Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 23.03.2019



16:23:54 (GMT +5), Яш, 24 мар 2019

Бугун ва келажак: йўлимизни ёритгувчи маёқ

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : Х.Сабиров, Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари

“Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конс­титуцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Шу маънода Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Чунки уни ишлаб чиқиш ва муҳокама этишда бутун халқ иштирок этади. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”, деган эди мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов.

Дарҳақиқат, конституция­вий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрлик орзусини мужассам этган.

Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва ўарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.

Конституциямизнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган беқиёс ва тарихий ролини, мухтасар қилиб айтганда, қуйидагиларда кўрамиз:

Биринчидан, Конституциямизнинг том маънодаги тарихий аҳамияти “биз учун мутлақо янги бўлган миллий давлатчилик ва унинг ижтимоий-сиёсий тизимини яратиш, демократик тамо­йиллар асосига қурилган сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий пойдеворни айнан Асосий Қонунимиз белгилаб берганида” намоён бўлади.

Иккинчидан, асосий хал­қаро ҳужжатлар, айниқса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг энг муҳим қоидаларини ўзида мужассам этган ҳолда, “Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг эркинликлари давлат манфаатларидан устунлигини мустаҳкамлади, одамларимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишни ўзининг туб мақсади этиб белгилади, ижтимоий адолат тамойилларини эълон қил­ди”.

Учинчидан, Бош Қомусимиз қонун устуворлиги, унинг барча фуқаролар учун тенглигини, шунингдек, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий принципини белгилаб берди, уларнинг мустақиллиги, мустақил ҳокимият тармоғи сифатида ривожланишини кучайтиришга, демократик давлатнинг асосий ҳал қилувчи шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини шакллантиришга қаратилган қонуний негизни яратди. Президентимиз таъбири билан айтганда, мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси — қонун чиқариш фаолиятимизнинг гултожидир.

Тўртинчидан, асосий Қонунимиз хилма-хил фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиши ва ривожланиши, сиёсий партияларнинг эркин фаолияти, кўппартиявийлик тизимининг шаклланиши ва ривожланиши учун ҳуқуқий база яратди, сайлов тизимининг асосий тамойил ва меха­низм­ларини тасдиқлади. Конституциямизда сайлов эркинлиги, одамларимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлиги кафолатлари, ҳар қайси инсоннинг ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бош­қаришда иштирок этиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилгани таҳсинга сазовордир.

Бешинчидан, мустақиллик Қомусимиз миллий истиқлол ғоясини ва умумбашарий қадриятларнинг энг яхши жиҳатларини ўзида мужассам этган ҳолда, миллий анъаналаримиз, она тилимиз, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва маданий меросини тиклашни таъминлагани, “инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар” яратгани билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир.

Олтинчидан, Асосий Қонунимиз миллий, кўп ­укладли иқтисодиётимиз асос­ларини мустаҳкамлади, ўзини оқламаган, бутунлай касодга учраган марказлашган маъмурий-тақсимот тизимидан эркин бозор иқтисодиётига қатъият билан ўтиш учун шароит яратиб, хусусий мулкнинг устуворлигини ўрнатди. Бунинг бемисл натижаларини халқимизнинг бугунги обод ва фаровон ҳаёти мисолида кўриш мумкин.

Еттинчидан, Конституциямиз миллий хавфсизлик ва мудофаа органлари тизимининг шаклланиши ва самарали фаолият кўрсатиши, ўзининг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатини давлатимиз, халқимизнинг олий манфаатлари, эл-юртимизнинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилайдиган мамлакатимизнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги мақомининг ҳу­қуқий асосларини белгилаб бергани — унинг беқиёс тарихий аҳамиятига яна бир яққол мисол, десак, айни ҳақиқатдир.

Конституция — биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя.

Конституция — нафақат бугунги куннинг қомуси, балки у эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи ҳужжат, фарзандларимиз йўлини ёритиб тургувчи маёқдир.