Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 14.09.2019



07:46:14 (GMT +5), Дш, 16 сен 2019

Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар соҳасида амалга оширилган ишлар

Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар соҳасида амалга оширилган ишлар


Адлия органлари томонидан нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар соҳасида 2017 йилда амалга оширилган ишлар

2018 йил 1 январь ҳолатига адлия органларида 9 235 та нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) (шундан 6 148 таси давлат рўйхатидан, 3 087 таси ҳисобга қўйилган ННТнинг бўлинмалари) ва 2 245 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилган.

Жами рўйхатдан ўтказилган ННТнинг 462 таси, диний ташкилотларнинг 19 таси ва 30 та халқаро ҳамда чет эл ННТ ваколатхоналари ва филиаллари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган, қолган 8 743 та ННТ адлия органларида рўйхатдан ўтказилган.

2018 йил 1 январь ҳолатига ҳудудий адлия органларида 231 та доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисоби рўйхатдан ўтказилган бўлиб, улар таркибида 662 та судья фаолият кўрсатмоқда.

Адлия органлари томонидан 2017 йилда 824 та ННТ (557 та), 6 та (1 та) диний ташкилот, 30 та (29 та) чет эл ноҳукумат ташкилотларининг ваколатхона ва филиаллари рўйхатдан ўтказилди.

ННТ ва диний ташкилотлар фаолиятида қонун ҳужжатлари ҳамда устав талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида 1 086 та ННТ ва диний ташкилотлар фаолияти текширилди (шундан 911 таси ННТда ва 175 таси диний ташкилотларда). Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 788 та тақдимномалар киритилиб, натижада 849 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, шундан 27 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, фаолиятида ҳуқуқбузарликка йўл қўйилганлиги аниқланган ННТнинг мансабдор шахсларига нисбатан тегишли чора кўриш ҳақида 504 та таклифлар киритилди, шундан бевосита адлия органлари томонидан 443 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар тегишли судларга юборилди. Киритилган ушбу таклифлар натижасида 319 та ННТнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чоралари, 1 003 нафар шахсларга эса интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, текшириш натижасида 21 та ҳолатда ННТ мансабдор шахслари фаолиятида Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга таклифлар юборилди.

ННТлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида 5000 дан ортиқ ННТлар раҳбарлари ва масъул ходимлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг янги масжидларни очишга бўлган эҳтиёжлари ўрганиб чиқилиб, ушбу соҳага оид тегишли таклифларни ўз ичига олган таҳлилий маълумотнома тайёрланди ва 2017 йил 12 майда Президент девонига киритилди.

Бир қатор ННТ, хусусан Ўзбекистон фермерлари кенгашини Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этиш юзасидан таъсис ҳужжатлари лойиҳалари ва бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарори лойиҳалари тайёрланишига ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ва ҳудудий кенгашлар конференцияларини ўтказишга амалий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, соҳа фаолиятига доир бир қатор қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди. Хусусан:

- Жамоат фондлари томонидан ҳисоботлар эълон қилиш тартибини назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси;

- “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилишини назарда тутувчи “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси;

- Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикасининг адлия органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси;

- Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат таълим муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ва бошқалар.

ННТлар рамзларини рўйхатдан ўтказиш, ННТлар ва диний ташкилотлар томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни ўтказиладиган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш, ННТлар ва диний ташкилотлар томонидан адлия органларига ҳисоботлар тақдим қилиш, ННТларнинг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишишни электрон кўринишда амалга оширишни назарда тутувчи “ННТ ва ҳакамлик судлари ягона маълумотлар базаси” онлайн хизматларни жорий қилиш ва ўрнатиш учун технологик платформа яратиш бўйича техник талаблар ишлаб чиқилди.
Ҳозирда ушбу дастурни жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.