олдини олиш ҳамда нотариус иш вақтини тўғри ташкил этиш масалаларида улар билан қайта тайёрлаш ўқув курслари олиб бориладиган бўлди.

Қарор билан фуқароларга яна бир енгиллик яратилди. 2019 йил январь ойидан бошлаб нотариал ҳаракат расмийлаштириш учун зарур бўлган, турли давлат идора ва ташкилотларидан йиғиб келинадиган ҳужжатлар электрон шаклда қабул қилиб олинадиган бўлди.

Шунингдек нотариуслар ҳузурида “куръер”, яъни ҳужжат ташувчи ходим лавозими жорий этилди. Улар фуқаролар ўрнига турли ташкилотлардан керакли ҳужжатларни тўплаб олиб келиш вазифасини бажаради. Бунда фуқароларнинг давлат идора ва ташкилотларига бориб, турли оворагарчилик ва вақт йўқотиш эвазига ҳужжат тўплаш ҳолатларига барҳам берилади.

Энг эътиборли жиҳати, навбат кутиш масалаларида ҳам фуқароларга енгилликлар яратилди. Хусусан, давлат нотариал идораларида махсус техник воситалар ўрнатилади ва бу техник мосламалар ҳаққоний навбат тизимини шакллантиради. Бу эса нотариус қабулига навбатсиз кириш, турли “таниш-билишчилик” ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, нотариат соҳасида амалга оширилаётган барча ўзгаришлар фуқароларимизга янада қулайликлар яратиш, давлат идоралари томонидан уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш, ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликларга барҳам бериш, қўшимча маблағ сарфланиши ҳолатларини олдини олиш, бир сўз билан айтганда, халқимиз турмуш тарзини енгиллаштиришга қаратилган десак, муболаға бўлмайди.