Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 21.09.2019



01:58:03 (GMT +5), Дш, 23 сен 2019

Инсон ҳуқуқлари ичида энг асосийси инсоннинг ҳаётга бўлган ҳуқуқидир

Рўйхатга қайтиш Чоп этиш

Муаллиф : А. Қодиров, Адлия вазирлиги масъул ходими

Асосий қонунимиз қабул қилинганига чорак аср тўлмоқда. Конституциямиз бугунги кунда барчамиз учун мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий қадриятга айланди. Зеро, ушбу ҳужжат мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти, шунингдек, ташқи сиёсати билан боғлиқ барча масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи принциплар ва нормаларни белгилаб беради. Лекин энг асосийси шундаки, Бош Қонунимизда давлат халқ иродасини ифодалар экан, унинг манфаатларига хизмат қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, барча фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига эришиш ҳар қандай демократик давлат олдидаги энг устувор вазифадир. Шу сабабли, ҳар бир давлат тараққиёт сари қадам ташлар экан, энг аввало, ўз фуқаролари ҳуқуқлари ва манфаатлари йўлида ислоҳотлар олиб боради. Бунга ривожланган мамлакатлар тажрибаси мисолида ҳам назар ташлашимиз мумкин. Чунки бу давлатлар ислоҳотларни, энг аввало, миллат манфаатлари доирасида амалга ошириш орқали энг юксак натижаларни қўлга киритган.

Сўнгги 25 йилда ўз матнларида Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро биллда қайд этилган принципларни инобатга олган ҳолда шахсни ҳуқуқий ҳимоялаш чораларини аниқ ифодалаган конституциялар ва қонун ҳужжатларининг сони сезиларли даражада ошди. Улар жумласига, албатта, Ўзбекистон Республикасининг Консти­туция­сини ҳам киритишга тўла ҳаққимиз бор.

Инсон ҳуқуқлари ичида энг асосийси, инсоннинг ҳаётга бўлган ҳу­қуқидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг бу муҳим қоидаси Конституциямизнинг VII бобида (шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар) акс этган.

Шу ўринда, мамлакатимизда изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ўлим жазосининг бекор қилиниши билан боғлиқ ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир. Чунки ҳуқуқий демократик давлат сифатида тез-тез тилга олинадиган, инсон ҳуқуқларининг энг намунали ҳимоячиси сифатида эътироф этиладиган мамлакатларнинг ҳаммасида ҳам ҳозирги кунга қадар ўлим жазоси тўлиқ бекор қилинмаган. Шу сабабли Ўзбекистонда ўлим жазосининг умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилиши халқаро ҳамжамият эътибори ва қизғин муҳокамасига сазовор бўлди.

Шу ўринда Бош Қомусимиздаги яна бир жиҳатга эътибор қаратсак. Конс­титуциянинг 45-моддасига кўра, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Бу норма орқали аҳолининг бошқаларга қараганда ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга кўпроқ муҳтож бўлган қатлами ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгилаб қўйилган. Албатта, бундай мазмундаги модданинг энг асосий қонунимизда ўз ифодасини топиши ҳам бежизга эмас, чунки ўзбек халқининг асрлар давомида шаклланган қадриятлари орасида ҳам муҳтожларга ёрдам бериш, ногиронлар, кам таъминланганлар ҳолидан хабар олиш, етимлар бошини силаш азалдан жамоа масъулиятидаги вазифа ҳисобланган.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тантанали равишда эълон қилиш, Конституция ва қонунларда белгилаб қўйиш, сўзсиз бажарилишини кафолатлашнинг ўзи камлик қилади. Энг асосийси, ушбу ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалга оширилишини таъминлашдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ижтимоий фаоллигини, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши ва ахборотлардан тўсиқларсиз, тўла-тўкис фойдаланиш инсон хуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишида таъсирчан омил бўлиб хизмат қилиши алоҳида қайд этиб ўтилган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик жамиятни ривожлантиришнинг энг асосий омили ҳам халқимизнинг миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, десак асло янглишмаймиз. Шу сабабли, инсонпарварлик, бағрикенглик, биродарлик тамойилларининг фақат Бош Қонунимиз ва унинг асосида қабул қилинган қонун ҳужжатларидагина эмас, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ифодасини топиши кўпгина халқлар учун ибрат бўлишга арзигуликдир.