Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 20.01.2019



06:22:25 (GMT +5), Яш, 20 янв 2019

Ҳуқуқий саводхонликни ошириш барчамизнинг бурчимиз

Маълумки, жорий йилнинг 15 ноябрида мамлакатимиз Президенти томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Ушбу анжуманда барчамизнинг зиммамизга юкланган вазифа ва топшириқларни, шу билан бирга “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида белгиланган ишларни амалга ошириш мақсадида Андижон вилоят адлия бошқармасида 2 ойга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Шундан келиб чиқиб Андижон вилоят адлия бош­қармаси, давлат органлари, ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари томонидан конференция, семинар, давра суҳбати ва оммавий тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилди. Улар ҳозирги кунда 97 та идорага юборилди.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказилиши ҳамда мазмуни ва аҳамиятини аҳолига тушунтирилишини ташкил этиш мақсадида сиёсий партияларнинг вилоятдаги кенгашлари билан меморандум имзоланди.

Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва бу соҳадаги ишларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Андижон вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда амалга ошириш бўйича қарор қабул қилинди. Мактаб, лицей ва коллежларда ҳуқуқий ахборотни мазмунли тарқатиш мақсадида эса Андижон Давлат университети, Андижон машинасозлик, Андижон Қишлоқ хўжалик институти, Андижон Давлат тиббиёт институтининг 37 нафар талабаларидан иборат таркибда махсус кўнгиллилар (волонтёр) гуруҳи шакллантирилиб, викториналар ташкил этилмоқда.

Маҳаллаларда ҳафтанинг жума кунлари “Маънавият соатлари” ва “Ҳуқуқий билимлар” каби ўқув машғулотларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ҳамда ижрочиларга етказиш бўйича оммавий ахборот воситаларининг ролини янада кучайтириш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини кенг муҳокама қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш юзасидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, кўрсатувлар эфирга бериб борилмоқда.

Мазкур дастур ва режаларга мувофиқ янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг матни электрон шакл­да вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг “Е-хаt” ҳимояланган электрон почта манзилларига мунтазам равишда юборилмоқда.

Ахборотни ижтимоий тармоқлар орқали тезкор етказиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида “ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ ДУНЁСИ” https://t.me/huquqiyaxborot_andijon канали ишга туширилди. Ушбу канал орқали аҳолига қизиқ бўлган барча ҳуқуқ соҳалари бўйича маълумотлар бериш, уларни қизиқтирган саволларига жавоб йўллаш, керакли ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда самарали ишлар олиб борилмоқда. Каналга 544 та материал, шундан 344 таси ҳуқуқий маълумот, 120 таси савол-жавоб, 71 та инфографика, 5 та ижтимоий реклама, 3 та видеоролик ва 1 та сўров жойлаштирилиб, шу кунгача каналдан 383 нафар шахс фойдаланиб келмоқда. Келиб тушган 160 дан ортиқ саволнинг 130 тасига жавоб ҳам берилди.

Сўров натижалари орқали канал аъзоларининг 97 фоизига унда берилаётган маълумотлар манзур бўлаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида адлия ходимлари томонидан жами 3 805 та ҳуқуқий тарғибот ўтказилиб, мазкур тадбирларга 67 173 нафар (33 848 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар) фуқаролар жалб қилинди. Тадбирларнинг 257 таси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва 546 таси вояга етмаганлар ҳуқуқлари бўйича олиб борилди.

Бугунги кунда энг долзарб бўлган мавзу, яъни тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабаларнинг олдини олиш бўйича “Муносабат”, шунингдек, контрактация шартномаларининг тузилиши ва бажарилиши билан боғлиқ масалалар ҳақида “Ҳуқуқ ва бурч” махсус кўрсатуви тайёрланиб, эфирга узатиляпти.

Ёшлар ўртасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш айни дамда муҳим вазифаларимиздан биридир. Уларнинг ҳуқуқий билимларини ҳамда фаоллигини янада ошириш учун 20 ноябрдан 20 декабрь кунига қадар “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” эълон қилинди.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат бирлашмаларининг амалга оширган ишлари ҳам таҳлил қилиниб, умумлаштирилди. Унга кўра, 165 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, тадбирларда 2 миллион 400 минг нафарга яқин аҳоли қамраб олингани аниқланди ва фаолиятни янада яхшилаш бўйича тегишли идораларга кўрсатма киритилди. Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи, ўринбосарлари ва бир нафар бўлим бошлиғи вилоятдаги 4 та секторга, 876 та маҳалла фуқаролар йиғинига эса 63 нафар нотариус, 18 нафар ФҲДЁ мудири, 100 нафар “Ягона дарча” марказлари ва 310 нафар бош­қа ходимлар ҳамда “Юридик клиника” доирасида 212 нафар адвокат бириктирилди. Туманлар марказидан олисда жойлашган МФЙга қабул кунларининг жадваллари ташкил қилинди ва бепул ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг 25-26 ноябрь кунлари эса ходимларимиз томонидан 462 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 13 748 та хонадонга кириб, яқин қариндошлар ўртасида никоҳнинг олдини олиш, қонуний никоҳдан ўтмасдан бирга яшаётган оилаларни аниқлаш, уларнинг никоҳини, шунингдек, туғилишни қонуний тартибда қайд этиш ҳамда тегишли нотариал хизматлар кўрсатиш бўйича ҳуқуқий ёрдам берилди. Масалан, 622 нафар фуқарога нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, 326 нафарига фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўйича, 548 нафарига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда 619 нафарига бошқа ҳуқуқий масалаларда тушунтиришлар берилиб, мерос масалаларини ҳал қилиш билан боғлиқ тавсиялар савол-жавоб буклет шаклида тарқатилди.

Фуқароларнинг 13 нафарига туғилиш ва никоҳини қайд этиш бўйича гувоҳнома берилди ва 5 нафарига сўровнома расмийлаштирилиб, Адлия вазирлигига юборилди. Шунингдек, “Ягона дарча” марказлари ходимлари томонидан 203 та маҳалла фуқаролар йиғинларида “Мен ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашда фаол иштирок этаман”, “Маҳалламиз жиноятчиликка қарши туради” мавзуларида учрашувлар ўтказилди.

А. Очилов, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи