Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 11.11.2019



09:05:06 (GMT +5), Сш, 12 ноя 2019

Конституция ва ҳуқуқий маданият

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Ф. Халиков, Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази масъул ходими

Ҳуқуқий маданият деганда, жамиятнинг қонунчилик даражаси, мавжуд қонунлардан аҳолининг хабардорлик даражаси ва  ҳуқуқ нормаларига риоя қилиши ва уларни бажармаган шахсларга нисбатан муросасиз бўлиши тушунилади.

Ҳар бир фуқаро, энг аввало, Конституцияни яхши билиши, ундаги нормаларни ўрганиши, ўзининг ҳуқуқи, бурчи ва мажбуриятларини тўла англаши ва уларни ҳаётда қўллай олиши керак.

Буюк келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлган  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси  қабул қилинганига чорак аср тўлмоқда. Йиллар ўтган сайин, биз ушбу тарихий ҳужжатнинг давлатимиз ва жамиятимиз, шунингдек ҳар бир фуқаро ҳаётидаги тутган бебаҳо ўрни ва аҳамиятини теранроқ ҳис қилмоқдамиз.

 Юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бу аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, илмий-оммабоп юридик адабиётлар нашр қилиниши ва тарқатилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдир. Ҳуқуқий ахборотнинг ҳамма учун очиқлиги эса бу соҳадаги  сиёсатнинг асосий принципларидандир.

Ҳозирда Интернетга киришга имкони бўлган дунёдаги барча кишилар учун Ўзбекистон қонунчилиги билан танишиш шароити  мавжуд. Мазкур ҳуқуқий ахборот қидириш тизими дастури билан Адлия вазирлигининг расмий Интернет сайти ва махсус www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин. Интернетдаги исталган ахборот қидириш тизими орқали қонунчиликка тааллуқли ўзингиз хоҳлаган бирор “калит” сўзни ўзбек ва рус тилларида қидиришга берсангиз мазкур дастурга киритилган Ўзбекистоннинг тегишли қонунчилик ҳужжати топилган ҳужжатлар ичида кўринади.

Адлия вазирлиги хузуридаги Хуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази фуқароларга кўрсатиладиган юридик хизмат маданиятини юксалтириш, сифатини ошириш устида ҳам изланиб турли дастурий таъминотлар яратмоқда. Шундай лойиҳалардан бири “Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ягона электрон архиви” ахборот тизими ҳисобланади.

ФҲДЁ органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, уларни  давлат томонидан тартибга солиш тизимининг самарали ишлашини  таъминлаш, унга замонавий ахборот коммуникация воситаларини жорий этиш мақсадида “Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ягона электрон архиви” яратилди.

Унинг мақсади фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш даражасини замонавий ахборот тизимларини қўллаш орқали юксалтириш, ягона электрон архив (ЯЭА) яратиш, ФҲДЁ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация тизимларини киритишдир.

Яқин кунларгача фуқаролик ҳолати далолатномалари қўлда (ёки компьютерда) қайд этилар, ягона ФҲДЁ архиви мавжуд бўлмаган эди.

Керакли маълумотларни қидириб топиш одатда жуда кўп вақтни олади. Баъзи  ҳолларда, айрим фуқаролар ёки ташкилотлар ҳақидаги у ёки бу маълумотларни сўраб қилинган мурожаатларда аниқ маълумотлар кўрсатилмайди, шахснинг фамилияси ёки туғилган йили ва жойини кўрсатиш билан чекланилади.

Бу каби ҳолатларда ФҲДЁ органлари ходимлари деярли ҳар бир фуқаролик ҳолати далолатномаларида керакли маълумотни қидириш орқали жуда кўп вақт ва кучни сарфлашади.

Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ФҲДЁ органлари фаолиятини бошқариш жараёни самарадорлигини оширади, мазкур соҳада бошқариш ҳақида қарорларни қабул қилишга кетадиган вақт камаяди. Марказдан туриб бошқариладиган ягона маълумотлар базасининг яратилиши, ахборот йиғиш жараёнини соддалаштирди. Ягона электрон архив яратиш орқали фуқаролик ҳолати далолатномарига хатоликлар, ноқонуний ўзгартириш ва тузатиш киритилмаслигини кафолатлайдиган яна бир қўшимча механизм яратилди.

Белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолда, фуқаролик ҳолати далолатномаларига ўзгартириш ва тузатишлар киритилган ҳолларда қоғоз ва электрон шаклдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини текшириб кўриш имконияти  юзага келди.

ФҲДЁ органларининг ягона электрон архиви аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматларини электрон кўринишга ўтказиш орқали бюрократик тўсиқлар ва маъмурий тартиб таомилларни камайтириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг сифатини оширишга қаратилган “электрон ҳукумат” тизими фаолиятида   асосий механизмлардан бири ҳисобланади.

Далолатнома ёзувларини киритиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот яратилиб, ФҲДЁ органлари томонидан қайд қилинган далолатнома ёзувлари тизимга жойлаб  борилмоқда.

Марказ мутахассислари вазирликнинг Нотариат, адвокатура  ва ФХДЁ органлари бошқармаси билан ҳамкорликда  аҳолига юридик хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган яна бир қатор  лойиҳалар устида иш олиб бормоқдалар.

 Хулоса ўрнида  таъкидлаш лозимки, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси ҳуқуқий ахборот олиш тизимини такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилганлиги билан тараққиётга хизмат қилади.