Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Халқаро ҳамкорлик

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича тузилган шартномалар юзасидан тушунтиришлар


Жисмоний ва юридик шахсларга Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга

(1993 йил 22 январь, Минск шаҳри) асосан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш

 

Халқаро ҳуқуқий ёрдам – бу бир давлатнинг суд ва бошқа ваколатли органлари томонидан бошқа бир давлатнинг суд ва бошқа ваколатли органларига фуқаролик, жиноий ва бошқа ишларни кўришда амалий ёрдам кўрсатишдир.

Бугунги кунда давлатлар ўртасида фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш катта амалий аҳамиятга эгадир. Давлатлар ўртасида иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш зарурияти объектив бўлган бир пайтда ҳамда ушбу алоқаларни амалга ошириш вақтида вужудга келувчи муносабатларни тартибга солиш мақсадида ҳалқаро ҳуқуқнинг ажралмас қисми сифатида халқаро шартномалар доирасидадавлатлар ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли муносабатларга киришиш принципи вужудга келди.

Ҳозирги кунда кўплаб ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида халқаро шартномалр тузилган бўлиб, улар ўртасида МДҲ давлатлари ўртасида 1993 йил 22 январда Минск шаҳрида имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги кўп томонлама Конвенцияни (кейинги ўринларда – Конқенция) алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Конвенция унга аъзо давлатлар ваколатли органлари томонидан фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг бир қатор шаклларини кўзда тутади. Хусусан, Конвенциянинг 1-моддасига асосан аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг фуқаролари, шунингдек унинг ҳудудида яшовчи бошқа шахслар бошқа аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролик, оилавий ва жиноий ишларни кўриш ваколат доирасига кирадиган суд, прокуратура, ички ишлар ва бошқа муассасаларига эркин ва тўсиқларсиз мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, ушбу аҳдлашувчи Томон фуқаролари каби ана шундай шартларда уларда қатнашишлари, илтимосномалар киритишлари, даъво аризаси билан мурожаат қилишлари ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин.

Конвенция доирасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатларга ҳамда жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатларга бўлинади.

Ҳуқуқий ёрдам доирасида муносабатлар Конвенциянинг 5-моддаси билан тартибга солинган бўлиб, унга кўра Конвенция талабларини бажариш учун ваколатли органлар ўзларининг марказий органлари орқали муносабатга киришадилар. Ўзбекистон Республикасида фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, жиноий ишлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси марказий орган сифатида белгиланган.

Конвенцияга асосан (6-модда) ваколатли органллар томонидан кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам ҳужжатларни тузиш ва жўнатиш, тинтув ўтказиш, кўздан кечириш, ашёвий далилларни олиш ва жўнатиш, экспертиза ўтказиш, томонларни, учинчи шахсларни, гумонланувчи, айбланувчиларни, жабрланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни сўроқ қилиш, жиноятда айбланувчи шахсларни қидириш, жиноий таъқиб қилишни амалга ошириш, жиноятда айбланувчи шахсларни жиной жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш, фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича суд қарорларини, жиноий ишларнинг фуқаролик даъвоси қисми бўйича ҳукмларни, ижро ёзувларини тан олиш ва ижро этиш, ҳужжатларни топшириш йўли билан бир-бирларига ёрдам беришни ўз ичига олади.

Конвенцияда ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги топшириқнинг шакли ва тили ҳамда ҳужжатларни топшириш тартиби белгиланган (10-модда). Унга асосан суд топшириғи уни олувчи давлатнинг тилида ёки рус тилида тузилиши ёки ушбу тилларга қилинган расмий таржима билан таъминланши лозим.

Чет эл элементи билан мураккаблашган процессуал харакатларни амалга ошириш юзасидан ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, хусусан, фуқаролик, оилавий, жиноий ва бошқа ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш кўп ҳолларда хорижий давлатнинг ҳудудида алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлади.

Хорижий давлатнинг ҳудудида алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш лозим бўлганда, ушбу ҳаракатлар чет эл давлатининг ваколатли органлари ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Бунда, ушбу ваколатли органларга мурожаат қилишнинг белгиланган процессуал талабларига риоя қилиш лозим. Ушбу процессуал жараёнда, мурожаат қилиш шакли илтимоснома, топшириқ ва сўровнома кўринишида бўлиши мумкин.

Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосноманинг мазмуни ва бундай ёрдам кўрсатилаётган ишнинг характери қуйидаги унинг турларининг бўлинишига хизмат қилади:

- фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича алоҳида процессуал ҳаракатларни бажариш. Масалан, томонларни сўроқ қилиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш, ҳужжатларни топшириш ва ҳ.к.;

- ҳуқуқ тўғрисида маълумот бериш, яъни хорижий давлат ваколатли органининг илтимосига кўра фуқаролик, жиноий ва бошқа ишларни кўриш учун лозим бўлган амалдаги ёки илгари амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумот бериш;

- халқаро шартноманинг талабларига кўра аниқ бир ишни кўриб чиқиш бўйича бир давлатнинг суди томонидан бошқа давлатнинг судига ваколатнинг берилиши;

- хорижий давлатларнинг қарорларини тан олиш ва ижро этиш билан боғлиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, яъни бошқа давлатларнинг суд қарорларини тан олиш (хорижий судларнинг қарорларини миллий судлар томонидан қабул қилинган ҳамда қонуний кучга кирган суд қарорларига тўла тенглаштириш) ва ижросини (сўралаётган Томон қонунчилигига кўра қарздорга нисбатан ижро ҳаракатлари доирасида мажбурлов чораларини қўллаш) таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш;

- жиноятчиларни ушлаб бериш (экстрадиция), яъни ҳудудида мазкур шахс жойлашган давлат томонидан, сўраётган давлатга уни жиноий жавобгарликка тортиш ёки унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижросини таъминлаш.

Юқоридагилардан ташқари, ҳуқуқий ёрдам давлатлар томонидан ҳужжатларнинг ўзаро тан олинишини ҳам таъминлайди. Хусусан, Конвенциянинг 13-моддасига асосан аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида муассаса ёки бунга махсус ваколатли шахс томонидан ўз ваколати доирасида белгиланган шаклда тайёрланган ёки тасдиқланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган ҳужжатлар бошқа аҳдлашувчи Томон ҳудудида бирон-бир махсус гувоҳномасиз қабул қилинади.

Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида расмий ҳужжатлар сифатида қараладиган ҳужжатлар бошқа аҳдлашувчи Томон ҳудудида расмий ҳужжатларнинг тасдиқловчи кучи билан фойдаланилади.

Конвенциянинг 14-моддасига асосан аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш тўғрисидаги гувоҳномаларни, маълумот, меҳнат стажи тўғрисидаги ҳамда ўз давлатлари фуқароларининг ва Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудида доимий яшовчи бошқа шахсларнинг шахсий ёки мулкий манфаатларига тааллуқли бошқа ҳужжатларни бевосита бир-бирига илтимос бўйича таржимасиз ва бепул жўнатадилар. Бундай маълумотларни олиш тўғрисидаги фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда ҳужжатларнинг жўнатилиши бевосита Конвенция Томонларининг марказий органлари томонидан амалга оширилади (5-модда).

Бундан ташқари, Конвенция аҳдлашувчи Томонлар ўртасида бир Томон ҳудудида қабул қилинган фуқаролик, оилавий ва зарарни ундириш тўғрисидаги жиноий судларнинг қарорларини бошқа Томон ҳудудида тан олиниши ва ижро қилиниши учун ҳуқуқий асосни яратди (51-55-моддалар).

Хусусан, ҳеч қандай махсус иш юритувсиз, характерига кўра ижрони талаб қилмайдиган қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари тан олинади. Бошқа турдига ҳал қилув қарорлари, ҳудудида тан олиниши лозим бўлган аҳдлашувчи Томоннинг бошқа давлатнинг қарорини тан олиш тўғрисидаги илтимосномаси асосида қабул қилинган ҳал қилув қарорлари асосида тан олинади.

Хорижий давлат судларининг Ўзбекистон Республикасида ҳал қилув қарорларини ҳамда зарарни ундириш юзасидан жиноий судларнинг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисдаги илтимосномалари Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Конвенцияга асосан жавобгарнинг яшаш жойидаги судлар томонидан кўриб чиқилади.

Хорижий давлатларнинг судлари номига ёзилган Ўзбекистон Республикаси судларининг қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномалар, қарорларни қабул қилган судларга тақдим этилади ва улар томонидан чет эл давлатларининг ваколатли органларига Конвенциянинг 53-моддаси талабларига кўра юборилади.

Жумладан, илтимосномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

а) қарор ёки унинг тасдиқланган нусхаси, шунингдек қарор қонуний кучга кирганлиги ва ижро этилиши кераклиги ҳақидаги расмий ҳужжат ёки у қонуний кучга киргунга қадар ижро этилиши керак бўлган, агар бу қарорнинг ўзидан келиб чиқмаса, ҳужжат;

б) суд жараёнида иштирок этмаган томонга қарши қарор чиқарилганлигини, белгиланган тартибда ва ўз вақтида судга чақиртирилганлигини ва келмаганлиги натижалари тўғрисида хабардор бўлганлиги, унинг процессуал муомалага лаёқатли эмаслиги ҳоллари эса белгиланган равишда айтилганлигини билдирувчи ҳужжат;

в) ҳужжат жўнатилиш вақтида қарорлар қисман бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

г) шартномавий судловлилик тўғрисидаги ишлар юзасидан, томонлар келишувини тасдиқловчи ҳужжат.

Шунингдек, Конвенцияда қонуний кучга кирган ҳукмлар ва судланганлик тўғрисидага маълумотлар юзасидан ахборотлар юборилиши кераклиги тўғрисида талаб белгиланган. Жумладан, Конвенциянинг 79-моддаси, 1-қисмига асосан аҳдлашувчи Томонлар ҳар йили бошқа аҳдлашувчи Томоннинг фуқароларига нисбатан уларнинг судлари томондан чиқарилган айблов ҳукмлари қонуний кучга кирганлиги тўғрисида бир-бирларига маълум қиладилар, айни вақтда ҳукм қилинганларнинг мавжуд бармоқ изларини юборадилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш ушбу вазифани бажариш юклатилган махсус ваколатли давлат органларнинг вазифаси бўлиб, уларга ушбу вазифаларни бажариш юзасидан махсус мажбурият юкланади. Чунки, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнини тўғри ташкиллаштириш давлатлар ва уни амалга оширувчи ваколатли органларнинг обрўсини ва салоҳиятини белгилайди. Шунингдек, Конвенцияга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий алоқаларнинг ривожланиши, улардан фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда вужудга келувчи ҳуқуқий муносабатлар юзасидан масалаларни аниқ ва тезкорлик билан ҳал қилинишини талаб қилади.

Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб олиб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисидаги Гаага Конвенциясига асосан жисмоний шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш (Гаага шаҳри, 25 октябрь 1980 йил)

Бугунги кунда, глобализация шароитида, халқаро никоҳлар, яъни хорижий давлатларнинг фуқаролари билан никоҳдан ўтиш кенг тарқалмоқда. Бироқ, оддий оилалар каби, трансчегаравий никоҳлар ҳам айрим ҳолларда бузилади ва ота-оналар ўртасида фарзандларни тарбиялаш ва уларни яшаш жойи бўйича келишмовчиликлар келиб чиқади. Шунга асосан, охирги пайтларда чет мамлакатда яшовчи ота-онанинг бири томонидан фарзандларини ўғирлаш ёки болани чет элга олиб чиқиб кетиш ҳолатлари кўпайди.

Дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам йилдан йилга чет эл фуқаролари билан никоҳ тузиш ва ажралишлар сони кўпайиб бормоқда. Шунинг билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ва чет эл фуқароларининг болаларни ўғирлаб олиб кетиш ёки ноқонуний ушлаб туриш бўйича мурожаатлари сони ҳам кўпайиб бормоқда.

Бошқа давлат фуқаролигига эга ёки турли ҳил давлатлар ҳудудларида яшайдиган ота-оналар ўртасида болаларни тарбиялаш борасида келишмовчиликларни самарали ҳал қилиш мақсадида халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси томонидан 1980 йил 25 октябрда болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб олиб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисида Конвенция ишлаб чиқилди (кейинги ўринларда – Конвенция).

Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 1 майдаги Қарорига асосан қўшилган. Ушбу Конвенция Ўзбекистон Республикасида 1999 йил 1 августда кучга кирган.

Конвенциянинг мақсади, иштирокчи-давлатларнинг бирига ноқонуний олиб чиқилган ёки ушбу давлатларда ушлаб турилган болаларни тезкорлик билан қайтарилишини ҳамда қайсидир бир иштирокчи-давлатлар томонидан қонунчилигига мувофиқ тақдим қилинадиган васийлик (парвариш) қилиш ҳуқуқининг бошқа иштирокчи-давлатлар томонидан самарали риоя қилинишини таъминлашдир.

Бола ўғирлаш ва болани ноқонуний ушлаб туриш деганда нима тушунилади?

Конвенциянинг 3-моддасига мувофиқ болани кўчириб олиб кетиш ёки ушлаб туриш қуйидаги асосларга кўра ноқонуний ҳисобланади, агар:

а) бу ҳаракатлар кўчириб олиб ўтиш ёки ушлаб туришдан олдин бола доимий равишда яшаган давлат қонунчилигига мувофиқ бирон-бир шахс, муассаса ёки ташкилотнинг биргаликда ёки алоҳида васийлик (парвариш) қилиш ҳуқуқига зид равишда амалга оширилган бўлса;

б) кўчириб олиб ўтиш ёки ушлаб туришда бу ҳуқуқлар биргаликда ёки алоҳида (индивидуал) самарали амалга оширилган бўлса ёки кўчириб олиб ўтиш ёки ушлаб туриш бўлмаганида амалга оширилиши кутилган бўлса.

Ушбу модда икки хил ёндашувни ўз ичига олади, яъни бир томондан, болани парвариш қилиш ҳуқуқини бузган ҳолда кўчириб олиб ўтиш, иккинчи томондан эса болани қонуний кўчиб ўтгандан кейин қайтармаслик (масалан, дам олиш таътилидан кейин қайтармаслик).

Ноқонуний кўчириб ўтиш санаси боланинг доимий яшаш жойидаги давлат ҳудудидан кўчиб кетиш куни ҳисобланади.

Ноқонуний ушлаб туриш санаси болани белгиланган тартибда олиб чиқиб кетишга рухсат берилган муддат тугашидан кейинги биринчи куни ҳисобланади.

Конвенция васийлик (парвариш) қилиш ҳуқуқи бузилишидан олдин, бевосита иштирокчи-давлат ҳудудида яшовчи ҳар бир болага қўлланилиши мумкин бўлиб, у ўз кучини бола 16 ёшга етганидан кейин йўқотади (4-модда). Боланинг фуқаролиги, шунингдек унинг ота-онасининг фуқаролиги Конвенция талабларини қўллаш учун муҳим эмас.

Болани парвариш қилиш ҳуқуқлари Конвенциянинг 5-моддасида белгиланган бўлиб, ўз ичига “боланинг шахсиятини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, шунингдек, боланинг яшаш жойини аниқлаш ҳуқуқи”ни қамраб олган.

Ота-оналарнинг алоҳида яшаши, парвариш қилиш ҳуқуқининг улардан бири томонидан ёки биргаликда амалга оширилиши мумкинлигини билдиради. Юқорида таъкидланганидек, ушбу ҳуқуқлар қонунлар, суд қарорлари ёки маъмурий қарорлар асосида ёки ушбу давлат қонунчилигига кўра юридик оқибатларга олиб келувчи келишувга асосан вужудга келиши мумкин (3-модда).

Конвенциянинг иштирокчи-давлатлари унинг талабларини бажариш учун ўзларининг марказий органларини белгилайдилар (6-модда).

Бу органлар болани қайтариб олишни тезлаштириш мақсадида ота-оналарга ёрдам беришлари ва бошқа давлатларнинг марказий органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишлари лозим (7-модда).

Хусусан, марказий органлар бевосита ёки воситачи орқали қуйидаги чораларни кўришлари керак:

- боланинг яшаш жойини аниқлаш;

- вақтинчалик чоралар қабул қилиш ёки уларни ташкиллаштириш йўли билан кейинчалик болага жароҳат етиши ёки учинчи томонга зарар етишини олдини олиш;

- ўз хоҳиши билан болани қайтариб бериш ёки муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишни таъминлаш;

- боланинг ижтимоий аҳволи ҳақида маълумотлар билан алмашиш;

- Конвенциянинг қўлланилиши билан ушбу давлат қонунчилиги бўйича умумий маълумотни тақдим этиш;

- болани қайтариб олиш мақсадида суд ёки маъмурий ишни қўзғатиш, шунингдек, тегишли вазиятларда болага бўлган ҳуқуқдан самарали фойдаланиш учун керакли чораларни кўриши ёки уларни таъминлаб бериши;

- вазият тақазо этганда, ҳуқуқий маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда ҳуқуқий ёрдам бериш ёки юридик маслаҳат беришни таъминлаш;

- болани хавсиз равишда қайтарилишини таъминлаш учун керак ва зарур бўлган маъмурий чораларни қабул қилиш;

- Конвенцияни қўлланилиши тўғрисида ҳамда иложи бўлганида уни тадбиқ қилишда юзага келадиган муаммоларни бартараф қилиш ҳақида бир-бирларига маълумот бериш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 18 майдаги “Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб олиб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисидаги Гаага конвенциясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 192-сон Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Конвенциядан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича марказий орган бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Конвенция талабларини бажариш юзасидан фаолиятларини мувофиқлаштириб боради ва уларга Конвенция доирасида кўрсатмалар беради.

Конвенциянинг нормаларига мувофиқ нафақат ота-оналар, балки болани парвариш қилишга даъвогарлик қилаётган ҳар қандай шахс, ташкилот ёки бошқа орган парвариш қилиш ҳуқуқи бузилган ҳолда кўчириб олиб ўтилган ёки ушлаб турилган ҳар қандай болага нисбатан боланинг доимий яшаш жойидаги давлатнинг марказий органига ёки бошқа ҳар қандай чет эл иштирокчи-давлатнинг марказий органига болани қайтаришда ёрдам бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин (8-модда).

Конвенциянинг энг муҳим нормаларидан бири бу 12-модда ҳисобланиб, ушбу модда Конвенция нормалари қўлланилишини вақтинчалик чекланишини белгилайди. Агар болани қайтариш тўғрисидаги талаб бола кўчирилгандан сўнг 1 йил ўтиб берилса,
12-модда мустасно ҳолатда тартиб ўрнатади. Унга кўра, агар бола кўчириб ўтилган давлатдаги суд ёки маъмурий орган “бола янги муҳитга мослашган” деб ҳисобласа, болани қайтариш тўғрисидаги мурожаатни рад этиши мумкин.

Шунингдек, Конвенция болани қайтаришни рад этиш мумкинлигини қамраб олган бошқа шартларни ҳам кўзда тутади ва ушбу шартларни бугунги кунда қўллаш катта қийинчиликларга олиб келмоқда.

Хусусан, биринчи ҳолатда болани кўчириб олиб ўтиш ноқонунийлигини исботлаш муаммоли ҳисобланади. Чунки болага ғамхўрлик қилувчи ота-онадан бири, ташкилот ёки бошқа орган болага деярли парвариш қилмаганлигини исботлаш лозим ёки болани кўчириб олиб ўтишга ёки ушлаб туришга розилигини бергани учун ўз васийлик ҳуқуқларини амалга ошира олмаётганлигидир. Иккинчи ҳолатда “болани қайтариш болага жисмоний ёки руҳий зарар етиши ёки уни бошқача тарзда чидаб бўлмайдиган шарт-шароитларда бўлишига жуда катта хавф туғилса” уни қайтаришни рад этиш учун асос бўлади (13 модда).

Асосий жиҳатларидан яна бири бу Конвенция иштирокчи-давлатлар ўртасида ўзаро кучга кирганидан кейин ноқонуний кўчириб ўтиш ёки ушлаб туриш масалаларига қўлланилиши мумкин. Агар бола бошқа давлатга олиб кетилган бўлиб, лекин бу давлат юқорида қайд этилган халқаро шартноманинг иштирокчиси бўлмаса, ушбу Конвенция нормалари қўлланилмайди. Бундай ҳолларда муаммоларни ҳал этиш бўйича ягона механизм мавжуд эмас бўлиб, қўлланиладиган чоралар эса тегишли давлатнинг қонунларига асосланади.

Ўзбекистон Республикасида Конвенция нормаларининг қўлланилиши.

Конвенция талаблари қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасида қўлланилади:

1. Бола 16 ёшга тўлмаган бўлса;

2. Конвенциянинг 3-моддасига асосан боланинг ота-онасидан бири томонидан ўғирлаш/ушлаб туриш парвариш қилиш (алоҳида ёки биргаликдаги) ҳуқуқини бузса ёки ота-онадан бирининг болага нисбатан ҳуқуқини бузса;

3. Ўғирлаш/ушлаб туриш муддати бир йилдан ўтиб кетмаган бўлса;

4. Конвенция Ўзбекистон Республикаси ва бола олиб чиқилган ёки олиб кирилган давлат ўртасида амалда бўлса;

5. Болани ўғирлаш/ушлаб туриш Конвенция Ўзбекистон Республикаси ва бола олиб чиқилган ёки олиб кирилган давлат ўртасида кучга кирганидан сўнг содир бўлган бўлса (38-модда);

6. Бевосита бола ноқонуний олиб чиқилгунига ёки ушлаб турилгунига қадар боланинг доимий яшаш жойи Ўзбекистон Республикаси ёки у билан Конвенция кучда бўлган бошқа давлатда бўлган бўлса (35-модда).

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи ота-она, боласи ўғирланган ёки чет эл давлатида ушлаб турилган бўлса, Конвенцияга мувофиқ марказий органга (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига) ёки бевосита сўралаётган давлатга ёки унинг ваколатли судига, яъни бола ноқонуний кўчириб ўтилган ёки ушлаб турилган давлат ҳудудининг ваколатли органи ёки судига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Шунингдек, аризачи болани қайтариб бериш ёки унга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш тўғрисидаги тегишли шаклдаги сўровномани тўлдириб бериши лозим.

Конвенциянинг 24-моддасига мувофиқ сўралаётган давлатнинг марказий органига юборилаётган ҳар қандай ариза, сўровнома ва бошқа ҳужжатлар сўралаётган давлатнинг тилида тузилиши ва унинг расмий таржимаси билан таъминланиши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса ушбу ҳужжатлар француз ёки инглиз тилларида юборилиши керак.

Сўровномага агар аризачи уларни керак деб ҳисобласа, бошқа ҳужжатларни ҳам илова қилиш мумкин.

Агар сўровнома марказий органга юборилган бўлса, у марказий орган томонидан Конвенция талабларига мос келиши юзасидан кўриб чиқилади ва бола ноқонуний олиб ўтилган ёки ушлаб турилган давлат (сўралаётган томон) марказий органига юборилади.

Агар сўралаётган давлатнинг марказий органи томонидан болани қайтариш бўйича суд ёки маъмурий жараёнлар қўзғатилган бўлса, сўралаётган давлатнинг ваколатли суди сўралаётган давлатнинг ҳудудига ноқонуний олиб кирилган ёки ушлаб турилган болани қайтариш ёки бундай талабни рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.

Болани қайтариш ёки қайтаришни рад этиш тўғрисида фақатгина суд қарор қабул қилишга ҳақли. Қоидага мувофиқ, фарзанди ўғирлаб кетилган ёки ноқонуний ушлаб турилган ота-онадан бири ушбу суд жараёнини ваколатли судда ўзи ёки адвокати орқали мурожаат қилиб қўзғатиши лозим. Одатда марказий органлар судга ота-она номидан мурожаат этиш ваколатига эга эмаслар ва суд қарорига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайдилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, Конвенция доирасида фақатгина битта муаммо ҳал этилади – бу болани доимий яшаш жойига эга давлат ҳудудига қайтаришдир. Васийликни, болани яшаш жойини белгилаш ва бола билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлар Конвенция доирасида кўриб чиқилмайди. 

 

Фуқаролик, оила ва жиноят ишлари буйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги (Минск, 22 январь 1993 йил) ва Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб олиб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисидаги (Гаага, 25 октябрь 1980 йил) Конвенцияларидан, шунингдек икки ва кўп томонлама халқаро шартномалар ижроси юзасидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йилнинг 9 ойи давомида қуйидаги ишлар амалга оширилган.

Хусусан, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича келиб тушган жами 2 777 та топшириқ ижроси белгиланган тартибда таъминлади (хорижий давлатлар ва Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар, суд органлари ва бошқа давлат идоралари фаолияти билан боғлиқ бўлган топшириқлар).

Бу соҳадаги ҳамкорлик айниқса МДҲ мамлакатларининг адлия идоралари билан фаол иш олиб борилмоқда. Масалан, ҳисобот даврида Россия адлия идораларидан 985 та, Қозоғистондан 290 та, Қирғизистондан 29 та, Украина ва Белорусиядан 24 тадан, Туркманистондан 14 та ҳамда бошқа давлатлардан 10 та келиб тушган ҳужжатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро шартномалари
РУЙХАТИ


Шартнома номи

1

Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида фуқаролик, савдо ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ёрдам кўрсатиш тўғрисида Шартнома.

Анқара, 23 июнь 1994 йил.
1997 йил 19 декабрдан кучга кирган.

2

Ўзбекистон Республикаси ва Латвия ўртасида фуқаролик, оилавий, меҳнат ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 23 май 1996 йил.
1997 йил 11 апрелдан кучга кирган.

3

Ўзбекистон Республикаси ва Грузия ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Тбилиси, 28 май 1996 йил.
1997 йил 27 июндан кучга кирган.

4

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 27 ноябрь 1996 йил.
1998 йил 21 июндан кучга кирган.

5

Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 24 декабрь 1996 йил.
1998 йил 30 ноябрдан кучга кирган.

6

Ўзбекистон Республикаси ва Литва Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 20 февраль 1997 йил.
1998 йил 10 июлдан кучга кирган.

7

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий муносабатлар ва ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Алмата, 2 июнь 1997 йил.
1998 йил 30 октябрдан кучга кирган.

8

Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 18 июнь 1997 йил.
1998 йил 15 июндан кучга кирган.

9

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Пекин, 11 декабр 1997 йил.
1998 йил 28 августда кучга кирган.

10

Ўзбекистон Республикаси ва Украина ўртасида фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Шартнома.

Киев, 19 февраль 1998 йил.
1999 йил 19 июндан кучга кирган.

11

Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Шартнома.

Деҳли, 2 май 2000 йил.
2001 йил 17 апрелдан кучга кирган.

12

Ўзбекистон Республикаси ва Чехия Республикаси ўртасида фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 18 январ 2002 йил.
2003 йил 1 декабрдан кучга кирган.

13

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 12 февраль 2003 йил.
2004 йил 23 ноябрдан кучга кирган.

14

Ўзбекистон Республикаси ва Болгария Республикаси ўртасида фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Шартнома.

София, 24 ноябрь 2003 йил.
2004 йил 11 мартда кучга кирган.

15

Ўзбекистон Республикаси ва Болгария Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Шартнома.

София, 24 ноябрь 2003 йил.
2004 йил 11 мартда кучга кирган.

16

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида Шартнома.

Тошкент, 1 март 2007 йил.
2008 йил 10 декабрдан кучга кирган.

17

Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб олиб кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисидаги Гаага конвенцияси.

Гаага, 25 октябрь 1980 йил.
Ўзбекистон Республикаси учун 2000 йил 18 майда кучга кирган.

МДҲ доирасида

1

Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Конвенция.

Минск, 22 январь 1993 йил.
1994 йил 14 майда кучга кирган.