Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Интерактив хизматлар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Савол-жавоб

Рўйхатга қайтиш

1. Миссионерлик ва прозелитизм нима?

Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги 240-моддаси иккинчи қисми ва Жиноят кодекси кодексининг 2162-моддаси иккинчи қисмида бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти сифатида қайд этилган.

Шуни қайд этиш керакки, турли адабиётларда “миссионерлик” ва “прозелитизм”га турлича тушунчалар берилган. Хусусан, миссионерлик лотин тилидан “missio”, яъни “жўнатиш”, “топшириқ” сўзидан олинган бўлиб, диний ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан биридир. Унинг мақсади ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганлар ёки бошқа динларга мансуб шахсларни муайян динга киритишдир. Аслида эса миссионерлар муайян ижтимоий гуруҳнинг сиёсий мақсадларини амалга оширишни ўз олдиларига вазифа сифатида қўядилар.

Миссионерлик фаолияти бошқа давлатларда амалга оширилиши билан таърифланадиган “ташқи” миссия ҳамда динсиз ва бошқа динга мансуб шахслар орасида давлатнинг ўз ҳудудида амалга оширилишини назарда тутувчи “ички” миссияга бўлинади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, миссионерлик фаолияти турли динларга мансуб гуруҳ ва жамоалар фаолиятида кузатилганлигини кўриш мумкин. Масалан, буддизмда миссионерлик кўплаб ҳолларда сайёр монахлар томонидан амалга оширилиб, милоддан аввалги III асрдан бошлаб тарқалган. Христиан миссионерлиги милодий IV асрда пайдо бўлиб, XIII-XIV асрларда у Ҳиндистон, Хитой ва Япониягача кириб келган.

Католиклар черковининг миссионерлиги испан ва португал мустамлака империялар вужудга келишидан кейин ўз фаолиятини кучайтирган
(XV-XVI асрлар).

АҚШда миссионерлик ташкилотлари XIX аср бошида пайдо бўлган. Империалистик давлатлар жаҳонни бўлиб олиш учун кураш олиб борган даврни ўз ичига олган XIX асрнинг охирги учдан бирида миссионерлик фаоллашган.

Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси бу прозелитизм. Прозелитизм – бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.

Прозелитизм иллатининг баъзи бир нохуш натижаларини келтириш мумкин: Мисол учун, бир қанча вақт ислом динида юриб, кейинчалик бошқа динни қабул қилган кишилар вафот этганда, жасадларини мусулмон қабрларига қўйиш муаммо туғдиради. Сабаби, майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини ноисломий дин вакилларининг мозорига дафн этишни хоҳламайдилар. Мусулмонлар эса, ноисломий дин вакилининг жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга дафн этишни истамайдилар. Натижада келишмовчиликлар келиб чиқади.

2. Миссионерлик фаолияти қандай мақсадларни кўзлаб амалга оширилади?

- Миссионерлик фаолияти бир нечта мақсадни кўзлаб амалга оширилиши мумкин. Масалан,

- бошқа халқ вакилларини ўз динига киритиш. Ушбу ғоя орқали ўзга динларга эътиқод қилувчи шахсларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириб олиш;

- маълум халқлар ўртасида ўз эътиқодига нисбатан шубҳа пайдо қилиш ва аста-секин ишонч – эътиқодидан воз кечишга олиб келиш ва шу орқали ўзларининг сафларини янада кенгайтириб бориш ва бошқ.

Ушбу мақсадларига эришиш учун миссионерлар барча услуб ва методларни қўллашга тайёр бўладилар. Жумладан, улар атайлаб айрим жисмоний хасталик (ногиронлик) оқибатида оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган ва ҳаётда бироз моддий қийинчиликларга учраб турган шахсларни топиб олиб, уларга турли шаклдаги моддий ёрдамлар кўрсатадилар. Уларнинг кўнглини ҳар томонлама олишга уринадилар. Бундай “саъй-ҳаракат”лари билан улар маҳаллий аҳоли ўртасида ўзлари ҳақида ижобий фикр уйғотадилар.

Шунингдек, маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган анча чиройли, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақола – материалларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган видео-аудио кассеталарни аҳолига бепул тарқатадилар.

Бундан ташқари, улар турли санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш ва ушбу тадбирлар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, айрим тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига малакали мутахассис кадрларни “иш”га юбориш, якка-ёлғиз ва ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган шахсларга кўнгилочар мактублар йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ўзаро “ҳамкорлик” ўрнатиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш клубларини ташкил этиш, ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга ўқиш ёки малака ошириш сафарига юбориш ҳамда ишга жойлашишга кўмаклашадилар.

Бироқ, уларнинг бундай ҳаракатлари миллий маънавий барқарорликка таҳдид солади. Борди-ю миссионерлар юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадларига эришадиган бўлсалар, мамлакатда халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши тайин.

Чунки, дин – бу миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Миссионерлик айнан шундай диний қарашларга ўз таъсирини ўтказиб халқнинг барқарорлигини бузади.

3. Миссионерлик ва прозелитизм фаолиятига қарши Адлия вазирлиги томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?

Миссионерлик инсоннинг конституциявий ҳуқуқи бўлмиш фикрлаш ва виждон эркинлигига қарши чиқар экан, унинг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни давлат томонидан олиб борилиши тақозо этилади. Бу борада Адлия вазирлиги томонидан қуйидаги уч йўналишда ишлар олиб борилмоқда:

- адлия органлари томонидан диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилаётганда, унинг устав (низом)и қоидалари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабига мувофиқлиги нуқтаи назаридан экспертиза қилинади. Экспертиза натижаси бўйича қонун ҳужжатларига зид, шу жумладан миссионерлик ва прозелитизмни тарғиб қилувчи қоидалар аниқланганда, мазкур диний ташкилотнинг устави рўйхатга олинмайди;

- адлия органлари диний ташкилот ходимлари билан тушунтириш ишларини олиб борадилар, уларга амалдаги қонун ҳужжатлари талабини тушунтириб, уни бузганлик учун жавобгарлик ҳақида расман огоҳлантирадилар. Бундан ташқари, миссионерлик ва прозелитизмга қарши турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказадилар;

- адлия органлари рўйхатга олувчи орган сифатида диний ташкилотнинг фаолияти ўз уставига ва қонун ҳужжатларига мувофиқлигини назорат қиладилар. Ушбу ҳолатда, диний ташкилот ходимлари томонидан қонунчилик ва устав талаблари бузилганда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда диний ташкилотни тугатиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, ишларнинг давоми сифатида “Миссионерлардан огоҳ бўлинг!!!” ва “Будьте бдительны – это миссионеры!!!” мазмунида кўргазмали плакатлар тайёрланди. Мазкур плакатларни ёшларимизнинг ахборот бўшлиғини турли ташқи таҳдидлардан асраш ҳамда уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирлигигаюборилди.

Таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизда миссионерлик ва прозелитизмга қарши нормалар ҳамда бундай ҳаракатлар учун жазо чораларининг назарда тутилиши билан ушбу фаолиятга бутунлай чек қўйиб бўлмайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади. Айниқса, ёшларимизнинг ахборот бўшлиғини турли ташқи таҳдидлардан асрашимиз, бунинг учун эса уларда мафкуравий иммунитетнинг шаклланишига шароит яратишимиз ва уларни милий-маънавий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашимиз лозим бўлади.

Адлия вазирлиги томонидан диний ташкилотлар соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, рўйхатдан ўтмаган, қаровсиз қолган масжидларни аниқлаш ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш чораларини кўриш учун чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда мазкур чора-тадбир доирасида тегишли органлар билан ҳамкорликда бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

4. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида миссионерлик ва прозелитизм фаолиятини амалга ошириш учун қандай жавобгарликлар белгиланган?

- Республикамизда прозелитизм ва бошқа миссионерлик фаолияти қонун билан таъқиқлаб қўйилган. Бундай фаолиятни амалга оширган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 240-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинади ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинади.

Ушбу фаолият такрорланган тақдирда эса, айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2162-моддаси иккинчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таъкидлаш жоизки, миссионерлик вужудга келтирадиган таҳдидлардан бугунги кунда ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат холи эмас. Афсуски, фақат айрим мамлакатларгина бундай иллатнинг олдини олишга ҳаракат қилиб, бошқалари эса аксинча, миссионерлик фаолиятига қонун билан рухсат бериб қўйишган. Масалан, Арманистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида (8-модда) прозелитизмнинг тақиқланганлиги кўрсатилган бўлса, Украина ва Белоруссиянинг бу борадаги қонунчилигида “миссионерлик жамиятлари” фаолиятига диний ташкилот сифатида расман рухсат этилган.

Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний  ташкилотлар бошқармаси етакчи маслаҳатчиси Қахрамонов Алижон Қахрамонович


Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг роли

(Савол-жавоб)

Савол: Касаба уюшмалари қандай ташкилот ҳисобланади?

Жавоб: “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 
1-моддасига мувофиқ касаба уюшмаси ҳам ишлаб чиқариш, ҳам ноишлаб чиқариш соҳаларидаги фаолият турига қараб, ўз аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш учун муштарак манфаатлар билан боғланган меҳнаткашларни бирлаштирадиган кўнгилли жамоат ташкилотидир.

Касаба уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

Савол: Касаба уюшмаларига кимлар аъзо бўлиши мумкин?

Жавоб: Меҳнаткашлар, шунингдек олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган шахслар ҳеч қандай тафовутсиз ўз хоҳишларига кўра ва олдиндан ижозат олмай туриб, ихтиёрий равишда касаба уюшмалари тузиш, шунингдек касаба уюшмаларининг уставларига риоя этиш шарти билан уларга кириш ҳуқуқига эгадирлар.

Меҳнаткашлар шунингдек олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган шахслар корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ва бошқа иш жойларида касаба уюшмалари тузишга ҳақлидирлар.

Савол: Фуқароларнинг касаба уюшмаларига аъзо эмаслиги уларнинг меҳнат, ижтимой-иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари бирон бир тарзда чекланишига сабаб бўла оладими?

Жавоб: Фуқароларнинг касаба уюшмаларига мансублиги ёки мансуб эмаслиги уларнинг қонунларда кафолат берилган меҳнат, ижтимой-иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари бирон бир тарзда камситилишига сабаб бўлмайди. Меҳнаткашларни ишга қабул қилиш, хизмат поғоналарига кўтариш, шунингдек ишдан бўшатиш учун муайян касаба уюшмасига мансубликни, унга кириш ёки ундан чиқишни шарт қилиб қўйиш тақиқланади.

Савол: Касаба уюшмалари фаолиятини тўхтатиш ёки тақиқлаш мумкинми?

Жавоб: Касаба уюшмалари фаолиятини тўхтатиш унинг аъзолари қарори асосида уставда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлган ҳолларда бу фаолият Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан тақиқланиши мумкин. Касаба уюшмалари фаолиятини бошқа бирон бир идоранинг қарори билан тақиқлашга йўл қўйилмайди.

Савол: Касаба уюшмаларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш соҳасидаги ҳуқуқлари нималардан иборат?

Жавоб: Касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этадилар, аҳолини иш билан таъминлаш давлат сиёсати ишлаб чиқилишида қатнашадилар. Корхоналарда ишдан холи этиб олинадиган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қонунлар асосида жамоа шартномасида белгилаб қўйиладиган чораларини таклиф этадилар. Маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идорасининг ташаббуси билан иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхонани ва ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин. Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг аҳволини ва бу соҳадаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиб боради. Меҳнат шартномаси маъмуриятининг ташаббуси билан бекор қилинишига Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тегишли касаба уюшма қўмитаси билан олдиндан келишилган тақдирдагина йўл қўйилади.

Савол: Касаба уюшмаларининг меҳнаткашларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш ҳуқуқларига нималар киради?

Жавоб: Касаба уюшмаларининг меҳнат шароити ва меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлашга, меҳнаткашларнинг уй-жой шароитига, уларни ижтимоий суғуртага, уларни соғлиқни сақлаш ва маданиятга тааллуқли манфаатларини ҳимоя қилиш, пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари билан тартибга солинади. Касаба уюшмаларининг республика ва ҳудудий бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида меҳнаткашларни ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилиш тадбирларини ишлаб чиқишда, турмуш даражасининг асосий мезонларини, нарх-наво индекси ўзгаришига қараб товон тўлаш миқдорини аниқлашда қатнашадилар, қонунда белгилаб қўйилган кун кечиришнинг энг паст даражасига ҳамда пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорига риоя этилишини назорат қиладилар. Касаба уюшмаларининг бирлашмалари шу масалалар юзасидан тегишли давлат ва хўжалик идоралари билан битим тузиши мумкин.

Савол: Ташкилот маъмурияти билан касаба уюшмаси аъзолари ўртасидаги меҳнат низоларини кўриб чиқишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари нималардан иборат?

Жавоб: Касаба уюшмалари касаба уюшмаси аъзоси билан маъмурият ўртасида пайдо бўлган якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқади ва улар юзасидан қонунларга мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилади.

Касаба уюшмалари меҳнатга доир амалдаги қонунларнинг жамоа шартномаси, битими шартларининг бузилиши, меҳнат ва турмушнинг янги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларини белгилаш ёки мавжуд шарт-шароитларини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларга доир жамоа меҳнат низоларини кўриб чиқишда қатнашади.

Савол: Касаба уюшмалари давлатлараро битимлар тузилишида ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви идоралари шакллантирилишида иштирок этадими?

Жавоб: Касаба уюшмалари Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда аҳолининг кўчиб юриши, иш билан таъминланиши, меҳнат, нарх-наво белгилаш ва ижтимоий таъминот масалаларига доир давлатлараро битимлар тузилишида, халқ депутатлигига номзодлар кўрсатилишда, сайлов мавсумида уларни қўллаб-қувватлашда иштирок этишлари мумкин.

Сарвар Мамаджонов, Адлия вазирлиги масъул ходими 


Савол: ННТ тушунчаси?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Конуннинг 2 моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари турлари қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10 моддасига қўра жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар (иттифоқлар) шаклида бирлашмалар тузиши мумкин.

Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчаси?


Жавоб: Ўз уставига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда битта ёки ундан кўпроқ чет эл давлати ҳудудида фаолият олиб бориши мумкин бўлган халқаро ташкилот халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти деб ҳисобланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларига нималар киради?


Жавоб: Муассислар (аъзолар) томонидан тасдиқланган устав ва қатнашчилар томонидан тузилган таъсис шартномаси ва улар тасдиқлаган устав — уюшма (иттифоқ) учун.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш йўллари?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20 моддасига қўра нодавлат нотижорат ташкилотини қайта ташкил этиш унинг юқори органи қарорига биноан бирлашиш, қўшилиш, бўлиниш, ажралиб чиқиш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилади.

Савол: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари қайси давлат органида рўйхатдан ўтказилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?


Жавоб: - Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар-органи аъзолари ҳар бирининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, яшаш жойи ҳамда манзилини кўрсатган ҳолда улар томонидан имзоланган ариза;

- нодавлат нотижорат ташкилотининг икки нусхадаги устави;

- таъсис съезди (конференцияси) ёки умумий йиғилишнинг нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги, муассислари хусусидаги, унинг уставини тасдиқлаш ҳақидаги, раҳбар органлари ва бошқа органларини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар албатта мавжуд бўлган баённомаси;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятининг турлари?


Жавоб: Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун билан тақиқланмаган ҳамда ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ бўлган фаолиятнинг ҳар қандай турини амалга ошириши мумкин.

Савол: Диний ташкилотлар деб нималар ҳисобланади?


Жавоб: Диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар.

Савол: Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотни тузиш тартиби?

Жавоб: Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Савол: Қайси орган диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш ваколатига эга?


Жавоб: Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органларини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотларни эса тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шаклларини санаб беринг?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаши мумкин.

Савол: 2012 йил 12 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасининг бешинчи йўналиши Фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш деб номланади. Мана шу соҳадаги қайси янги қонун лойиҳалар бўйича Президентимиз ўз таклифларини берган?

Жавоб:

-"Ижтимоий шериклик тўғрисида"

-"Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида"

-"Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлар.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар номларини санаб беринг?

Жавоб:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (13 боб – Жамоат бирлашмалари);

2. “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун;

3. “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонун;

4. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

5. “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Қонун;

6. “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун;

7. “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун;

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 мартдаги Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмаларини рўйхатдан ўтказишни тартибга солиш тўғрисида 132-сонли қарори;

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 мартдаги Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўйимча чора-тадбирлар тўғрисида ПҚ-2085-сонли қарори;

Савол: Жамоат бирлашмасининг жамоат фондидан нима фарқи бор?

Жавоб:

- жамоат бирлашмасида аъзолик мавжуд, жамоат фондларида эса йўқ;

- жамоат фондлари фаолияти фақат суд томонидан тугатилади, жамоат бирлашмалари фаолияти эса ихтиёрий равишда тугатилиши мумкин;

- жамоат бирлашмаларининг аъзолари камайса тугатилиши мумкин, жамоат фондларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат фондларининг молия йили тугаганда аудиторлик текширувидан ўтказиш шарт, жамоат бирлашмаларига бундай норма тадбиқ этилмайди.

- Жамоат бирлашмаларининг ҳудудий бўлимлари ўз уставига эга бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилса, юридик шахс бўлиши мумкин. Жамоат фондларининг ваколатхона ва бўлимлари юридик шахс бўлмайди.

- Жамоат фондлар юридик ва жисмоний шахсларининг муассислигида тузилиши мумкин. Жамоат бирлашмалари фақат камида 10 та фуқаронинг ташаббуси билан тузилади.

- Жамоат фонди воситачилик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Жамоат бирлашмасига бундай норма тадбиқ этилмайди.

Савол: Қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилотларига имтиёзлар берилганми, бўлса қанақа?

Жавоб:

Ўзбекистон Республикаси “Нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда:

1. Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турини ўз уставларида белгиланган мақсадлари доирасида амалга ошириши мумкин;

2. Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлашга бўлган ҳуқуқини таъминлайди;

3. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг мол-мулки национализация, реквизиция ва мусодара қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

4.Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан:

Нодавлат нотижорат ташкилотлар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғларидан озод этилган.

Савол: Ўзбекистон Республикасида сиёсий партиялар нечта ва улар қандай номланади?

Жавоб:

1) Ўзбекистон халқ демократик партияси;

2) Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси;

3) Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси;

4) Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.


Савол: Нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятини тугатиш тартиби қандай?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш унинг юқори органи қарорига биноан ёки суд тартибида амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг муассислари, қатнашчилари (аъзолари) ёки нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат рўйхатидан ўтказувчи адлия органи билан келишган ҳолда тугатиш комиссиясини тайинлайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзув уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органи томонидан қуйидаги ҳужжатлар асосида юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади:

нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги ёзувни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритиш тўғрисидаги ариза (ихтиёрий равишда тугатилаётган тақдирда);

тегишли органнинг нодавлат нотижорат ташкилотини тугатиш тўғрисидаги қарори;

нодавлат нотижорат ташкилотининг устави ва бошқа таъсис ҳужжатлари ҳамда у давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

тугатиш баланси ёки топшириш ҳужжати ёхуд тақсимлаш баланси.

Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк ташкилот қатнашчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органларнинг аъзолари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ҳамда ундан белгиланган тартибда фойдаланилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш мумкинми?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонун ҳужжатларини бузган тақдирда суд томонидан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган, шунингдек устав мақсадларига зид ҳаракатлар содир этилган тақдирда прокуратура органлари ёки адлия органлари кўрсатилган қоидабузарликлар тўғрисида мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбар органларига тақдимнома киритади ҳамда бу қоидабузарликларни бартараф этиш муддатини белгилайди. Агар бу қоидабузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолияти прокуратура ва адлия органларининг тақдимномаси асосида суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбаларини санаб беринг?

Жавоб:

- кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;

- муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;

- ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;

- тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

- қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Савол: Жамоат бирлашмалари фаолиятининг принципларини санаб беринг?

Жавоб:

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Конунга кўра жамоат бирлашмалари ўз аъзолари (қатнашчилари)нинг ихтиёрийлиги, тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва ҳаракат қилади.

Савол: Сиёсий партияни тузиш учун ......

Жавоб: Камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгиларга нималар киради ва улар қайси орган томонидан рўйхатга олинади?

Жавоб:

Нодавлат нотижорат ташкилоти байроқ, эмблема, вимпел ва бошқа рамзий белгиларга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари давлат рамзий белгиларига ўхшамаслиги керак.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзий белгилари адлия органлари томонидан рўйхатга олинади. 


Савол: Ўзбекистон Республикасида жамоат фондлари қандай ташкил этилади ва жамоат фондлари муассислари кимлардан иборат бўлиши мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси “Жамоат фонлари тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасига кўра фонд муассисларнинг (муассиснинг) қарорига биноан ёки васиятнома бўйича ташкил этилиши мумкин.

Мазкур Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ бир ёки бир нечта юридик ва (ёки) жисмоний шахс фонд муассислари (муассиси) бўлиши мумкин. Бунда фонд муассислари (муассиси) фонд уставини тасдиқлайди, фонд васийлик кенгаши дастлабки таркибининг аъзоларини тайинлайди ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотлари қайси ҳолларда қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим?

Жавоб: “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига асосан нодавлат нотижорат ташкилотининг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда нотижорат ташкилотини ўзини давлат рўйхатидан ўтказиладиган тартибда ва муддатларда қайта рўйхатдан ўтказилиши керак.

Нодавлат нотижорат ташкилоти халқаро нодавлат нотижорат ташкилотига ёки унинг филиалига айлантирилган тақдирда уни қайта рўйхатдан ўтказиш мажбурийдир.

Савол: Нодавлат нотижорат ташкилотининг филиали ва ваколатхонаси деганда нима тушунилади?

Жавоб: “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига биноан нодавлат нотижорат ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш ҳуқуқига ҳам эга.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 9-моддасига кўра нодавлат нотижорат ташкилотининг ваколатхонаси у турган ердан ташқарида жойлашган алоҳида бўлинма бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилотининг манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотининг филиали у турган ердан ташқарида жойлашган алоҳида бўлинма бўлиб, унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини амалга оширади.


Савол:

Касаба уюшмалари меҳнат низоларини кўриб чиқишда қандай ҳуқуқларга эга бўлади?

Г.Эгамбердиева, ўқитувчи

Жавоб:

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 12-моддасига кўра, касаба уюшмалари касаба уюшмаси аъзоси билан маъмурият ўртасида пайдо бўлган якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқади ва улар юзасидан қонунларга мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилади.

Касаба уюшмалари меҳнатга доир амалдаги қонунларнинг жамоа шартномаси, битим шартларининг бузилиши, меҳнат ва турмушнинг янги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларини белгилаш ёки мавжуд шарт-шароитларини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларга доир жамоа меҳнат низоларини кўриб чиқишда қатнашади.

Савол:

Касаба уюшмаларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этиш соҳасидаги ҳуқуқлари ҳақида маълумот берсангиз?

Ў.Жалилов, шифокор

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” гиқонунининг 8-моддасига кўра, касаба уюшмалари ўз аъзоларининг меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоя этадилар, аҳолини иш билан таъминлаш давлат сиёсати ишлаб чиқилишида қатнашадилар. Корхоналарда ишдан ҳоли этиб олинадиган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг қонунлар асосида жамоа шартномасида белгилаб қўйиладиган чораларини таклиф этадилар.

Маъмурият, мулкдор ёки улар вакил қилган бошқарув идорасининг ташаббуси билан иш жойларининг қисқартирилиши ёки иш шароитининг ёмонлашувига олиб келадиган корхонани ва ундаги таркибий бўлинмаларни тугатиш, ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тегишли касаба уюшмалари камида уч ой олдин хабардор қилиб қўйилган ва улар билан меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этиш юзасидан музокара ўтказилган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Касаба уюшмалари аҳолини иш билан таъминлашнинг аҳволини ва бу соҳадаги қонунларга риоя этилишини назорат қилиб боради.

Меҳнат шартномаси маъмуриятининг ташаббуси билан бекор қилинишига Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тегишли касаба уюшма қўмитаси билан олдиндан келишилган тақдирдагина йўл қўйилади.

Савол:

Маъмурият, давлат ва хўжалик идоралари, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг касаба уюшмаларига нисбатан қандай мажбуриятари мавжуд?

З.Алиева, журналист

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 17-моддасига кўра, давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти, жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этишлари, уларнинг фаолият кўрсатишларига кўмаклашишлари шарт. Бу идоралар ва шахслар касаба уюшмалари ҳуқуқларини бузганликлари ёки уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликлари учун қонунларда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Давлат ва хўжалик идораларининг маъмурияти жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар касаба уюшмаларининг вакиллари шу касаба уюшмаси аъзолари ишлаётган корхоналарга уставда белгиланган вазифаларни ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқларни амалга ошириш учун киришларига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас.

Савол:

Ишлаб чиқаришдаги ишдан озод қилинган ҳолда меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари идораларига сайланган ходимлар учун қандай кафолатлар берилиши мумкин шу ҳақда маълумот берсангиз?

Р.Бозоров, ўқитувчи

Жавоб:

“Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида” қонунининг 19-моддасига кўра, касаба уюшма идораларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга сайлов ваколатлари тугаганидан сўнг аввалги ўз иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) бўлмаган тақдирда ўша корхонада ёки ходимнинг розилиги билан бошқа корхонада аввалгисига тенг келадиган бошқа иш (лавозим) берилади.

Тегишли иш (лавозим) бериш имконияти бўлмаган тақдирда олдинги иш жойидаги корхона маъмурияти, корхона тугатилган тақдирда эса касаба уюшмаси ходим учун ишга жойлашиш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолади, лекин бу муддат олти ойдан ошмаслиги керак, малакасини ўзгартириш учун ўқиш чоғида эса бир йил муддатгача ўртача иш ҳақи сақлаб турилади.


Ўзбекистонда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар

1. Ўзбекистон Республикасида дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

Республикамизда дин ва давлат муносабати, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолият юритиши бўйича ҳуқуқий асосан яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ҳамда “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 1998 йил 20 июндаги 263-сон, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон, “Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2004 йил 1 мартдаги 99-сон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

2. Виждон эркинлиги ҳуқуқи нима?

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

3. Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги қайси қонунда белгиланган ва унда нима дейилган?

Фуқароларнинг динга муносабатидан тенг ҳуқуқлилиги принципи Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

4. Динни давлатдан ажратилганлигини тушунчаси нима?

Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар.

Давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламайди, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини ҳамда даҳрийлик тарғиботига оид фаолиятини маблағ билан таъминламайди.

Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва жамоат ҳаракати, шунингдек республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт. Диндан давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, мансабдор шахсларга тазйиқ ўтказишга қаратилган ҳар қандай уриниш, шунингдек яширин диний фаолият қонун билан тақиқланади.

5. Давлат органларининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабат борасидаги ваколатлари нималардан иборат?

Давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланади. Қўмитанинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом билан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудларда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши учун қонун бўйича жавобгардирлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмитанинг асосий вазифаларига қуйидагилар ҳисобланади:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш;

давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;

давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш.

7. Диний ташкилот ва диний ўқув юртлар нима?

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича ягона марказий бошқарув органлари (бундан кейин – марказий бошқарув органлари деб юритилади) тузилиши мумкин.

Марказий бошқарув органи Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта ҳудудий тузилмасида (вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) фаолият кўрсатаётган, тегишли конфессияларнинг рўйхатга олинган диний ташкилотлари вакиллари таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан тузилади.

Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Тегишли диний маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диний ташкилотларнинг раҳбарлари бўлишлари мумкин. Диний ташкилотлар раҳбарлигига Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиб олинади.

Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади.

Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим.

Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади.

8. Диний урф-одатлар ва маросимлар қаерларда ўтказилади?

Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир.

Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади.

Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади.

Диний маросим ва ибодат биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.

Диний ташкилотлар диндорлар мажбурий пул йиғимлари ва тўловлар ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас.