Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Вазирлик ҳақида

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Вазирлик муассасалари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази

Маълумки, мамлакатимизда давлат органларини замонавий ахборот коммуникация воситалари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Қонунчилик бош бошқармаси таркибида Ахборот-юридик маркази ташкил этилиб, унинг асосий вазифаси вазирлик марказий аппаратида компьютер тармоғини ишга тушириш ва уни такомиллаштириш этиб белгиланганди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Ахборот-юридик маркази вазирлик ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш марказига айлантирилиб унинг асосий вазифаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлаб туриш, ундан давлат бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг, қолаверса чет эл фуқароларининг фойдаланишига имконият яратиб бериш экани белгилаб берилди.

Ушбу вазифа ижроси юзасидан дастлаб, Қонун ҳужжатлари миллий базасига киритиладиган ҳужжатлар, унинг шакли, ҳужжатларни назорат ҳолатида сақлаб туриш имкониятлари ўрганиб чиқилди. Лойиҳани амалиётга жорий этиш учун вазирлик марказий аппаратидан ва бошқа ташкилотлардан малакали мутахассислар жалб қилиниб, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (ҚҲММБ) концепцияси ишлаб чиқилди. Концепцияга асосан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда дастлаб хорижий давлатларнинг ушбу йўналишдаги тажрибаси ўрганиш ва ҚҲММБни яратиш борасида лойиҳалар кўриб чиқилиб, «Информацион излаш тизими «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси», «Техник лойиҳани ишлаб чиқиш ва лойиҳадан олдин текшириш ишлари олиб бориш» каби мавзуларда қатор семинарлар ўтказилди.

Марказ раҳбарияти ва ходимларининг фидокорона меҳнатлари самараси ўлароқ 2007 йил 1 июлдан Қонун ҳужжатлари миллий базаси www.lex.uz сайтида он-лайн режимда фаолият кўрсата бошлади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қонун ҳужжатлари миллий базасининг яратилиши аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлашда мустақиллик йилларида амалга оширилган энг муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотларни аҳоли эътиборига етказиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан текин фойдаланиши жорий этилди.

Ҳозирги кунда ҚҲММБ интернет тармоғи орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бепул кенг кўламда фойдаланиш имконини берувчи мамлакатимиздаги ягона ахборот-ҳуқуқий тизим ҳисобланади. Ваҳоланки, жаҳоннинг ривожланган бир қанча мамлакатларида ҳам аҳоли учун бу каби қулайликларнинг ҳанузгача яратилмаган. Шундан ҳам кўриш мумкинки, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилади, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу ҳақда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида ҳам фуқароларнинг, айниқса ватанимиз келажаги бўлмиш ёшларимизнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ҳуқуқий тарғиботнинг ўта муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомда вазирлик зиммасига юклатилган вазифалар қаторида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.

ҚҲММБга 1990 йилдан то ҳозирги кунгача республикамизда қабул қилинган барча қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатлари ўзбек ва рус тилларида киритилган бўлиб, бугунги кунга келиб уларнинг сони қарийб 30 минг тани ташкил этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази қонун ҳужжатларини босма нашрлар орқали ҳам тарқатади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг расмий даврий нашрлари бўлмиш Олий Мажлис палаталарининг Ахборотномаси, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами ҳам бевосита марказимизда нашрга тайёрланади.

Ҳозирги кунда Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази 8 та бўлим ва битта шўъба корхонадан иборат.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига техник ишлов бериш бўлимида қонун ҳужжатларининг расмий нашрларини, яъни, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, Халқаро шартномалар тўплами ва бошқа ҳуқуқий адабиётлар нашрга тайёрланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига юридик ишлов бериш бўлими ходимлари эса Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига мамлакатимиз қонунлари, Олий Мажлис ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари шу билан бир қаторда идоравий-меъёрий, техник ва барча турдаги норматив аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларни киритиш уларга шарҳлар ёзиш, назорат ҳолатини юритиш ва уни доимий янгиланиб боришини таъминлайдилар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мониторинги бўлими ходимлари Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидаги мавжуд ҳужжатларнинг доимий мониторингини юритиш, уларнинг назорат ҳолатини текшириб бориш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарорлари, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини инвертаризациясини амалга ошириш, LexUZ тизимига киритилмаган ҳужжатларни аниқлаш ва уларни тизимга киритиш чораларини кўриш;

Ҳозирги кунда ушбу бўлим мавжуд ҳужжатларни назорат ҳолатини юритишдан ташқари суд қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари ва халқаро ҳужжатларни ҚҲММБ га киритиш ишларини амалга оширмоқда.

Шартномавий ва ҳуқуқий ишлар бўлимида марказнинг барча шартномавий масалалари билан бир қаторда ташкилий, моддий-техникавий ва Касаба уюшмаси фаолияти амалга оширилади.

Дастурий таъминотларни яратиш ва кузатиб бориш бўлими ходимлари томонидан вазирлик томонидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида Адлия вазирлиги томонидан яратилаётган ахборот тизимлари шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими лойиҳаларини яратиш, ахборот тизимларининг дастурий таъминоти ишлаб чиқиш ва ишга тушириш бўйича ишларни амалга оширмоқда.

Техник ва тизимли хизмат кўрсатиш бўлими томонидан Адлия вазирлиги техник воситалари, телекоммуникация тармоқлари, алоқа каналлари ва компьютерлари тўҳталишларсиз ишлаши, уларни бошқаришни амалга ошириш ва тизимли техник хизмат кўрсатиш ишларни амалга оширмоқда.

Веб-ресурслар, электрон почталар ва мини-АТС билан ишлаш бўлими томонидан Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органлари расмий веб-сайтларини бошқариш ва кузатиб бориш вазифалари юклатилган. Бундан ташқари, Адлия вазирлигининг электрон почта ва телефонларини бошқариш, уларнинг тўхтовсиз ишлашини таъминлаш ва кузатиб бориш ишларни амалга оширмоқда.

Юридик адабиётлар шўъба корхонасининг эса республикамизда ва хорижда чоп этилган юридик адабиётларни жисмоний ва юридик шахсларга етказилишида ўрни беқиёсдир.

Ҳозирги кунда Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази ўзига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг туркумланган ягона электрон базасини яратиш ва уни давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа фойдаланувчиларга маълумотларни узатиш идоралараро тармоғи, Интернет глобал тармоғи, шунингдек бошқа каналлар орқали шартномавий асосда тарқатиш, ҳуқуқий ахборотлаштириш давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш, хорижий давлатлар қонунчилиги ва халқаро қонунчиликнинг маълумотлар базаси яратиш, уларни фойдаланувчиларга шартнома асосида тақдим этиш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бошқа давлатларга тарқатиш ишларини амалга ошириш, адлия идоралари, муассасалари ва судларнинг компьютер тармоғини ишга тушириш ва фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш, қонун ҳужжатларининг расмий нашрларини, бошқа ҳуқуқий адабиётларни нашр этишни ташкил этиш ва уларни обуна ҳамда бошқа йўллар билан тарқатиш каби бир қатор муҳим вазифаларни самарали амалга ошириб келмоқда. 

Манзил: Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5   тел: 236-17-33