Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Интерактив хизматлар

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Танлов саволлари

 НОТАРИУС ЛАВОЗИМИГА ЎТКАЗИЛАДИГАН ТАНЛОВДА ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН САВОЛЛАР ВА ЖАВОБЛАР

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ ҲАМДА ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИ БЎЙИЧА 

 

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини яратиш ғояси 1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши билан бевосита боғлиқ. Мазкур Декларацияни қабул қилган Олий Кенгашнинг иккинчи сессияси бу ҳужжатдаги принциплар асосида давлатнинг янги конституцияси ишлаб чиқилиши лозим деган хулосага келди. Сессия Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссияни тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.

1991 йил 12 апрелда Конституция лойиҳасини яратиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ижодий жараённи мувофиқлаштириб бориш учун Конституциявий комиссия аъзолари ҳамда етакчи мутахассислар ва олимлардан иборат 32 кишилик ишчи гуруҳи ташкил этилди. Шунингдек, Конституция лойиҳасининг мўлжалланаётган бўлимларини тайёрлаш учун 6 та кичик гуруҳлар ташкил этилди.

Конституциявий комиссия раисининг топшириғи билан 1991 йил бошларидаёқ учта муқобил концепция яратилди: Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг концепцияси, Сиёсатшунослик ва бошқарув институтининг концепцияси ҳамда Президент девонининг юридик бўлими томонидан тайёрланган концепция. Учинчи концепция Конституцияни яратишда асос сифатида қабул қилинди. 

Лойиҳанинг дастлабки варианти 1991 йил ноябрига қадар тайёрланди. У муқаддима, олти бўлимга тақсим қилинган 158 моддадан иборат эди. Ушбу лойиҳа юзага келаётган пайтда мамлакатимиз тарихида туб бурилиш юз берди. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўзининг “Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонунини ва Ўзбекистон Республикаси­нинг давлат мустақиллиги тўғрисидаги Олий Кенгашнинг баёнотини қабул қилди.

1992 йил баҳорида лойиҳанинг 149 моддадан иборат иккинчи варианти ишлаб чиқилди. Учинчи вариант 137 моддани ташкил этди. Лойиҳанинг умумхалқ муҳокамасига тайёрланган варианти 127 моддадан иборат эди.

Ўзбекистон Республикаси Конститу­циявий комис­­сиясининг 1992 йил 5 сентябрда қарорига мувофиқ, Конституция лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. 1992 йил 21 ноябрда муҳокамани давом эттириш учун иккинчи маротаба матбуотда эълон қилинди.Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституция лойиҳаси юзасидан жами 6 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида фаол ва манфаатли муҳокамадан сўнг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

 

2.  Халқ ҳокимиятчилиги ва уни амалга ошириш шакллари.

Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқ эканлиги, халқ давлат ҳокимиятини бевосита ёки ўзи сайлаб қўядиган вакиллар орқали амалга ошириши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва халқ олдида масъул эканлиги Конституцияда мустаҳкамланган.

Конституциянинг 7-моддасига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Ўзбекистонда давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгар­ликка тортишга асос бўлади.

Бевосита халқ ҳокимиятчилиги умумхалқ овоз бериши (референдум)да иштирок этишда намоён бўлади. Референдум­нинг турли кўринишлари мавжуд бўлиб, улар бутун давлат ҳудудида ўтказиладиган умуммиллий ёки маъмурий ҳудудий бирликларда ўтказиладиган референдумларга бўлинади. Ҳуқуқий аҳамияти жиҳати­дан ҳал қилувчи ва маслаҳат референдумлари фарқланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳока­масига тақдим этилиши, умумий овозга (референдумга) қўйилиши, референ­дум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланиши мустаҳкам­ланган.

Вакиллик демократиясида халқ ўзи сайлаган вакиллар орқали давлат аҳамиятига молик иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий масалаларни муҳокама қилиш, ҳал этиш ҳақида қарор қабул қилиш ва давлатни идора этишда қатнашиш имкониятига эга бўлади.

Халқ ўзининг ҳокимиятини тегишли (қонунчилик, ижро, суд органлари) ва муайян шахслар (президент)га топширади. Уларнинг аксарияти сайлов орқали ташкил этилиб, кўпчилик овоз тўплаган қонуний ҳокимиятга эга бўлади. Масалан, Ўзбекистон Республика­сининг Конституциясига биноан (90-модда), Ўзбекистон Республикаси­нинг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ фуқароларнинг қандай шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари мавжуд ?

Эркинлик ва шахсий дахлсизлик инсоннинг асосий конституция­вий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ҳар бир шахс унга туғилганидан бошлаб эга бўлади. Ҳар кимга ўз ихтиёрига кўра, уни индивидуал равишда қаноатлантирувчи, шахсий эркинлиги ва дахлсизлигини чекламайдиган хатти-ҳаракатларни танлаш ва содир этиш имконияти берилган. Бироқ, шуни ҳам назарда тутиш жоизки, шахс эркинлиги жамиятда умум­эътироф этилган ахлоқ нормалари доирасида ва қонун асосида амалга оширилиши керак. Демак, шахс қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлардаги ҳуқуқий қоидаларга зид бўлмаган ҳар қандай қилмиш­ларни содир этиши мумкин. Шахс дахлсизлиги давлат ҳокимияти органлари томонидан кафолатла­надиган шахсий эркинлик сифатида тушунилади.

Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинлари Конституциянинг 7-бобида белгиланган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

- яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир (24-модда.);

- ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас
(25-модда);

- жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас (26-модда);

- ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас (27-модда);

- Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир (28-модда);

- ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин (29-модда);

- Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим (30-модда);

- ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди (31-модда).

 

4. Виждон эркинлиги ва унинг ҳуқуқий асослари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига мувофиқ, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Бунлан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига асосан виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди.

Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар.

Шу билан бирга, мазкур Қонуннинг 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Шу билан бирга, ушбу Қонуннинг 5-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

 

5. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида акс этган фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари нималардан иборат?

Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, одатда, фақат муайян давлат фуқароларига тегишли бўлган ва давлатнинг сиёсий ҳаётида, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида иштирок этиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқлардир. Ўзбекистон Республикасининг Конститу­циясида сиёсий ҳуқуқлар тизимига сайлаш ва сайланиш, йиғилишлар, намойишлар, митинглар ўтказиш, турли уюшмаларга, сиёсий партияларга бирлашиш, сўз эркинлиги каби ҳуқуқлар киритилган. Сиёсий ҳуқуқлар фуқаронинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаолиятини белгилаб беради.

Фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-бобида белгиланган. бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади (32-модда);

- фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга (33-модда);

- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар (34-модда);

- сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас (34-модда).

- ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт (35-модда).

 

6. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида акс этган фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари.

Конституцияда белгиланган иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар жамият ҳаётининг моддий асослари­ни ва муносиб турмуш тарзини яратиш ҳамда ҳар бир шахснинг эркин ривожланишини таъминлашга қаратилган. Бугунги кунда ҳар томон­лама мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлган кучли ва ишончли ижтимоий ҳимоя тизими вужудга келди ҳамда самарали ишламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг IX боби иқтисо­дий ва ижтимоий ҳуқуқларга бағишланган. Мазкур конституциявий норма­да бу ҳуқуқлар ўзаро биргаликда эътироф этилган. Ушбу тушунчаларни алоҳида тарзда қуйидагича ифодалаш мумкин:

иқтисодий ҳуқуқлар – иқтисодий соҳадаги инсон фаолиятини юридик жиҳатдан белгиловчи ҳуқуқларнинг мажмуидир;

ижтимоий ҳуқуқлар дейилганда, инсонларнинг давлатдан муайян ёрдам олишларига имкон берувчи ижтимоий таъминот ва ижти­моий ёрдам олиш каби ҳуқуқларнинг йиғиндиси тушунилади.

Конституцияда белгиланган иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар сирасига қуйидагилар киради:

тадбиркорлик ва қонун билан тақиқланмаган бошқа фаолият юритиш ҳуқуқи;

мулк ҳуқуқи (36-модда);

ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва эркин­ликлари (37-модда):

1) меҳнат ҳуқуқи;

2) адолатли шароитларда меҳнат қилиш ҳуқуқи;

3) ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи;

4) якка тартибда ва жамоа тартибида меҳнат низоларини ҳал этиш ҳуқуқи;

5) дам олиш ҳуқуқи;

ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи (39-модда);

соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи (40-модда);

таълим олиш ҳуқуқи (41-модда);

интеллектуал илмий ва техник ижод эркинлиги (42-модда);

маданий ҳаётда иштирок этиш ва маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи (42-модда).

Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқ нормаларининг жорий этилиши­ жамият ҳаёти­нинг моддий асосларини мустаҳкамлаб, инсонлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларнинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ушбу конституциявий нормалар ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳа­ларини ислоҳ этиш ва демократлаштириш сиёсати, миллий иқтисо­диётимизни жадал, барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровон­лигини мунтазам ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

 

7. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий бурчлари.

Фуқароларнинг асосий бурчлари Конституция ва бошқа қонунларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларда фуқаролар Консти­туцияга риоя қилиш билан бирга, ундаги ҳар қандай қоидалар бузилишининг олдини олиши, бошқа шахсларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиги ўз ифодасини топган.

Фуқароларнинг бурчлари Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг
11-бобида белгиланган бўлиб, улар:

- барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар (47-модда);

- фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар (48-модда);

- фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир (49-модда);

- фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар (50-модда).

- фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар (51-модда);

- Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар (52-модда).

 

8. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари тизими.

Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишни давлат томонидан таъминлашга ёрдам берадиган воситалар, усуллар ва шарт-шароитлар мажмуи кафолат ҳисобланади.        

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасига кўра, “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”.

Кафолатлашнинг асосий мақсади – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган тўсиқ­ларни бартараф этиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятларнинг бажари­лишини таъминлашдир.

Кафолатларни мазмунан қуйидагича туркумлаш мумкин:

1) юридик (ҳуқуқий);

2) ижтимоий-сиёсий (мафкуравий);

3) ижтимоий-иқтисодий (моддий).

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда юридик кафолатлар алоҳида ўрин тутиб, бошқа барча кафолат турлари юридик жиҳатдан тартибга солиниши тақозо этилади. Юридик кафолат фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг қонунлар асосида ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишидир. Юридик кафолатларнинг реал амалга ошиши фақат демократик режим шароитида кузатилади.

Юридик кафолатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш ва чегаралашнинг юридик меъёрларини мустаҳкамлаш;

фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширишларида давлат идоралари ва мансабдор шахслар масъуллигини белгилаш;

тажовуздан ҳимоя этилишни, мустаҳкамлашни таъминловчи махсус меъёрлар (шикоят қилиш ҳуқуқи, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи) мавжудлиги;

ҳуқуқни бузганлик учун юридик жавобгарликнинг белгилан­ганлиги (мулкий, интизомий, маъмурий, жиноий).

Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини махсус кафолатлаш Конституция асосида қабул қилинган қонунлар орқали ҳам амалга оширилади. Ушбу қонунларга “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги,  “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар­нинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғриси­да”ги, “Тадбиркорлик ва тадбиркорлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқ­ларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Ижтимоий-сиёсий кафолатлар давлатда амал қилиб турган сиёсий тизим орқали намоён бўлади. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлик­ларининг ижтимоий-сиёсий кафолатланиши қуйидагиларга бевосита боғлиқ:

мамлакат миқёсида олиб борилаётган давлат сиёсатининг мақсади;

сиёсий плюрализм даражаси;

жамиятдаги мавжуд сиёсий мафкураларнинг мазмун-моҳияти;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати;

оммавий ахборот воситаларининг фаолияти.

Ижтимоий-иқтисодий кафолатлар жамиятда вужудга келган ишлаб чиқариш муносабатлари мазмуни ҳамда иқтисодий тизимнинг аҳволига боғлиқ бўлади. Ўзбекистон бозор муносабатларига асослан­ган ҳуқуқий демократик ва фуқаро­лик жамиятини барпо этмоқда. Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тизими – давлат иқтисодий ҳаётининг асосини қамраб олиб, мавжуд бўлган мулк шаклларининг хусусиятини, ижтимоий йўналишга қара­тилган ишлаб чиқариш мақсадини, ижтимоий маҳсулотнинг адолат­­ли тақсимоти тамойи­лини ва халқ хўжалигини бошқариш асос­лари­ни белгилаб берадиган мулкий муносабатлардан иборат. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини иқтисо­дий кафолатлаш давлатда амал қилиб турган иқтисодий тизим орқали намоён бўлади.

Иқтисодий кафолатларга:

адолатли истеъмол саватининг давлат томонидан расмий равишда мустаҳкамланиши;

ойлик иш ҳақининг энг кам миқдорининг белгиланиши;

давлат томонидан аҳолининг кам таъминланган қатлами, вояга етмаганлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланиши;

барча мулк шаклларининг тенглиги ҳамда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларининг таъминланиши киради.

Ўзбекистондаги мазкур тизимда бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўзининг муносиб ўрнини топди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинлик­ларини ҳимоя қилишнинг носудлов тизими асосини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий давлат ташкилотларига қуйидагилар киради:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);

2) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази;

3) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти.

Мазкур миллий давлат ташкилотларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилган бўлиб, доимий равишда такомиллашиб бормоқда.

 

9. Жамиятнинг иқтисодий негизлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қандай акс этган?

Конституция томонидан давлат ва жамият ҳаёти билан боғлиқ энг муҳим ва марказий аҳамият касб этувчи муносабатларни тартибга солиниши ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тизимнинг барқарорлигини таъминлайди ва ушбу соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳисобланади. 

Мамлакат равнақи ва барқарорлиги йўлида сиёсий тизим билан бир қаторда иқтисодий тизимнинг ҳам самарали амал қилиши муҳимлигини замонавий даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Иқтисодий тизим барқарорлигининг муҳим шарти бўлиб унинг мазмун-моҳиятини белгиловчи фундаментал асосларининг аниқ белгиланганлиги ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг уларга таяниши ҳисобланади.

Жамиятнинг иқтисодий негизлари Конституциянинг 12-бобида белгиланган.

Конституциянинг 53-моддасига асосан бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Конституциянинг 54-моддасига мувофиқ мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Конституциянинг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

 

10. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида жамоат бирлашмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳақида қандай нормалар белгиланган?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади.

Шунингдек, Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади. Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади (57-модда).

Давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди (58-модда).

Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир (59-модда).

Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар (60-модда).

Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди
(61-модда).

Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, улар фаолиятини тақиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади (62-модда).

 

11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

3) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

4) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш;

6) Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;

7) бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;

8) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш;

9) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;

10) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;

11) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш;

12) давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;

13) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

14) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш;

15) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;

16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш;

17) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;

18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

20) халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш;

21) парламент назоратини ва ушбу Конституцияда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатида кўриб чиқилади.

 

12. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси неча депутатдан иборат, уларни сайлаш тартиби?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.

Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Депутатликка номзодларга қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (қуйи палата) (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат.

Қонунчилик палатасининг бир юз ўттиз беш депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Қонунчилик палатасининг ўн беш депутати Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланади.

Мазкур Қонуннинг 2-моддасига асосан Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови умумийдир. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгадирлар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.

 

13. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сони қанча, уларни сайлаш ва тайинлаш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) иборат.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — олти кишидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 50-моддасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (юқори палата) ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан (сенаторлардан) таркиб топади.

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади. Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. Сенатнинг ваколат муддати – беш йил.

 

14.  Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш тартибини ёритиб беринг.

“Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан қонун лойиҳасини тайёрлаш:

қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва уни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилишни;

қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлашни;

зарур материаллар ва ахборот тўплашни;

қонун лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишни;

қонун лойиҳасини тузишни;

ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертиза ўтказишни ўз ичига олади.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш унинг концепциясини ишлаб чиқишдан бошланади. Концепцияда қуйидагилар белгиланиши керак:

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети;

тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо;

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари;

қонун лойиҳасининг асосий қоидалари;

бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини (12-модда).

Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинади, шунингдек қонун билан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибаси ўрганилади (15-модда).

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритгунига қадар жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил этишга ҳақлидир. Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш тартиби ва шакли қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан белгиланади (16-модда).

Тартибга солинадиган муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда қонунлар лойиҳалари қуйидаги шаклда ишлаб чиқилади:

1) Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари ва қонунлари лойиҳалари;

2) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларига ҳамда қонунларига ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари;

3) Ўзбекистон Республикаси қонунларини ёки уларнинг айрим нормаларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари (18-модда).

Қонун лойиҳаси, қоида тариқасида, бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфларга ажратилади.

Қонун лойиҳаси унинг қабул қилиниши сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган муқаддимага эга бўлиши мумкин. Ҳуқуқий нормалар муқаддимага киритилмайди.

Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфлар сарлавҳага эга бўлади ҳамда рақамланади.

Қонун лойиҳасида ҳуқуқий нормалар тартиб рақамига эга бўлган моддалар кўринишида баён этилади. Моддалар қисмларга ажратилиши мумкин. Моддаларнинг қисмлари бандлар, кичик бандлар ва хатбошиларни қамраб олиши мумкин. Кодекслар ва бошқа қонунлар лойиҳаларининг моддаларига, қоида тариқасида, сарлавҳа қўйилади.

Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар, моддалар, шунингдек моддаларнинг қисмлари, бандлари ва кичик бандлари лойиҳа мавзуи мантиқан ривожланиб боришини таъминлайдиган тарзда кетма-кет жойлаштирилади.

Қонун лойиҳасининг матнига:

қонун лойиҳасининг ёки унинг айрим қоидаларининг кучга кириш муддати ва тартиби тўғрисидаги;

илгари қабул қилинган қонунларни ёки уларнинг айрим қоидаларини мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қоидалар киритилиши мумкин (19-модда).

Қонун лойиҳаси лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён қилинади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди (20-модда).

 

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қандай ваколатлари бор?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 89-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади (90-модда).

Президент ўз вазифасини бажариб турган даврда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллаши, вакиллик органининг депутати бўлиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Президентнинг шахси дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза этилади (91-модда).

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

1) фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир;

2) Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради;

3) мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

4) музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди;

5) ўз ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик ҳамда бошқа вакилларнинг ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилади;

6) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

7) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга;

8) республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди; вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан тузади ва тугатади, шу масалаларга доир фармонларни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади;

9) Сенат Раиси лавозимига сайлаш учун номзодни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдим этади;

10) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдим этади ҳамда уни истеъфога чиққанда, Бош вазирга нисбатан билдирилган ишончсизлик вотуми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан қабул қилинганда ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда лавозимидан озод қилади;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади;

12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;

13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади;

14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг аъзоларини қонунга мувофиқ тасдиқлайди;

15) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини қонунга мувофиқ тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади. Конституцияни, қонунларни бузган ёки ўз шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини Президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли;

16) республика давлат бошқаруви органларининг ва ҳокимларнинг қабул қилган ҳужжатларини улар қонун ҳужжатлари нормаларига номувофиқ бўлган ҳолларда тўхтатади, бекор қилади; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга ҳақли;

17) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини имзолайди ва эълон қилади; қонунга ўз эътирозларини илова этиб, уни такроран муҳокама қилиш ва овозга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли;

18) Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритади;

19) фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади. Фавқулодда ҳолат жорий этиш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади;

20) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради;

21) Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва ёрлиғи билан мукофотлайди, Ўзбекистон Республикасининг малакавий ва фахрий унвонларини беради;

22) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига ва сиёсий бошпана беришга оид масалаларни ҳал этади;

23) амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига тақдимнома киритади ва Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этади;

24) Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади, кейинчалик шу масалаларга доир фармонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади;

25) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Президент ўз ваколатларини бажаришни давлат идораларига ёки мансабдор шахсларга топширишга ҳақли эмас.

Қонунчилик палатаси ёки Сенат таркибида уларнинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёхуд улар бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда, шунингдек Қонунчилик палатаси билан Сенат ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов уч ой мобайнида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда тарқатиб юборилиши мумкин эмас (95-модда).

 

16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий мақоми ва унинг ваколатлари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига асосанЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

Вазирлар Маҳкамаси:

1) самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгар бўлади;

2) фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

3) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни таъминлайди;

4) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;

5) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади;

6) ушбу Конституция ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида жавобгардир.

Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар мамлакат Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири:

1) Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;

2) Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;

3) халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради;

4) Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.

Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.

Янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.

Олий Мажлис томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади.

 

17. Қонунни қабул қилиш тартиби қандай ва у қачон юридик кучга эга бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига асосан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Бош прокурори эгадирлар ва бу ҳуқуқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.

“Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига асосан қонун лойиҳаси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида муҳокама этилади ва уни Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили кўрсатилади, у қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда иштирок этади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан якка тартибда қабул қилинади.

Бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан тайёрланган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор ҳар бир қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан алоҳида қабул қилинади.

Қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади. Бир вақтнинг ўзида уларнинг бошқа тиллардаги таржимаси тақдим этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конститучиясининг 84-моддасига асосан Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонун ўттиз кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.

Қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

 

18.    Ижтимоий шериклик нима, унинг субъектлари кимлар, ижтимоий шерикликнинг қандай принциплари мавжуд?

Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига асосан, ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.

Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий шериклик субъектларидир.

Давлат органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлиги алоҳида қонунлар билан тартибга солинади.

Ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунга бўйсуниш;

тенг ҳуқуқлилик;

очиқлик ва шаффофлик;

ҳаммабоплик;

мустақиллик;

холислик;

ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият;

мажбуриятлар қабул қилишнинг ихтиёрийлиги.

Ижтимоий шериклик қуйидаги соҳаларда амалга оширилиши мумкин:

аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва унинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

аҳолининг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантириш;

атроф муҳитни, аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш;

ҳар томонлама баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, ёшларга билим бериш, уларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ва касбга йўналтириш;

оналик ва болаликни, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, соғлом оилани шакллантириш;

фан, таълим, ахборотлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш;

аҳолининг ҳуқуқий билимлари, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлаш;

миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, кўп асрлик, анъанавий маънавий-ахлоқий ҳамда тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Ижтимоий шериклик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ижтимоий шерикликнинг асосий шакллари қуйидагилардан иборат:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши;

ижтимоий шериклик субъектлари томонидан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиш;

ижтимоий шериклик субъектлари томонидан ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар (бундан буён матнда битимлар ва шартномалар деб юритилади) тузиш, биргаликдаги лойиҳалар ва режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, ахборот алмашиш.

 

19. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг қандай усуллари мавжуд? Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқиш муддатлари.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш);

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) ахборотдан фойдаланувчининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақида ушбу органларга ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига йўлланадиган оғзаки ёки ёзма шаклдаги (шу жумладан электрон ҳужжат шаклидаги) талабидир (18-модда).

Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилинади.

Расмий нашрларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган
(чоп этилган) ёхуд расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборот сўралганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари сўровга бериладиган жавобда сўралаётган ахборот эълон қилинган (чоп этилган) расмий нашрнинг, оммавий ахборот воситасининг номи, чиқарилиш санаси ҳамда рақамини ва (ёки) сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилини кўрсатган ҳолда ҳавола бериши мумкин.

Агар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олинган сўров бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари ваколатлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаса, ахборотдан фойдаланувчига сўров рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида тегишли жавоб юборилади.

Сўров рад этилган тақдирда ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади. (19-модда).

Жисмоний шахснинг сўровида унинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг сўровида юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма сўровлар ахборотдан фойдаланувчининг шахсий имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Сўровни шахсий имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, у қўшимча равишда тузувчининг ҳам фамилияси, исми, отасининг исми қўйилган ҳолда унинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Ахборотдан фойдаланувчини идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

Сўров унда қўйилган масалалар юзасидан ахборот тақдим этиш ваколатига кирадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига ёки мансабдор шахсга юборилади.

Белгиланган тартибда юборилган сўров кўриб чиқилиши шарт (20-модда).

 

20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларини ёритиб беринг?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги
ПҚ–1602-сон қарорига билан қуйидагилар Адлия вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланган:

норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш;

демократик, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг қонунчилик базасини изчиллик билан такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш; амалдаги қонун ҳужжатларидаги “оқ доғлар”ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш;

марказда ва жойлардаги давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш;

суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижро қилинишига, судлар фаолиятини ҳар томонлама моддий-техник ва молиявий таъминлашга йўналтирилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш;

нодавлат нотижорат ташкилотлар, бошқа фуқаролик жамияти институтлари фаолият кўрсатишининг қонунийлигини, ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни, уларнинг аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишда, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ривожланиш дастурларини амалга оширишда, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашда фаол иштирок этишни таъминлаш; мамлакатда рўйхатдан ўтган халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинг ўтказиш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш; шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш, шартномаларни тузиш ва бажаришда хўжалик юритувчи субъектларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишларига, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларини риовжлантириш соҳасида маъмурий тўсиқ ва ғовларни яратишга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

нотариат, адвокатура, ФҲДЁ органлари ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган давлат томонидан тартибга солиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

тегишли давлат органлари билан биргаликда халқаро-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштиришнинг замонавий талаблари ва жараёнтларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш.

 

21. Ўзбекистон Республикасида суд тизимини такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилган ислоҳотларни айтиб беринг.

Суд тизимининг босқичма-босқич демократлаштирилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий тамойилга қатъий риоя этилиши мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар орасида марказий ўринни эгаллайди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги
ПФ–4966-сон “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши қайд этилган вазифаларни амалга оширишдаги муҳим қадам бўлиб, мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. 

Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. 

Суд амалиётини тизимли таҳлил қилиб бориш, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартирилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.   

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилиши алоҳида аҳамият касб этади. Илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди. 

Замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди ва унга судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шароитларни яратиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлашни ташкил этиш вазифаси юклатилди. 

Судлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва суд кадрлари захирасини тайёрлаш учун судлар тузилмасига судья ёрдамчиси, судья катта ёрдамчиси лавозимлари киритилди.

 

22. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши  судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан — жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади.

Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тайинланади.

Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тасдиқланади ва у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради.

Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади.

Кенгаш котиби ва унинг етти нафар аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.

Кенгашнинг раиси, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан Кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

Кенгашнинг судьялар орасидан тасдиқланган ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширувчи ўн бир нафар аъзоси Кенгаш томонидан унинг раиси тақдимига биноан Кенгашнинг шўъбалари ҳамда Суд инспекцияси таркибига, шу жумладан мазкур тузилмаларнинг раҳбарлари лавозимларига сайланади.

Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш асосида судьялар корпусини шакллантириш;

судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек уларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш;

оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш.

 

23. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатлари ва уни шакллантириш тартиби қандай?

Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун 2017 йил 31 майда қабул қилинган. Унинг ваколатлари мазкур қонун билан белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қуйидаги ваколатларга эга:

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг етти нафар судьясидан иборат бўлади. Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланади. Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати — беш йил.

 

24. Парламент назоратини амалга оширилишига тавсиф беринг.

Парламент давлатнинг қонун чиқарувчи ҳокимият органи сифатида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш билан бир қаторда муҳим назорат фаолиятини ҳам амалга оширади. Парламент назоратининг мақсади – қабул қилинган қонун ва қарорларнинг ижтимоий ҳаётдаги ижросини пухта ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали тегишли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни кўриш, жамиятдаги ҳуқуқий тартибга солиш эҳтиёжи мавжуд бўлган “оқ доғлар”ни аниқлаб, уларни бартараф этиш учун қонун лойиҳаларини тайёрлаш, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича тавсияларни Қонунчилик палатасига ёки қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига тақдим этиш орқали ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг қонунчилик асосларини такомиллаштиришдан иборат

Бу борада мамлакатимизда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунлар ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган.

Мазкур қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқиб, республикамизда парламент назорати бошқа давлатларнинг парламент назоратларидан ўзининг асосий йўналишлари, мақсад ва вазифалари билан фарқ қилишини эътироф этиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасида парламент назоратининг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари ижроси устидан назорат;

2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг муҳим сиёсий масалалар бўйича фармонларини тасдиқлаш орқали назоратни амалга ошириш;

3) Давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиш;

4) инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши соҳасидаги назорат;

5) давлат органларини шакллантириш ва мансабдор шахсларни сайлаш, тайинлаш ёки тасдиқлаш йўли билан назоратни амалга ошириш;

6) ижро этувчи ҳокимиятнинг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш.

Демак, парламент назорати тушунчаси кенг маънода юқорида қайд этилган барча асосий йўналишларни, тор маънода эса фақат қонунлар ва парламент палаталари қарорлари ижроси устидан назоратни ўз қамровига олади.

Қуйида биз тор маънодаги парламент назоратининг субъектлари, объектлари, мақсади, асосий вазифалари, принциплари, муаммолари ва уларнинг ечими бўйича таклифларга тўхталиб ўтамиз.

Қонунчиликка кўра Ўзбекистонда қуйидагилар парламент назоратининг субъектлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади);

Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари;

Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари (бундан буён матнда фракциялар, депутатлар гуруҳлари деб юритилади);

Қонунчилик палатаси депутатлари;

Сенат аъзолари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади) ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объектидир.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмас.

 

25. Ўзбекистон Республикаси сайлов ҳуқуқининг принциплари.

Демократик тамойиллар асосида ташкил қилинган ва ўтка­зилган сайловлар мамлакат фуқароларининг давлат органларини тузишдаги иштирокини таъминлайди. Сайловлар натижасида жамият аъзоларининг хоҳиш-иродаси, олиб борилаётган сиёсатга муносабати аниқланади, фикрлар хилма-хиллиги намоён бўлади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайлови тўғрисида”ги, ”Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, ”Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлардир сайлов тизимининг норматив-ҳуқуқий асосини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 117-моддасига кўра, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Умумий сайлов ҳуқуқи принципи. Бу принципга кўра, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижти­моий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаро­лари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Республикаси Прези­денти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгадирлар. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига, сайлов кунигача йигирма бир ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловларда қатнашмайдилар.

Тенг сайлов принципи. Ҳар бир фуқаро – сайловчи бир овозга эга. Ҳар бир сайловчининг тегишли сайлов участкасида рўйхатга олиниши ва шу ердагина овоз бериши мумкинлигининг ўрнатилиши тенг сайлов ҳуқуқини кафолатлайди. Тенглик сайлашда ҳам, сайланишда ҳам бевосита таъминланади.

Тенг сайлов принципи сайлов округларини сайловчилари сонининг баробар миқдорда бўлиши қоидаси асосида тузиш билан ҳам таъминланади. Бир сайлов округидаги сайловчилар овози бошқа округдаги сайловчиларнинг овозига амалда тенг бўлишига шу зайлда эришилади.

Тенглик принципи номзодларга қонунда белгиланган тарзда тенг миқдорда ишончли вакилларга эга бўлиш, сайловолди тарғиботини ўтказишда ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказиш ҳуқуқининг тенг кафолатлари ва имкониятларини бериш йўли билан ҳам таъминланади.

Сайлов тизимининг демократик моҳияти сайловнинг уму­мий бўлишида, яъни барча фуқароларнинг сайловда иштирок этишидагина эмас, шунингдек, сайловнинг тенг бўлишида ҳам­дир. Умумий ва тенг сайлов принциплари ўзаро чамбарчас боғ­лиқ бўлиб, улар бир-бирини тўлдиради. Умумий сайлов бўлмаса, тенг сайлов ҳам бўлиши мумкин эмас. Тенг сайлов ҳуқуқи – 18 ёшга тўлган барча фуқароларнинг сайловда тенг шароитларда қатнашишларини англатади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмиш ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ҳарбий қисмларда яшайдиган оила аъзолари, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихона­лари ва ваколатхоналарида ишлаётганлар, овоз бериш куни муайян хорижий мамлакатда, шунингдек, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаро­ларнинг яшаш жойларида бўлиб турган республикамиз фуқаро­лари ҳам тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.

Тўғридан-тўғри сайлов принципи. Бу давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тўғридан-тўғри ўтказилишини билдиради. Сайловчилар номзодларга сайлов вақтида бевосита ижобий ёки қарши овоз беришлари мумкин. Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқларининг амалга оширилиши сайловчиларнинг депутат билан бевосита алоқасини кучайтиради.

Ўзбекистон Республикасида сайловлар тўғридан-тўғри бевосита овоз бериш асосида, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти, вакиллик органларига депутатлар (Сенат аъзолари бундан мустасно) тўғридан-тўғри сайланади, халқ депутатлари барча вакиллик органларига фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар.

Яширин овоз бериш принципи. Ўзбекистон Республика­сида Президент сайлови, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловлар яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Яширин овоз бериш сайловчининг ўз иродасини билдириш устидан назорат қилишга йўл қўйилмасликни назарда тутади.

 

26. Халқаро сайлов стандартларининг ўзига хос жиҳатлари нималарда намоён бўлади, уларнинг қандай турлари мавжуд?

Халқаро сайлов стандартлари деганда, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва сайловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказишга оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари мажмуасидан иборат институт тушунилади. Халқаро сайлов стандартларининг ўзига хос жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади:

биринчидан, халқаро сайлов ҳуқуқи ва сайлов жараёнига тааллуқли бўлган халқаро стандартлар (халқаро сайлов стандартлари) давлат органларига ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ёки фуқароларнинг хоҳиш-иродасини билдиришни таъминлаш орқали амалга оширилади;

иккинчидан, халқаро сайлов стандартлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, кўппартиявийлик ва мафкуралар хилма-хиллиги, сайловни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларнинг барқарорлиги ва уларнинг жадал ривожланиши, демократик сайлов жараёнларини таъминлашнинг асосий шартлари ҳисобланади;

учинчидан, халқаро сайлов стандартлари сайлов органлари ёки бошқа ваколатли органлар томонидан овоз беришни ташкиллаштириш ва овозларни санаш, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмининг мавжудлиги ва самарали ишлаши, овоз бериш якунлари ва сайлов натижалари устидан судга ҳамда бошқа ваколатли органларга шикоят қилиш, сайлов натижаларини эълон қилишдек сайлов жараёнининг муҳим жиҳатларини одилона халқаро кузатиш орқали амалга оширилади.

Халқаро сайлов стандартлари бир қатор халқаро ҳужжатларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларнинг асосийлари жумласига қуйидагилар киради:

1. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган);

2. 1950 йилдаги Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси;

3. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (БМТ,1966 йил 16 декабрь);

4. ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген Кенгашининг ҳужжати (Копенгаген, 1990 йил 29 июнь);

5. Парламентлараро иттифоқ Кенгашининг 1994 йил 26 мартда Парижда
154-сессиясида қабул қилинган Эркин ва адолатли сайлов мезонлари тўғрисидаги Декларацияси;

6. 2002 йил 7 октябрда Кишинёв шаҳрида қабул қилинган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иштирок этувчи давлатларда демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисидаги Конвенцияси;

7. БМТнинг 1967 йил 7 ноябрдаги «Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш тўғрисида»ги Декларацияси;

8. БМТнинг 1966 йил 7 мартдаги Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси;

9. БМТнинг Бош Ассамблеясининг 1991 йил 17 декабрдаги Давлатларда сайловлар ўтказиш давомида миллий суверенитет ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларини ҳурмат қилиш тўғрисидаги 46/130-сонли Резолюцияси;

10. 2005 йил 27 октябрда қабул қилинган БМТнинг Сайловларни халқаро кузатиш принциплари декларацияси.

 

27. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига умумий тавсиф беринг.

2017 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни ривожлантиришнинг қуйидаги 5 та устувор йўналиши белгиланган:

1. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш;

2. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;

3. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш;

4. Ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;

5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.

Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда, юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга оширилади.

Ҳаракатлар стратегиясини беш босқичда амалга ошириш назарда тутилмоқда, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланади. Фармонга асосан, бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид 320 банддан иборат Давлат дастури ҳам тасдиқланди.

Умуман олганда, Ҳаракатлар стратегияси Ўзбекистон Республикасининг мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун устуворлигини, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлат чегараларининг дахлсизлигини, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўлидаги шахдам ҳаракатларига янги куч бағишлайди.

 

28. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва  Виртуал қабулхонасининг ҳуқуқий мақоми.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги (янги таҳрир) қонунининг
10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабул­хоналари юридик шахс мақомига эга бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабул­хоналари тизимини қуйидагилар ташкил этади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабул­хонаси;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақал­поғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Халқ қабулхоналари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси келиб тушаётган мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида қабул қилиш, тўплаш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек уларнинг тўлиқ, ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизими ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ва Виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими фаолиятини таъминлаш;

мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқнинг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органларига, ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш;

жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини ўтказиш, шу жумладан видеоконференцалоқа воситасида ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни қайд этиш, умумлаштириш, тизимлаштириш, уларни кўриб чиқиш устидан мониторинг ва назорат қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш ҳамда юритиш орқали мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш.

 

29. “Электрон ҳукумат” тизимига тавсиф беринг.

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 9 декабрдаги “Электрон ҳуқумат тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, электрон ҳукумат – давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими.

Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш;

ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш;

ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида «бир дарча» принципини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, шунингдек давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш;

тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш;

нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш.

Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги;

электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши;

«бир дарча» принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш;

давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш;

электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш.

Электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ва бошқа давлат органлари амалга оширади. Давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилади.

Ариза берувчиларга электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ахборот оммабоп ва очиқдир ҳамда у электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ариза берувчи сўровининг кўриб чиқилиши ҳолати ва хизматлар кўрсатилиши натижалари тўғрисидаги ахборотни тегишли хабарларни электрон шаклда юбориш йўли билан унинг талабига кўра тақдим этади.

Электрон давлат хизматлари ахборот ва интерактив давлат хизматлари тарзида бўлиши мумкин.

Ахборот давлат хизмати ариза берувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган, давлат органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш ва бошқача тарзда тарқатиш йўли билан кўрсатиладиган электрон давлат хизматидир.

Интерактив давлат хизмати ариза берувчига ариза берувчи ва электрон давлат хизмати кўрсатувчи давлат органи ўртасида икки томонлама электрон ҳамкорлик йўли билан кўрсатиладиган электрон давлат хизматидир.

 

30. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ–5185-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси”даги давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та асосий йўналишларини ёритиб беринг.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг 6 та асосий йўналиши белгилаб берилди.

Биринчи йўналиш ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга бағишланган. Мазкур соҳадаги чора-тадбирларқуйидагиларни назарда тутади:

ижро этувчи ҳокимият органларини ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ мезонлари ҳамда тартиб-таомилларини жорий қилиш;

кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда, ижро этувчи ҳокимият органларини оптималлаштириш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг мустақиллигини ошириш ҳамда уларнинг Вазирлар Маҳкамаси билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш;

давлат хизматлари кўрсатиш тизимини изчил такомиллаштириш ва “Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш;

маъмурий адлияни ривожлантириш ва мурожаатларни коллегиал эшитишни жорий қилиш.

Иккинчи йўналиш ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифаларини, уларни амалга ошириш механизмлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқлаштиришни назарда тутади. Шу муносабат биланқуйидаги масалалар бўйича чора-тадбирлар кўрилади:

ривожланиш дастурларини шакллантиришда ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг ташаббускорлиги ва ролини ошириш;

мақсадли индикаторларга эришишга асосланган, барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорийқилиш;

 халқаро амалиётда муваффақиятли қўлланилаётган, шу жумладан, сифат менежменти, индикатив режалаштириш, аутсорсинг, краудсорсинг каби ишни ташкил этишнинг замонавий услубларидан фойдаланиш;

ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишда жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг замонавий шаклларини жорий этиш.

Учинчи йўналиш иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирни қисқарти-риш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш ҳисобланади. Ушбу йўналишда қуйидагилар режалаштирилмоқда:

хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишни чеклаш ва амалдаги давлат корхоналарини қайта ташкил этиш;

иқтисодий фаолиятда давлат иштирокининг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш;

ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шерикликнингҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш;

айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш.

Тўртинчи йўналишда, жумладан, қуйидагилар орқали вертикал бошқарув тизими ва ижро этувчиҳокимият органлари ҳамкорлигининг механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган:

давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг роли ва жавобгарлигини ошириш;

ҳудудий органларнинг раҳбар кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кучайтириш.

Бешинчи йўналиш давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштириш-нинг замонавий шакллари, инновацион ғоялар, ишланма ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган. Мазкур чора-тадбирлар қаторида қуйидагиларни таъкидлаш лозим:

давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва соддалаштиришни таъминлайдиган давлат бошқарувининг инновацион шаклларини жорий этиш;

инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқишга инвестицияларни фаол жалб этиш;

замонавий илмий-тадқиқот ва инновацион ютуқларни муваффақиятли жорий қилиш учун зарур бўлган ривожланган инфратузилмани яратиш;

табиатни муҳофаза қилиш, ресурс ва энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш.

Ва ниҳоят, сўнгги – олтинчи йўналишда профессионал давлат хизматининг самарали тизимини шакллантириш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ўрнатиш белгиланган. Уларга эришиш учун қуйидагилар режалаштирилган:

давлат хизматининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлгақўйишнинг янги механизмларини жорий этиш;

давлат хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий таъминотининг замонавий тизимини киритиш орқали уларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш.

Бундан ташқари, Фармон билан Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси нормаларини амалий рўёбга чиқариш бўйича 40 дан ортиқ аниқ тадбирларни назарда тутувчи “Йўл харитаси” тасдиқланди.

 

31. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ–-5185-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси”да назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши қандай натижаларга эришишга қаратилган?

Биринчидан, кутилаётган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишга қодир бўлган, инновацион ривожланишнинг умумжаҳон тенденцияларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимини яратиш, шу жумладан, қуйидагилар орқали яратиш:

ортиқча ва ўзига хос бўлмаган вазифа, функция ва ваколатларни бартараф этиш, такрорлаш ва параллелизмни тугатиш ҳисобига давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш ҳамда номарказлаштириш;

давлат бошқарувини бюрократиядан холи қилиш ва унинг сарф-харажатларини пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш;

стратегик режалаштириш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар тизимини жорий этиш;

иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ҳамда бошқарувнинг соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва аҳолининг ишчанлик фаоллигини оширишга қаратилган бозор механизмларини кенгайтириш;

жамоатчилик ва парламент назоратининг, энг аввало, коррупция кўринишларининг олдини олишга қаратилган самарали шаклларини жорий этиш.

Иккинчидан, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, уларнинг фаровонлигини ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини янада ошириш, шу жумладан, қуйидагилар орқали янада ошириш:

давлат органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан ҳуқуқий муносабатларини аниқ тартибга солишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш;

ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан шикоят қилиш тартибини такомиллаштиришни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини коллегиал эшитиш механизмларини жорий этишни назарда тутувчи маъмурий адлия тизимини ривожлантириш;

“Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини ошириш;

жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш.

 

32. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёритинг.  

2017 йил 6 апрелда суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонун билан Конституциянинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Биринчидан, Конституциянинг 111-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Унда янги тузилма – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Унга кўра, Судьялар олий кенгаши суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишига кўмаклашувчи судьялар ҳамжамиятининг органидир. 

Иккинчидан, Конституциянинг 80-моддаси 4-банди янги таҳрирда баён этилди. Шунга монанд тарзда Конституциянинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг мансабдор шахсларни тайинлаш билан боғлиқ ваколатини тартибга солувчи 93-моддасининг 13-бандига тегишли ўзгартиш киритилган ҳолда янги таҳрирда қабул қилинди. Унга кўра, Судьялар олий кенгашининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан тайинланади. Шунингдек, янги таҳрирдаги 93-модданинг 13-бандига кўра, Президент Сенатга сайлаш учун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди судьялигига номзодларни тақдим этса, янги таҳрирдаги 93-модданинг 14-бандига кўра, Президент Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосараларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди, қуйи хўжалик судлар иқтисодий судларга айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Олий судига эса фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи мақоми берилди. Конституциянинг янги таҳрирдаги 107-моддасига кўра, маъмурий судлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар миқёсида, иқтисодий судлар эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлараро, туман, шаҳар миқёсида ташкил этилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)”ги Қонуни билан бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Асосий Қонунимизнинг 80-моддасига киритилган ўзгартишларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига ­биноан ­Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этишни, шунингдек Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитишни Олий Мажлис ­Сенатининг ваколатларидан чиқариш ­назарда ­тутил­ди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига киритилган туза­тишларга мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия ­этган ­шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади. Асосий Қонунимизнинг 108 ва 109-моддаларига киритилаётган тузатишларда Конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституция­вий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)”ги Қонуни билан 99-моддасига “шунингдек шаҳар таркибига кирувчи туманлар” деган сўзлар чиқариб ташланди. Ушбу ўзгартиришга кўра, эндиликда шаҳар таркибидаги туманларда ҳам халқ депутатлари кенгашлари ташкил этилади.

Шунингдек, шаҳар таркибидаги туманларда халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этилиши муносабати билан туман хокимларини лавозимига тайинлаш билан боғлиқ Конституциянинг 102-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, Тошкент шаҳар таркибидаги туманларнинг хокимлари Тошкент шаҳар хокими томонидан лавозимига тайинланади ва озод этилади ҳамда туман халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

 

33. Ҳокимиятлар бўлиниши принципининг мазмун-моҳияти.

Ҳокимиятлар бўлиниши – бу давлат ҳокимияти ваколатларининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига тақсимланишидир.

Давлат ҳокимияти ваколатларининг тақсимланиши (моҳияти) – бу учала ҳокимиятнинг мувозанатини, тенглигини ҳамда уларнинг ўзаро бир-бирини тийиб туришини ва қарама-қарши таъсир этишини таъминловчи тизимдир.

Ҳокимият бўлиниши принципи мазмунини тавсифлочи қуйи­даги жиҳатларни кўрсатиб ўтиш мумкин:

демократик давлатларда ҳокимият­нинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд тармоқлари ўзаро ягона давлат механизми сифатида бир-бири билан чамбарчас боғланибгина қолмай, балки улар нисбатан мустақил ҳамдир;

қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ўртасида ҳокимиятлар­нинг муайян нисбати мавжуд бўлади ҳамда чекловлар ва мувозанат тизими амал қилади.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципига  кўра  ягона  давлат ҳокимияти   мустақил   ва   бир-бирига    бўйсунмайдиган  қонун чиқарувчи, ижро   этувчи  ва  суд  ҳокимиятига   бўлинади. Ушбу принципнинг вазифаси давлат ҳокимияти тўлалигича бир шахс ёки орган қўлида жамланишига йўл қўймасликдан иборат.

Шу билан бирга, ушбу принципга кўра ҳокимият ваколатлари нафақат унинг турли тармоқлари ўртасида тақсимланади, балки “ўзаро мувозанат ва чекловлар тизими” орқали улар бир – бирини назорат қиладилар.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципи Ўзбекистон Республикаси  Конституциясининг 11-моддасида конституциявий тузумнинг асосларидан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқаручи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципини жорий қилишдан мақсад мамлакатда демократиялаштириш жараёнини тезлаштириш, давлат механизмини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинларининг устуворлигини тан олиш ва пировардида ҳуқуқий давлат барпо этишдир. Ҳокимиятларнинг бўлиниши принципи ҳокимиятнинг суистеъмол қилинишидан, бюрократизмдан ва сиёсий ҳаётдаги бош-бошдоқликдан қутулиш, ҳокимият органларининг мувозанати ва тенглигини таъминлаш, уларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиш имкониятини беради.

 

34. Давлат тушунчаси, белгилари ва асосий функциялари.

Давлат – бу муайян ҳудудда олий ҳокимиятни амалга оширувчи, махсус бошқарув аппаратига эга бўлган, жамиятдаги барча ижтимоий-сиёсий гуруҳларнинг манфаатларини ифода этувчи, уларни бирлаштириб ва мувофиқлаштириб турувчи сиёсий ташкилот.

Давлат оддий бирлик ёки ташкилот эмас балки, ҳуқуқий нормалар асосида ташкил этиладиган ва амал қиладиган сиёсий ташкилотдир.

Ҳозирги вақтда давлатнинг умумэътироф этилган қуйидаги асосий белгиларини кўрсатиш мумкин:

аҳолининг ҳудудий асосга кўра бирлашганлиги. Ҳозирги замон юридик фанида давлат ҳудуди деганда, муайян давлатнинг суверенитети тадбиқ этиладиган доира назарда тутилади. Давлат ҳудуди ўз ичига қуруқлик, сув, ер ости ва ҳаво маконларини қамраб олади.

Махсус бошқарув аппаратининг мавжудлиги. Давлат ўз олдига қўйган вазифа ва функцияларини амалга ошириш ҳамда жамият устидан бошқарувни ташкил этиш учун мураккаб механизм (аппарат)га эга бўлади. Махсус тарзда ташкил этилган ушбу давлат механизмининг самарали фаолият юритиши учун алоҳида кишилар гуруҳи, яъни, давлат хизматчилари бўлиши тақозо этилади. Ушбу шахсларнинг асосий вазифаси жамият устидан бошқарувни амалга ошириш ҳисобланади. Жамият сиёсий тизимининг бошқа тузилмаларидан фарқли ўлароқ, фақат давлатгина қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти каби орган ва тузилмаларга эга бўлади.

Ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги. Ҳуқуқсиз давлат мавжуд бўла олмайди. Ҳуқуқ давлат ҳокимиятини юридик жиҳатдан расмийлаштиради ва шу билан уларни легитим, яъни қонуний қилиб қўяди. Давлат ўз функцияларини ҳуқуқий шаклларда амалга оширади. Ҳуқуқ давлат ва давлат ҳокимияти фаолиятини қонунийлик доирасига олиб киради, уларни аниқ ҳуқуқий тартибга бўйсундиради.

Солиқ тизимига эгалиги. Фақат давлатгина аҳолидан расмий тартибда солиқ йиғиш ҳуқуқига эга. Давлат ҳудудида яшаётган барча шахслар давлат бюджетига мажбурий тартибда қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлаб борадилар. Солиқлардан ташқари давлат фойдасига бошқа йиғимлар ва давлат божлари ҳам ундирилади. Улар ёрдамида давлатнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган моддий-молиявий база шакллантирилади.

Суверенитетга эгалиги. Давлат суверенитети – маълум бир ҳудудда олий ҳокимиятга эгалик; давлатнинг ички ва ташқи сиёсатдаги тўла мустақиллигидир.

Ҳар қандай давлатнинг моҳияти энг аввало, унинг фаолиятида, функцияларида намоён бўлади. Давлатнинг функциялари, унинг вазифалари ва моҳияти билан узвий боғлиқ бўлиб, давлатнинг моҳияти ўзгариб борган сари функциялари ҳам шунга мос равишда ўзгариб боради. Давлат функциялари - бу давлатнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган давлат фаолиятининг асосий (бош) йўналишларидир.

Давлат ўз олдига қўйган мақсадга эришиши учун маълум бир вазифаларни ҳал қилиши лозим, бу эса ўз навбатида, ушбу вазифаларни бажаришга қаратилган тегишли функцияларни амалга оширишни тақозо этади.

Давлатнинг асосий функцияларини қуйидагича тасниф орқали кўрсатиш мумкин:

1)                фаолият доирасига кўра: ички ва ташқи;

2)                фаолият муддатига кўра: доимий ва вақтинчалик;

3)                ижтимоий аҳамиятига кўра: асосий ва асосий бўлмаган;

4)                амалга оширишнинг ҳуқуқий шаклига кўра: қонун чиқарувчи, ижро этувчи, ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи.

 

35. Ҳуқуқий давлат ва унинг асосий белгилари.

Ҳуқуқий давлат – ҳуқуқнинг ҳукмронлиги ва қонун устуворлиги ўрнатилган, давлат органлари тизими ҳокимият ваколатларининг бўлинишига амал қиладиган, суднинг мустақиллиги таъминланган демократик давлат.

Ҳуқуқий давлат ҳуқуқнинг ҳукмронлиги, Конституция ва қонунларнинг устунлигига асосланади. Барча фуқаролар, мансабдор шахслар, давлат органлари ва ташкилотларининг қонунларни оғишмай ижро этилиши ва унга риоя қилишини тақозо қилади, фуқаро ва давлатнинг амалдаги қонунлар доирасида ўзаро жавобгарлигини назарда тутади, фуқаролик жамияти учун зарур бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини таъминлайди.

Ҳуқуқий давлатнинг белгилари қуйидагилардан иборат:

Конституция ва қонуннинг устуворлиги;

давлат ҳокимияти тизимининг ҳокимият ваколатларининг тақсимланиш принципи бўйича шаклланиши;

мустақил суд ҳокимиятининг мавжудлиги;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг давлат томонидан эълон қилинганлиги, ҳимоя қилиниши ва кафолатланиши;

ривожланган фуқаролик жамиятининг мавжудлиги ва бошқалар.

 

36. Ижтимоий шерикликнинг моҳияти, субъектлари ва принциплари.

Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасига асосан ижтимоий шериклик давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир.

Ижтимоий шерикликнинг субъ­ект­лари сифатида, бир томондан давлат органлари, иккинчи томондан эса нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари иштирок этадилар.

Шу билан бирга, давлат органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлиги алоҳида қонунлар билан тартибга солиниши белгилаб қўйилган.

Ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари сифатида қонунга бўйсуниш, тенг ҳуқуқлилик, очиқлик ва шаффофлик, ҳаммабоплик, мустақиллик, холислик, ўзаро ҳурмат, манфаатларнинг инобатга олиниши ва масъулият, мажбуриятлар қабул қилишнинг ихтиёрийлигини  кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ижтимоий шерикликнинг энг муҳим натижаси жамиятда келишувга асосланган тинч-тотувликни таъминлашга қаратилганлигидир. Шу жиҳатдан олганда, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ижтимоий шерикчиликнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада ошириш масалалари муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

 

37. Ҳуқуқ нормаларини шарҳлашнинг аҳамияти ва унинг турлари.

Ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш – бу ҳуқуқ нормаларининг мазмуни, мақсади ва моҳиятини аниқлаш ва тушунтиришга қаратилган фаолият.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлашда унинг мазмунига ҳеч қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмайди ҳамда янги норма яратилмайди. Шу маънода айтиш мумкинки, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ҳуқуқни қўллаш жараёнида муҳим ўрин тутади. Шарҳлаш ўз навбатида ҳуқуқни амалга оширувчиларни ҳуқуқ нормаларини бир хил маънода тушуниш ва айнан қўллашга йўналтиради. Зеро, ҳуқуқни қўллашдан олдин унинг маъно ва мазмунини яхшилаб англаб олиш керак. Субъектларга боғлиқ равишда ҳуқуқни шарҳлашнинг расмий ва норасмий турлари ажратиб кўрсатилади.

Расмий шарҳлаш ваколатли субъектлар, яъни давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади, у махсус ҳужжатлар билан мустаҳкамланади ва ҳуқуқ субъектлари учун мажбурий характерга эга бўлади. Шарҳлашнинг бундай тури юридик аҳмиятга эга бўлади ва тегишли ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқаради.

Норасмий шарҳлаш ўз вазифасига кўра, бевосита ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ваколатига эга бўлмаган субъектлар томонидан амалга оширилади. Бундай субъектлар сифатида илмий муассасалар, олимлар, нодавлат ташкилотлари, амалиёт ходимларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Шарҳлашнинг бундай тури юридик жиҳатдан мажбурий аҳамиятга эга бўлмайди.

Шу билан бирга, норасмий шарҳлаш қонунчиликни такомиллаштиришга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишга, мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлашга ёрдам бeради. Ҳуқуқ нормаларини норасмий (илмий) шарҳлашга мисол сифатида Ўзбeкистон Рeспубликасининг Конституциясига шарҳ, Ўзбeкистон Рeспубликаси Жиноят кодeкси, Фуқаролик кодeкси, Мeҳнат кодeксига берилган шарҳларни кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш мақсади ҳуқуқ ижодкорлиги субъекти назарда тутган ҳуқуқ нормасининг мазмунини аниқлашдан иборат. Ҳуқуқ ижодкорлиги субъекти ўз иродасини тил воситаларида ифодалайди. Шунинг учун унинг сўзлар ёрдамида ифодаланган иродаси ҳар доим ҳам унинг ҳақиқий мазмуни билан мос келмаслиги мумкин. Ҳуқуқ нормаси маъносининг бир хиллиги ва тўла аниқлигига эришиш шарҳлашнинг натижаси ҳисобланади.

 

38. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва унинг турлари.

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига биноан қабул қилинган умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат – норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўзининг қуйидаги хусусиятлари билан ижтимоий нормаларнинг бошқа турларидан ажралиб туради: 1) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилиниб, барча учун умумий мажбурий қоидаларни ўрнатади, ўзгартиради ёки бeкор қилади; 2) уларда ҳуқуқий норманинг мазмуни, яъни ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ифода этилади; 3) муайян расмий шаклга эга (қонун, фармон, қарор ва бошқалар); 4) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган қоидалар бажарилмаган ёки бузилган тақдирда муайян ҳуқуқий оқибатлар кeлиб чиқади.

 Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турларига қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳим турларидан бири қонун ҳисобланади. Қонун – давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи томонидан ёки бевосита ҳалқнинг хоҳиш-иродасига кўра (масалан, референдум ўтказиш йўли билан) қабул қилинган, қоида тариқасида, энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи юридик ҳужжат. Қонун давлат ҳуқуқ тизимининг негизини ташкил этади, давлатнинг бошқа органлари норматив ҳужжатларига нисбатан олий юридик кучга эга бўлади.

 

ИЖТИМОИЙ СОҲА БЎЙИЧА

 

1. Фуқаролик жамияти тушунчасини қандай изоҳлаш мумкин?

Фуқаролик жамияти – бу шундай ижтимоий тузумки, унда

қонунлар устуворлиги тўла таъминланади,

инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қарор топади,

сиёсий партиялар ва институтлар, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги амал қилади,

инсонга ўзининг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти шаклларини эркин танлаш кафолатланади,

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мавқеи юксак бўлади.

Бир сўз билан айтганда, жамият ва унинг аъзолари давлатга нисбатан устунликка эга бўлиши – фуқаролик жамиятининг муҳим шартларидан ҳисобланади.

 

2. Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг “Она юртимиз бахт-у иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарининг  мундарижаси нималардан ташкил топган?

Мазкур китоб 2015 йил август ойида, Ватанимиз мустақиллигининг     24 йиллик байрами арафасида “Ўзбекистон” нашриёти томонидан чоп этилган бўлиб 13 та бўлимни ўз ичига олади.

Ушбу тўпламдан Биринчи Президентимизнинг мамлакатимизда       2015 йилнинг январь-май ойларида ўтказилган давлат тадбирларида,        2015 йил 29 март куни бўлиб ўтган Президент сайлови олдидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан бўлган учрашувлардаги нутқ ва маърузаларида билдирган энг муҳим фикр ва ғоялари мавзусига кўра алоҳида бўлимлардан жой олган.

Китобнинг бош ғояси “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик? Эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган ўзак фикрда мужассамдир.

 

3. Ўзбекистондаги бугунги маънавий-маданий ва маърифий тараққиёт кўпчилик мамлакатларда катта қизиқиш уйғотяпти, бу борада юртимизда тўплаган тажрибани ўрганиш истагидаги мамлакатлар сони ортиб бормоқда. Мазкур муваффақиятларга асос бўлган энг муҳим омиллар деб нималарни биласиз?

Мазкур омилларнинг туби – асосида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президени Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилиб ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели”, жумладан, мазкур моделнинг 4-тамойили – ўтиш даврида кучли ижтимоий ҳимояни амалга ошириш тамойили ётибди.

Иккинчи омил сифатида бизнинг республикамизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ миллий ғоянинг ишлаб чиқилгани, унинг бутун жамият ғоясига – эзгу интилишлари генераторига айлантирилишини кўрсатиш мумкин.

Яна бир муҳим омил – мамлакатимизда жамиятнинг маънавий ҳаёти, айниқса, ёшлар тақдири ўз ҳолига ташлаб қўйилмагани, аксинча, ўсиб келаётган авлод тақдири ва келажаги билан қизиқиш масаласини жамият ва давлат ўз зиммасига олганида намоён бўлди.

 

4. Мамлакатимиз хавфсизлиги, жамият барқарорлигига путур етказишга қаратилган қандай жиддий ғоявий-мафкуравий таҳдидларни биласиз ва уларнинг хавфлилик даражаси қанчалик, деб ҳисоблайсиз?

Мазкур мафкуравий хавф-хатар ва тазйиқларни келиб чиқиш ўрни, мақсад-муддаоси, кураш усулларига кўра шартли тарзда иккига – Шарқдан ва Ғарбдан кириб келаётган таҳдидларга ажратиш мумкин:

1. Ислом дини ниқоби остида, унинг тушунча ва ғояларини бузиб талқин этиш йўли билан ўзини ниқоблашга уринаётган диний экстремизм, диний фундаментализм, диний фанатизм йўналишидаги оқимлар – “ваҳҳобойлик”, “акромийлик”, “ҳизб-ут-таҳрирчилик”, “нурчилик” ва бошқалар.

2. Ўзга динларни мусулмон халқлари орасида тарғиб-ташвиқ қилиш орқали жамиятда парокандаликни келтириб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган миссионерлик, буюк давлатчилик шовинизми, вестернизация (ғарблаштириш), “оммавий маданият” шаклидаги ахлоқий бузуқлик, эстетик ва маънавий айнишга олиб келувчи турфа оқимлар, миллатчилик ва ирқчиликни тарғиб этувчи мафкуравий марказлар фаолияти.

 

5. Ўзбекистоннинг  ўзига хос тараққиёт йўлини танлаб олишда қандай шароитлар ва хусусиятлар ҳисобга олинди?

Биринчиси. Миллий-тарихий ва маданий омил.

Иккинчиси. Демографик омил.

Учинчиси. Миллий этник омил ёки республика аҳолиси миллий таркибининг хилма-хиллиги.

Тўртинчиси. Географик (геостратегик) ва табиий-иқлим омили.

Бешинчиси. Миллий менталитет ва совет мафкураси таъсиридан халос бўлиш. Совет турмуш тарзига хос тақсимотдаги (меҳнатга ҳақ тўлашдаги) текисчилик ва боқимандалик психологиясидан қутулиш.

Булардан ташқари, Ўзбекистон сиёсатини белгилашда ислом динига муносабат, Ўзбекистоннинг бой моддий-маънавий ҳамда ишлаб чиқариш потенциали ҳам ҳисобга олинди.

 

6. “Кучли давлатдан – кучли жамият сари” концепциясининг моҳиятини таҳлил қилинг.

Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” дастури асосида давлатнинг айрим ваколатларини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказиш жараёни кечмоқда. Кучли марказий давлат ҳокимияти ўзининг куч-ғайратини асосий, умуммиллий вазифаларга, чунончи, мудофаа, давлат хавфсизлиги ва фуқаролар хавфсизлиги, ташқи сиёсат, валюта-молия ҳамда солиқ тизимларини шакллантириш, қонунлар қабул қилиш ва тараққиётнинг бошқа стратегик вазифаларига қаратадиган давлат ижтимоий қурилиш тизими барпо этилади. Бошқа масалаларни ҳал қилиш эса аста-секин марказдан жойларга, давлат ҳокимияти органларидан жамоат ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига топширилади.

 

7. Дунё миқёсида кузатилаётган ва интеграция жараёнларида ўз ифодасини топаётган глобаллашув инсон ҳаётига қандай салбий таъсир кўрсатади?

Дунёда глобаллашув, ахборот оқимининг тезлашуви ва интенсивлашуви, универсал технологиялар билан боғлиқ умумбашарий жараёнлар жадаллашиб бормоқда. Бундай шароитдан фойдаланиб мафкуравий воситалар орқали ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган сиёсий кучлар ва ҳаракатлар фаолияти ҳам кун сайин кучаймоқда.

“Оммавий маданият” деб ном олган истеъмол, хордиқ чиқариш билан боғлиқ кўнгилочар соҳа бутун дунёда тобора яхлит, гомоген табиат касб этмоқда, турли маданият ва цивилизацияларга тегишли жамиятларда унинг қиёфаси бир-биридан кам фарқ қилмоқда. Глобаллашувнинг кундалик ҳаётда кузатилаётган ана шундай жиҳатлари дунёни универсаллаштириш, ғарблаштириш назарияси учун замин бўлиб хизмат қиляпти. Натижада, маданий ўзига хослик, турмуш тарзидаги хусусиятлар ва миллий менталитетнинг емирилиши кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари натижасида атроф-муҳитга техноген таъсир кучаяди, оммавий маданият намуналари  кенг тарқалади, ахборот-мафкуравий ва диний-экстремистик хуружлар хавфи ортиб боради.

 

8. Дунёнинг турли бурчакларида диний низолар авж олган бир пайтда республикамизда динлараро муносабатларда бирорта жиддий низо чиқмаганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Биринчидан, ўзбек халқи ўз атрофида яшаётган бошқа миллат, элат ва дин вакилларига нисбатан дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик, меҳр-оқибат туйғуларига амал қилиши, бу фазилатларини энг оғир шароитларда ҳам сақлаб қолгани бошқаларнинг ҳам миллий ўзлигини англашида муҳим омил бўлди.

Қолаверса, ватанимиз ҳудудида ислом дини қарор топгунига қадар ҳам зардуштийлик, яҳудийлик, буддавийлик, монийлик, маздакийлик, христианлик ва бошқа ўнга яқин динлар эмин-эркин амал қилган.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг таъминланиши давлатимиз томонидан олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг натижасидир. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов давлат ва дин масаласини оқилона, диний можароларни эса тинч йўл билан ҳал қилишнинг самарали чора-тадбирларини кўрган эди.

 

9.                Умумжаҳон тараққиётининг ҳозирги даврга хос хусусиятлари нималарда намоён бўлади?

1991 йилдан “икки қутбли дунё”нинг барҳам топиши билан жаҳон аҳли “кўп қутбли дунё”га юз тутди.

Бугунга келиб, Ер ости ва усти бойликларининг сезиларли камайиб бориши, инсоният нуфусининг геометрик прогрессия асосида кўпайиши йирик давлатларнинг геостратегик манфаатлари доирасининг кескин кенгайишига сабаб бўлмоқда. Натижада, трансмиллий корпорациялар, қурол-яроғ, норкотиклар ҳамда дори-дармонларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи йирик жиноий гуруҳлар томонидан молиялаштириладиган рангли инқилоблар, давлат тўнтаришлари, биродаркушлик урушлари кетма-кет юз бермоқда.

Бунга қўшимча, техник-технологик тараққиёт инсониятнинг умумиқтисодий, маданий, маърифий ва маънавий ҳаётига кескин ўзгаришлар олиб кирмоқда, кишилар онги, тафаккури, ахлоқи ва дунёқарашида мисли кўрилмаган салбий ўзгаришлар содир бўляпти.

 

10.           Мустақилликнинг қўлга киритилиши мамлакатимиз тараққиёти учун қандай имкониятларни вужудга келтирди?

Мамлакатни янгилаш ва модернизациялашда тадрижийлик ва изчилликка амал қилинди;

Мамлакатнинг ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий алоқалари шаклланди;

Мамлакат хавфсизлиги ва мудофаасини таъминловчи қуролли кучлар тузилди;

Тарихий, миллий-ахлоқий қадрият ва анъаналар қайта тикланди;

Мамлакатда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувлик ўрнатилди;

Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодига ўтилди;

Жамиятда мулкка муносабат ўзгарди, мулкдорлар ва тадбиркорлар мавқеи мустаҳкамланди;

Аҳолининг ижтимоий-сиёсий  фаоллиги сезиларли ортди.

 

11. Демократия – универсал эмас, балки умуминсоний қадрият, деган тушунча ўзида қандай маънони мужассам этади?

Ҳар бир миллат ва жамият, айни пайтда, ҳар бир давр ўз демократиясига эга. Демократиянинг қандайдир универсал қолипини, андозасини ясашга уриниш, дунёнинг турли бурчакларидаги, тарихий ривожланишнинг турфа босқичларида бўлган халқлар ҳаётига ўша қолиплар асосида демократияни “олиб кириш”га уринишлар аввалбошданоқ муваффақиятсизликка маҳкумдир. Чунки бир давлат, муайян бир халқ табиатига хос, унинг дунёқараши ҳамда яшаш тарзидан келиб чиқиб шаклланган демократик муносабатларни шундоғича бошқа бир халқ, мамлакат заминига пайванд этиш кутилганидан тескари эффект бериш эҳтимоли юқоридир. Бу ўринда узоққа бормай, Афғонистон, Ироқ, Сурия сингари мамлакатлар, уларнинг халқлари бошидан ўтказган ва ҳамон давом этаётган фожиаларни эслашнинг ўзи кифоя.

Умуман айтганда, демократияни ёйишга бўлган уринишлар ортида, аслида, у ёки бу мамлакат бошқарувига аралашиш, унинг тақдирини ўз қўлига олишга бўлган мақсад-муддаолар ётибди.

 

12. Мустақиллик даврида суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилган ислоҳотлар, уларнинг асосий мақсади нимага йўналтирилган?

Биринчи Президентимиз И.Каримов томонидан мустақилликнинг илк йиллариданоқ “Халқ ҳамма нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди” деган гуманистик қарашнинг илгари сурилгани, бу ғоя ички ва ташқи сиёсатнинг муҳим тамойили сифатида танлаб олингани мамлакатимизда ҳуқуқий давлатнинг асоси бўлмиш қонун устуворлиги таъминланишининг муҳим кафолати бўлди.

Ўзбекистонда ярашув институтининг жорий этилиши, ўлим жазосининг босқичма-босқич бекор қилингани, қамоққа олиш санкциясини бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши сингари муҳим ислоҳотлар соҳа ходимларининг, биринчи навбатда, инсон манфаатларидан келиб чиқиб фаолият олиб боришини таъминлайди.  

Мазкур соҳадаги барча саъй-ҳаракатлар инсон шаънини ҳимоя қилишга, унинг ҳуқуқ ва эркинлигини сўзсиз таъминлашга, қолаверса, жамиятда фуқаролараро тотувлик, қонунга ҳурмат ва итоат, бошбошдоқликнинг ҳар қандай кўринишига тоқатсизлик муҳитини яратишга қаратилди.

 

13. Глобаллашув шароитида жаҳон иқтисодиётининг ўсишида қандай муҳим тамойиллар кузатилмоқда? Улар Ўзбекистон ва унинг халқи ҳаётига қай жиҳатдан таъсир кўрсатиши мумкин?

Илмий технологик тараққиёт жаҳон иқтисодиёти такомилига шу даражада кучли туртки бермоқдаки, дунё миқёсидаги мол ва товар айирбошлаш кўлами ва миқёси мисли кўрилмаган даражадаги тезликда ўсяпти. Бунда хом ашё, энергия, ёқилғи, сув ва бошқа табиий манбаларга бўлган талаб қанчалик кучайиб бораётган бўлса, ишчи кучига бўлган талабнинг сезиларли равишда пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Нафақат иқтисодиёт, балки дунё сиёсати табиатига ҳам таъсир кўрсата олиш қувватига эга бўлган трансмиллий корпорациялар дунёдаги мафкуравий манзаралар ўзгарувига ҳам кучли таъсир ўтказмоқда.

Ҳар жиҳатдан мукаммал, ҳар қандай шароитга дош берувчи иқтисодий моделнинг мавжуд эмаслигини 2008 йилда дунё миқёсида бошланган иқтисодий танглик ҳам яна бир бор тасдиқлади. Мана шундай шароитда Ўзбекистон иқтисодиётининг бир маромдаги ўсишга эришаётгани мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг, “ўзбек модели”нинг самарадорлигини яна бир бор яққол намоён қилди.

 

14.           Қандай омиллар Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилинишини тақозо этди?

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар фуқароларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратди.

Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни  ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида 2017 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

                  

15. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётни яқин ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг қандай муҳим тамойилларини кўриш мумкин?

а) макроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий омиллари ва шартлари;

б) пул-кредит сиёсати ва валютани тартибга солишнинг устувор омиллари;

в) миллий иқтисодиёт таркибида саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириш;

г) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш;

д) тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада рағбатлантириш ва такомиллаштириш;

е) инновацион иқтисодиётга ўтишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

 

16. “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси”да ижтимоий соҳалар ислоҳига қаратилган қандай муҳим тадбирлар кўзда тутилган?

Аввало, мазкур вазифалар Ҳаракатлар стратегиясининг 4-устувор йўналишидан ўрин олган бўлиб, улар айнан кенг аҳолининг кундалик турмуши билан бевосита боғлиқ экани эътиборлидир. Жумладан, уй-жой, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилма – таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, коммунал хўжалик, иш жойи ва пенсия таъминоти сингари соҳалар одамлар кайфиятини, дунёқараши ва ахлоқий ҳаракатларини белгиловчи, ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади.

Демакки, айни соҳалардаги ҳар қандай ижобий ўзгариш кишиларнинг давлатдан, раҳбариятдан рози бўлиб яшашини таъминласа, ҳар қандай камчилик ва қусур бунинг аксига хизмат қилиши мумкин. Бу эса жамият ва давлат ҳаётининг осойишта – стабил ёхуд аксинча бўлишига олиб келади.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, санаб ўтилган соҳалар бир-бири билан ниҳоятда узвий ва чамбарчас боғлиқ экани, демак, уларни комплекс тарздагина ривожлантириб бўлишини тушунишимиз керак. Ўзбекча қилиб айтганда, йўл бўлмаса электр, электр бўлмаса қурилиш, қурилиш бўлмаса мактаб ва шифохона, мактаб бўлмаса нормал шахс, шахс бўлмаса эса умуман жамият ҳам бўлиши мумкин эмаслиги Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган кўпдан-кўп фармон ва қарорларнинг туб моҳиятини ташкил этади.

 

17. Ички хавф-хатарлар таъсири ташқи тажовузникидан асло кам бўлмаслигини нималарда кўриш мумкин?

Маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, порахўрлик, мансабни суиистеъмол қилиш ва бошқа ички хавфлар ҳамда уларга қарши кураш бугунги куннинггина эмас, балки барча замонларнинг мунтазам эътибор талаб қиладиган масаласидир. Мазкур ички хавфлар миллат ва халқ якдиллигига путур етказади. Улардан бутун жамиятнинг огоҳ бўлиши, миллий маънавият бу қусурлардан тозаланиши янги ҳаётнинг муҳим талабидир.

Айни муаммолар долзарблигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан, аввало, Олий Мажлисга “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилиш бўйича тақдимнома киритилган бўлса, кейин мазкур қонун ишлаб чиқилиб қабул қилинди.

Бугун ички хавфларнинг қатори янги кўринишдаги тажовузлар билан тўлиб бормоқда. Жумладан, “оммавий маданият” халқимизнинг бадиий-эстетик диди, дунёқараши, ахлоқи, ҳатто иймон-эътиқодига жиддий талофатлар етказиш пайига тушган. Агар бу ҳаракатларга ўз вақтида ва таъсирли чек қўйилмаса, орадан унча кўп фурсат ўтмай, келгуси авлодларни қўлдан бой беришимиз, улар тақдири ўзгалар қўлига ўтиб кетиши мумкин.

 

18. Ўзбекистон ташқи сиёсатни амалга оширишнинг қандай принципларига амал қилади?

1) миллий давлат манфаатлари устун бўлган ҳолда, ўзаро манфаатларни ҳар томонлама ҳисобга олиш;

2) умумбашарий қадриятлар устуворлиги, халқаро майдонда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, можароларни тинч йўл билан ҳал этиш;

3) тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик, тенглар орасида тенг бўлиш;

4) мафкуравий қарашлардан қатъи назар, барча давлатлар билан тенг алоқалар ўрнатиш;

5) ички миллий қонунлардан халқаро ҳуқуқ нормаларнинг устуворлигини тан олиш;

6) ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ташқи алоқаларни ўрнатиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш.

 

19. 2012 йил 10 сентябрда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият концепцияси тўғрисида”ги Қонунда қандай миллий манфаат ва принциплар кўзда тутилган?

1. Биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари, шунингдек Россия Федерацияси, АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи билан яқин, ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш;

2. Турли ҳарбий-сиёсий блок ва альянслар фаолиятига қўшилмаслик;

3. Дунёнинг қайси минтақасида содир бўлмасин, халқаро можароларга, сиёсий ва ҳарбий тўқнашувларга аралашмаслик, ўз ҳарбий кучларини уларни ҳал этишга йўлламаслик;

4. Ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга бўлиш;

5. Ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига йўл қўймаслик;

6. Очиқ, изчил ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

 

20.  2017 йил Ўзбекистон Республикасида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинишининг асосий мақсади ва ғояси нимадан иборат?

Мамлакатда амалга оширилаётган демократик жараёнларнинг сифати ва натижадорлигини тубдан ошириш ҳамда инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини, шу жумладан, одамлар ҳаётининг муносиб даражасини таъминлаш, улар амалга оширилиши учун давлат органларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш, фуқароларни безовта қилаётган ҳаётий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, «Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ» деган эзгу ғояни ҳаётга изчил жорий этиш мақсадида жорий йил айни шу ном билан аталди.

Мазкур йилда амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар, туман ва шаҳарларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, республика миқёсида он-лайн режимда фаолият кўрсатадиган виртуал қабулхоналар ишга туширилди. Фуқаролар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож одамлар арзон уй-жойлар, ногиронлик аравачалари, протез, дори-дармон ва бошқа кўплаб зарур ашёларни харид қилишларида уларга реал имтиёзлар яратилаётгани ҳам йилнинг ўз номига монанд кечаётганидан далолатдир.

 

21. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастурида «Адолат — қонун устуворлигида» тамойилини жамият ҳаётида кенг қарор топтириш масаласи кўзда тутилган. Шу тамойил асосида  қандай масалаларни ҳал этиш мақсад қилинган?

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини мустаҳкамлаш ва одил судловга эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш институти сифатида адвокатуранинг роли ва аҳамиятини янада ошириш, суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатларнинг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ва молиявий-иқтисодий саводхонлигини ошириш, фуқароларни қонунни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш тизимини шакллантириш, жамиятда ҳуқуқбузарликка тоқатсизликни кучайтириш;

коррупция, амални суиистеъмол қилиш, фуқаролар шикоят ва аризаларига беписанд ёндашув сингари салбий ҳаракат ва ҳолатларга қатъий чек қўйиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг шаффофлигини амалда таъминлаш мақсадида республика Бош прокурори, Ички ишлар вазири, Солиқ қўмитаси раиси, Ҳисоб палатаси раисининг ҳисоботларини Олий Мажлис Сенатида эшитиш, бу идораларнинг ишонч телефонлари туну кун ишлашини йўлга қўйиш, ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини жиноятларни олдини олиш – профилактика куни, деб, ҳар чоршанбани ёнғинга қарши кураш куни, деб эълон қилиш ва бошқа тадбирлар кўзда тутилган.  

 

22.           Мафкура, маънавият  ва маданиятнинг ўзаро алоқадорлиги нималарда кўринади?

Маънавият ва мафкура бир-бирлари билан мустаҳкам боғлангандир. Маънавият инсоннинг руҳияти, ўзини-ўзи англаши, юксакликка интилишидаги салоҳияти бўлса, “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” Концепциясида кўрсатилишича: “Мафкура....ижтимоий гуруҳ, ижтимоий қатлам, миллат, давлат, халқ ва жамиятнинг эҳтиёжлари, мақсад-муддаолари, манфаатлари, орзу-интилишлари ҳамда уларни амалга ошириш тамойилларини ўзида мужассам этадиган ғоялар тизимидир”.

Мафкуранинг маънавиятда тутган ўрни шундаки, у инсон, жамият, миллат ёки гуруҳларнинг интилишлари, руҳиятлари ва кайфиятларини ўзида мужассамлаштиради. Иккинчи томондан, инсоннинг қандай мафкурага эргашиши, бунёдкор ва вайронкор ғояларни ажрата олиш қобилияти тўғридан-тўғри унинг маънавиятига боғлиқ. Чунки “маънавият – инсоннинг руҳиятини, унинг ўз-ўзини англаши, диди, фаросати, адолат ва разилликни, яхшилик билан ёмонликни, гўзаллик билан хунукликни, вазминлик билан жоҳилликни ажрата билиш қобилиятини, ақл-заковатини, юксак мақсад ва ғояларни қўя билиш, уларни амалга ошириш учун ҳаракат қилиш ва интилиш салоҳиятидир”.

Маънавият ва маданият бир-бирига яқин, бир-бирини тўлдирадиган тушунчалардир. Маданият инсониятнинг бутун тарихий тараққиёт жараёнида яратган  барча моддий ва маънавий бойликларнинг йиғиндисини ифодалайди. Маънавий маданиятга инсоннинг ақли ва маънан яратувчанлик фаолиятлари ва уларнинг натижалари киради. Маънавий маданият фан, фалсафа, санъат, адабиёт, ахлоқ, дин, ҳуқуқ, сиёсат, маориф, маърифат ва ҳакозолар йииғиндисидан ташкил топадиган инсоннинг ташқи ва ички маънавияти, руҳияти оламидир.

 

23. Маънавият ва ҳуқуқнинг ўзаро муносабати.

Маънавият ва ҳуқуқ бир-бири билан боғлиқдир. Жамият, давлат доирасида ҳуқуқ нормаларининг белгиланиши одамларнинг қайси даражада маънавиятга эга бўлишларига боғлиқдир. Мамлакат миқёсида қабул қилинадиган қонституцион қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг даражалари шу мамлакат фуқароларининг маънавияти ва сиёсий маданиятини ифода этади. Бу масаланинг бир томони.

Иккинчидан, конституцион қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, бурчларини ва давлат сиёсатининг йўналишларини фуқароларнинг маънавияти ривожланиши даражаларига мос равишда расман белгилаб беради.

Қонунларни билиш, уларга итоат этиш, ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва бурчларини тушуниб етиш ҳар бир фуқаронинг юксак маънавий фазилати. Бу адолатили, демократик, ҳуқуқ устуворлигига асосланган янги жамият қуришнинг ҳам кафолатидир.

 

24.            “Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари бутун дунёда катта қизиқиш уйғотган асар ҳисобланади. Асарнинг бу даражада қизиқиш уйғотишига сабаб нима?

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов давлат раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб “маънавият”, “маънавий таҳдид”тушунчаларини илмий, сиёсий истеъмолга киритди. Шу сабабли “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби жаҳоннинг бир қатор тилларига таржима қилинди, қилинмоқда Асарда ҳозирги замон таҳдидларини, инсониятнинг кўпмингйиллик тажрибасини ҳисобга олиб, маънавият миллатни ва инсонни нафақат юксалтирувчи, балки уни турли тажовузлардан сақловчи, ҳимоя қилувчи куч экан ёритиб берилган.

Шунингдек, бугунги мураккаб глобаллашув даврида маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммолар, халқимиз маънавиятини асраш ва юксалтириш, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақлаш ва ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Асар илмийлик ва оммабопликни, тарихийлик ва мантиқийликни, ёндашувда миллийлик ва умуминсонийликни ўзида узвий бирлаштира олгани билан ғоят аҳамиятлидир. Асардаги бирорта ғояда, хулосада миллийлик умуминсонийликка, шахс манфаатлари эса жамият манфаатларига қарши қўйилмаган, аксинча, доимо уларни уйғунлаштириш зарурлиги уқтирилган.

 

25. Мафкура ва мафкуравий таҳдид нимани англатади?

Мафкура – муайян ижтимоий гуруҳ, қатлам, миллат, жамият, давлат манфаатлари, орзу-истак ва мақсад-муддаолари ифодаланган ғоявий-назарий қарашлар ва уларни амалга ошириш тизими. Мафкуралар муайян диний, фалсафий таълимот асосида яратилади, маълум илмий қараш ва ахлоқий тамойилларга таянади. Мафкуралар ўз моҳияти ва таъсир кучига кўра жамиятни бирлаштириши ёки уни бир-бирига қарама-қарши тарафларга бўлиб юбориши, давлатнинг жаҳондаги обрў ва мавқеини ошириши ёки тушириши, халқларни юксакликка кўтариши ёки таназзулга дучор этиши мумкин.

Мафкуравий таҳдид – жамият, давлат ёки халқ, миллат ёки элат тақдирига хавф солиб турган, фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган мафкуравий хавф-хатарлар мажмуаси. Ислом Каримов таъкидлаганидек, айрим ҳудудларда ана шундай ҳаракатлар натижасида маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, миллатнинг ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин.

 

26. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобининг мазмун-моҳияти нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби 2011 йил август ойида нашр қилинди.

Китобда Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг 1989 йилнинг 24 июнидан 1992 йилнинг 4 январига қадар, яъни унинг республикамиз раҳбари сифатидаги фаолиятининг биринчи кунидан то мамлакатимиз истиқлолга эришганидан сўнг умумхалқ сайлов асосида мустақил Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши ва ўз вазифасини бажаришга киришиш санасигача бўлган даврда сўзлаган нутқлари, маърузалари, мақола ва интервьюлари, Биринчи Президент томонидан имзоланган фармон ва қонунлар ўрин олган.

Китобдан жой олган материаллар собиқ Марказдаги империяпараст кучлар, мустабид тузумнинг шафқатсиз қатағон аппарати Ўзбекистон ва унинг янги раҳбарига нисбатан турли зуғум ва тазйиқларни тинимсиз кучайтириб борганини мантиқий изчилликда ёритиб беради. Собиқ Марказнинг ноғорасига ўйнаган, мутақиллик ғоясини ниқоб қилиб, аслида ана шу муқаддас интилишга қарши чиққан кимсалар, дунёвий ва диний кўринишдаги радикал сиёсий гуруҳ ва оқимларга қарши Ислом Каримовнинг қандай жасорат, сиёсий вазминлик билан кураш олиб боргани, эл-юртимизга суяниб, унинг қалбига йўл топиб, вазиятни ўнглаш, юртимизни ҳалокатли инқироз гирдобидан олиб чиқиш, истиқлол сари бошлаш бўйича қатъий чора ва тадбирлар, чуқур ислоҳотларни амалга оширгани ва, ниҳоят, 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилгани ушбу китобнинг энг драматик, энг ҳаяжонли саҳифаларини ташкил этади.

Ислом Каримовнинг халқимизнинг сиёсий тафаккур хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби барчамизни ҳозирги ўта нотинч ва таҳликали замонда доимо ҳушёр, огоҳ ва сергак бўлиб яшашга даъват этади.

 

27. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”асарида Ўзбекистонга таҳдид солаётган қандай хавф-хатарларни таҳлил қилиб берган эди?

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов 1997 йилдаёқ “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” номли фундаментал асарида хавфсизликка таҳдид солувчи қуйидаги миллий, минтақавий ва умумбашарий хатарларни таҳлил қилиб берган эди:

1.                 Минтақавий можаролар.

2.                 Диний экстремизм ва фундаментализм.

3.                 Буюк давлатчилик шовинизми ва агрессив миллатчилик.

4.                 Этник ва миллатлараро зиддиятлар.

5.                 Коррупция ва жиноятчилик.

6.                 Маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик муносабатлари.

7.                 Экологик муаммолар.

 

28.  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари сифатида нималар кўрсатилган?

И. Каримов ўзининг «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавсизликка тахдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» (1997) номли асарида мустақил Ўзбекистон ривожидаги барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатларини қуйидагилардан иборат деб кўрсатган:

1. Миллий-маънавий қадриятларни тиклаш, миллий ўзликни англаш, халқнинг маънавий ва маданий меросига таяниш билан анъанавий қадриятларии ҳозирги демократик жамиятнинг қадриятлари билан уйғунлаштириш;

2. Давлатчиликни шакллантириш ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш;

3.  Демократик институтлар (сиёсий партиялар, фондлар) ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш;

4. Бозор муносабатларини қарор топтириш ва мулкдорлар синфини шакллантириш;

5. Кучли ижтимоий сиёсат ва аҳоли ижтимоий фаоллигини ошириш;

6. Жуғрофий-стратегик имкониятлар ва табиий хом-ашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш;

7. Инсон салоҳияти, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфраструктурасини ривожлантириш;

8. Кенг кўламли ўзгаришларни очиқ демократнк давлатни қуриш, бозор муносабатларини вужудга келтиришнинг халқаро эътироф этилган конституциявий, ҳуқуқий асосларини яратиш;

9. Жаҳон ҳамжамияти билан тенг ҳуқуклилик асосида ҳамкорликни ҳартомонлама ривожланиши. «Ишончим комилки, дейди И. Каримов, - тарихни можаролар ва адоват эмас, балки халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳаракатлантиради».

 

29. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари қандай ҳужжат асосида ўз ишини бошлади ва бу тизим қандай мақсадда ташкил этилди?

Халқ қабулхоналари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2017 “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан  ҳамда аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси иши тўғрисидаги кўплаб ижобий фикрларини эътиборга олиб, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилди.

 

30. Халқ қабулхоналари қандай тамойил асосида фаолият юритилиши белгиланди ва унинг фаолият юритиш структурасини ёритинг.

Халқ қабулхоналари барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилга асосан иш олиб бориш белгиланган ва унинг таркибий тузилмаси қуйидагича:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсинувчи шаҳарлардан ташқари) иш олиб бориши белгиланган.

 

ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИ БЎЙИЧА

 

1.                Фуқаролик қонун ҳужжатлари нималарга асосланади, улар билан қандай муносабатлар тартибга солинади? Фуқаролик қонун ҳужжатларининг вақт бўйича амал қилиши.

Фуқаролик кодексининг 1-моддасига кўра фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқлари тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади, улар билан мазкур кодекснинг 2-моддасига асосан фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолати, мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асослари ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди, шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятларни, шунингдек бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади.

Фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади. Фуқаролик қонун ҳужжати амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатлар бўйича бу қонун ҳужжати у амалга киритилганидан кейин вужудга келган ҳуқуқ ва бурчларга нисбатан қўлланилади. Агар шартнома тузилганидан кейин тарафлар учун мажбурий бўлган, шартнома тузилаётган пайтдагидан бошқача қоидаларни белгилайдиган қонун қабул қилинган бўлса, тузилган шартноманинг шартлари ўз кучини сақлаб қолади, қонуннинг аввал тузилган шартномалардан келиб чиққан муносабатларга татбиқ этилиши кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

 

2.                Қайси ҳолларда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда аналогия (ўхшашлик) қўлланилади?

Фуқаролик кодекси 2-моддасининг биринчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги).

Қонун ўхшашлигидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуни (ҳуқуқ ўхшашлиги)га ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларига амал қилган ҳолда белгиланади.

Фуқаролик ҳуқуқларини чеклайдиган ва жавобгарлик белгилайдиган нормаларни ўхшашлик бўйича қўлланишга йўл қўйилмайди.

 

3.                 Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг қандай асослари мавжуд? Фуқаролик ҳуқуқлари қандай усуллар орқали ҳимоя қилинади?

Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари қуйидагилардан вужудга келади:

1) қонунда назарда тутилган шартномалар ва бошқа битимлардан, шунингдек гарчи қонунда назарда тутилган бўлмаса-да, лекин унга зид бўлмаган шартномалар ва бошқа битимлардан;

2) қонунда фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келишининг асоси сифатида назарда тутилган давлат органларининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳужжатларидан;

3) суднинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаган қароридан;

4) қонун йўл қўядиган асосларда мол-мулк олиш натижасида;

5) фан, адабиёт, санъат асарларини яратиш, ихтиролар ва бошқа интеллектуал фаолият натижасида;

6) бошқа шахсга зарар етказиш натижасида;

7) асоссиз бойиб кетиш натижасида;

8) фуқаролар ва юридик шахсларнинг бошқа ҳаракатлари натижасида;

9) қонун ҳужжатлари фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларнинг келиб чиқиши билан боғлайдиган ҳодисалар натижасида (ФК 8-моддаси).

Фуқаролик кодексининг 11-моддасига асосан фуқаролик ҳуқуқлари қуйидаги йўллар билан ҳимоя қилинади:

ҳуқуқни тан олиш;

ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш;

битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;

давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш;

шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши;

бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш;

зарарни тўлаш;

неустойка ундириш;

маънавий зиённи қоплаш;

ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш;

давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги.

Фуқаролик ҳуқуқлари қонунда назарда тутилган бошқача усуллар билан ҳам ҳимоя қилиниши мумкин.

 

4.                Зарарни қоплаш деганда нимани тушунасиз? Давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан етказилган зарар ким томонидан тўланади?

Агар қонун ёки шартномада зарарни камроқ миқдорда тўлаш назарда тутилмаган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс ўзига етказилган зарарнинг тўла қопланишини талаб қилиши мумкин. Зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади (ФК 14-моддаси).

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўланиши керак. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарларни қоплаш суднинг қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин (ФК 15-моддаси).

 

5.                Фуқаронинг ҳуқуқ ва муомала лаёқати. Унинг вужудга келиши. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга сабаб бўлган асослар.

Фуқаролик кодексининг 17-моддасига кўра барча фуқароларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати (ҳуқуқ лаёқати) тенг равишда эътироф этилади. Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди.

Фуқаронинг муомала лаёқати эса ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади. Вояга етгунга қадар қонуний асосда никоҳдан ўтган фуқаро никоҳдан ўтган вақтдан эътиборан тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади.

Никоҳ тузиш натижасида эга бўлинган муомала лаёқати ўн саккиз ёшга тўлмасдан туриб никоҳ бекор қилинган тақдирда ҳам тўла сақланиб қолади. Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганида суд вояга етмаган эр (хотин) суд белгилаган пайтдан бошлаб тўла муомала лаёқатини йўқотганлиги ҳақида қарор қабул қилиши мумкин (ФК 22-моддаси).

Фуқаролик кодексининг 30-моддасига асосан руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади.

 

6.                Васийлик ва ҳомийлик.

Васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли;

Ҳомийлик – ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга бу шахсларнинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин (“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).

 

7.                  Фуқаронинг бедарак йўқолган деб топилиши, оқибатлари ва фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарорнинг бекор қилиниши. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ва бунинг оқибатлари.

Агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин. Йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган кунни аниқлаш мумкин бўлмаса, бедарак йўқолган деб ҳисоблаш муддати йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан, бу ойни белгилаш мумкин бўлмаган тақдирда эса – кейинги йилнинг биринчи январидан бошланади (ФК 33-моддаси).

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш оқибатлари кодекснинг
34-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мол-мулкини доимий суратда бошқариб туриш зарур бўлса, бу мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланадиган ва ушбу орган билан тузиладиган ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома асосида иш олиб борадиган шахсга топширилади. Ушбу мол-мулкдан бедарак йўқолган шахс қонунга мувофиқ боқиши керак бўлган фуқароларга таъминот берилади ва унинг солиқлар ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарзлари тўланади. Васийлик ва ҳомийлик органи йўқолган фуқаронинг қаердалиги тўғрисида маълумот олинган кундан бошлаб бир йил ўтганга қадар ҳам унинг мол-мулкини муҳофаза қилувчи шахсни белгилаши мумкин.

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор фуқаро қайтиб келган ёки унинг турар жойи аниқланган тақдирда, суд томонидан бекор қилинади. Суднинг қарори асосида фуқаронинг мол-мулкини бошқариш бекор қилинади (ФК 35-модда).

Фуқаролик кодексининг 36-моддасига кўра агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин. Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади. Ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган фуқаро вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, суд унинг тахмин қилинган ҳалокат кунини ушбу фуқаронинг ўлган куни деб топиши мумкин. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради.

 

8.                Юридик шахс тушунчаси ва турлари. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати.

Ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади (ФК 39-модда).

Юридик шахслар тижоратчи ташкилот ёки тижоратчи бўлмаган ташкилот бўлиши мумкин. Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда тузилиши мумкин. Тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд ва мулкдор томонидан молиявий таъминлаб туриладиган муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда ташкил этилиши мумкин. Тижоратчи бўлмаган ташкилот ўзининг уставда белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин (ФК 40-модда).

Юридик шахс ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолияти мақсадларига мувофиқ фуқаролик ҳуқуқ лаёқатига эга бўлади. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва уни тугатиш якунланган пайтдан эътиборан тугатилади. Юридик шахснинг махсус ҳуқуқ лаёқати унинг устави, низоми ёки қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

9.                Юридик шахсларнинг ташкил этилиши, таъсис ҳужжатлари ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш.

Юридик шахслар мулкдор ёки у вакил қилган шахс томонидан ёхуд ваколатли органнинг фармойиши асосида, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этилади. Мулкдорлар, хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи субъектлари ёхуд улар вакил қилган шахслар юридик шахсларнинг муассислари ҳисобланади (ФК 42-модда).

Юридик шахс устав асосида ёки таъсис шартномаси ва устав асосида ёхуд фақат таъсис шартномаси асосида иш олиб боради. Қонунда назарда тутилган ҳолларда тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс шу турдаги ташкилотлар ҳақидаги низом асосида иш олиб бориши мумкин. Юридик шахснинг таъсис шартномаси унинг муассислари томонидан тузилади, устави эса – тасдиқланади (ФК 43-модда).

Юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги маълумотлар барчанинг танишиб чиқиши учун очиқ бўлган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади. Юридик шахсни ташкил этишнинг қонунда белгилаб қўйилган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мос келмаслиги юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига сабаб бўлади. Давлат рўйхатидан ўтказишнинг хабардор қилиш тартиби белгиланган юридик шахсларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Юридик шахсни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек рўйхатдан ўтказиш муддатини бузиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади. Юридик шахс қонунда белгиланган ҳоллардагина қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим (ФК 43-модда).

 

10.           Юридик шахсларни қайта ташкил этишда ҳуқуқий ворислик қандай тартибда амалга оширилади?

Юридик шахслар қўшиб юборилганида улардан ҳар бирининг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади. Юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшилганида, бу юридик шахсга қўшилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ ўтади. Юридик шахс бўлинган тақдирда унинг ҳуқуқ ва бурчлари тақсимлаш балансига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсларга ўтади. Юридик шахс таркибидан бир ёки бир неча юридик шахс ажралиб чиққанида қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари тақсимлаш балансига мувофиқ уларнинг ҳар бирига ўтади. Бир турдаги юридик шахс бошқа турдаги юридик шахсга айлантирилганида (ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилганида), қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқ ва бурчлари топшириш ҳужжатига мувофиқ янгидан вужудга келган юридик шахсга ўтади (ФК 50-моддаси).

 

11.            Маъсулияти чекланган жамият нима? Бу турдаги жамият энг ками ва кўпи билан неча шахс томонидан таъсис этилади?

Масъулияти чекланган жамият деб бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият тан олинади. Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар. Жамиятнинг ўз ҳиссасини тўла қўшмаган иштирокчилари жамият мажбуриятлари бўйича ҳар бир иштирокчи ҳиссасининг тўланмаган қисмининг қиймати доирасида солидар жавобгар бўладилар. Масъулияти чекланган жамиятнинг фирма номи жамиятнинг номини, шунингдек “масъулияти чекланган” деган сўзларни ўз ичига олиши керак.Масъулияти чекланган жамиятнинг ҳуқуқий мавқеи, унинг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари  Фуқаролик кодекс ва “Масъулияти чекланган жамият ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Жамият бир шахс томонидан таъсис этилиши мумкин бўлиб, у жамиятнинг ягона иштирокчисига айланади. Жамият кейинчалик бир иштирокчиси бўлган жамиятга айланиши мумкин. Жамият иштирокчиларининг сони эллик шахсдан ошмаслиги лозим.

 

12.            Акциядорлик жамиятлари, уларнинг устав фонди.

Устав фонди (устав капитали) акциядорларнинг акциядорлик жамиятига нисбатан ҳуқуқларини тасдиқловчи муайян миқдордаги акцияларга тақсимланган тижорат ташкилоти акциядорлик жамияти (бундан буён матнда жамият деб юритилади) деб эътироф этилади.

Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади ва Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ифодаланади. Жамият томонидан чиқариладиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши керак. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) жамият мол-мулкининг жамият кредиторлари манфаатларини кафолатлайдиган энг кам миқдорини белгилайди.

Жамият устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича тўрт юз минг АҚШ долларига тенг суммадан камни ташкил этмаслиги керак. Жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) жамият уставида назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим.

Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин. Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини кейинчалик бекор қилган ҳолда жамият томонидан акцияларни олиш йўли билан камайтирилиши мумкин.

Жамият устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилиши лозим. (“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 3, 16, 17, 18, 19, 20-моддалари).

 

13.            Акция нима ва унинг қандай турлари мавжуд? “Олтин акция” нима, қачон ва ким томонидан табдиқ этилади?

Акциялар эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, улар турига кўра оддий ва имтиёзли бўлиши мумкин.

Оддий акциялар овоз берувчи акциялар бўлиб, улар ўз эгасига дивидендлар олиш, жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Ўз эгаларига дивидендларни, шунингдек жамият тугатилаётганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялардир. Имтиёзли акциялар ўз эгаларига жамият фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради. Акциянинг эгаси бўлган акциядорга овозга қўйилган масалани ҳал этишда овоз бериш ҳуқуқини берадиган оддий ёки имтиёзли акция жамиятнинг овоз берувчи акциясидир.

“Олтин акция” давлатнинг айрим жамиятларни бошқаришда иштирок этишига доир махсус ҳуқуқи бўлиб, у стратегик аҳамиятга эга бўлган давлат корхоналари хусусийлаштирилаётганда ёки жамиятларнинг давлат акция пакетлари хусусий мулк этиб реализация қилинаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан жорий этилади ва мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди (“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21, 22-моддалари).

 

14.            Давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси сифатидаги роли. Давлат ва юридик шахслар жавобгарлигининг фарқи.

Фуқаролик кодексининг 79-моддасида давлат фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда уларнинг бошқа иштирокчилари билан баравар асосларда иштирок этиши белгилаб қўйилган бўлиб, фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларда давлат номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар махсус вакил қилган бошқа органлар иштирок этадилар. Давлат ўзининг фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятлари бўйича ўз мулки бўлган маблағлари билан жавоб беради.

Мазкур кодекснинг 80-моддасида белгиланишича, давлат ва юридик шахслар жавобгарлиги фарқлаб қўйилган, яъни давлат томонидан тузилган юридик шахс давлатнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари давлат ўзи тузган юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Ушбу қоидалар давлат тузган шартнома асосида юридик шахснинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олган (кафолат берган) ёки мазкур юридик шахс давлатнинг мажбуриятлари бўйича ўз зиммасига кафиллик олган (кафолат берган) ҳолларга тааллуқли эмас.

 

15.            Фуқаролик ҳуқуқлари объектлари нималардан иборат? Фуқаролик қонунчилигига кўра мол-мулкнинг турлари.

Фуқаролик ҳуқуқларининг объектларига ашёлар, шу жумладан пул ва қимматли қоғозлар, бошқа буюмлар, мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар, ишлар ва хизматлар, ихтиролар, саноат намуналари, фан, адабиёт, санъат асарлари ва интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари, шунингдек шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа моддий ҳамда номоддий бойликлар киради (ФК 81-модда).

Мол-мулкнинг турлари Фуқаролик кодексининг 83-моддасида кўрсатилган бўлиб, унга кўра мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади. Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради. Қонунда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк қаторига киритилиши мумкин. Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган мол-мулк кўчар мулк ҳисобланади. Кўчар мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 

16.            Кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби.

Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шарт. Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқлар ҳақидаги ахборотни ҳар қандай шахсга бериши шарт. Ахборот, рўйхатдан ўтказиш қаерда амалга оширилганидан қатъи назар, кўчмас мол-мулкни рўйхатдан ўтказувчи ҳар қандай орган томонидан берилади. Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ёки у ҳақда тузилган битимни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади (ФК 84-модда).

 

17.            Фуқаролик қонунчилигига кўра фуқаролар ўзларига тегишли шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини қандай ҳимоя қилишлари мумкин?

Фуқаролик қонунчилигига кўра фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Башарти, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий-ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий-ахборот воситаларида раддия берилиши лозим. Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.

Фуқаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганда у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди. Ўзининг шаъни,
қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиёнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

 

18.            Битимлар тушунчасига таъриф беринг. Битимларнинг қандай турлари мавжуд? Шартнома билан битимнинг фарқи.

Битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади.

Битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин.

Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади.

Шартнома тузиш учун икки тараф (икки тарафлама битим) ёки уч ёхуд ундан кўп тараф (кўп тарафлама битим) келишиб хоҳиш билдирган бўлиши керак (ФК 102-модда).

Битим фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳаракати бўлса, шартнома икки ёки ундан ортиқ шахснинг келишуви ҳисобланади. Ҳар қандай шартнома битим ҳисобланади, лекин ҳар қандай битим шартнома бўла олмайди.

 

19.            Битимларнинг шакллари.

Битимлар оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади.

Қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин. Шахснинг хатти-ҳаракатидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган ҳолда ҳам бундай битим тузилган ҳисобланади. Жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш йўли билан тасдиқланган битим, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади. Ёзма шаклда тузилган шартномани бажаришга қаратилган битимлар, агар қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, тарафларнинг келишувига мувофиқ оғзаки тузилиши мумкин.

Ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши керак. Хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади. Ёзма шаклда тузилган битимни бажарган тараф иккинчи тарафдан ижрони тасдиқловчи ҳужжат талаб қилишга ҳақли. Оғзаки тадбиркорлик битимини бажарган тараф ҳам ана шундай ҳуқуққа эга, тузилган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битимлар бундан мустасно.

Нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари, қуйидаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилади:

1) юридик шахсларнинг ўзаро ва фуқаролар билан битимлари;

2) фуқаролар ўртасидаги белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса – битим суммасидан қатъи назар, бошқа битимлар.

 

20.            Битимнинг нотариал шаклига ва уни рўйхатдан ўтказиш талабига риоя қилмасликнинг оқибатлари. Битимлар ҳақиқий эмас деб топилиш асослари.

Фуқаролик кодексининг 112-моддасига кўра битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса – битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди. Агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолда битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда битимни нотариал тасдиқлаш ёки давлат рўйхатидан ўтказишдан асоссиз бош тортаётган тараф битимни тузиш кечиктирилганлиги туфайли етказилган зарарни иккинчи тарафга тўлаши лозим.

 

21.            Эмансипация нима? Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар томонидан битимларни тузиш шартлари.

Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин. Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади. Ота-она, фарзандликка олувчилар ва ҳомий эмансипация қилинган вояга етмаганнинг мажбуриятлари бўйича, хусусан, у етказган зарар оқибатида келиб чиққан мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар (ФК 28-модда).

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, Фуқаролик кодекси 27-моддасининг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари, битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай вояга етмаган шахс томонидан тузилган битим кейинчалик шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийси ёзма равишда маъқуллаганидан сўнг, у ҳам ҳақиқий ҳисобланади.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналари, фарзандликка олувчилар ва ҳомийларининг розилигисиз қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширишга ҳақли:

1) ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш;

2) фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш;

3) қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш;

4) Фуқаролик кодекс 29-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган майда маиший битимларни ҳамда бошқа битимларни тузиш (ФК 27-модда).

 

22.            Вакиллик. Муомалага лаёқатли ва муомалага лаёқатсиз шахслар номидан вакиллик қилишни тушунтириб беринг.

Ишончномага, қонунга, суд қарорига ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Ўз характерига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган битимни, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа битимларни вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди. Вакил ўзига ваколат берган шахс номидан шахсан ўзига нисбатан ҳам, у айни бир вақтда вакили бўлган бошқа шахсга нисбатан ҳам битимлар тузиши мумкин эмас, тижорат вакиллиги бўлган ҳоллар бундан мустасно
(ФК 129-модда).

Муомалага лаёқатли шахслар ўзлари танлаган вакиллар орқали битимлар тузишлари мумкин, битим ўз характерига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган ҳоллар, шунингдек қонунда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно (ФК 130-модда).

Муомалага лаёқатсиз фуқаролар номидан битимларни уларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва васийлари тузадилар (ФК 130-модда).

 

23.            Ишончнома тушунчаси ва унинг шакли. Қандай ишончномалар нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилган ишончномалар ҳисобланади?

Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради. Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин (ФК 134-модда).

Ишончнома оддий ёзма шаклда ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади. Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Қуйидагилар нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилади (ФК 136-модда):

госпиталларда, санаторийларда ва бошқа ҳарбий-даволаш муассасаларида даволанаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда бошқа шахсларнинг шу муассасаларнинг бошлиқлари, уларнинг тиббий қисм бўйича ўринбосарлари, катта ва навбатчи шифокорлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар, қўшилмалар, муассасалар ҳамда ҳарбий ўқув юртлари жойлашган, нотариал идоралар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа органлар бўлмаган пунктларда эса — ишчи ва хизматчиларнинг, улар оилаларининг ва ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг шу қисм, қўшилма, муассаса ва ўқув юртларининг командирлари (бошлиқлари) томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлган ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

 

24.            Ишончнома бўйича ваколатларни бошқа шахсга бериш (бошқа шахсга ўтказиш).

Ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Ваколатларнинг бошқа шахсга берилишига асос бўлган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, ушбу Кодекснинг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бошқа шахсга ўтказиш бўйича берилган ишончноманинг амал қилиш муддати унинг берилишига асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ошиб кетиши мумкин эмас. Ваколатларини бошқага берган шахс ишончнома берган шахсга буни маълум қилиши ҳамда мазкур шахс ва унинг яшаш жойи тўғрисидаги зарур маълумотларни хабар қилиши керак. Мазкур бурчлар бажарилмаса, ўз ваколатларини бошқага берган шахс ундан ваколат олган шахснинг ҳаракатлари учун худди ўзининг ҳаракатлари каби жавобгар бўлади (ФК 140-модда).

 

25.            Юридик шахс томонидан бериладиган ишончноманинг тузилиши тартиби.

Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) босилади.

Давлат мулкига асосланган юридик шахс номидан пул ва бошқа мулкий бойликларни олиш ёки топшириш учун бериладиган ишончнома шу юридик шахснинг бош (катта) бухгалтери томонидан ҳам имзоланиши керак. Банкда операцияларни амалга оширишга ишончнома бериш тартиби ва унинг шакли қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади (ФК 138-моддаси).

 

26.            Ишончноманинг муддатлари ҳақида нималар биласиз? Ишончноманинг амал қилиши қайси ҳолларда бекор бўлади?

Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас. Нотариус томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди (ФК 139-модда).

Фуқаролик кодексининг 141-моддасига асосан ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) ишончнома муддатининг тамом бўлиши;

2) ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;

3) ишончнома берилган шахснинг бош тортиши;

4) номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

5) номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши;

6) ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши;

7) ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши, ёхуд унинг вафот этиши.

Ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса – ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас. Ишончноманинг амал қилиши бекор бўлиши билан уни бошқа шахсга ўтказиш ҳам ўз кучини йўқотади.

 

27.            Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига асосан муддатлар белгилаш, вақт даври билан белгиланган муддатнинг бошланиши ва тугаши.

Қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган, шунингдек суд томонидан тайинланадиган муддат календарь сана билан ёхуд йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ўлчанадиган вақт даврининг ўтиши билан белгиланади. Муддат муқаррар юз бериши керак бўлган воқеани кўрсатиш билан ҳам белгиланиши мумкин (ФК 145-модда).

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 146-моддасига асосан вақт даври билан белгиланган муддат календарь санадан кейинги ёки унинг бошланиш куни деб белгиланган воқеа юз берганидан кейинги кундан ўта бошлайди.

Ушбу кодекснинг 147-моддасига асосан йиллар билан ҳисобланадиган муддат унинг охирги йилидаги тегишли ой ва кунда тамом бўлади. Ярим йил деб белгиланган муддатга нисбатан ойлар билан ҳисобланадиган муддатлар учун белгиланган қоидалар қўлланилади. Йил чораклари билан ҳисобланадиган муддатга нисбатан ойлар билан ҳисобланадиган муддатлар учун белгиланган қоидалар қўлланилади. Бунда йил чораги уч ойга тенг деб ҳисобланади, йил чоракларининг ҳисоби эса – йил бошидан юритилади. Ойлар билан ҳисобланадиган муддат шу муддатнинг охирги ойидаги тегишли кунда тугайди. Ярим ой деб белгиланган муддатга кунлар билан ҳисобланадиган муддат деб қаралади ва у ўн беш кунга тенг бўлади. Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг тамом бўлиши тегишли рақам бўлмаган ойга тўғри келса, у ҳолда муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди. Ҳафталар билан ўлчанадиган муддат шу муддатнинг охирги ҳафтасидаги тегишли кунда тугайди.

 

28.            Даъво муддати тушунчаси. Даъво муддатининг ўта бошлаши қайси ҳолларда тўхтатилади?

Даъво муддати – шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 156-моддасига асосан даъво муддатининг ўтиши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

1) агар даъво қўзғатилиши учун муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган фавқулодда ҳодиса (енгиб бўлмас куч) тўсқинлик қилган бўлса;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати мажбуриятларни бажаришни кечиктирганлиги (мораторий) туфайли;

3) агар даъвогар ёки жавобгар ҳарбий ҳолатга ўтказилган Қуролли Кучлар, чегара қўшинлари ва ички қўшинлар таркибида бўлса;

4) агар муомалага лаёқатсиз шахснинг қонуний вакиллари бўлмаса;

5) тегишли муносабатни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг амал қилиши тўхтатилган бўлса.

Агар ушбу моддада кўрсатилган ҳолатлар даъво муддатининг охирги олти ойида, бу муддат олти ойдан кам бўлса, даъво муддатида вужудга келган ёки давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади. Муддатнинг тўхтатиб турилишига асос бўлган ҳолат барҳам топган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади.

 

29.            Мулк ҳуқуқи тушунчаси. Мулк ҳуқуқи субъектлари ва объектлари ҳақида гапириб беринг.

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир (ФК 164-модда).

Фуқаролар, юридик шахслар ва давлат мулк ҳуқуқининг субъектларидир. Мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида бир шахсга ёки икки ва ундан ортиқ шахсларга қарашли бўлиши мумкин. Мол-мулк фуқаро, юридик шахс ёки давлатнинг мулки бўлишига қараб мулк ҳуқуқини, мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқини вужудга келтириш ва бекор қилиш хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади (ФК 168-модда).

Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар, корхоналар, ашёлар, шу жумладан бинолар, квартиралар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, хом ашё ва маҳсулот, пул, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк, шунингдек интеллектуал мулк объектлари мулк бўлиши мумкин (ФК 169-модда).

 

30.            Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқи тўғрисида қандай қоидалар белгиланган?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 173-моддасига асосан кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса – бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир. Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди. Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади. Участка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган шахснинг манфаатлари ва талаби бўйича ҳам ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартларда ва тартибда сервитут белгиланиши мумкин.

Сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.

 

31.            Мулк ҳуқуқини вужудга келиш ва бекор бўлиш асослари. Эгасиз ашё деганда нимани тушунасиз?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 182-моддасига асосан мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

Мулк ҳуқуқи мулкдорнинг ихтиёрий суратда мажбуриятни бажариши, мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши, суд қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш (сотиб олиш) йўли билан, шунингдек мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонун ҳужжатларига асосан бекор бўлади.

Эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё ҳисобланади. Агар бу ҳол топилма тўғрисидаги, қаровсиз ҳайвонлар ва хазина тўғрисидаги қоидаларда рад этилмаган бўлса, эгасиз кўчар ашёларга эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин. Эгасиз кўчмас ашёлар тегишли давлат органининг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг аризасига мувофиқ кўчмас мол-мулкни давлат рўйхатига олувчи орган томонидан ҳисобга олинади. Эгасиз кўчмас ашё ҳисобга олинганидан кейин бир йил муддат ўтгач, давлат мол-мулкини бошқаришга ваколати бўлган орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи бу ашёни давлат мулкига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига кирган деб ҳисоблаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиши мумкин. Суднинг ҳал қилув қарорига биноан давлат мулкига ўтмаган деб ҳисобланган эгасиз кўчмас ашё уни ташлаб кетган мулкдорнинг эгалигига, фойдаланишига ва тасарруфига яна қабул қилиниши ёки эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат асосида қўлга киритилиши мумкин. Эгасиз ашёларни аниқлаш ва ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади (ФК 191-модда).

 

32.            Хусусий мулк ҳуқуқи. Оммавий мулк қандай мулкларни қамраб олади?

Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди (ФК 207-модда).

Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш кафолатлари “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган.

Фуқаролик кодексининг 213-моддасига асосан республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган давлат мулки оммавий мулкдир.

Қорақалпоғистон Республикасида мулкчилик муносабатлари, шу жумладан оммавий мулк муносабатлари ушбу кодекс билан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий бойликлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органларининг мол-мулки, давлат аҳамиятига эга бўлган маданий ва тарихий бойликлар, республика бюджетининг маблағлари, олтин захираси, давлатнинг валюта фонди ва бошқа фондлари республика мулкидир, шунингдек корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, ўқув, илмий, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотлари, интеллектуал фаолият натижалари, башарти булар бюджет ёки давлатнинг ўзга маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган бўлса, бошқа мол-мулк республика мулки бўлиши мумкин.

Давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек бошқа мол-мулк муниципал мулк бўлади.

 

33.            Умумий мулк тушунчаси ва унинг вужудга келиш асослари нималардан иборат?

Икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Мол-мулк мулкдорлардан ҳар бирининг мулк ҳуқуқидаги улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки бундай улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк) ҳолда умумий мулк бўлиши мумкин.

Умумий мулк бўлган мол-мулк улушларга бўлинади, қонунда бу мол-мулкнинг биргаликдаги мулкни ташкил этиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Умумий биргаликдаги мулк ўз вазифасини ўзгартирмаган ҳолда тақсимланиши мумкин бўлмаган (бўлинмайдиган ашёлар) ёки қонунга кўра тақсимланиши мумкин бўлмаган мол-мулк икки ёки ундан ортиқ шахс мулкига ўтган пайтда вужудга келади. Тақсимланадиган мол-мулкнинг умумий биргаликдаги мулклиги қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда вужудга келади. Биргаликдаги мулк иштирокчиларининг келишувига мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса – суднинг қарорига мувофиқ умумий мол-мулк бу шахсларнинг улушли мулки қилиб белгилаб қўйилиши мумкин (ФК 216-модда).

 

34.            Улушли мулкдаги улушлар қандай аниқланади? Улушли мулкларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи ҳақида нималарни биласиз?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 217-моддасига асосан агар улушли мулк иштирокчиларининг улушлари қонун асосида белгиланиши мумкин бўлмаса ҳамда унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан белгилаб қўйилган бўлмаса, улушлар тенг деб ҳисобланади. Улушли мулк барча иштирокчиларнинг келишуви билан иштирокчилардан ҳар бирининг улушини уларнинг умумий мол-мулкни вужудга келтириш ва кўпайтиришга қўшган ҳиссасига қараб аниқлаш ва ўзгартириш тартиби белгиланиши мумкин. Умумий мол-мулкдан фойдаланишнинг белгилаб қўйилган тартибига амал қилган ҳолда ушбу мол-мулкни ўз ҳисобидан ажратиб олиш мумкин бўлмайдиган тарзда яхшилаган улушли мулк иштирокчиси умумий мулк ҳуқуқидаги ўз улушининг тегишли даражада кўпайтирилишига ҳақли бўлади. Умумий мол-мулкдаги ажратиб олиш мумкин бўладиган яхшилашлар, агар улушли мулк иштирокчиларининг келишуви билан бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бу яхшилашларни амалга оширган иштирокчининг мулкига қўшилади.

Умумий улушли мулк мулкдорларидан бири ўз улушини сотганда аввало бу ҳақда қолган улуш эгаларини ёзма равишда хабардор қилиши ва улар жавоб бермаганда ўз улуши бошқа шахсларга сотиши мумкин. Агар қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса – ўн кун давомида амалга оширмасалар, сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади. Улуш имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда сотилган тақдирда, бошқа мулкдорлар уч ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидирлар.

 

35.            Виндикация деганда нимани тушунасиз? Мол-мулкни инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиш тартиби.

Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли (виндикация).

Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўлаб олинган бўлса, олувчи буни билмаган ва билиши мумкин бўлмаган (инсофли эгалловчи) бўлса, мол-мулк мулкдор томонидан ёки эгалик қилиш учун мулкдор берган шахс томонидан йўқотиб қўйилган ёхуд мулкдордан ёки у мол-мулкини берган шахсдан ўғирланган ё бўлмаса, уларнинг ихтиёридан ташқари бошқача йўл билан уларнинг эгалигидан чиқиб кетган бўлса, мулкдор бу мол-мулкни олган шахсдан талаб қилиб олишга ҳақли. Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўламасдан олинган бўлса, мулкдор мол-мулкни барча ҳолларда ҳам талаб қилиб олишга ҳақли. Пул инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиниши мумкин эмас (ФК 229-модда).

 

36.            Мажбурият тушунчаси. Мажбуриятни бажариш муддати? Мажбуриятнинг бажарилиши қандай усуллар билан таъминланиши мумкин?

Мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса – қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади (ФК 234-модда).

Агар мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгилаб қўйилган бўлса, кредитор ҳар қачон ижрони талаб қилишга, қарздор эса – ижрони ҳар қачон амалга оширишга ҳақли бўлади. Мажбуриятни дарҳол бажариш вазифаси қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса, қарздор бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт (ФК 242-модда).

Мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шарт. Мажбуриятни бажариш усули, агар бу усул мажбуриятнинг моҳиятидан англашилмаса ва қонун билан белгилаб қўйилган бўлмаса, шартномада кўрсатилган бўлиши керак (ФК 238-модда).

Мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.

 

37.            Гаров деганда нимани тушунасиз? Гаров нарсаси сифатида нималар муомалада бўлиши мумкин?

Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.

 Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларига қараганда имтиёзли суратда қаноатлантирилишига, қонунда белгилаб қўйилган чегиришлардан кейин, ҳақли бўлади. Гаровга олувчи гаровга қўйилган мол-мулкни йўқотганлик ёки унга зиён етказганлик учун суғурта ҳақидан, бу мол-мулк кимнинг фойдасига суғурта қилинган бўлишидан қатъи назар, ўз талаби юқоридаги асосларда қаноатлантирилишига ҳақли, башарти мол-мулкни йўқотиш ёки унга зиён етказиш гаровга олувчи жавобгар бўлган сабабларга кўра юз берган бўлмаса (ФК 264-модда).

Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талабномалар, хусусан ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно. Фуқароларнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган айрим турдаги мол-мулкини гаровга қўйиш қонун ҳужжатлари билан ман этилиши ёки чекланиши мумкин (ФК 267-модда).

 

38.            Гаров шартномасининг мазмуни ва шакли. Гаров ҳуқуқи қачон вужудга келган деб ҳисобланади? Гаров ҳуқуқи қайси ҳолларда бекор бўлади?

Гаров шартномасида томонларнинг номи, жойлашган манзили (истиқомат жойи), гаров тури, гаров билан таъминланган талабнинг моҳияти, унинг миқдори, мажбуриятни ижро этиш муддатлари, гаровдаги мол-мулкнинг рўйхати, қиймати ва турган жойи, шунингдек томонларнинг келишувига эришилган бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши зарур.

“Гаров тўғрисида”ги қонунга асосан:

1) гаров шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим. Ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда гаров шартномаси нотариал йўл билан тасдиқланиши ва шундай рўйхатни юритувчи давлат идорасида қайд этилиши зарур;

2) кўчмас мулк ва унга бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш шартномалари, шунингдек муомаладаги ва қайта ишловдаги молларни гаровга қўйиш нотариал йўл билан албатта тасдиқланиши ҳамда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Қонунларда гаров шартномаларини нотариал йўл билан тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг бошқа ҳоллари назарда тутилиши мумкин;

3) башарти, шартномада назарда тутилган бўлса, нотариал идора гаров тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш билан бир пайтда гаров нарсасини тасарруфдан чиқаришни тақиқлаб қўяди;

4) гаров шарти гаров билан таъминланган мажбурият юзага келувчи шартномага киритилиши мумкин. Бундай шартнома ушбу Қонунда белгиланган тартибда нотариал йўл билан тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши лозим;

5) гаров тўғрисидаги шартнома шаклига, уни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартибига риоя этилмаган ҳолларда шартнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Гаров ҳуқуқи гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан ёхуд, башарти шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса – нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганида эса – у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Башарти, гаров нарсаси қонунга ёки шартномага асосан гаровга қўювчида бўлиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи унга гаров нарсаси берилган пайтдан, башарти бундай топшириш шартнома тузилишидан аввал амалга ошган бўлса – шартнома тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади (ФК 270-модда).

Гаров қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) гаров билан таъминланган мажбурият бекор бўлганида;

2) Фуқаролик кодекси 274-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўлганида гаровга қўювчининг талаби билан;

3) гаровга қўйилган ашё нобуд бўлганида ёки гаровга қўйилган ҳуқуқ бекор бўлганида, башарти гаровга қўювчи Фуқаролик кодекси 276-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланган бўлмаса;

4) гаровга қўйилган мол-мулк кимошди савдосида сотилган тақдирда, шунингдек уни сотиш мумкин бўлмаган тақдирда  Ипотека бекор бўлгани ҳақида ипотека тўғpисидаги шартнома рўйхатга олинган реестрга белги қўйилиши керак;

5) агар гаровга олувчи Фуқаролик кодекси 282-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланмаган бўлса, бундан гаровга қўйилган мол-мулк реализация қилинмаганлиги ва талаблари гаров билан таъминланмаган кредиторларнинг ўз талабларини қаноатлантириш учун мазкур мол-мулкни қабул қилишни рад этганлиги ҳоллари мустасно.

 

39.            Навбатдаги гаров деганда нимана тушунасиз? Гаров нарсасини алмаштириш ва тиклаш мумкинми?

Агар гаровга қўйилган мол-мулк бошқа талабларни таъминлаш учун яна бир гаров нарсасига айланса (навбатдаги гаров), навбатдаги гаровга олувчининг талаблари олдинги гаровга олувчиларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин ушбу мол-мулк қийматидан қаноатлантирилади. Агар гаров тўғрисидаги олдинги шартномаларда навбатдаги гаров тақиқлаб қўйилган бўлмаса, навбатдаги гаpовга йўл қўйилади. Гаровга қўювчи ҳар бир навбатдаги гаровга олувчига ушбу мол-мулкнинг мавжуд бўлган барча гаровлари ҳақида маълум қилиши шарт
ва у ушбу мажбуриятни бажармаслик туфайли гаровга олувчиларга етказилган зарар учун жавоб беради (ФК 273-модда).

Гаров нарсасини алмаштиришга, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг розилиги билан йўл қўйилади. Агар гаров нарсаси нобуд бўлган ёки шикастланган ёхуд унга бўлган мулк ҳуқуқи ё хўжалик юритиш ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларга кўра бекор қилинган бўлса, гаровга қўювчи оқилона муддатда (низо чиққан тақдирда эса – суд белгилаган муддатда) гаров нарсасини тиклашга ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, уни тенг қийматли бошқа мол-мулк билан алмаштиришга ҳақли (ФК 276-модда).

 

40.            Ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишнинг асослари ва тартиби. Гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш тартиби.

Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундиpувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада бажармаган тақдирда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин. Агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчининг талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига мутлақо мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно (ФК 279-модда).

Гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади. Гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга, агар бу гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади. Мазкур келишув туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвосига кўра бундай келишув суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Агар гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, гаровга олувчининг талаблари гаровга қўйилган кўчар мол-мулк ҳисобидан суд қарорига мувофиқ қондирилади. Агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, ундирув гаровга олувчига топширилган гаров нарсасига гаров тўғрисидаги шартномада белгиланган тартибда қаратилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 280-моддасига асосан ундирув гаров нарсасига қуйидаги ҳолларда фақат суднинг қарорига мувофиқ қаратилиши мумкин:

1) гаров тўғрисида шартнома тузиш учун бошқа шахс ёки органнинг розилиги ёхуд рухсати талаб қилинганида;

2) гаров нарсаси жамият учун тарихий, бадиий ёки ўзга маданий аҳамиятга эга мол-мулк бўлса;

3) гаровга қўювчи йўқолган бўлса ва унинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаса.

Ушбу кодекснинг 280-моддасига мувофиқ ундирув қаратилган гаровдаги мол-мулкни сотиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кимошди савдосида сотиш йўли билан амалга оширилади.

Ундирув қаратилган гаровдаги мол-мулкни сотиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кимошди савдосида сотиш йўли билан амалга оширилади.

Гаровга қўйилган мол-мулкнинг кимошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси ундирув суд тартибида мол-мулкка қаратилган ҳолларда суд қарори билан ёки бошқа ҳолларда гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан келишуви натижасида белгиланади.

Гаровга қўйилган мол-мулк кимошди савдосида энг юқори баҳони таклиф қилган шахсга сотилади.

Кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаровга қўювчи билан келишиб, гаровга қўйилган мол-мулкни сотиб олишга ва харид нархини гаров билан таъминланган ўз талаблари ҳисобига ўтказишга ҳақли. Бундай келишувга нисбатан олиш-сотиш шартномаси қоидалари қўлланилади.

Такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинганида гаровга олувчи гаров нарсасини такрорий ким ошди савдосидаги бошланғич сотиш нархидан кўпи билан ўн фоиз камайтирган суммада баҳолаб, ўзида олиб қолишга ҳақли.

 

41.            Кафиллик шартномаси нима? Кафиллик шартномасига асосан кафилнинг қандай жавобгарлиги бор?

Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафиллик шартномаси келгусида вужудга келадиган мажбуриятни таъминлаш учун ҳам тузилиши мумкин. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кафиллик шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади (ФК 292-модда).

Қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса. Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди. Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар
(ФК 293-модда).

 

42.            Кафолат тушунчаси, кучга кириши ва бекор бўлиш шартлари ҳақида нималарни биласиз?

Кафолатга биноан банк, бошқа кредит муассасаси ёки суғурта ташкилоти (кафил) бошқа шахс (принципал)нинг илтимосига кўра кафил ўз зиммасига олаётган мажбурият шартларига мувофиқ принципалнинг кредитори (бенефициар) пул суммасини тўлаш ҳақида ёзма талабнома тақдим этса, пулни унга тўлаш ҳақида принципалга ёзма мажбурият беради (ФК 299-модда).

Агар кафолатда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, у берилган кундан эътиборан кучга киради (ФК 304-модда).

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 309-моддасига асосан кафилнинг кафолат бўйича бенефициар олдидаги мажбурияти қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:

1) кафолат берилган сумма бенефициарга тўланиши;

2) кафолатда белгиланган муддатнинг тамом бўлиши;

3) бенефициар кафолат бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечиши ва уни кафилга қайтариб бериши оқибатида;

4) бенефициар кафилни унинг мажбуриятларидан озод қилиши ҳақида ёзма ариза бериш йўли билан кафолат бўйича ўз ҳуқуқларидан воз кечиши оқибатида.

Кафил мажбуриятининг ФК 309-моддаси биринчи қисмининг 1, 2 ва
4-бандларида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши унга кафолат қайтариб берилган ёки қайтариб берилмаганлигига боғлиқ бўлмайди. Кафолат бекор бўлганлигидан хабар топган кафил дарҳол бу ҳақда принципални хабардор қилиши керак.

 

43.           Закалат нима ва закалат пули қайси ҳолатларда қайтариб берилиши керак?

Шартнома тузаётган тарафлардан бири шартнома тузилганлигини исботлаш ва унинг ижросини таъминлаш юзасидан берадиган пул суммаси закалат ҳисобланади. Закалат тўғрисидаги келишув закалатнинг суммасидан қатъи назар, ёзма равишда тузилиши керак. Шартномадаги тараф амалга ошиpиши керак бўлган тўловлаp ҳисобидан тўланган сумма закалат эканлигига, хусусан ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган қоидага риоя қилинмаслиги оқибатида, шубҳа туғилган тақдирда, бу сумма, агар бошқа ҳол исботланган бўлмаса, бўнак сифатида тўланган деб ҳисобланади. (ФК 311-модда).

Мажбурият уни бажаришдан олдин тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки бажаришнинг имкони йўқлиги оқибатида  бекор қилинган тақдирда закалат пули қайтариб берилиши керак. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат пули берган тараф жавобгар бўлса, закалат иккинчи тарафда қолади. Агар шартноманинг бажарилмаслиги учун закалат олган тараф жавобгар бўлса, у иккинчи тарафга закалатни икки баравар қилиб қайтариши шарт. Бундан ташқари, шартноманинг бажарилмаслиги учун жавобгар бўлган тараф, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, закалат суммасини ҳисобга олган ҳолда иккинчи тарафга зарарларни тўлаши шарт (ФК 312-модда).

 

44.           Мажбуриятда субсидиар жавобгарлик.

Қонун ҳужжатлари ёки мажбурият шартларига мувофиқ асосий қарздор бўлган бошқа шахснинг жавобгарлигига қўшимча равишда жавобгар бўлган (субсидиар жавобгарлик) шахсга талаблар қўйишдан олдин кредитор асосий қарздорга талаб қўйиши керак. Агар асосий қарздор кредиторнинг талабини қондиришдан бош тортса ёки кредитор ундан қўйилган талабга оқилона муддатда жавоб олмаган бўлса, бу талаб субсидиар жавобгар бўлган шахсга қўйилиши мумкин. Кредитор асосий қарздорга бўлган ўз талабини қондиришни субсидиар жавобгар шахсдан талаб қилишга ҳақли эмас, башарти бу талаб асосий қарздорга муқобил талабни ҳисобга ўтказиш ёки маблағларни асосий қарздордан низосиз ундириб олиш йўли билан қондирилиши мумкин бўлса. Субсидиар жавобгар шахс ўзига кредитор томонидан қўйилган талабни қондиришдан олдин бу ҳақда асосий қарздорни огоҳлантириши, борди-ю бундай шахсга нисбатан даъво қўзғатилган бўлса – асосий қарздорни ишда қатнашишга жалб қилиши керак. Акс ҳолда асосий қарздор ўзининг кредиторга қарши эътирозларини субсидиар жавобгар шахснинг регресс талабига қарши қўйиш ҳуқуқига эга (ФК 329-моддаси).

 

45.           Шартнома тушунчасини изоҳлаб беринг.Шартнома тузиш эркинлиги деганда нима назарда тутилган?

Икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Тарафлар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган шартномани ҳам тузишлари мумкин.

Тарафлар турли шартномаларнинг элементларини ўз ичига оладиган шартнома (аралаш шартнома) тузишлари мумкин. Аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартномада бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.

Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно. Шартноманинг шарти тарафлар келишувида бошқача тартиб белгилаб қўйилмаганлиги туфайли қўлланиладиган норма (диспозитив норма)да назарда тутилган ҳолларда тарафлар ўзаро келишиб, унинг қўлланишини бекор қилишлари ёки унда назарда тутилганидан бошқача шартни белгилашлари мумкин. Бундай келишув бўлмаганда шартноманинг шарти диспозитив норма билан белгиланади. Агар шартнома шартлари тарафлар ёки диспозитив норма билан белгилаб қўйилган бўлмаса, тегишли шартлар тарафлар ўртасидаги муносабатларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган иш муомаласи одатлари билан белгиланади
(ФК 354-модда).

 

46.           Ҳақ эвазига ва текинга тузиладиган шартномаларга таъриф беринг.

Шартнома бўйича тараф ўз бурчларини бажарганлиги учун ҳақ олиши ёки унга бошқа муқобил тўлов тўланиши лозим бўлса, бундай шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома бўлади.

Шартнома бўйича бир тараф иккинчи тарафга ундан ҳақ ёки бошқа муқобил тўлов олмасдан бирон нарсани бериш мажбуриятини олса, бундай шартнома текинга тузилган шартнома ҳисобланади.

Агар қонун ҳужжатларидан, шартноманинг мазмуни ёки моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, шартнома ҳақ эвазига тузилган шартнома ҳисобланади (ФК 355-модда).

 

47.           Учинчи шахс фойдасига тузиладиган шартномалар.

Тарафлар қарздор ижрони кредиторга эмас, балки шартномада кўрсатилган ёки кўрсатилмаган, қарздордан мажбуриятни ўз фойдасига бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган учинчи шахсга бажариши мажбур деб белгилаб қўйган шартнома учинчи шахс фойдасига тузилган шартнома дейилади. Агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса, учинчи шахс шартнома бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланиш ниятини қарздорга билдирган пайтдан бошлаб тарафлар ўзлари тузган шартномани учинчи шахснинг розилигисиз бекор қилишлари ёки ўзгартиришлари мумкин эмас. Қарздор кредиторга қарши қўйиши мумкин бўлган эътирозларини шартномада учинчи шахснинг талабларига қарши қўйишга ҳақли. Учинчи шахс шартнома бўйича ўзига берилган ҳуқуқдан фойдаланишдан воз кечган тақдирда, башарти қонун ҳужжатлари ва шартномага зид бўлмаса, кредитор бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин (ФК 362-модда).

 

48.           Кимошди савдосини ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби.

Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин. Ёпиқ аукцион ва ёпиқ танловда шу мақсад учун махсус таклиф этилган шахсларгина қатнашадилар. Агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ташкилотчи кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисида камида ўттиз кун олдин хабар қилиши керак. Хабарда, ҳар қандай ҳолда ҳам, кимошди савдосининг вақти, жойи ва шакли, кимошди савдосига нима қўйилаётгани ва уни ўтказиш тартиби, шу жумладан ким ошди савдосида қатнашишни расмийлаштириш тўғрисидаги, шунингдек бошланғич нарх тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак. Агар кимошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилаётган бўлса, бўлажак кимошди савдоси тўғрисидаги хабарда бунга бериладиган муддат кўрсатилиши керак.

Агар қонунда ёки кимошди савдоси ўтказилиши ҳақидаги хабарда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, хабар берган кимошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ўтказишдан хоҳлаган вақтида, лекин у ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин, танлов ўтказишдан эса – танлов ўтказиладиган кундан камида ўттиз кун олдин бош тортишга ҳақли. Кимошди савдосининг ташкилотчиси уни ўтказишдан мазкур муддатларни бузиб бош тортган ҳолларда иштирокчиларнинг кўрган ҳақиқий зарарларини тўлаши шарт. Ёпиқ аукцион ёки ёпиқ танлов ташкилотчиси хабар юборилганидан кейин айнан қанча муддатда кимошди савдосидан бош тортганлигидан қатъи назар, ўзи таклиф этган иштирокчиларнинг реал зарарини тўлаши шарт. Кимошди савдосининг қатнашчилари кимошди савдоси ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган миқдорда, муддатларда ва тартибда закалат пули тўлайдилар. Агар кимошди савдоси ўтказилмаса, закалат қайтариб берилиши керак. Закалат кимошди савдосида қатнашган, лекин унда ғолиб чиқмаган шахсларга ҳам қайтариб берилади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс билан шартнома тузишда у тўлаган закалат суммаси тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришда ҳисобга олинади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва кимошди савдосининг ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни ким ошди савдосининг натижалари тўғрисида баённома имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортса, тўлаган закалатидан маҳрум бўлади. Баённомани имзолашдан бош тортган кимошди савдосининг ташкилотчиси закалатни икки ҳисса қилиб қайтариши, шунингдек кимошди савдосида ғолиб чиққан шахсга кимошди савдосида қатнашиш туфайли ўзига етказилган зарарнинг закалат пулидан ортиқ бўлган қисмини тўлаши шарт. Агар кимошди савдосига фақат шартнома тузиш ҳуқуқи қўйилган бўлса, бундай шартномани тарафлар кимошди савдоси тамом бўлганидан ҳамда баённома расмийлаштирилганидан кейин кечи билан йигирма кунда ёки хабарда эълон қилинган бошқа муддатда имзолашлари керак. Улардан бири шартнома тузишдан бош тортган тақдирда, иккинчи тараф судга мурожаат қилиб, шартнома тузишга мажбур этишни, шунингдек уни тузишдан бош тортиш натижасида етказилган зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли (ФК 380-модда).

 

49.           Бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк сотилганида улар жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ.

Бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулкни сотиш шартномасига биноан сотиб олувчига бундай кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини топшириш билан бир вақтда ушбу кўчмас мулк жойлашган ва ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасининг муайян қисмига бўлган ҳуқуқлар ҳам топширилади. Сотувчи сотилаётган кўчмас мулк жойлашган ер участкасининг мулкдори бўлган тақдирда сотиб олувчига ер участкасининг тегишли қисмига мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи ёхуд кўчмас мулкни сотиш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ берилади. Агар шартномада кўчмас мулкни сотиб олувчига топшириладиган тегишли ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган бўлмаса, сотиб олувчига ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан фойдаланиш учун зарур бўлган муайян қисмига мулк ҳуқуқи ўтади. Сотувчига мулк ҳуқуқи асосида қарашли бўлмаган ер участкасида жойлашган кўчмас мулкни, агар бундай участкадан фойдаланишнинг қонун ёки шартномада белгиланган шартларига зид бўлмаса, ана шу ер участкаси мулкдорининг розилигисиз сотишга йўл қўйилади. Бундай кўчмас мулк сотилганида сотиб олувчи кўчмас мулкни сотаётган шахс ер участкасининг тегишли қисмидан қандай шартларда фойдаланган бўлса, ўша шартларда фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади (ФК 482-модда).

 

50.           Корхонага мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши.

Корхонага мулк ҳуқуқи бу ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб сотиб олувчига ўтади. Сотиб олувчининг корхонага мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш, башарти корхонани сотиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, корхона сотиб олувчига топширилганидан сўнг бевосита амалга оширилади. Корхонани сотиш шартномасида корхона ҳақи тўлангунича ёки бошқа ҳолатлар юз бергунча сотувчининг сотиб олувчига топширилган корхонага мулк ҳуқуқи сақланиб қолиши назарда тутилган ҳолларда сотиб олувчи мулк ҳуқуқи ўзига ўтгунча топширилган корхона таркибига кирадиган мол-мулкни мулкий мажмуа сифатида корхона фаолиятини таъминлаш учун зарур даражада тасарруф қилишга, шунингдек ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли бўлади
(ФК 494-модда).

 

51.            Айирбошлаш шартномасига таъриф беринг.

Айирбошлаш шартномасига мувофиқ ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириш йўли билан мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади. Айирбошлаш шартномасига нисбатан тегишинча олди-сотди тўғрисидаги қоидалар қўлланади, башарти бу ушбу боб қоидаларига ва айирбошлаш моҳиятига зид келмаса. Бунда ҳар қайси тараф алмаштириш йўли билан топшириш мажбуриятини олган товарни сотувчи ва қабул қилиш мажбуриятини олган товарни сотиб олувчи ҳисобланади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак (ФК 497-модда).

 

52.           Лизинг шартномаси, уни тузиш тартиби.

Лизинг шартномаси бўйича лизинг берувчи (ижарага берувчи) бир тараф лизинг олувчи (ижарага олувчи) иккинчи тарафнинг топшириғига биноан сотувчи учинчи тараф билан ундан лизинг олувчи учун мол-мулк сотиб олиш ҳақида келишиш мажбуриятини олади, лизинг олувчи эса бунинг учун лизинг берувчига лизинг тўловларини тўлаш мажбуриятини олади (ФК 587-модда).

Лизинг шартномаси ёзма шаклда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-бобида шартномаларни тузиш умумий тартиби назарда тутилган.

Қуйидагилар лизинг шартномасининг муҳим шартлари ҳисобланади:

лизинг объектининг тавсифланиши (лизинг объектининг миқдори, сифати, рўйхати, контракт қиймати ва бошқа кўрсаткичлари) ва шартнома умумий пул суммасининг кўрсатилиши;

тарафларнинг лизинг объектини олиш ва бериш билан боғлиқ мажбуриятлари;

лизинг объектини бериш тартиби, шу жумладан лизинг объектини етказиб бериш, монтаж қилиш ва фойдаланишга топшириш тартиби;

лизинг тўловларини тўлаш шартлари, миқдорлари, муддатлари ва тартиби;

лизинг объектидан фойдаланиш, унга қараш, уни сақлаб туриш ва таъмирлаш юзасидан тарафларнинг мажбуриятлари;

шартноманинг амал қилиш муддати;

сотувчи ва лизинг объектини танлаш учун масъул тарафнинг кўрсатилиши.

 

53.           Ҳадя шартномаси. Ҳадяни бекор қилиш мумкин бўлган ҳолатлар.

Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин. Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим (ФК 507-модда).

 

54.           Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномаси, унинг шакли ва шартлари.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани бошқа шахсга бериш шартномасига мувофиқ, бир тараф (олувчи) ёши ёки соғлиғи туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлган бошқа тараф (бошқа шахсга берувчи)ни натура ҳолида (уй-жой бериш, овқатлантириш, парваришлаш ва зарур ёрдам кўрсатиш тарзида) умрбод моддий таъминлаш мажбуриятини олади, бошқа шахсга берувчи эса олувчига уй-жой (уйнинг бир қисми)ни, квартирани мулк қилиб бериш мажбуриятини олади (ФК 530-модда).

Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шартномасида бошқа шахсга берувчига қандай моддий таъминот турлари берилиши, уларнинг пул билан ифодаланган бир ойлик баҳоси ва уй-жой (уйнинг бир қисми), квартиранинг қиймати кўрсатилиши лозим. Бериладиган уй-жой (уйнинг бир қисми), квартира ва моддий таъминот қиймати тарафлар келишуви билан белгиланади. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (уйнинг бир қисми), квартирани бошқа шахсга бериш шартномаси Фуқаролик кодекси 110-моддасининг қоидаларига риоя этган ҳолда ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши лозим.

 

55.           Мулк ижарасининг объектлари ва уларни тасарруф этиш.

Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашёлар) мулк ижарасига берилиши мумкин. Қонун ҳужжатларида мулк ижарасига берилиши мумкин бўлмаган ёки чекланган корхоналар турлари (гуруҳлари) ва мол-мулк турлари белгилаб қўйилиши мумкин (ФК 537-модда).

Агар Фуқаролик кодексида, бошқа қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкни ижарага берувчининг розилиги билан иккиламчи ижарага (қўшимча ижарага) топширишга, мулк ижараси шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижара), ижарага олинган мол-мулкни текин фойдаланиш учун беришга, шунингдек бу ҳуқуқларини гаровга қўйишга ва уларни хўжалик ширкатлари ва жамиятлари устав фондига (капиталига) ҳисса сифатида ёки ишлаб чиқариш кооперативига пай бадали сифатида топширишга ҳақли. Кўрсатиб ўтилган ҳолларда ижарага олувчи шартнома бўйича ижарага берувчи олдида жавобгар бўлиб қолаверади, қайта ижара бундан мустасно. Мол-мулкни бошқа шахсларга топшириш ҳақидаги шартнома ижара шартномасининг амал қилиш муддатидан ортиқ муддатга тузилиши мумкин эмас. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ижарага олинган мол-мулкни иккиламчи ижарага топшириш ҳақидаги шартномага нисбатан мулк ижараси шартномаси ҳақидаги қоидалар қўлланилади (ФК 546-модда).

 

56.           Мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ва мол-мулкни ижарага берувчига қайтариш тартиби.

Ижара шартномаси шартларининг ўзгартирилишига, унинг бекор қилинишига ва тўхтатилишига томонларнинг келишуви билан йўл қўйилади. Томонларнинг бири шартнома шартларини бузган тақдирда иккинчисининг талабига кўра ижара шартномаси тегишли суднинг қарори билан бекор қилиниши мумкин.

Мулк ижараси шартномаси бекор бўлганидан кейин ижарага олувчи ижарага берувчига мол-мулкни ўзига топширилган ҳолатда, нормал эскиришни ҳисобга олиб ёки шартномада келишилган ҳолатда қайтариши лозим. Агар ижарага олувчи ижарага олган мол-мулкни қайтармаса ёки кечиктириб қайтарса, ижарага берувчи кечиктирилган барча вақт давомида мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашни талаб қилишга ҳақли. Бу ҳақ ижарага берувчи кўрган зарарни қопламаган тақдирда зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Ижарага олинган мол-мулк ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун шартномада неустойка ундириш назарда тутилган тақдирда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, неустойкадан ташқари зарар тўлиқ миқдорда ундирилиши мумкин (ФК 554-модда).

 

57.           Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси ва унинг шакли.

Транспорт воситасини экипажи билан ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи транспорт воситасини вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ҳақ эвазига ижарага олувчига беради ва ўз кучи билан уни бошқариш ҳамда техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатади. Транспорт воситасини экипажсиз ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи транспорт воситасини бошқариш ва техник фойдаланиш бўйича хизмат кўрсатмаган ҳолда вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ижарага олувчига ҳақ эвазига беради. Ушбу бобнинг ижара шартномасини номуайян муддатга қайта тузиш ва ижарага олувчининг ижара шартномасини янги муддатга қайтадан тузишга имтиёзли ҳуқуқи ҳақидаги қоидалари транспорт воситасини ижарага бериш шартномасига нисбатан қўлланмайди (ФК 564-модда).

Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси, унинг муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак (ФК 565-модда).

 

58.           Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси, унинг шакли ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби.

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига бино ёки иншоотни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёхуд вақтинча фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Агар Фуқаролик кодекснинг корхонани ижарага бериш тўғрисидаги қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу параграфнинг қоидалари корхоналар ижарасига татбиқ этилади (ФК 573-модда).

Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тарафлар имзолайдиган битта ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади. Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномасининг шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Фуқаролар ўртасида тузилган бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.  

Бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим ва рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади (ФК 574-модда).

 

59.           Уй-жойни ижарага бериш шартномаси, муддати ва бекор қилиш тартиби.

Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан бир тараф – уй-жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс (ижарага берувчи) – бошқа тараф (ижарага олувчи)га уй-жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади. Уй-жой юридик шахсларга ижара шартномаси ёки бошқа шартнома асосида эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун топширилиши мумкин. Юридик шахс уй-жойдан фақат фуқароларнинг яшаши учун фойдаланиши мумкин (ФК 600-моддаси).

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган ҳисобланади. Ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуққа эга. Агар ижарага берувчи уй-жойни бир йилдан кам бўлмаган муддатда ижарага бермасликка қарор қилган бўлса, у янги муддатга шартнома тузишни рад қилишга ҳақли (ФК 612-модда).

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади. Уй-жойни ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини уч ой аввал ёзма равишда огоҳлантириб, исталган вақтда ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси:

агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан уй-жой учун олти ой мобайнида, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин икки мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса;

ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур етказилса, ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси:

агар уй-жой доимий яшаш учун яроқли бўлмай қолса, шунингдек авария ҳолатига келиб қолса;

уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда шартномадаги исталган тарафнинг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.

Агар уй-жойни ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасалар ёхуд мунтазам равишда қўшниларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузсалар, ижарага берувчи ижарага олувчини қоидабузарликларга барҳам бериш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириши мумкин. Агар ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар огоҳлантириш олганлардан кейин ҳам уй-жойдан унинг вазифасига биноан фойдаланмасликни ёки қўшниларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузишни давом эттирсалар, ижарага берувчи уй-жойни ижарага бериш шартномасини суд тартибида бекор қилишга ҳақли. Уй-жойни ижарага бериш шартномасини бекор қилиш учун асос бўлган қоидабузарликларга барҳам бериш тартиби ва муддатлари қонун билан белгилаб қўйилади (ФК 615-модда).

 

60.           Қарз ва кредит шартномалари. Ушбу шартномаларнинг шакли.

Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади (ФК 732-модда).

Кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит ташкилотлари бўлмаган тижорат ташкилотларининг кредитлашни амалга оширишига йўл қўйилган ҳолларда кредит шартномаси тўғрисидаги қоидалар бундай тижорат ташкилотлари амалга оширадиган кредитлаш муносабатларига нисбатан қўлланади (ФК 744-модда).

Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди (ФК 745-модда).

 

61.           Суғуртанинг асосий турлари, суғурта шартномасининг шакли ва суғурта сири.

Суғурта фуқаро ёки юридик шахс (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади. Шахсий суғурта шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади.  Қонунда кўрсатилган шахсларга суғурта қилувчилар сифатида бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкини ёхуд ўзининг бошқа шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини ўз ҳисобидан ёхуд манфаатдор шахслар ҳисобидан суғурта қилиш (мажбурий суғурта) мажбурияти қонун билан юкланган ҳолларда суғурта ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ шартномалар тузиш йўли билан амалга оширилади. Мажбурий суғуртада суғурта қилдирувчи суғурталовчи билан суғуртанинг ушбу турини тартибга соладиган қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларда шартнома тузиши шарт. Қонунда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мажбурий суғурта қилиш ҳоллари (давлат мажбурий суғуртаси) назарда тутилиши мумкин (ФК 914-модда).

Суғурта шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим. Бу талабга риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади. Суғурта шартномаси битта ҳужжатни тузиш ёхуд суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан суғурталовчи имзолаган, суғурта шартномасининг шартларини ўз ичига олган суғурта полиси (шаҳодатномаси, сертификати, квитанцияси)ни топшириш йўли билан тузилиши мумкин. Бу ҳолда суғурта қилдирувчининг суғурталовчи таклиф этган шартларда шартнома тузишга рози эканлиги суғурталовчидан кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва суғурта мукофоти тўлаш ёхуд – суғурта мукофоти бўлиб-бўлиб тўланганда – биринчи бадални тўлаш орқали тасдиқланади. Суғурталовчи шартнома тузиш чоғида суғуртанинг алоҳида турлари бўйича суғурта шартномаси (суғурта полиси)нинг ўзи ишлаб чиққан стандарт шаклларини қўлланишга ҳақли (ФК 927-модда).

Суғурталовчи суғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс ва наф олувчи, уларнинг соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги, шунингдек бу шахсларнинг мулкий аҳволи тўғрисидаги ўз касб фаолияти натижасида ўзи олган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Суғурта сирини бузганлик учун суғурталовчи бузилган ҳуқуқларнинг тури ва бузиш хусусиятига қараб  Фуқаролик кодекснинг 985, 1021 ва 1022-моддалари қоидаларига мувофиқ жавобгар бўлади (ФК 933-модда).

 

62.           Интеллектуал мулк объектлари ва уларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1031-моддасига асосан интеллектуал мулк объектлари жумласига қуйидагилар киради:

1) интеллектуал фаолият натижалари:

фан, адабиёт ва санъат асарлари;

ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари;

электрон ҳисоблаш машиналари (бундан буён матнда ЭҲМ деб юритилади) учун дастурлар ва маълумотлар базалари;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари;

селекция ютуқлари;

ошкор этилмаган ахборот, шу жумладан ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);

2) фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар, ишлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар:

фирма номлари;

товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари);

товарлар чиқарилган жой номи;

3) ушбу кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда интеллектуал фаолиятнинг бошқа натижалари ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарлар ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар.

Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш уларнинг яратилганлиги туфайли ёхуд ушбу кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ваколат берилган давлат органи томонидан ҳуқуқий муҳофаза берилиши натижасида юзага келади. Ошкор этилмаган ахборотга ҳуқуқий муҳофаза бериш шартлари қонун билан белгиланади (ФК 1032-модда).

 

НОТАРИАТ СОҲАСИ БЎЙИЧА

 

1. Нотариат соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ–372-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшича киритилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат.

Жумладан, нотариус лавозимига кадрларни танлаш тизимини такомиллаштириш ва нотариат соҳасини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида судьялик лавозимида камида беш йил ёки нотариат соҳасида раҳбарликни амалга оширувчи ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировка муддатини бир йилга ҳамда нотариуслар томонидан беш йилда мажбурий малака ошириш даврийлигини уч йилга қисқартирилган.

Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.), Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2149-сон, 20.10.2010 й.), Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомлар (рўйхат рақами 2165-сон, 20.12.2010 й.)га ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Тадбиркорлик субъектларининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан мурожаатлари мавжуд бўлганда нотариуслар давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олишига оид нормалар киритилди.

Шунингдек, нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилганлигидан сўнг келгусида низо келиб чиқишини олдини олиш, тарафларнинг ҳақиқий хоҳиш иродаси нимадан иборат эканлигини исбот қилиш мақсадида нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аудио, видео ва фото қурилмалардан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланди. Бунда, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахслар бу ҳақда огоҳлантирилиши лозим.

Шу билан бирга, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)га Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосарининг буйруғи (рўйхат рақами 2090-13, 05.04.2017  й.) билан алоҳида янги 21-Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда тасдиқлашга оид параграф киритилди. Шунингдек, адлия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2090-14, 22.06.2017 й.) билан кўчмас мулк объектларига доир нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ахборот коммуникация тизимларини жорий этилишини жадаллаштириш ҳамда талаб қилинадиган ҳужжатлари сонини қисқартириш орқали фуқароларнинг оворагарчиликларини олдини олишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

 2. Кимлар нотариус бўлиши мумкин эмас? Нотариат фаолияти билан шуғулланувчи шахслар фаолиятида қандай чеклашлар мавжуд?

“Нотариат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
2-моддасига асосан йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йил муддатли иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида икки йил муддатли стажировкани ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин. Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарликни амалга оширувчи ва ушбу фаолиятни назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш муддати бир йилни ташкил этади.

Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас:

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахс.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига кўра нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳамда шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.

 

3. Давлат нотариал идорасида стажировка ўташ тартиби қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинади, шунингдек нотариус стажёрининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

Давлат нотариал идорасида стажировка ўташ тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонуни, Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида (рўйхат рақами 2149, 20.10.2010 й.)ги ҳамда Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2165, 20.12.2010 й.)лар билан тартибга солинади.

Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, стажёр стажировкани ўташ даврида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

адлия бошқармаси томонидан ташкил этиладиган амалий машғулотларда қатнашишга;

нотариал ҳаракатларни амалга оширилишида иштирок этишга;

нотариал идорада мавжуд бўлган ҳуқуқий маълумотлар базаларидан, махсус адабиётлардан фойдаланишга;

қонун ҳужжатларини туркумлаштириш, стажировка раҳбарига топшириқларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар тўплаш билан шуғулланишга;

стажировка раҳбари билан биргаликда нотариал тасдиқланиши лозим бўлган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга ҳақли.

Стажёрнинг мажбуриятлари қуйидагилар:

стажировка раҳбари ва бошқа нотариуснинг топшириқларини виждонан, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши;

амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича ўзларига маълум бўлган ахборотларни сир сақлаши;

нотариал идоранинг меҳнат интизомига риоя этиши шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ стажёр бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

 

4. Муайян ҳудудда (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг сонини белгилаш тартиби ва у қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида тартибга солинади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил
2 июндаги 104-сон қарори билан Нотариал округда нотариуслар лавозимлари сонини белгилаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, ушбу низом билан нотариуслар лавозимлари сонини белгилаш, давлат нотариал идораларида янги штат бирликларини жорий этиш мезонлари белгиланган.

Унга кўра ҳар бир нотариал округда камида битта нотариус лавозими таъсис этилади. Иккинчи ва ундан кейинги нотариуслар лавозимларини белгилашда қуйидаги мезонларнинг ҳаммаси ҳисобга олинади:

а) нотариал округ нотариуслари томонидан, қоидага кўра, охирги уч йилда амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг ўртача ойлик сони. Бунда нотариуслар лавозимлари сони бир нотариусга бир ойда 350 – 500 нотариал ҳаракатлар ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади;

б) нотариал округдаги аҳоли сони. Бунда нотариуслар лавозимлари сони қуйидаги тарзда белгиланади:

Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоят марказлари чегараларида белгиланган нотариал округларда – 15 мингдан кўп бўлмаган аҳолига бир нотариус;

вилоят бўйсунишидаги шаҳарлар чегараларида белгиланган нотариал округларда – 25 мингдан кўп бўлмаган аҳолига бир нотариус;

қишлоқ туманлари чегараларида белгиланган нотариал округларда – 30 мингдан кўп бўлмаган аҳолига бир нотариус.

Мазкур мезонларга қўшимча равишда, нотариуслар лавозимлари сонини белгилашда муайян ҳолатлардан келиб чиқиб, шунингдек бир нотариал округ чегараларида аҳоли пунктларининг бир-биридан олислиги ва улар ўртасидаги мавжуд транспорт алоқаси ҳисобга олиниши мумкин.

Нотариал округда нотариуслар лавозимлари сони тўғрисидаги таклифлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан киритилади.

Таклифларга нотариал округ бўйича қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлган материаллар илова қилинади:

охирги уч йилда амалга оширилган нотариал ҳаракатлар сони;

аҳоли сони;

давлат нотариал идораси таъминоти харажатларини қоплаш имконияти;

нотариал округда нотариуслар лавозимлари сони тўғрисидаги таклифни асослайдиган бошқа маълумотлар.

Давлат нотариал идораларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қарори билан нотариуснинг уларнинг таъминотига маблағлар мавжуд бўлган тақдирда нотариуснинг стажёри, нотариуснинг котиби ва архивариус лавозимлари жорий этилиши мумкин.

 

5. Нотариуснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унинг касбий мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш оқибатларини таҳлил қилинг.

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг
17-моддасига асосан нотариус қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига мурожаат қилган барча шахслар учун ушбу Қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, нотариал ҳаракатни амалга ошириш жойи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно;

битим ва аризаларнинг лойиҳаларини тузиш, ҳужжатларнинг нусхаларини ва улардан кўчирмаларни тайёрлаш, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

жисмоний ва юридик шахслардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш;

жисмоний ва юридик шахслар номидан тегишли давлат органларига
мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун, шунингдек ҳужжатларнинг чет элда амал қилиши учун мазкур органлар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларни олган ҳолда ҳужжатларни легаллаштириш учун мурожаат қилиш.

Мазкур Қонуннинг 18-моддасига асосан нотариуснинг мажбуриятлари қуйидагилардир:

жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;

томонлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши, ушбу битимлар мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши;

юридик жиҳатдан бехабарлик жисмоний ва юридик шахслар зарарига фойдаланилмаслиги учун амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида уларни огоҳлантириши;

қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши;

нотариал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунчилик бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда уч йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига тақдим этиши;

суд, прокуратура, тергов органлари талабига биноан мазкур органларнинг юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида маълумотномалар (маълумотлар) бериши;

битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1972-моддасига асосан нотариуснинг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, шу жумладан нотариусга нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этмаслик – энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

6. Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби ва у қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида тартибга солинади?

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг
19-моддасига кўра, нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги учун  қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

Шунингдек, нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни ва тегишли харажатларни қоплаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 декабрдаги
318-сон қарори билан тасдиқланган Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида низом билан белгиланган. Бунда зарар ва харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги “Судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–3240-сон қарори билан ташкил этилган бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахс ўзига етказилган зарарни ундириш ҳуқуқига эга. Бунда, суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори зарар қопланиши учун асос ҳисобланади.

Суднинг зарарни қоплаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарори асосида адлия бошқармаси томонидан нотариусни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала ҳал қилиниши керак.

Адлия бошқармаси томонидан қопланган сумма кейинчалик аксинча талаб (регресс) тартибида нотариусдан ундириб олиниши керак.

Нотариус адлия бошқармаси томонидан зарарни қоплаш учун юридик ва жисмоний шахсларга ўтказилган маблағларнинг тўлиқ суммасини қоплайди.

Юридик ва жисмоний шахсга зарар қоплангандан сўнг икки кундан кечикмай адлия бошқармаси нотариусга тўланган қоплаш миқдорида аксинча талаб (регресс) билан мурожаат қилади.

Нотариус билан меҳнат шартномасининг тўхтатилиши уни зарар ва тегишли харажатларни қоплаш мажбуриятидан озод қилмайди.

 

7. Нотариал иш юритиш қоидалари, нотариал ҳужжатларни сақлаш муддатлари ва тартиби қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинади?

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг
10-моддасига асосан нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архивини юритиши шарт.

Нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач адлия бошқармалари ҳузуридаги нотариал архивларга топширилиши керак.

Шунингдек, нотариал иш юритиш қоидалари, нотариал ҳужжатларни сақлаш муддатлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланиши белгиланган. Шу асосда, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2170, 22.12.2010 й.) билан Давлат нотариал идораларида нотариал иш юритиш қоидалари  тасдиқланган.

Мазкур Қоидаларга кўра, нотариал иш юритишни тўғри ташкил қилиш учун нотариал идорада раҳбарлик қилувчи нотариус жавобгардир. Нотариал иш юритиш ва (ёки) архив ишларини олиб бориш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари раҳбарининг буйруғи билан нотариал идора ходимларидан бирига юкланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида” ва “Нотариат тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ нотариал идораларда нотариал иш юритиш ва нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.

Нотариал идорада ижро қилиниши лозим бўлган барча ҳужжатлар, шу жумладан аризалар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади. Нотариал идора фаолиятига тегишли бўлмаган хатлар, шахсий ёзишмалар, табрикномалар, таклифномалар ва шунга ўхшаш ёзишмалар рўйхатдан ўтказилмайди.

Ҳужжатлар ижро этилганидан кейин нотариал идора ҳужжатлар йиғмажилдларининг намунавий номенклатурасида кўрсатилган йиғмажилдга тикилади.

Жорий иш юритиш реестрлари, мерос ишлари йиғмажилдлари ва тугалланган йиғмажилдлар нотариал идора архивига топширилишига қадар чангдан, қуёш нури таъсиридан ҳимоялайдиган ва уларнинг яхши сақланишини таъминлайдиган шкафларда туради.

 

8. Нотариал ҳаракатларнинг махфийлиги ҳақида нималарни биласиз? Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) кимларга берилиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг
6-моддасига мувофиқ нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (маълумотномалар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади. Кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органига тақдим этилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) кредит бюросига унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

9. Нотариал ҳаракатлар ва нотариуслар томонидан амалга ошириладиган бошқа ҳаракатлар учун ҳақ тўлаш тартиби ва у қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинади? Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда кимлар давлат божи тўлашдан озод этилади?

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар ва бошқа ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3-ноябрдаги  553-сон қарори билан тасдиқланган  Давлат божи ставкалари ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг
2010 йил 22 декабрдаги “Давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ миқдорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 98-ум-сон буйруғи билан тартибга солинади.

Бунга кўра, битимларни, васиятномаларни ва ҳужжатнинг бир тилдан бошқа тилга қилинган таржимасининг тўғрилигини тасдиқлаганлик учун ҳамда ижро хатлари ёзиб берганлик, мерос мулкни муҳофаза қилиш чораларини кўрганлик ва бошқа нотариал ҳаракатларни амалга оширганлиги учун белгиланган миқдорда давлат божи, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш учун, битим ва аризаларнинг лойиҳаларини тузиш учун, техник тусдаги ҳаракатлар амалга ошириш учун ва бошқа ҳаракатлар учун ҳақ ундирилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 331-моддасида кўрсатилган.

 

10. Илгари тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги шартномаларни тасдиқлашда давлат божи қандай тартибда ундирилади ?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддаси ўн саккизинчи хатбошига асосан талаблардан ўзганинг фойдасига воз кечиш ва қарзни ўтказиш тўғрисидаги, илгари тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки шартноманинг дастлабки суммасини кўпайтириш тўғрисидаги шартномаларни тасдиқлашда давлат божи амалга оширилмаган ҳуқуқларни ҳамда ижро этилмаган мажбуриятларни баҳолашдан ёхуд илгари тузилган шартнома суммаси кўпаяётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил
3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг
4-банди “д” кичик бандига асосан баҳоланадиган бошқа шартномаларни тасдиқлаганлик учун‎‎ шартнома суммасининг 1,0 фоизи миқдорида, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг камида 20 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

 

11. Уй, квартира, уйнинг, квартиранинг бир қисми, шу жумладан дала ҳовлилар, гаражлар, бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларнинг олди-сотди, алмаштириш, рента олиш, умрбод таъминлаш шарти билан бошқаларга бериш ва ҳадя қилиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи ундириш тартиби.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-банди “б” кичик бандига асосан квартиралар (квартираларнинг бир қисми), шу жумладан хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), дала ҳовлилар, гаражлар, бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларнинг олди-сотди, алмаштириш, рента олиш, умрбод таъминлаш шарти билан бошқаларга бериш ва ҳадя қилиш шартномаларини:

мулкдорнинг хотинига (эрига), унинг ва хотинининг (эрининг) ота-оналарига, болаларига, набираларига, бувиларига, буваларига, туғишган ака-укалари ва опа-сингилларига тасдиқлаганлик учун‎‎ 1 кв. м. майдон учун энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 фоизи миқдорида‎;

бошқа жисмоний ва юридик шахсларга тасдиқлаганлик учун 1 кв. м. майдон учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида;

хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми) ким ошди савдоси орқали сотилганда шартномаларни тасдиқлаганлик учун 1 кв. м. майдон учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Шунингдек, уй-жойлар (уйларнинг бир қисми), квартиралар (квартираларнинг бир қисми) ва дала ҳовлилар учун ставка турар жой майдонидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади. Гаражлар, бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатлар учун ставка умумий майдондан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади.

 

12. Нотариал округ ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи тўғрисида маълумот беринг.

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига асосан нотариуснинг фаолият кўрсатиш ҳудуди (нотариал округ) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мувофиқ белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари аниқ ҳолатларни ҳисобга олиб муайян нотариал округда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни бошқа нотариал округда фаолият юритаётган нотариусга юклаши мумкин. Нотариусга мазкур нотариал округ доирасида иш жойи берилиши шарт.

Ҳар бир фуқаро ёки юридик шахс нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Нотариуснинг нотариал ҳаракатни белгиланган фаолият ҳудудидан ташқарида амалга ошириши бу ҳаракатни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлмайди.

Нотариус мавжуд бўлмаган ҳудуддаги васият қилувчи оғир касал бўлган ҳолларда васиятномани тасдиқлаш учун нотариус ўзи хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарига чиқишга ҳақлидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 30-моддасига асосан нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.

 

13. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишни тўхтатиб туриш ва кечиктиришнинг тартиби, муддатлари ва ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот беринг.

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддасига биноан нотариал ҳаракатлар ҳақ тўланганидан сўнг зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиш ёки ҳужжатларни экспертизага юбориш зарур бўлганида кечиктирилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, башарти қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлигини сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра унга нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим.

Бир манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашаётган бошқа манфаатдор шахсдан ариза тушганлиги тўғрисида суддан маълумот олинган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга ошириш мазкур иш судда ҳал бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

 

14. Нотариус қандай фактларни тасдиқлайди? Қайси ҳолатларда нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилади?

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига кўра нотариус фуқаронинг тирик эканлиги, фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактларини, фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини ҳамда ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)га кўра, нотариус фуқаронинг тирик эканлиги, муайян жойда эканлиги фактларини фуқаронинг илтимосига кўра тасдиқлайди.

Бундай нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади. Вояга етмаган шахснинг фуқаронинг тирик эканлиги, муайян жойда эканлиги фактларини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган ташкилотнинг ёзма илтимосига кўра амалга оширилади.

Нотариус мурожаат қилган шахсга фуқаронинг тирик эканлиги ва муайян жойда эканлиги ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради.

Нотариус фуқаро тақдим этган фотосуратдаги шахс шу фуқаронинг айнан ўзи эканлигини тасдиқлайди ва унинг тасдиғи сифатида гувоҳнома беради. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.

Фотосурат гувоҳноманинг берилаётган нусхасининг юқори чап бурчагига қўйилиб, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади. Бунда муҳр қисман фотосурат устига, қисман эса гувоҳнома устига қўйилиши керак.

Бундан ташқари, нотариус ўзига ҳужжат тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.

Нотариус ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда ҳужжат тақдим этган жисмоний шахснинг шахсини ёки ваколатини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини ва вакилининг ваколатини аниқлайди. Бу нотариал ҳаракат манфаатдор шахснинг ёзма аризасига асосан амалга оширилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 38-моддасига асосан нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

 

15. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштириладиган васиятномалар ва ишончномалар кимлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим? Консуллар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланилади?

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасига кўра қуйидагилар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади:

касалхоналарда, госпиталларда, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаётган фуқароларнинг ушбу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош шифокорлари, уларнинг тиббиёт бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи шифокорлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ва бош шифокорлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда сафарда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

қидирув экспедицияларида ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бўлган фуқароларнинг шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар жойлашган, нотариуслар бўлмаган пунктларда эса, шу қисмларда ишловчи ҳарбий хизматчи бўлмаган шахсларнинг, улар оила аъзоларининг ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ва ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ва ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигининг қарори (рўйхат рақами 2191, 31.01.2011 й.) билан Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ амалга оширадилар.

 

16. Васиятномани тузиш, бекор қилиш ёки ўзгартириш тартиби. Васият қилувчи саводсиз бўлган тақдирда нотариуснинг ҳаракати.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120, 1125, 1127-моддалари, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 26, 45-46-моддалари, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 173-179-бандларида васиятномаларни тасдиқлаш тартиби белгиланган.

Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани васият қилувчи сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиш пайтида умумий қабул қилинган техника воситаларидан (ёзув машинкаси, шахсий компьютер ва ҳоказолардан) фойдаланилиши мумкин.

Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.

Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади.

Васият қилувчи исталган вақтда ўз васиятномасини тўлалигича бекор қилишга ёхуд унда мавжуд бўлган айрим васият фармойишларини янги васиятнома тузиш орқали бекор қилишга, ўзгартиришга ёки тўлдиришга ҳақли.

Васиятнома васият қилувчи томонидан ёки васият қилувчининг ёзма фармойишига биноан нотариус ёхуд бошқа мансабдор шахслар томонидан унинг барча нусхаларини йўқ қилиб ташлаш йўли билан бекор қилиниши мумкин.

Янги васиятнома тузиш орқали олдин тузилган васиятнома тўлалигича ёки унинг кейинги васиятномага зид бўлган қисми бекор қилинади.

Агар васият қилувчи томонидан кейинги васиятнома ўз навбатида бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса, янги васиятнома тузиш орқали тўлалигича ёки қисман бекор қилинган олдинги васиятнома қайта тикланмайди

 

17. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома ва эр-хотиннинг мулкини бўлиш ҳақидаги шартномани тасдиқлаш.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23, 27-28-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддаси ва “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 271-279-бандларига асосан нотариуслар эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради.

Жумладан, нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.

Уй-жойга (уй-жойнинг бир қисмига), квартирага, дала ҳовлига, боғ ҳовлига, гаражга, шунингдек бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома шу мол-мулклар жойлашган ердаги нотариус томонидан берилади.

Нотариус эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномани бериш пайтида никоҳ тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, агар кўчмас мулкка ва (ёки) автомототранспорт воситаларига мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани берилаётган бўлса, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси ва (ёки) транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси талаб қилинади.

Нотариус эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берганлиги ҳақида мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга ёзиб қўяди.

Эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) ёзма аризасига кўра мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилиб, меросни қабул қилиб олган меросхўрлар бу хусусда хабардор қилинади.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома матнида мол-мулкнинг тўлиқ тавсифи кўрсатилади.

Нотариус уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига, автомототранспорт воситасига нисбатан берилган эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномага “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасида, ДЙҲХХ органларида рўйхатга олиниши ҳақида ёзиб қўяди ва тушунтиради.

 

18. Мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйиш асослари. Кимлар тақиқ қўйиш ҳуқуқига эга?

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 64-моддасига асосан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш қонунларда белгиланган шартларда ва тартибда амалга оширилади.

Нотариус:

гаров (гаров шартномасининг барча тури бўйича) шартномаларини тасдиқлашда, шартнома предмети бўлган мол-мулкни;

тарафлар ўртасида тўлов мажбуриятини кечиктириш шарти билан кўчмас мол-мулкни, корхонанани ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлашда, тўлов тўлиқ амалга оширилгунга қадар битимларда кўрсатилган мулкни;

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 248-249-моддаларига асосан суд (судья)нинг жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш тўғрисидаги ажримага асосан унда кўрсатилган мол-мулкни;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддасига асосан ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суднинг гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши тўғрисидаги қарорига асосан унда кўрсатилган мол-мулкни;

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 76-77-моддаларига асосан суд (судья)нинг жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш тўғрисидаги ажримага асосан унда кўрсатилган мол-мулкни;

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан суд ижрочиси ундирувчининг қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиб, уларни хатлаш тўғрисидаги қарорига асосан унда кўрсатилган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўяди.

Тақиқ ва хатлов базасини юритувчи давлат нотариал идорасига қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлаш ҳамда уларни олиб ташлаш ҳуқуқига эга органлар ва мансабдор шахслар томонидан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлаш ёхуд уни бекор қилиш ҳақида хабарлар белгиланган тартибда юборилса, ушбу хабарларнинг давлат нотариал идорасига келиб тушган аниқ вақти (соат, дақиқа) ҳақида Ҳужжатларнинг кирим дафтарида қайд этади ва алифбо китобига ҳамда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритади.

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг                             31-моддасига асосан манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш ўн кун муддатга кечиктирилганда, ушбу муддат ичида мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ҳақида нотариус томонидан “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумот киритилади. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариус томонидан тақиқ олиб ташланганлиги ҳақида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумот киритилади ва нотариал ҳаракат амалга оширилади.

Бошқа шахсга ўтказиш тақиқланган ёки хатланган мол-мулк ҳақидаги маълумотлар зудлик билан “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиши лозим.

Мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақидаги маълумот “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилади. Бунда, мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома чоп этилади ва тегишли ҳужжатлар йиғмажилди билан бирга тикилади.

Жисмоний ва юридик шахснинг талабига кўра унга тегишли мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақида маълумотнома берилади.

 

19. Мерос мол-мулкини рўйхатга олиш ва уни сақлаш учун топшириш тартиби. Мерос мулкини қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўришда нотариуснинг ҳаракатлари.

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 52-моддаси ҳамда Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)га асосан мерос очилган жойдаги нотариус, башарти қонун бўйича меросхўрларнинг ёки васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг, кредиторлар ёки давлатнинг манфаатлари учун зарур бўлса, жисмоний ва юридик шахсларнинг хабарига кўра ёки ўз ташаббуси билан мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради.

Мерос мол-мулкини қўриқлашга доир ишларни амалга ошириш жараёнида нотариус ушбу мол-мулкни қўриқланишини таъминловчи қуйидаги чора-тадбирларни кўради:

мерос очилган жойини аниқлайди;

яшаш жойи маълум бўлган меросхўрларни мерос очилганлиги ҳақида ва мол-мулкни рўйхатга олиниши тўғрисида хабардор қилади;

ўлим фактини тасдиқлаш учун ўлим ҳақидаги гувоҳномани ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирмани талаб қилади, гувоҳноманинг нусхаси мерос ишида қолдирилади;

мерос мол-мулкни қўриқлашга дастлабки чора-тадбирлар кўрилган ёки кўрилмаганлигини, агар кўрилган бўлса, унда бу чора-тадбир ким томонидан кўрилганлигини, мерос қолдирувчининг мол-мулки турган хона (хоналар) муҳрланганлигини, бу хонанинг (хоналарнинг) калити кимдалигини аниқлайди;

мерос бўлиб қолган мол-мулкни рўйхатга олиш тўғрисида меросхўрлар ёки бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилади.

 

20. Мерос қолдирувчининг қайси ҳуқуқ ва мажбуриятлари мерос таркибига кирмайди?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1113-моддаси иккинчи қисмига асосан мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар:

юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;

ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;

алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;

меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;

мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.

Шунингдек, мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.

 

21. Банкка қўйилган омонат ва қимматли қоғозлар мерос таркиби объекти бўлганда нотариуснинг ҳаракатлари.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 249-бандига асосан омонатни банк муассасаларига қўйган омонатчи ўзининг вафотидан кейин омонатларини бошқа шахсларга бериш ёки давлатга ўтказиш ҳақида васият қолдирган бўлса ва бу омонат Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 18-бобида ёки Оила кодексининг 23-моддасида белгиланган умумий биргаликдаги мулкни ташкил этса, омонатчининг васияти фақатгина ўзининг улушига нисбатан татбиқ қилинади.

Банкларда сақланаётган омонатга васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришда Фуқаролик кодексининг 1142-моддаси қоидалари қўлланилади.

Бундан ташқари Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 258-бандига асосан акциядорлик жамиятининг акциядорларининг мерос мол-мулки таркибига уларга тегишли бўлган акциялар киради.

Ҳужжатсиз шаклдаги қимматли қоғозларга мулк ҳуқуқи тегишли депозитарийлардан олинган депо ҳисобварағининг кўчирмасига асосан тасдиқланади.

Мерос олиш тартибида нафақат қимматли қоғозлар тури сифатида акциялар балки тўлиқ ширкат, коммандит ширкат, қўшимча масъулиятли ёки масъулияти чекланган жамият иштирокчисининг, ишлаб чиқариш кооперативи аъзосининг (иштирокчи, ҳисса қўшувчи, коммандитчининг) улуши (ҳиссаси) кирса, бунда тегишли ширкат, кооператив, жамиятдаги ушбу иштирокчининг (аъзонинг) устав фондидаги (капиталидаги) улуши (ҳиссаси) ҳам киради. Ушбу ҳуқуқларга мерос қолдирувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишлилигининг далили сифатида нотариус учун тегишли ташкилотларнинг таъсис ҳужжатлари ёки бу ҳақда меросхўрлар томонидан тақдим этилган бошқа ҳужжатлар хизмат қилади. Меросхўрларда ушбу исботловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, нотариус кўрсатилган ташкилотларнинг мансабдор шахсларидан тегишли ҳужжатларни олишда кўмак бериши лозим. Тадбиркорлик субъектлари нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан мурожаат этса, юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари нотариус томонидан тегишли юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказган ташкилотдан идоралараро сўров орқали олинади. Меросхўрлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар текширилгандан кейин уларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

 

22. Меросхўрлар доирасига кимлар киради? Кимлар нолойиқ меросхўр ҳисобланади? Уларни меросдан четлаштириш тартиби.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1118-моддасига асосан мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Қолаверса, мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Демак, марҳумнинг васиятномасида кўрсатилган шахс (жисмоний ва юридик шахс)лар, ҳамда давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари васият бўйича меросхўр бўлиши мумкин.

Қонун бўйича меросхўрлар булар марҳумнинг қариндошлари ва боқимлари бўлиши мумкин. Улар қонун бўйича мерос олишга навбат билан чақирилади. Бунда уларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-1141-моддаларида қонун бўйича меросхўрларнинг навбати кўрсатилган.

Қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар – мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва
ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар (1135-модда).

Қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик - мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар (1136-модда).

Қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик -мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар (1137-модда).

Қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик - Мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар Ворисликка чақириладиган тўртинчи навбатдаги ворислар тенг улушларда мерос оладилар (1138-модда).

Қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик - мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар ушбу Кодекснинг 1141-моддаси асосида мерос олмасалар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар (1139-модда).

Фуқаролик кодексининг 1119-моддасига асосан мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1119-моддаси қоидалари васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади. Шунингдек, ушбу қоидалар ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.

 

23. Меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунга қадар харажатларни тўлаш ҳақидаги нотариуснинг фармойиши.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1155-моддаси, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 57-моддаси, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 228-229-бандларига асосан мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.

 

24. Умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш тартиби қандай? Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома учун ундириладиган давлат божи.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1114-моддасига асосан умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва  Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 226-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23, 27-28-моддаларида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса – бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.

Бунда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилган мол-мулк қисмидан, яъни мархумнинг умумий биргаликдаги мол-мулкдаги улушидан келиб чиқиб давлат божи ундирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-банди “и” кичик бандига асосан  меросга эгалик ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома берганлик учун: 

биринчи навбатдаги ворисларга‎‎‎‎‎ мерос суммасининг 0,1 фоизи миқдорида;‎‎‎

‎иккинчи навбатдаги ворисларга‎‎‎ мерос суммасининг 0,5 фоизи миқдорида;‎‎‎

‎қолган ворисларга‎‎‎‎ мерос суммасининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.‎‎‎

Лекин, юқоридаги Давлат божи ставкаларида меросни васият бўйича эгаллаган меросхўрга нисбатан миқдор аниқ кўрсатилмаган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунини шарҳлайдиган бўлсак, васият бўйича ворислар бошқа ворислар қаторига киради ва улар мерос суммасининг 2 фоизи миқдорида давлат божи тўлашлари лозим бўлади.

 

25. Марҳумнинг мерос мулк тариқасида қурол, ов милтиғи, портловчи моддалар бўлган тақдирда уларни топшириш тартиби.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 220-бандига асосан марҳумнинг мол-мулки таркибида бўлган барча турдаги қурол, шу жумладан, ов милтиғи ва портловчи моддалар махсус рўйхат бўйича ички ишлар органларига топширилади. Шунингдек, ушбу Йўриқноманинг 257-бандига асосан агар мерос мулки таркибига ов милтиғи кирса, бунда нотариус ички ишлар органлари томонидан мерос қолдирувчига ушбу милтиқни сақлаш учун берилган рухсатномани ва овчи билетини меросхўрдан талаб қилади.

 

26. Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик ва “мерос трансмиссияси” деганда нимани тушунасиз? Кимлар меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига асосан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Бола, невара, чевара, эвара меросхўрлигида тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади, ён қариндошлик бўйича меросхўрликда тақдим қилиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг туғишган ака-укалари (опа-сингиллари) номидан унинг жиянлари ёхуд мерос қолдирувчининг туғишган амакиси (тоғаси) ёки аммаси (холаси) номидан унинг амакиваччалари (тоғаваччалари) ва аммаваччалари (холаваччалари) эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11401-моддасига асосан агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин.

Меросхўрнинг Фуқаролик кодексининг 1142-моддасида назарда тутилган мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1142-моддасига асосан мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.

 

27. Фермер хўжалиги бошлиғи вафот этса, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи ва мерос мулклари қандай тартибда расмийлаштирилади? Бунда давлат божи қандай ундирилади?

Ўзбекистон Республикаси “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига мувофиқ фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддатига мерос бўйича ўтади.

Ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин фермер хўжалиги ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг бошлиғи вафот этган тақдирда, ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига унинг меросхўри эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунининг  13-моддаси ва Солиқ кодексининг 331-моддаси 16-бандига асосан хўжаликда фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги учун давлат божи тўлашдан озод этиладилар.

 

28. Нусхаларини нотариал шаҳодатлантириш талаб этилмайдиган ҳамда нотариал шаҳодатлантириш мумкин бўлмаган ҳужжатларга нималар киради?

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 286-289-бандларига асосан нотариуслар жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини ушбу ҳужжатлар қонунга зид бўлмаган, юридик аҳамиятга эга бўлган ҳамда уларнинг нусхалари ва улардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш қонун билан тақиқланмаган ҳоллардагина шаҳодатлайди.

Нотариус томонидан қуйидагилар:

фуқаронинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларининг нусхаси шаҳодатлантирилмайди, халқаро шартномаларда шаҳодатлантирилиши талаб қилинган ҳоллар бундан мустасно;

матни ноаниқ бўлган, ўчирилган, қўшимча сўзлар ёзилган, ҳужжатга доир маълумотлар тўлиқ ёзилмаган ҳамда назарда тутилмаган бошқа ўзгартиришлар қилинган, лекин тегишли тартибда изоҳ берилмаган ҳужжатларнинг нусхалари шаҳодатланмайди.

 

29. Ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини ва ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш қандай амалга оширилади? Ундириладиган давлат божи.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 300-303-бандларига асосан нотариус, башарти у тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан қилиниши мумкин, нотариус унинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.

Таржима нотариусга маълум бўлган ва тегишли тилни билган таржимон томонидан қилиниши керак. Таржимоннинг тегишли тилни билиши унинг дипломи ёки махсус маълумотга эга эканлиги ҳақидаги сертификат ёхуд тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланади.

Нотариал ҳаракатни (битимни тасдиқлаш, нусхаларнинг ва шу кабиларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш) амалга ошириш пайтида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг (улардан бирининг) илтимосига кўра айни вақтда бошқа тилга таржимаси ҳам қилинадиган бўлса, таржима асл нусха билан бир варақда, яъни иккала матн тик чизиқ билан бўлинган варақда ёнма-ён жойлашиши, асл матн чап томонда, таржима матни эса ўнг томонда бўлиши керак. Бунда ҳужжатнинг бутун матни ва муҳр ҳам таржима қилинади.

Агар таржима таржимон томонидан қилинса, унинг имзоси, фамилияси, исми, отасининг исми ҳужжатнинг таржима матни тагига қўйилади. Ҳужжатни имзоловчи шахслар ҳужжатнинг асл матни ва таржима қилинган матни тагига ўзларининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзо қўядилар. Бунда ҳужжатнинг таржима матнидаги уларнинг имзолари таржимон имзосидан кейин қўйилади. Нотариуснинг тасдиқловчи ёзуви ҳужжатнинг асл матни ва таржима матни тагига қайд этилади.

Нотариал ҳаракат бажарилаётганда айни вақтда ҳужжатнинг таржимаси ҳам қилинадиган бўлса, у ҳолда нотариуснинг тасдиқловчи ёзувида иккита нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги кўрсатилади. Бунда, давлат божи иккита нотариал ҳаракат учун ундирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-банди “о” кичик бандига мувофиқ ҳужжатнинг бир тилдан бошқа тилга қилинган таржимасининг тўғрилигини тасдиқлаганлик учун ҳар бир бет учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

 

30. Жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топшириш тартиби.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 314-318-бандларига асосан нотариус жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини олиб бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади. Аризалар топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга олганлиги ҳақида имзоси қўйилиб топширилади. Аризалар телефакс, компьютер тармоқлари ва бошқа техник воситалардан фойдаланиб ҳам узатилиши мумкин. Аризаларни узатиш учун техник воситалардан фойдаланишга кетган харажатларни нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраган шахс тўлайди.

Нотариус нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ (ишончномани бекор қилиш ҳақидаги ариза, қарз шартномаси бўйича қарздорга аризани топшириш, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга аризани топшириш ва ҳоказо) бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини олиб бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ҳам топшириши мумкин.

Аризалар нотариал идорага камида икки нусхада тақдим этилади. Улардан бири топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга имзо қўйилиб топширилади. Иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.

Ариза почта орқали юборилган тақдирда, у олувчига нотариуснинг кузатув хати билан юборилади. Кузатув хатининг давлат нотариал идорасида қоладиган нусхасига шу аризанинг берилганлиги қайд этилган реестрнинг рақами кўрсатилади ва давлат божи тўланганлиги ёзиб қўйилади.

Ариза берган шахснинг илтимосига кўра унга аризанинг топширилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.

Гувоҳномада аризанинг мазмуни кўрсатилиши лозим. Аризалар ва гувоҳномалар берилганлиги ҳақида реестрга ёзиб қўйилади.

 

31. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш тартиби. Нотариус томонидан депозитга қабул қилинган пул суммаларининг сақланиш муддати.

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 74-моддаси ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 319-340 бандларига асосан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади. Депозитга чет эл валютасидаги пул суммасини ҳам топшириш мумкин.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 249-моддасига мувофиқ қарздор ўзи тўлаши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига қўйишга ҳақли, башарти мажбурият қарздор томонидан қуйидагилар туфайли бажарилиши мумкин бўлмаса:

мажбурият бажарилиши лозим бўлган жойда кредитор ёки ижрони қабул қилиб олиш учун у вакил қилган шахс бўлмаса;

кредитор муомалага лаёқатсиз бўлса ва унинг вакили бўлмаса ёки вакил рози бўлмаса;

мажбурият бўйича ким кредитор эканлиги хусусида аниқлик йўқлиги кўриниб турган бўлса, хусусан, бу ҳақда кредитор билан бошқа шахслар ўртасида низо чиққанлиги муносабати билан;

кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бўйин товлаши ёки у томонидан бошқача йўл билан кечиктирилиши муносабати билан.

Пул суммалари ва қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига қўйиш мажбуриятни бажариш ҳисобланади.

Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш мажбурият бажариладиган жойдаги нотариус томонидан амалга оширилади.

Депозитдаги кредиторларга берилиши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозлар уч йил мобайнида сақланади. Ушбу муддатлар ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган пул суммалари ва қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.

 

32. Ижро хатларини ёзиш тартиби ва у қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинган. Ундириладиган давлат божи.

Нотариус ижро хатларини ёзишда Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 76-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 18 январдаги 26-сон қарори билан тасдиқланган Нотариусларнинг ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхати, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 341-3471-бандлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига асосланади.

Нотариуслар ижро хатлари ёзиб берганлик чун ундириладиган сумманинг  1 фоизи миқдорида, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг
10 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда давлат божи ундиради.

 

33. Фуқаронинг касаллиги, ногиронлиги сабабли нотариал идорага кела олмайдиган ҳолатда ёки кар-соқовлик нуқсони бор фуқаролар иштирокида нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва давлат божи ундириш тартиби.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 9-бандига асосан фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра давлат нотариал идорасига бора олмайдиган айрим ҳолларда ёки юридик шахс томонидан таклиф қилинганда, нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораси биносидан ташқарида, яъни мазкур фуқаро ёки юридик шахс ёхуд унинг вакили жойлашган жойда амалга оширилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатлар давлат нотариал идораси биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрида нотариал ҳаракат амалга оширилган жойнинг манзили кўрсатилади.

Солиқ кодексининг 338-моддасига асосан давлат нотариал идораси биносидан ташқарида амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар учун давлат божи икки баравар миқдорда ундирилади, озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг ишончномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 107-моддаси олтинчи қисми ҳамда Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 4-бандига асосан агар, фуқаро жисмоний камчилиги, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли битимни шахсан ўзи имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан битимни бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бошқа фуқаронинг имзоси нотариус ёки бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахс томонидан гувоҳлантирилиб, битим тузувчи уни шахсан ўзи имзолай олмаслигининг сабаблари кўрсатилиши шарт.

 

34. Нотариуслар томонидан шартномани бекор қилиш тўғрисидаги келишув шартномларини тасдиқлаш тартиби. Томонларнинг келишувига кўра кўчмас мулкка нисбатан тузилган шартномани бекор қилиш тартиби.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 41-бандига асосан мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни бекор қилиш ҳақидаги битим асосий битимга қўшиб қўйиладиган алоҳида ҳужжат тузиш йўли билан амалга оширилади.

Мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни бекор қилиш пайтида, бу битим тегишли “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасида қайд этилган ёки қайд этилмаганлигидан қатъи назар, нотариус тарафларнинг ўзаро хоҳиш-иродаси  асосида битимни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида битимни тасдиқлайди.

Агар, битим предмети кўчмас мулк бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги белгиланган намунадаги маълумотномаси талаб қилинади ҳамда кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилади.

Агар, мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлса, нотариус улардан иккинчисининг (мулк олувчининг) битимни бекор қилишга рози эканлиги тўғрисидаги  аризасини талаб қилади.

Нотариус битимни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида битимни тасдиқлаганидан сўнг нотариал идорада сақланаётган битим предметига оид мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатнинг ксеронусхасини қолдириб, асл нусхасини мулкдорга ёки унинг меросхўрларига ёхуд вакилларига қайтариб беради.

 

35. Вояга етмаганлар томонидан битим тузишнинг хусусиятлари. Нотариал ҳаракатни тасдиқлашда вояга етмаганларнинг ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки хомийларининг ёзма розилиги талаб этиладиган ҳолатлар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27 ва 29-моддаларида вояга етмаганларнинг муомала лаёқати белгилаб қўйилган. Унга асосан ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 29-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган майда маиший битимлар бундан мустасно. Бундай битимларни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай вояга етмаган шахс томонидан тузилган битим кейинчалик шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийси ёзма равишда маъқуллаганидан сўнг, у ҳам ҳақиқий ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган битимларниги мустақил тузишлари мумкин. Ушбу битимларга ўз иш ҳақи, стипендияси ва бошқа даромадларини тасарруф этиш, фан, адабиёт ёки санъат асарининг, ихтиронинг ёхуд ўз интеллектуал фаолиятининг қонун билан қўриқланадиган бошқа натижаси муаллифи ҳуқуқини амалга ошириш,  қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш ва қонунда назарда тутилган майда маиший битимлар киради.

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди. Бу қоидалар ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан ўзларининг вояга етмаган болаларига васийлик, ҳомийлик қилувчилар сифатида тузиладиган битимларга ҳам тегишлидир.

Битимда вояга етмаган шахс қатнашганда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан ушбу вояга етмаган шахснинг расми елимлаб ёпиштирилган маълумотнома талаб этилади. Ушбу маълумотномадаги расм ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати муҳри билан тасдиқланади.

 

36. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича шартномаларни тасдиқлашнинг ўзига хос хусусиятлари.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 30.03.2010 й.)нинг 58 ва 581-бандларига асосан Тошкент шаҳрида жойлашган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўйича олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя шартномаларини,  шунингдек Тошкент шаҳридаги турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларини нотариал тасдиқлаш, агар сотиб олувчи томон Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахс ҳисобланса (Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса) амалга оширилади. Бунда, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг паспортига қўйилган доимий прописка штампини текширади. Агар паспортда “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган Рўйхатнинг (кейинги ўринларда Рўйхат деб юритилади) 2, 5, 9-11-бандлари асосида ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарори билан тасдиқланган Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тўғрисидаги низомнинг иловасидаги Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг (кейинги ўринларда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати деб юритилади) 2, 3 ва 6-бандлари асосида қўйилган доимий прописка штампи мавжуд бўлса, нотариус ички ишлар органининг доимий прописка борлиги тўғрисидаги маълумотномасини талаб қилади.

Бу ҳолатда мазкур шахснинг паспортига доимий прописка штампи қўйилган санадан бошлаб у Тошкент шаҳри ҳудудида уч йил доимий яшаган бўлиши лозим.

Тошкент вилоятида жойлашган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўйича олди-сотди, айирбошлаш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя шартномаларини, шунингдек Тошкент вилоятидаги турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларини нотариал тасдиқлаш, агар сотиб олувчи томон Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахс ҳисобланса (Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса) амалга оширилади. Бунда, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг паспортига қўйилган доимий прописка штампини текширади. Агар паспортда Рўйхатнинг 2, 5, 9-11-бандлари асосида ёки чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатининг 2, 3 ва 6-бандлари асосида қўйилган доимий прописка штампи мавжуд бўлса, нотариус ички ишлар органининг доимий прописка борлиги тўғрисидаги маълумотномасини талаб қилади.

Бунда, мазкур шахснинг паспортига доимий прописка штампи қўйилган санадан бошлаб у Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилояти ҳудудида уч йил доимий яшаган бўлиши лозим.

Шунингдек, Йўриқноманинг 582-бандига кўра Рўйхатнинг 8-бандида назарда тутилган фуқаролар, яъни илгари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган – ўқишни, ишни, узоқ муддатли хизмат сафарини тугатганидан, шунингдек озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод этилганидан кейин доимий яшаш учун тегишинча Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига қайтиб келган фуқаролар уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиб олиш мақсадида нотариусга мурожаат қилганда, нотариус ички ишлар органларининг доимий прописка қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги маълумотномасини талаб қилади. Бунда, ушбу маълумотнома нотариал идорага ички ишлар органларининг расмий алоқа йўллари орқали келиб тушган бўлиши лозим.

 

37. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартирани) бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда нотариус нималарни тушунтирмоғи лозим.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 30.03.2010 й.)нинг 75-бандига асосан  нотариус уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидаларига риоя қилади. Ушбу шартномани тасдиқлаш пайтида уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчи шахснинг меҳнатга лаёқатсизлиги (ёши ёки соғлиғи бўйича) текширилиб, бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилиши лозим. Мазкур шартномада уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчига моддий таъминотнинг қандай турлари берилиши, уларни ҳар ойдаги пуллик баҳоси ва уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмининг қиймати ҳам кўрсатилган бўлиши керак.

Бошқа шахсга ўтказилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва моддий таъминотнинг қиймати тарафлар келишувига биноан белгиланади.

Шахс вояга етмаган бўлса, у уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга берувчи бўла олмайди.

Умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси Фуқаролик кодексининг 530 ва 534-моддалари талаблари асосида амалга оширилиши ва уларнинг мазмуни тушунтирилганлиги шартномада кўрсатиб ўтилиши лозим.

 

38. Корхонани сотиш шартномасини расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари. Шартномага қандай ҳужжатлар илова қилинади?

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 30.03.2010 й.)нинг 93-101-бандларига кўра корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда, нотариус Фуқаролик кодексининг 489-496-моддалари ва ушбу шартномага тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларига асосланади.

Корхонани сотиш шартномасига мувофиқ сотувчи сотиб олувчига бутун корхонани мулкий комплекс сифатида топшириш мажбуриятини олади, сотувчи бошқа шахсларга беришга ҳақли бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлари бундан мустасно.

Фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва сотувчини ҳамда унинг маҳсулотини, у бажарадиган иш ёки кўрсатадиган хизматларни шахсийлаштирадиган бошқа воситалардан фойдаланиш ҳуқуқлари, агар корхонани сотиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчига ўтади.

Сотувчининг тегишли фаолият билан шуғулланиши учун берилган махсус рухсатнома (лицензия) асосида олган ҳуқуқлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, корхонани сотиб олувчига берилмайди. Шартнома бўйича топшириладиган корхона таркибига махсус рухсатнома (лицензия)га эга бўлмагани туфайли сотиб олувчи бажара олмайдиган мажбуриятларни киритиш сотувчини кредиторлар олдидаги тегишли мажбуриятлардан озод қилмайди. Бундай мажбуриятларни бажармаганлик учун сотувчи ва сотиб олувчи кредиторлар олдида солидар жавобгар бўладилар.

Корхонани сотиш шартномаси мазкур корхона жойлашган ҳудуддаги давлат нотариал идорасида тасдиқланади. Ваколатли давлат органининг қарорига биноан танлов (тендер) асосида тузиладиган корхонани сотиш шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт эмас, тарафлардан бирининг нотариал тасдиқлаш тўғрисида талаби бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда, нотариусга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;

корхона сотувчисининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

корхона сотувчиси ва сотиб олувчиси ваколатли органларининг корхонани сотиш ёки сотиб олиш тўғрисидаги қарори (умумий мажлис баённомаси ёки кузатув кенгашининг қарори ёхуд буйруқ ва ҳоказо);

тарафларнинг ваколатларини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;

мулкдорнинг розилиги (агар мулк хўжалик юритиш ёки оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган юридик шахсга тегишли бўлса);

инвентаризация далолатномаси;

баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ва хулосаси (сотилаётган корхонада давлат улуши бўлган ҳолларда);

давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган сўнгги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

корхона сотувчиси – юридик шахснинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган оралиқ баланснинг асл нусхаси;

аудиторнинг корхона таркиби ва унинг қиймати тўғрисидаги хулосаси;

тарафлар томонидан тузилган, кўриб чиқилган ва имзоланган кредиторлар, улар қўяётган талаблар хусусияти, миқдори ва муддатлари кўрсатилган ҳолда корхона таркибига киритиладиган барча қарзлар (мажбуриятлар) рўйхати;

кредиторларга юборилган хабарнома ва уларнинг корхона қарзларини бошқа шахсга ўтказишга розилиги ҳақидаги нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризалари (кредиторлар юридик шахс бўлган ҳолларда, уларнинг розилиги расмийлаштирилган хатлари);

корхона таркибидаги бино ва иншоотлар учун «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси;

ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар;

давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси;

тарафлар ўртасидаги тўлов мажбурияти бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

соф активлар ҳақида маълумот;

давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция).

Тарафлар ўртасидаги тўлов мажбуриятини кечиктириш йўли билан корхонани сотиш шартномаси расмийлаштирилган тақдирда, тўлов тўлиқ амалга оширилгунга қадар корхонани бошқа шахсга ўтказишга тегишли тартибда тақиқ қўйилади.

Тарафлар шартномада харидорга топширилаётган корхона таркибидан алоҳида элементларни олиб ташлаш ҳуқуқига эгалар (алоҳида буюмлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар).

Корхона таркибида бино ва иншоотлар мавжуд бўлса, юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар билан бирга бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномаси ҳам бўлиши лозим.

Тадбиркорлик субъектлари нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан мурожаат этса, мазкур банднинг учинчи, тўққизинчи, ўн тўртинчи ва ўн олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар нотариус томонидан тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан идоралараро сўров орқали олинади.

 

39. Турар жойни алмаштиришга йўл қўйилмайдиган шарт-шароитлар.

Уй-жой кодексининг 109-моддасига асосан қуйидаги ҳолларда турар жойни алмаштиришга йўл қўйилмайди, агар:

ижарага олувчига нисбатан турар жойни ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисида даъво тақдим этилган бўлса;

жиноят иши қўзғатилиши муносабати билан турар жой хатланган
(бошқа шахсга бериш тақиқлаб қўйилган) бўлса;

алмаштириш сохта тусда бўлса;

турар жой техник носоз ҳолатда бўлиб, бузиладиган ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун қайта қуриладиган ёхуд давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун бериладиган бўлса;

турар жой яшаш хоналарини қайта қуриш ёки ўзгартириш билан капитал таъмирланиши лозим бўлса;

алмаштириладиган турар жойлардан бири аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйида бўлса;

жой хизмат турар жойи бўлса ёки ётоқхонада бўлса;

алмаштириш муносабати билан алмашаётган тарафлардан бирининг уй-жой шароитлари тубдан ёмонлашиб, бунинг оқибатида фуқаролар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлиб қолсалар.

Қонун ҳужжатларида турар жой алмаштирилишини ман этувчи бошқа ҳоллар назарда тутилган бўлиши мумкин.

 

40. Никоҳ шартномасини расмийлаштириш тартиби. Шартномага қандай ҳужжатлар илова қилинади?

Оила кодексининг 29-моддасига асосан никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади.

Ушбу кодексининг 30-моддасига асосан никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган (Оила кодексининг 23-моддаси) тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир.

Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳақли.

Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди (31-модда.).

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.

Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно (32-модда).

 

41. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни нотариал тасдиқлаш тартиби.

Оила кодексининг 130-моддасига асосан алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади. Агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, келишув унинг қонуний вакили билан тузилади.

Ушбу кодекснинг 131-моддасига асосан алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Алимент тўлаш тўғрисида келишув тузишнинг қонунда белгиланган шаклига риоя қилмаслик, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган оқибатларга олиб келади. Нотариал тартибда тасдиқланган алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ижро варақаси кучига эга бўлади.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам ўша шаклда амалга оширилади.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг бажарилишини бир тарафлама рад қилишга ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволида жиддий ўзгаришлар юз берганда ҳамда алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида улар ўзаро келиша олмаганда, манфаатдор тараф келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Суд алимент тўлаш тўғрисидаги келишувни ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласини ҳал қилишда тарафларнинг эътиборга лойиқ ҳар қандай манфаатини ҳисобга олишга ҳақли (132-модда).

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментларнинг миқдорини тарафлар шу келишувда белгилайдилар.

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментнинг миқдори алимент суд тартибида ундирилганда болалар олиши мумкин бўлган миқдордан кам бўлмаслиги керак (133-модда).

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув бўйича алимент тўлаш усуллари ва тартиби шу келишув билан белгиланади.

Алиментлар: алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушларда; вақти-вақтида пул билан тўланадиган қатъий суммада; бир йўла пул билан тўланадиган қатъий суммада; мол-мулк билан ёки келишувда қайд этилган бошқа усулларда тўланиши мумкин.

Алимент тўлаш ҳақидаги келишувда алимент тўлашнинг турли усулларини бирга қўшиб қўллаш назарда тутилиши мумкин.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув бўйича тўланадиган алимент миқдорини индексация қилиш шу келишувга мувофиқ амалга оширилади. Агар алимент тўлаш тўғрисидаги келишувда индексация қилиш тартиби кўрсатилмаган бўлса, индексация ушбу Кодекснинг 144-моддасига мувофиқ амалга оширилади (134-модда).

 

42. Тугатилаётган юридик шахсга тегишли бўлган мол-мулкни унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаш (бўлиш) тўғрисидаги шартномани тасдиқлашда қандай ҳужжатлар талаб этилади?

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 30.03.2010 й.)нинг
168-169-бандларига асосан Фуқаролик кодексининг 55-моддасига мувофиқ юридик шахс тугатилаётганда (суд тартибида, ихтиёрий равишда), кредиторларнинг талаблари қаноатлантирилганидан кейин қолган мол-мулк шу мол-мулкка ашёвий ҳуқуқларга ёки ушбу юридик шахсга нисбатан мажбурий ҳуқуқларга эга бўлган муассисларга (иштирокчиларга), агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, топширилади ва улар ўртасида тақсимланади.

Тугатилаётган юридик шахсга тегишли бўлган мол-мулкни унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаш (бўлиш) тўғрисидаги шартномани тасдиқлашда нотариусга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

юридик шахс муассислари (иштирокчилари)нинг ёки муассиснинг юридик шахсни тугатиш ҳақидаги қарори;

юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки органи томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга юборилган ёзма хабар;

юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тугатувчини – тугатиш комиссияси ёки жисмоний шахснинг тайинланганлиги, тугатиш тартиби ва муддатлари белгиланганлиги тўғрисидаги юридик шахс муассисларининг (иштирокчиларининг) умумий мажлис баённомаси ёки органнинг қарори;

юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатувчи юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тайинланганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

тугатувчининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат;

муассислар (иштирокчилар)нинг устав фондидаги (капиталидаги) ҳиссалари шаклланганлиги ҳақидаги маълумотнома (гувоҳнома);

дебитор ва кредиторлар рўйхати;

тугатувчининг юридик шахсни тугатилиши ҳақида кредиторларни ёзма равишда хабардор қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

тугатилаётган юридик шахснинг молия-хўжалик фаолияти текширилганлиги ҳақидаги тегишли давлат солиқ хизмати органининг текширув маълумотномаси;

тугатувчининг юридик шахснинг тугатилиши ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига берилган эълон нусхаси;

охирги молиявий ҳисобот йилига бўлган бухгалтерия баланси;

тугатилаётган юридик шахснинг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисобот;

тақсимланаётган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

тақсимланаётган мол-мулк кўчмас мулк бўлганда, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси;

мол-мулкнинг инвентаризация далолатномаси;

тугатилаётган юридик шахснинг оралиқ тугатиш баланси;

тугатилаётган юридик шахснинг тугатиш баланси;

тугатилаётган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланган мол-мулкнинг топшириш ва қабул қилиш далолатномаси.

Тадбиркорлик субъектлари нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан мурожаат этса, мазкур банднинг иккинчи, олтинчи, ўн биринчи ва ўн олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар нотариус томонидан тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан идоралараро сўров орқали олинади.

 

43. Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришда ундириладиган давлат божи миқдорларининг ўзига хос хусусиятлари.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-банди “к” кичик бандига асосан юридик шахслар ўртасида, жисмоний шахслар ўртасида, юридик ва жисмоний шахслар ўртасида автомототранспорт воситаларининг олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун бож уларнинг фойдаланиш муддатига қараб ундирилиши белгиланган.

Жумладан, юк ташувчи ва енгил автотранспорт, шу жумладан, автобус, трактор, ўзи юрар машиналарнинг учун фойдаланиш муддати 3 йилгача, ‎3 йилдан ортиқ ва 7 йилдан ортиқ бўлганда уларнинг ҳар бир от кучига нисбатан тегишинча энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи,  7 фоизи ва 5 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Бунда, алмаштириш шартномасини расмийлаштиришда давлат божи шу божнинг кўп суммаси олинадиган фақат бир машинадан ундирилади.

Қуйидаги шартномаларни расмийлаштиришда:‎‎‎эр-хотинлар, ота-оналар, болалар ва набиралар, туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар ўртасида автомототранспорт воситаларининг олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя қилиш шартномалари расмийлаштирилаётганда бож белгиланган ставканинг 5 фоизи миқдорида ундирилади;‎‎‎банк кредитлари ҳисобига сотиб олинадиган автомототранспорт воситаларининг олди-сотдиси учун бож белгиланган ставканинг 10 фоизи миқдорида ундирилади;‎‎‎йўл-транспорт ҳодисаси натижасида шикастланган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя этиш шартномалари расмийлаштирилаётганда бож миқдори шу транспорт воситалари яроқлилигининг қолдиқ фоизига қараб ўзгартирилади ва унинг миқдори битишув қатнашчиларининг хоҳишига кўра ва нотариуснинг топшириғига биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасаларининг мутахассислари, бундай муассасалар бўлмаган вилоятларда эса – “Ўзавтотеххизмат” акциядорлик жамияти корхоналари томонидан белгиланади.

Шу билан бирга, Давлат божи ставкаларининг 4-банди “к1” кичик бандига асосан юридик шахслар ўртасида, жисмоний шахслар ўртасида, юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ватанимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган, фойдаланиш муддати ишлаб чиқарувчининг расмий дилерларидан харид қилинган кундан бошлаб бир йилдан ошмаган енгил автотранспорт воситаларидан, шунингдек юридик шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари, Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, хорижий юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари ҳамда жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган, уларни импорт қилиш (олиб келиш) санасидан бир йилдан кам муддат ўтган янги енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномаларни, олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя этиш, рента, ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаров (кредит ташкилотлари билан гаров шартномасидан ташқари), лизинг шартномаларини тасдиқлаганлик учун бож ҳар бир от кучи учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида ундирилади

Ушбу кичик бандда белгиланган ставка ишлаб чиқарувчининг расмий дилерларидан харид қилинган кундан бошлаб бир йил мобайнида битимлар сонидан қатъи назар, енгил автотранспорт воситаларининг олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента, ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга (кредит ташкилотлари билан гаров шартномасидан ташқари) қўйиш ва лизинг шартномаларини тасдиқлашда қўлланилади.

Мазкур кичик банднинг қоидалари ‎‎эр-хотинлар, ота-оналар, болалар ва набиралар, ака-укалар ва опа-сингиллар ўртасида автотранспорт воситаларини олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента, ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга (кредит ташкилотлари билан гаров шартномасидан ташқари) қўйиш ва лизинг шартномаларини, шунингдек ота-оналар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари, болалар ва уларнинг эр-хотинлари, ака-укалар, опа-сингиллар, набиралар, жиянларга фойдаланиш ва (ёки) тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномаларни тасдиқлаганлик учун қўлланилмайди.

Алмаштириш шартномасини, шунингдек бир нечта енгил автотранспорт воситалари билан боғлиқ гаров шартномасини расмийлаштиришда бож шу божнинг кўп суммаси олинадиган фақат бир машинадан ундирилади.

 

44. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил
7 мартдаги 38-сон “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаблари нимадан иборат? Унга қўшимча равишда қандай ҳужжат қабул қилинган ва нима ҳақида?

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарори билан Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Ушбу Низом автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Автомототранспорт воситаларини:

ихтисослаштирилган савдо корхоналари (автомототранспортни ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг вакиллари ва воситачи (дистрибьюторлик) ташкилотлар);

лизинг шартномалари бўйича лизинг хизматлари кўрсатадиган ташкилотлар (енгил автотранспорт воситалари лизингидан ташқари);

юридик шахслар билан лизинг шартномалари бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини камида 2,0 млрд сўм миқдорида устав капиталига эга бўлган кредит ташкилотлари ва асосий фаолият тури лизинг ҳисобланган ташкилотлар; 

Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бошқармаларининг туман (шаҳар) бўлимлари давлат ижрочилари томонидан белгиланган тартибда кимошди савдоларида сотиш ҳолатлари бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари консуллари томонидан ҳам тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар тузиш улар божхона органларида расмийлаштирилгандан ва ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади.

ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтмаган автомототранспорт воситаларининг бозорларда олди-сотдиси ва айирбошланиши, шунингдек автомототранспорт воситаларини биржалар орқали сотиш тақиқланади.

18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди, лотерея ва бошқа оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган, қонунда белгиланган тартибда мерос қилиб олинган автомототранспорт воситалари бундан мустасно.

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш бошқа шахсга бериш тақиқланмаганлиги ва хатлаб қўйилмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади, тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномалар бундан мустасно.

 

45. Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек автомототранспорт воситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини шакллантириш тартиби ва у қайси норматив ҳужжат асосида тартибга солинади ?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил
7 мартдаги “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 38-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги қўшма қарори билан Автомототранспорт воситаларини хатлаш, бошқа шахсга беришни тақиқлаш ва тақиқни олиб ташлаш, шунингдек автомототранспорт воситаларини хатлаш ва бошқа шахсга беришни тақиқлаш тўғрисидаги маълумотларнинг ҳужжатлаштирилган банкини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1589, 04.07.2006 й.) тасдиқланган.

Мазкур Низом билан автомотранспорт восиларини тасарруф этишга нисбатан тақиқ қўювчи ва хатлаш тартиби ва ушбу ҳаракатларни амалга оширувчи органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.

Жумладан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддасига асосан
мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш қонунларда белгиланган шартларда ва тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг
248-249-моддаларига асосан суд (судья) ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш орқали даъвони таъминлаш чораларини кўриши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг
290-моддасига асосан ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексининг
76-77-моддаларига асосан Хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра жавобгарга тегишли бўлган мол-мулк ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш ёки жавобгарга муайян ҳаракатларни қилишни тақиқлаш билан даъвони таъминлаш чораларини кўришга ҳақли.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан суд ижрочиси ундирувчининг аризасига биноан ёки ўз ташаббуси билан мулкий ундирув бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариш билан бир вақтда қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиб, уларни хатлашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда мазкур қарорда кўрсатиб ўтади.

Шу билан бирга, автомоторанспорт воситаларига нисбатан қўйилган тақиқлар ва хатловлар банкини юритувчи давлат нотариал идоралар рўйхати ҳамда ушбу банкни юритиш тартиби белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ДЙҲХХ бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)лари, туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма)лари рўйхати ҳам белгиланган.

 

46. Гербли бланкалар билан ишлаш тартиби ва у қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинади?

Давлат нотариал идоралари томонидан бериладиган гербли бланкаларни ҳисобга олиш, сақлаш, сарфлаш ва улар бўйича ҳисобот бериш қоидаларига (рўйхат рақами 1584, 19.06.2006 й.) асосан давлат нотариал идоралари гербли биланкалар билан ишлашади.

Ушбу Қоидаларга асосан гербли (махсус) бланклар қатъий ҳисобда турувчи бланклар ҳисобланади ва маълум серия, тартиб рақами, ҳудудий кодига эга бўлиб, уларнинг шакли Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади ва унинг буюртмасига кўра фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси босма фабрикасида муҳофазаланган қоғозларда тайёрланади.

Нотариал идоралар гербли бланкаларни сарфланиши юзасидан 15А,
15Б-шакллар асосида ҳар ойда ҳисобот юритадилар.

Адлия бошқармаси нотариал идораларни гербли бланкалар билан бир йиллик эҳтиёжи миқдорида таъминлайди ва сарфланиши устидан ҳар ойлик 15А, 15Б-шакллар ҳисоботларини қабул қилишда сарфлаш дафтари билан таққослаб текшириб, назорат қилади.

Гербли бланкалар билан ишлашда ушбу Қоидаларда белгиланган тартибга риоя қилиниши учун нотариуслар, икки ёки ундан ортиқ нотариус ишлайдиган нотариал идораларда эса катта нотариуслар шахсан масъулдир.

Гербли бланкларнинг йўқолганлиги ёки ноқонуний сарфланганлиги ҳолатлари аниқланган ҳолда 24 соат ичида Адлия вазирлигига махсус хабар берилиши ва беш кун ичида хизмат текшируви ўтказилиши, зарур ҳолларда, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берилиши лозим.

Нотариус билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда ундаги гербли бланкалар далолатнома орқали Адлия бошқармасига топширилади.

Нотариал идораларнинг гербли бланкалар сарфини ҳисобга олиш дафтарлари тикилиб, рақамланиб, адлия бошқармаси бошлиғи ёки унинг нотариал идораларга раҳбарлик қилувчи ўринбосари томонидан имзоланиб, санаси кўрсатилган ҳолда муҳрланиши шарт.

Қайта расмийлаштирилган ишончномалар учун берилган гербли бланкалар сарфлаш дафтарида умумий тартибда қайд этилади (4-илова).

Сарфлаш дафтарларига киритилган ҳар бир тузатиш шу варақнинг пастки қисмида тегишли тартибда изоҳланиб, муҳр билан тасдиқланиши зарур.

Гербли бланкаларни сарфлашда уларнинг рақамлари ёзилишида
кетма-кетлик қоидасини бузиш, сарфлаш дафтаридаги ёзувларни ўчириш, бўяш, устидан қоғоз ёпиштириш қатъиян ман этилади.

Сарфлаш дафтарида ҳар ойда, чоракда сарфланган гувоҳномаларни орада очиқ қаторлар қолдириб ажратишга йўл кўйилмайди.

Нотариал идораларида тўлдириш вақтида бузилган гербли бланкалар тегишли далолатнома тузилиб, ҳар ойда гербли бланкалар ҳисоботи билан бирга адлия бошқармасига топширилади.

 

47. Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби ҳақида гапириб беринг.

Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2646, 30.12.2014 й.) давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартибини белгилайди.

Жисмоний ва юридик шахслар (бундан буён матнда мурожаат қилувчилар деб юритилади) бевосита келиб ёки телефон орқали, ёзма ёхуд электрон шаклда, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзлари учун қулай ва аниқ вақтда нотариус томонидан қабул қилинишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.

Нотариус томонидан қабул қилиниш ҳақидаги мурожаатлар мазкур қайд этилган Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда юритиладиган Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги мурожаатларни навбатма-навбат қайд этиш дафтарига (бундан буён матнда дафтар деб юритилади) қайд қилинади.

Давлат нотариал идорасида фаолият юритадиган нотариуслар сонидан қатъи назар, ҳар бир давлат нотариал идорасида ягона дафтар юритилади. Бунда келиб тушган мурожаатлар нотариусларнинг иш кунлари ва вақтини инобатга олган ҳолда ҳар бир нотариусга тенг тақсимлаб борилади.

Нотариусларнинг иш кунлари ва соати Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан белгиланади.

Дафтар нотариус ёрдамчиси томонидан юритилади. Нотариал идорада икки ёки ундан ортиқ нотариус ишлаётган бўлса, дафтарни юритиш катта нотариус ёрдамчисига юклатилади.

Дафтар рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи ёхуд уларнинг ўринбосарларидан бири томонидан имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.

Нотариус ёрдамчиси келиб тушган ҳар бир мурожаатни навбат бўйича дафтарга киритади, нотариуснинг иш куни ва вақтини ҳамда мурожаат қилувчи учун қулай вақтни инобатга олган ҳолда, нотариуснинг қабул куни ва соатини белгилайди ҳамда бу ҳақда мурожаат қилувчини хабардор қилади. Бунда мурожаат қилувчи мурожаат келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан нотариус томонидан қабул қилиниши лозим.

Ҳар бир мурожаат ушбу йилда юритиладиган дафтар бўйича такрорланмайдиган тартиб рақамига эга бўлади.

Мурожаат қилувчининг истагига кўра, унинг мурожаати дафтарга қайд этилганлиги ҳақида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома тақдим этилади.

Мурожаат қилувчи белгиланган вақтда нотариус қабулида ҳозир бўлиши шарт. Мазкур талаб бажарилмаганда мурожаат қилувчини қабул қилиш умумий асосларда ёки қабул вақтини қайтадан белгилаш орқали амалга оширилади.

Белгиланган вақтдан бошқа шахс фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.

Мурожаат қилувчи нотариус томонидан белгиланган вақтда қабул қилиниши лозим.

Мурожаат қилувчи нотариус томонидан қабул қилинганда, муайян камчиликлар сабабли тегишли нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имкони йўқлиги аниқланган тақдирда, мазкур камчиликларни дарҳол бартараф этиш чоралари кўрилади. Аниқланган камчиликларни дарҳол бартараф этиш имкони бўлмаган тақдирда, мурожаат қилувчига кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун етарли муддат берилади. Бунда мурожаат қилувчи берилган муддатдан кейин навбатдан ташқари қабул қилинади ва бу ҳақда дафтарга тегишли изоҳ киритилади.

 

48. Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция (22.01.1993 йил, Минск ш.).

Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция 22.01.1993 йил Минск шаҳрида имзоланган бўлиб, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Ўзбекистон, Украина Республикалари ва Россия Федерациялари ушбу Конвенциянинг иштирокчилари ҳисобланади.

Ушбу Конвенция иштирокчилари бўлган ҳар бир давлат фуқаролари ҳамда ушбу давлатларда яшовчи шахслар Конвенция иштирокчилари бўлган бошқа давлатлардаги каби ўзларининг ҳуқуқ ва мнафаатлари бўйича тенг фойдаланадилар.

Аҳдлашувчи давлатлар фуқаролари ва ушбу давлатларда яшовчи бошқа шахслар бошқа аҳдлашувчи давлатларнинг судлари, прокуратура ва ички ишлар органлари ва ушбу ваколатлар кирувчи бошқа органларига (адлия органлари)га эркин ва тўсиқларсиз мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аҳдлашувчи ҳар бир давлат фуқаролари ва ушбу давлатларда яшовчи бошқа шахслар суд ва нотариал ундирувлардан озод қилинади ҳамда мурожаат қилинаётган давлатнинг фуқарлари каби бепул юридик ёрдамдан фойдаланади. Мазкур имтиёзлар барча процессуал ҳаракатларга татбиқ этилади. Мазкур Конвенция бўйича ижро этилаётган ҳужжатлар алмашинуви аҳдашувчи давлатлар марказий органлари орқали амалга оширилади.

Шу билан бирга, аҳдлашувчи давлатлар муассасалари ёки ваколатли бўлган шахс томонидан унинг ваколатлари доирасида белгиланган шаклда тайёрланган ёки шаҳодатланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган ҳужжатлар бошқа аҳдлашувчи давлатлар ҳудудида ҳеч қандай махсус тасдиқловчиз қабул қилинади.

 

49. Апостиль нима ва у қайси норматив ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинади ?

Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) 15 модда ва унга илова (апостиль намунаси)дан иборат. Конвенция 1961 йил 24 январда кучга кирган ва бугунги кунда 100 га яқин давлатлар (Германия, Хитой, Корея, АҚШ, Япония, Россия ва ҳ.к.) унинг аъзоси ҳисобланишади.

Конвенцияга қўшилиш юридик ва жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикаси расмий ҳужжатини тақдим қилинганда ушбу ҳужжатлар Конвенциянинг аъзо давлатлари томонидан тан олинишига, тегишли муддатларни қисқартирилишига ва сезиларли даражада ҳужжатлар айланишини соддалаштирилишига олиб келади.

Конвенция дипломатик ва консуллик агентлари томонидан амалга оширилган ҳамда тижорат ёки божхона операцияларига тўғридан-тўғри алоқаси бўлган маъмурий ҳужжатларга татбиқ қилинмайди.

Расмий ҳужжатнинг ҳақиқийлиги апостиль қўйиш йўли билан тасдиқланади. Апостиль – ҳужжатни имзолаган сифатида иш кўрган шахснинг имзоси ҳақиқийлигини ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган Конвенцияга мувофиқ расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус штамп.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 июлда “Хорижий расмий ҳужжатларнин легаллаштириш талабини бекор қилувчи конвенция (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) қоидаларининг амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ–1566-сон қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2011 йил 7 ноябрдаги 307-сон қарори билан Апостиль қўйиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Мазкур Қарорга асосан вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари расмий ҳужжатларни имзолаш ваколатига эга бўлган шахсларнинг имзолари ҳамда муҳр ва штампларнинг босма изи намуналарини мунтазам равишда:

судлар, адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига;

прокуратура, тергов ва суриштирув органларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига;

таълим ва фан соҳаси ташкилотларидан чиқадиган расмий ҳужжатлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига;

бошқа расмий ҳужжатлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборсинлар.

Апостиль:

чет элда Ўзбекистон Республикасининг элчихоналари ёки консуллик муассасалари томонидан содир этилган ҳужжатларга;

тижорат ёки божхона операцияларига тўғридан-тўғри алоқадор бўлган ҳужжатларга;

паспортга, ҳарбий билетга қўйилмайди.

Апостиль қўйиш, агар ҳужжат тақдим этиладиган давлатда амал қиладиган қонунлар, қоидалар ёки урф-одатлар ёхуд икки ёки бир неча аҳдлашувчи давлат ўртасидаги аҳдлашув ҳужжатни легаллаштиришни соддалаштирса ёки озод қилса талаб қилинмаслиги мумкин.

Апостиль қўйиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Апостиль қўйиш учун мурожаат қилган давлат органи ёки бошқа давлат ташкилоти йиғим тўлашдан озод қилинади.

Расмий ҳужжатлар апостиль қўйиш учун асл нусхаларда ёки ариза берувчининг хоҳишига кўра нотариал тасдиқланган нусхаларда қабул қилинади.

 

50. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда чет эл ҳуқуқи нормаларининг қўлланилиши.

Нотариус Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига мувофиқ чет эл ҳуқуқи нормаларини қўллайди.

Нотариус Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари талабларига мувофиқ тузилган ҳужжатларни қабул қилиб олади, шунингдек агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига зид келмаса, уларга бошқа давлатларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклда тасдиқловчи устхатлар ёзади.

Чет эл фуқароси вафотидан кейин унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қолган мол-мулкини қўриқлаш ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси вафот этганидан кейин чет эл фуқаросига тегишли бўлган мол-мулкни қўриқлаш, шунингдек бундай мол-мулк хусусида меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида гувоҳномалар бериш билан боғлиқ ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Нотариус Ўзбекистон Республикаси билан халқаро шартномалар, шу жумладан, мерос мулкини қўриқлаш тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган шартнома тузган чет эл давлатининг фуқароси вафот этганлиги тўғрисида хабар олгандан кейин (вафот этган шахснинг мол-мулки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган тақдирда) Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномасига амал қилган ҳолда ана шу мерос мол-мулкни қўриқлаш юзасидан зарур чораларни кўради. Нотариус мерос мол-мулкнинг миқдори ва қийматини белгилайди, меросхўрлар доирасини аниқлайди, васиятнома бор ёки йўқлигини текширади, вафот этган фуқаро давлатининг дипломатик ёки консуллик ваколатхонасига бу ҳақда зудлик билан хабар қилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мулк тўғрисида иш юритиш вафот этган шахс фуқароси бўлган чет эл давлати муассасаларининг вазифасига киритилган бўлса, мерос қилиб қолдирилган кўчар мол-мулкни нотариуслар ана шу давлатнинг дипломатик ёки консуллик ваколатхоналарининг талабларига мувофиқ уларга топширишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ чет эл давлати қонунида кўзда тутилган шакл бўйича тузилган васиятнома васият қилувчи вафот этгандан кейин уни очиш ва эълон қилиш учун давлат нотариал идорасига тақдим этилган тақдирда нотариус васиятноманинг мазмунини эълон қилади, васиятноманинг ҳолати ва мазмуни тўғрисида баённома тузади. Баённомада васиятнома тузилган кун, тақдим этаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг муҳрланган ёки очиқ ҳолда тақдим этилганлиги, унда ўчирилган жойлар, тузатишлар ёки бошқа камчиликлар бўлганлиги ёки йўқлиги кўрсатиб ўтилади. Баённома нотариус ва васиятномани тақдим этган шахс томонидан имзоланади. Ана шу шахслар томонидан васиятноманинг ҳар бир варағига имзо қўйилади. Агар васиятнома нотариусда муҳрланган ҳолда сақланиб келган бўлса, юқорида кўрсатилган барча ҳаракатларни нотариуснинг бир ўзи бажаради.

Чет элда бошқа давлатлар ваколатли органларининг мансабдор шахслари иштирокида тузилган ёки улардан келаётган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги органи расмийлаштирган тақдирдагина нотариус томонидан қабул қилинади.

Бундай ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда расмийлаштирилмаган ҳолида нотариус томонидан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси нотариуслари айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида чет эл адлия органлари томонидан белгиланган тартибда берилган топшириқларни бажарадилар.

Топшириқ қуйидаги ҳолларда бажарилмайди:

топшириқни бажариш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки давлат хавфсизлигига таҳдид солса;

топшириқни бажариш Ўзбекистон Республикаси нотариал идораларининг ваколат доирасига кирмаса.

Чет эл адлия органларининг айрим нотариал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқларини бажариш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси нотариуслари айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисидаги топшириқлар билан чет эл адлия органларига мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси нотариал идораларининг чет эл адлия органлари билан ўзаро алоқалари тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.

Нотариал идораларнинг чет эл консуллик ва дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга оширилади.

Нотариуслар чет давлатлар органларида иш юритиш учун зарур далиллар билан чет давлатлар органларини таъминлайдилар.

Далиллар билан таъминлаш ҳаракатларини бажариш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг нормаларига мувофиқ амалга оширилади.

Қонуннинг 93-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида нотариал ҳаракатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш пайтида халқаро шартноманинг қоидалари қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси нотариусга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган нотариал ҳаракатни амалга ошириш ваколатини берса, нотариус бу нотариал ҳаракатни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширади.



Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказишда бериладиган тахминий

САВОЛЛАР РЎЙХАТИ

I. КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ СОҲАСИ

1-савол. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши ва тузилиши.

2-савол. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига охирги марта қачон ўзгартириш киритилган ва ушбу ўзгартиришнинг қисқача мазмуни нималардан иборат?

3-савол. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий принциплари.

4-савол. Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими қандай?

5-савол. Конституцияда фуқароларнинг қандай шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари акс этган?

6-савол. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий бурчлари нималардан иборат?

7-савол: Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сиёсий ҳуқуқлари нималардан иборат?

8-савол: Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари нималардан иборат?

9-савол. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий принциплари.

10-савол. Жамиятнинг иқтисодий негизи.

11-савол. Виждон эркинлиги нима? У ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида нима дейилган?

12-савол. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳақида нималарни биласиз?

13-савол. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг вазифалари.

14-савол. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг шаклланиш тартиби.

15-савол. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари сони қанча, уларни сайлаш ва тайинлаш тартиби қандай?

16-савол. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари нималардан иборат?

17-савол: Кимлар Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиши мумкин?

18-савол: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси нечта депутатдан иборат?

19-савол. Кимлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга?

20-савол. Қонун қачон юридик кучга эга бўлади?

21-савол. Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарув органларининг қабул қилган ҳужжатларини тўхтатиш ва бекор қилиш ваколати кимга берилган?

22-савол. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қандай ваколатларга эга?

23-савол. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш
ва лавозимидан озод қилиш ваколати кимга берилган?

24-савол. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркиби кимлардан иборат?

25-савол. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қандай умум мажбурий бўлган ҳужжатларни қабул қилади?

26-савол. Ўзбекистон Республикасининг суд тизими.

27-савол. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва унинг ваколатлари.

28-савол. Ўзбекистон Республикасида сайлов тизими.

29-савол. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни ким олиб боради?

30-савол. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг таркиби.

31-савол. Ўзбекистонда солиқлар қайси давлат органи томонидан жорий қилинади?

32-савол. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш тартиби.

II. ФУҚАРОЛИК ҚОНУНЧИЛИГИ АСОСЛАРИ

1-савол. Фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизлари.

2-савол. Фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлар.

3-савол. Фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларининг вужудга келиш асослари.

4-савол. Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари.

5-савол. Фуқаролар ҳуқуқ лаёқатининг мазмуни.

6-савол. Қайси фуқаролик ҳолати ҳужжатлари давлат томонидан қайд этилиши керак?

7-савол. Акциядорлик жамияти тушунчаси ва унинг турлари.

8-савол. Мулк ҳуқуқи нима? Мулк ҳуқуқининг шакллари, субъектлари ва объектлари.

9-савол. Мулк ҳуқуқининг вужудга келиш ва бекор бўлиш асослари.

10-савол. Битим тушунчаси.

11-савол. Битим турлари.

12-савол. Битимларнинг шакли.

13-савол. Қайси ҳолларда битимлар нотариал тасдиқланиши шарт?

14-савол. Битимлар қайси ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилади?

15-савол. Тижорат вакиллиги деганда нимани тушунасиз?

16-савол. Даъво муддати, умумий даъво муддати ва махсус даъво муддати.

17-савол. Қайси ҳолларда даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади?

18-савол. Фуқаролик кодексига асосан “национализация” ва “реквизиция” сўзларининг таърифи.

19-  савол. Юридик шахс тушунчаси ва унинг ҳуқуқ лаёқати.

20-савол. Юридик шахснинг жавобгарлиги.

21-савол. Юридик шахсни қайта ташкил этиш тартиби.

22-савол. Юридик шахсни тугатиш тартиби.

23-савол. Эмансипация тушунчаси.

24-савол. Мажбурият тушунчаси ва мажбуриятнинг тарафлари.

25-савол  Неустойка ва унинг шакллари.

26-савол. Гаров тушунчаси ва унинг вужудга келиш асослари.

27-савол. Кафиллик шартномаси нима? Унинг кафолат тушунчасидан фарқи.

28-савол. Субсидиар жавобгарлик деганда нима тушунилади?

29-савол. Давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тушунчаси.

30-савол. Контрактация шартномасини тузиш тартиби.

31-савол. Суғурта шартномасининг муҳим шартлари.

32-савол. Ихтиёрий ва мажбурий суғурта нима?

33-савол. Шартноманинг битимдан фарқи нимада?

34-савол. Соғлиққа шикаст етказилганлиги туфайли кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳажми ва хусусияти.

35-савол. Маънавий зарар ва уни қоплаш усуллари.

36-савол. Интеллектуал мулк объектлари жумласига нималар киради?

37-савол. Муаллифлик ҳуқуқи объекти ва унинг турлари.

38-савол. Сервитут ҳуқуқи ҳақида нима биласиз?

39-савол. Нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномаларни санаб ўтинг.

40-савол. Корпоратив бошқарув деганда нимани тушунасиз?

III. МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ АСОСЛАРИ

1-савол. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари.

2-савол. Ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқларига нималар киради?

3-савол. Иш берувчининг асосий ҳуқуқлари.

4-савол. Иш берувчининг ходимларнинг вакиллик органи олдидаги мажбуриятлари нималардан иборат?

5-савол. Жамоа шартномаси, келишувини тузиш, ўзгартириш ва тўлдириш бўйича иш берувчи, иш берувчилар бирлашмаси (уларнинг вакиллари) билан касаба уюшмалари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари ўртасидаги музокараларни олиб бориш тартиби.

6-савол. Жамоа шартномасининг мазмуни ва тузилиши нималардан иборат?

7-савол. Жамоа шартномаси, келишувларининг амал қилиш муддати.

8-савол. Жамоа шартномасининг тарафлари.

9-савол. Жамоа шартномасининг амал қилиш доираси.

10-савол. Жамоа шартномалари ва жамоа келишувларининг фарқи нимада?

11-савол. Меҳнат шартномаси тушунчаси.

12-савол. Меҳнат шартномаси қандай шаклда тузилади?

13-савол. Меҳнат шартномасининг тарафлари.

14-савол. Меҳнат шартномаси қандай муддатга тузилади?

15-савол. Неча ёшдан ишга қабул қилинади?

16-савол. Иш вақтининг нормал муддати.

17-савол. Қайси тоифадаги ишчиларга йиллик узайтирилган асосий таътил берилади?

18-савол. Меҳнат таътилини бериш муддатлари.

19-савол. Меҳнат таътили тугамасдан олдин қай ҳолларда ва қандай тартибда ходим таътилдан чақириб олинади?

20-савол. Ишга қабул қилишда камситиш деганда нима тушунилади?

21-савол. Ходимнинг пенсия ёшига етиши уни бажараётган ишига нолойиқ деб топишга асос бўла оладими?

22-савол. Қайси давлат органлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текширади ва назорат қилади?

23-савол. Дастлабки синов муддатларини белгиланишидан кўзланган мақсад нима?

24-савол. Дастлабки синов муддатлари кимларга татбиқ этилмайди?

25-савол. Ишга қабул қилишда дастлабки синов мажбурий ҳисобланадими?

26-савол. Қандай ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйилади?

27-савол. Қайси сабаблар (асослар) мавжуд бўлганда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли ҳисобланади?

28-савол. Қонунчиликда қайси ҳолатларда ишдан четлатишга йўл қўйилади?

29-савол. Судга ёки меҳнат низолари комиссиясига меҳнат низосини ҳал қилиш тўғрисида мурожаат қилиш борасида белгиланган муддатлар.

30-савол. Меҳнат шартлари деганда нима тушунилади? Қайси ҳолларда иш берувчи меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартиришга ҳақли?

31-савол. Қайси тартибда ходим соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ деб топилиши мумкин?

32-савол. Қонунчилик қайси ишларда аёллар меҳнати қўлланишини тақиқлайди?

33-савол. Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда қайси ҳолларда касаба уюшмалари розилиги олинмайди?

34-савол  Меҳнат шартномасининг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши.

35-савол. Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилишнинг ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишдан фарқи.

36-савол. Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий мадад бериш учун қандай қўшимча кафолатлар белгиланган?

37-савол. Ҳомиладор ва уч ёшгача фарзанди бор аёллар билан номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинми?

38-савол. Интизомий жазо чораларининг турлари ва интизомий жазонинг амал қилиш муддати.

39-савол. Интизомий жазоларни қўллаш тартиби қандай?

40-савол. Меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш деганда нима тушунилади?

41-савол. Қайси ҳолларда иш берувчи ходим соғлиғига етказилган зарарни тўлашга мажбур?

42-савол. Қайси ҳолларда ишдан четлаштирилган шахс қайта ишга тикланади?

IV. ШАРТНОМАВИЙ–ҲУҚУҚИЙ ФАОЛИЯТ СОҲАСИ

1-савол. Шартнома тушунчаси.

2-савол. Оммавий шартнома нима?

3-савол. Қачон шартнома тузилган ҳисобланади?

4-савол. Шартномани шарҳлаш қандай амалга оширилади?

5-савол. Оферта нима?

6-савол. Оммавий оферта нима?

7-савол. Офертага жавоб бериш муддати ва шартлари.

8-савол. Акцепт нима?

9-савол. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби ва унинг оқибатлари.

10-савол. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш асослари.

11-савол. Маҳсулот етказиб бериш шартномаси ва унинг амал қилиш муддати.

12-савол. Хўжалик шартномаси тушунчаси.

13-савол. Хўжалик шартномасига нисбатан қўйиладиган талаблар.

14-савол. Хўжалик шартномаси тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

15-савол. Хўжалик шартномаларининг субъектлари кимлар?

16-савол. Талабнома билдириш тартиби.

17-савол. Талабномани кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари.

18-савол. Хўжалик шартномалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини қайси органлар назорат қилади?

19-савол. Шартнома мажбуриятларини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан қандай жавобгарлик чоралари кўрилади?

20-савол. Контрактация шартномаси тушунчаси.

21-савол. Контрактация шартномасига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ва тайёрловчининг мажбуриятлари.

22-савол. Энергия таъминоти шартномаси тушунчаси.

23-савол. Кўчмас мулкни сотиш шартномаси ва унинг шакли.

24-савол. Корхонани сотиш шартномаси.

25-савол. Айирбошлаш шартномаси нима?

26-савол. Ҳадя шартномаси ва ҳадяни чеклаш асослари.

27-савол. Мулк ижараси шартномаси ва унинг объектлари.

28-савол. Бино ёки иншоотни ижарага бериш шартномаси тушунчаси.

29-савол. Корхонани ижарага бериш шартномаси тушунчаси.

30-савол. Лизинг шартномаси, унинг объекти ва субъектлари.

31-савол. Пудрат шартномаси, бош пудратчи ва ёрдамчи пудратчи.

32-савол. Қурилиш пудрати шартномаси нима?

33-савол. Кредит шартномаси ва унинг шакллари.

34-савол. Банк омонати шартномаси ва унинг турлари.

35-савол. Банк ҳисобварағи шартномаси тушунчаси, ҳисобварақ бўйича операциялар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги ва пул маблағлари асоссиз кўчирилганлиги учун банкнинг жавобгарлиги.

36-савол. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси деганда нима тушунилади?

37-савол. Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги шартномавий муносабатларнинг асосий принциплари нималардан иборат?

38-савол. Қайси ҳолатларда шартномага юрист хулосаси олиниши керак?

39-савол. Шартномавий-ҳуқуқий ишларда юридик хизмат қанча миқдорда тузилган шартномаларнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ёзма хулоса тайёрлайди?

40-савол. Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузиладиган хўжалик шартномаларига оид муносабалар қандай қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?

V. СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ АСОСЛАРИ

1-савол. Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида қандай ислоҳотлар амалга оширилди?

2-савол. Фуқаролик судида кўрилаётган ва ҳал этилаётган масалалар бўйича судья қандай ҳужжатлар қабул қилади?

3-савол. Қайси ишлар фуқаролик судларига тааллуқли?

4-савол. Фуқаролик процессуал муомала лаёқати тушунчаси.

5-савол. Фуқаролик ишларини кўришда даъвонинг баҳоси нималарга асосан белгиланади?

6-савол. Қандай ҳолатлар бўйича шахс фуқаровий даъвогар деб эътироф этилади?

7-савол. Фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқ ва мажбурияти нималардан иборат?

8-савол. Қандай ҳолатлар бўйича шахс фуқаровий жавобгар деб эътироф этилади?

9-савол. Фуқаровий жавобгарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

10-савол. Фуқаролик процессуал муддатларнинг ўтказиб юборилиши қандай ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқаради?

11-савол. Қайси ҳолларда фуқаролик суди иш юритишни тўхтатиб туриши шарт?

12-савол. Фуқаролик процессида аризани кўрмасдан қолдириш асослари.

13-савол. Фуқаролик ишлари бўйича судда иш юритишни тугатиш асослари ва тартиби.

14-савол. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг судловига тааллуқли ишлар.

15-савол. Қайси ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича суд аризани қабул қилишни рад этади?

16-савол. Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарори мазмуни.

17-савол. Қайси ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим?

18-савол. Фуқаролик ишлари бўйича суд ажримининг мазмуни.

19-савол. Фуқаролик ишлари бўйича суд буйруғини чиқариш тартиби.

20-савол. Алоҳида судловга тегишлилик дейилганда нима тушунилади?

21-савол. Фуқаролик ишлари бўйича судга апелляция шикояти бериш (протести келтириш) ҳуқуқи ва муддати ва унинг тартиби.

22-савол. Фуқаролик ишлари бўйича кассация шикоятларини (протестларини) кўрадиган судлар.

23-савол. Фуқаролик ишларини назорат тартибида қайта кўриш асослари.

24-савол. Фуқаролик ишлари бўйича ижро варақаси бериш ва унинг мазмуни.

25-савол. Хўжалик судларида суд ишларини юритиш вазифалари.

26-савол. Қандай ишлар хўжалик судларига тааллуқли?

27-савол Хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар.

28-савол. Хўжалик судида иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари.

29-савол. Хўжалик суди қайси ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур?

30-савол. Хўжалик суди қайси ҳолларда иш юритишни тугатади?

31-савол. Хўжалик суди қайси ҳолларда даъвони кўрмасдан қолдиради?

32-савол. Хўжалик судида давлат божи тўлаш тартиби.

33-савол. Қайси ҳолларда суд буйруғи чиқарилишига йўл қўйилади?

34-савол. Хўжалик судига бериладиган даъво аризасининг шакли ва мазмуни.

35-савол. Хўжалик суди даъво аризасини қабул қилишни қайси ҳолларда рад этади?

36-савол. Хўжалик суди ҳал қилув қарорининг мазмуни.

37-савол. Қандай ишлар хўжалик суди томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўрилади?

38-савол. Хўжалик судининг ажрими ва унинг мазмуни.

39-савол. Хўжалик ишлари бўйича апелляция шикоятининг мазмуни нималардан иборат?

40-савол. Хўжалик суди апелляция инстанцияси ваколатлари.

41-савол. Хўжалик суди апелляция инстанцияси қарорларининг қонуний кучга кириши.

42-савол. Хўжалик судига кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби ва унинг мазмуни.

43-савол. Хўжалик суди ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари.

44-савол. Хўжалик суди кассация инстанциясининг қарори мазмуни.

45-савол. Хўжалик судларининг қарорларини назорат тартибида қайта кўриш асослари.

46-савол. Хўжалик суди ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш.

47-савол. Ҳакамлик судларини ташкил қилиш тартиби ва унинг ваколатлари.

48-савол. Низоларни ҳал этишни ҳакамлик судига топшириш тартиби.

49-савол. Ҳакамлик судининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби ва уни бекор қилиш асослари.

50-савол. Айбсизлик презумпцияси тушунчаси.

VI. ЮРИДИК ХИЗМАТ КАСБ ФАОЛИЯТИ БИЛАН БОҒЛИҚ
ҚОНУНЧИЛИК СОҲАЛАРИ

1-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчаси.

2-савол. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тайёрланишини ташкил этиш жараёни.

3-савол. Ўзбекистон Республикасида қандай турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади?

4-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириши муддатлари.

5-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати қандай белгиланади?

6-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси нима ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунига нисбатан қандай талаблар қўйилган?

7-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатлари.

8-савол. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, қонун ва қонун ости ҳужжатларига қайси органлар расмий шарҳ беради? 

9-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш учун қандай талаблар қўйилган?

10-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қандай расмий манбаларда эълон қилинади?

11-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг орқага қайтиш кучи.

12-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат амал қилиши қайси ҳолларда тугатилади?

13-савол. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш тартиби.

14-савол. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ваколатлилиги деганда нимани тушунасиз.

15-савол. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қандай реквизитларга эга бўлиши лозим.

16-савол. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддати.

17-савол. Қандай идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилади?

18-савол. Қандай ҳолларда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин?

19-савол. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тақдимномасига кўра, қабул қилинган ҳужжатларни қайта ишлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишга такроран тақдим этиш муддати.

20-савол. Қандай ҳолларда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши Адлия вазирлиги томонидан тўхтатиб турилади?

21-савол. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш қандай тартибда амалга оширилади?

22-савол. Вақтинчалик тусдаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муддати қандай тартибда узайтирилади?

23-савол. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ким томонидан амалга оширилади?

24-савол. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адлия вазирлигига қандай ҳужжатлар илова қилинган ҳолда тақдим этилади ва у лойиҳанинг қайси жиҳатларига баҳо беради?

25-савол. Қонун ҳужжатларини туркумлаш деганда нимани тушунасиз ва унинг асосий мақсади?

26-савол. Давлат органининг юридик хизмати ўз фаолиятида қайси қонун ҳужжатларига амал қилади?

27-савол. Давлат органи юридик хизматининг асосий вазифалари нималардан иборат?

28-савол. Давлат органи юридик хизмати ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ҳуқуқий маданиятни ошириш соҳасида қандай функцияларга эга?

29-савол. Давлат органининг юридик хизмати ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун шартномавий-ҳуқуқий, талабнома-даъво ишлари ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида қандай функцияларга эга?

30-савол. Давлат органи фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида юридик хизмат функциялари.

31-савол. Кимлар давлат органининг юридик хизмати бошлиғи лавозимига тайинланиши мумкин?

32-савол. Давлат органи юридик хизматининг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари.

33-савол. Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари юридик хизматининг асосий вазифалари нимадан иборат?

34-савол. Корхона юридик хизмати қонунийликни таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш соҳасида қандай функцияларга эга?

35-савол. Корхона юридик хизмати шартномавий-ҳуқуқий, талабнома-даъво ишлари ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида қандай функцияларни амалга оширади?

36-савол. Хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари юридик хизматининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

37-савол. Юридик хизмат ходимларидан кимлар аттестациядан ўтказилмайди?

38-савол. Юридик хизмат ходимларининг аттестациядан ўтиш учун тегишли адлия органларига мурожаат қилиш муддатлари.

39-савол. Юридик хизмат ходимини аттестациядан ўтказиш учун ташкилот томонидан тегишли адлия органига қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

40-савол. Юридик хизмат ходими лавозимига қабул қилинган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб қанча муддатда аттестациядан ўтказилиши керак?

41-савол. Талабгор такрорий аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддат мобайнида такрорий аттестациядан ўтиш учун ташкилот томонидан мурожаат қилинмаса, адлия органлари томонидан қандай чоралар кўрилади?

42-савол. аттестациядан ўтмаган юридик хизмат ходимини такрорий аттестациядан ўтказиш учун ташкилот қанча муддатда мурожаат қилиши мумкин?

43-савол. Юридик хизматлар ходимлари малакасини ошириш тартиби.

44-савол. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

45-савол. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг қандай турлари бор?

46-савол. Мурожаатлар қандай кўринишда бўлади?

47-савол. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига қўйиладиган талаблар нималардан иборат?

48-савол. Аноним мурожаатлар деганда нимани тушунасиз? Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини аноним деб топишнинг оқибати нимадан иборат?

49-савол. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қанча муддатларда кўриб чиқилиши керак?

50-савол. Мурожаатларни кўриб чиққан давлат органининг мажбуриятлари нималардан иборат?

51-савол. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини бузганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиланганми?

52-савол. “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг судга шикоят билан мурожаат қилиш муддатлари қандай белгиланган?

53-савол. Банк сири нима?

54-савол. Қандай ҳолларда банк сирини ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига тақдим этилади?

55-савол. Банклар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида қисқача маълумот

56-савол. Тадбиркорлик фаолияти деганда нима тушунилади?

57-савол. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари кимлар ҳисобланади?

58-савол. Якка тартибдаги тадбиркорлик деганда нима тушунилади?

59-савол. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишнинг муддатлари қанча?

60-савол. Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) тартиби.

61-савол. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини муқобил текшириш тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби.

62-савол. Текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари нималардан иборат?

63-савол. Фермер хўжалиги нима?

64-савол. Фермер хўжаликлари юритиш учун қандай тартибда ер участкалари берилади ?

65-савол. Фермер хўжалигини қандай асосларга кўра тугатиш мумкин?