Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 21.09.2019



02:02:37 (GMT +5), Дш, 23 сен 2019

Эътиборсизлик эътирозга сабаб бўлади

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : А. Машарипов, Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаролар Н.Сайфиддинова ва С.Жумамуродоваларнинг қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Хоразм вилоят филиали билан тузилган дастлабки шартнома бўйича асосий шартнома тузилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари вилоят адлия бошқармаси томонидан кўриб чиқилди.

Адлия ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирларга мувофиқ фуқаролар билан асосий шартномалар тузилиб, намунавий лойиҳалар бўйича қурилган арзон уй-жойлар ажратиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, бошқарма томонидан фуқаро Б.Абдоловнинг “Хоразм иссиқлик манбаи” АЖ томонидан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, иш ҳақи берилмаганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ҳам кўриб чиқилди.

Мурожаатни кўриб чиқиш давомида фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланиб, унинг 758.000 сўм миқдоридаги иш ҳақи тўлиқ берилиши таъминланди ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ташкилотга тақдимнома киритилди, шунингдек, ташкилот раисининг маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиб, энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Вилоят адлия бошқармасининг фаолиятида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш қатъий назоратга олиниб, келиб тушаётган мурожаатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилмоқда.