Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 17.11.2018



12:26:18 (GMT +5), Дш, 19 ноя 2018

Клуб низоми

Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасаларида олий таълим муассасаларининг талабалари томонидан иш ўрганишни ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ

 

I-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги ПҚ–1990-сон “Юридик кадрлар таёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2017 йил 28 апрелдаги ПҚ–2932-сон “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган.

2. Мазкур Низом “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари (бундан буён матнда олий таълим муассасалари деб юритилади) талабаларини ўқишдан бўш пайтларида адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганишини ташкил этиш тартибини белгилайди.

3. Низомнинг асосий мақсадлари:

юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида адлия органлари ва муассасалари билан олий таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

олий таълим муассасалари талабаларининг (кейинги ўринларда талабалар деб юритилади) адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганишини ташкиллаштириш;

талабаларнинг назарий билимини ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан бевосита уйғунлигини таъминлаш.

4. Адлия органлари ва муассасалари билан олий таълим муассасаларининг ҳамкорлиги ошкоралик, ихтиёрийлик, узлуксизлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида амалга оширилади.

5. Талабаларнинг адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганишларини тизимли ташкил этиш ва амалга ошириш мақсадида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган клуб ташкил этилади.

Клубнинг номланиши:

– ўзбек тили лотин алифбосида – «Adliya» talabalar klubi;

– рус тилида – Клуб студентов «Юстиция»;

– инглиз тилида – «Justice» Students’club.

 

II-боб. Клуб фаолиятини ташкил этиш

 

6. Клуб фаолиятига умумий раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

7. Клубнинг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Кадрлар бошқармаси (кейинги ўринларда ишчи органи деб юритилади) ҳисобланади.

8. Клуб ушбу Низом иловасида келтирилган ўз эмблемаси (логотипи)га эга.

9. Олий таълим муассасалари келгусида адлия органлари ва муассасаларида хизмат қилиш истагини билдирган бакалавр (2–4-босқич) ҳамда магистратура босқичи талабалари рўйхати ва улар ҳақида тавсифномани ишчи органига тақдим этади.

10. Ишчи органи вакиллари адлия органлари ва муассасаларининг бошқа ходимларини жалб қилган ҳолда рўйхатда келтирилган талабалар билан суҳбат ўтказади. Суҳбат давомида талабаларнинг билим даражаси ва дунёқараши баҳоланади, берилган тавсифнома асосида талаба шахси ўрганилади.

11. Суҳбат натижаси бўйича талабаларни клуб аъзолигига қабул қилиш ишчи органи томонидан тузиладиган рўйхат асосида амалга оширилади.

Клуб аъзолигига қабул қилинган талабаларга клуб эмблемаси акс эттирилган клуб значоги топширилади.

12. Ишчи органи томонидан клуб аъзолари секторларга бўлиниб, улар тегишинча адлия органлари ва муассасаларига бириктирилади.

13. Клуб аъзолари фаолиятини тўғри ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш мақсадида ишчи органи томонидан ҳар бир секторга адлия органлари ва муассасалари ходими – сектор раҳбари, олий таълим муассасаси вакили –сектор раҳбари ўринбосари ҳамда сектор аъзолари орасидан сектор етакчиси рўйхат асосида белгиланади.

14. Сектор раҳбари талабаларнинг адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганишини ташкил этади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, сектор фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳақида тегишли кадрлар тармоғига ахборот бериб боради.

Сектор раҳбари ўринбосари талабаларнинг адлия органлари ва муассасаларида белгиланган даврда келишини таъминлайди ҳамда уларнинг иш ўрганишлари ҳақида доимий равишда сектор раҳбарини хабардор қилиб боради.

Сектор етакчиси талабаларнинг адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганиш даврида уюшқоқлигини таъминлайди, сектор фаолияти билан боғлиқ янгиликларни ўз вақтида талабалар эътиборига етказади, сектор фаолиятини самарали олиб боришда сектор раҳбари ва унинг ўринбосарига ёрдам беради.

15. Клуб аъзолари ўқув йили давомида бириктирилган тегишинча адлия органлари ва муассасаларида олий таълим муассасасидаги ўқишидан бўш пайтларида иш ўрганадилар.

16. Клуб аъзолари:

фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат қурилиши соҳасида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш жараёнида иштирок этади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш, амалдаги қонун ҳужжатларида «оқ доғлар»ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлашда иштирок этади;

фуқаролик жамияти институтларининг ҳар томонлама ривожланишини, уларни аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашда фаол иштирокини ҳуқуқий таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишда қатнашади, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш билан боғлиқ ҳолатларни ўрганади;

нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатишининг қонунийлигини, ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни таъминлаш; мамлакатда рўйхатдан ўтган халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинг ўтказиш жараёнини ўрганади;

жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини самарали мувофиқлаштиришни амалга оширишда иштирок этади;

нотариат, ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган давлат томонидан тартибга солиш тизимини изчил такомиллаштириб бориш билан боғлиқ ҳолатларда иштирок этади;

тегишли давлат органлари билан биргаликда халқаро-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг самарали ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги ваколатларни таъминлаш борасидаги ишларда иштирок этади.

17. Клуб аъзолари томонидан қонун ҳужжатлари асосида тақиқланган ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда иш ўрганиш давомида хизматга доир ва бошқа маълумотларни ошкор этиш қатъий тақиқланади.

18. Ўқув йили якуни бўйича клуб аъзоларининг адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганиши яшаш жойидаги органлари ва муассасаларида белгиланиши мумкин.

Бу ҳақда ишчи органи томонидан рўйхат тузилади ва клуб аъзоси ҳамда тегишли адлия органи ва муассасасининг кадрлар бўлими хабардор этилади.

Бу даврда клуб аъзолари фаолиятини ташкил этиш тегишли кадрлар бўлимлари томонидан амалга оширилади.

19. Клуб аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сектор раҳбари рухсати билан адлия органлари ва муассасалари фаолиятига оид тегишли маълумотлар олиш;

клуб фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиш;

клуб доирасида ташкил этиладиган танловлар ва спорт мусобақаларида қатнашиш.

Клуб аъзолари фаолиятдан келиб чиқиб бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

20. Клуб аъзолари:

ўқув йили давомида адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганиши;

иш ўрганиш даврида сектор раҳбари ва унинг ўринбосари кўрсатмаларини бажариши;

адлия органлари ва муассасаларининг ички тартиб қоидаларига риоя этиши;

иш ўрганиш даврида адлия органлари ва муассасалари ходимларининг жамиятда юриш-туриши билан боғлиқ ўрнатилган чекловларга риоя этиши шарт.

Клуб аъзоларига фаолиятдан келиб чиққан ҳолда бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Клуб аъзолигига қабул қилинган талаба унга юклатилган мажбуриятлар билан тилхат орқали таништирилади.

21. Адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганиш даврида ўзининг намунавий хулқи ва билими билан бошқаларга ўрнак бўлган, иш ўрганишга виждонан ёндашган клуб аъзолари Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар адлия бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директорлари томонидан рағбатлантирилиши мумкин. Рағбатлантиришга тегишли сектор раҳбари ва кадрлар тармоқлари ходимларининг биргаликдаги билдиргиси асос бўлади. Рағбатлантириш ташаккурнома эълон қилиш орқали амалга оширилиб, клуб аъзосига шу ҳақдаги ҳужжат топширилади.

22. Қуйидаги ҳолларда клуб аъзоларига сектор раҳбари томонидан танбеҳ эълон қилинади:

ўқув йили давомида узрли сабабларсиз бириктирилган адлия органи ёки муассасасига бир ҳафтадан ортиқ муддатда келмаганда;

унга юклатилган мажбуриятларни бажармаганда;

адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганиш давомида белгиланган вазифаларни бажаришга совуққонлик билан ёндашганда;

клуб значогини йўқотганда;

одоб-ахлоқ қоидаларини бузганда;

маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганда.

Танбеҳнинг амал қилиш муддати икки ой.

Танбеҳ сектор раҳбари томонидан тегишли кадрлар бўлими номига ёзилган билдирги шаклида расмийлаштирилиб, танбеҳ эълон қилинган клуб аъзосига таништирилади ва кадрлар бўлимига топширилади. Кадрлар бўлимлари ҳар ой якунида танбеҳ эълон қилинган клуб аъзолари ҳақидаги маълумотни ишчи органига тақдим этади.

23. Талабалар қуйидаги асосларга кўра клуб аъзолигидан чиқарилади:

ўз хоҳишига кўра берган билдиргисига асосан;

олий таълим муассасасини тугатганда;

талабалар сафидан четлаштирилганда ва академик таътил олганда;

икки ой давомида икки маротаба танбеҳ эълон қилинганда;

адлия органлари ва муассасаларида иш ўрганиш давомида хизматга доир ва бошқа маълумотларни ошкор этганда;

соғлиғи имкон бермаганда;

жиноий жавобгарликка тортилганда;

қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда.

Талабанинг клуб аъзолигидан чиқариш ҳақида сектор раҳбари тегишли кадрлар бўлимига билдирги билан мурожаат қилади. Кадрлар бўлимлари билдирги билан келишган тақдирда ишчи органига талабани клуб аъзосидан чиқариш ҳақида мурожаат қилади. Клуб аъзолигидан чиқариш ишчи органи томонидан тузиладиган рўйхат асосида амалга оширилади.

24. Клуб аъзолигидан чиқарилган талаба томонидан клуб значоги ишчи органга қайтарилади.

25. Талабани клуб аъзолигидан чиқаришга асос бўлган ҳолатларнинг бартараф этилганлиги (соғлиғи тикланганда, талабалар сафига тикланганда, клуб аъзолигига қабул қилиш ҳақида мурожаат этганда ва бошқалар) уни клуб аъзолигига қабул қилиш учун асос бўлади.

Мазкур Низом талабларини бузганлиги учун клуб аъзолигидан чиқарилган талаба камида олти ой ўтгач клубга такроран қабул қилиниши мумкин.

 

III-боб.Якуний қоидалар

 

26. Клуб аъзоларининг клуб доирасидаги фаолияти уларни олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни доирасидаги мажбуриятлардан озод этмайди.

27. Адлия органлари ва муассасаларида клуб аъзоларининг маълумотномаси (объективка) юритилади.

28. Талабаларнинг клубдаги фаолияти уларни адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилишда инобатга олинади.