Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Вазирлик ҳақида

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Вазирлик муассасалари

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК УНИВЕРСИТЕТИ

XXI асрда аҳолиси нуқтаи назардан баркамол, ёшлари ҳар томонлама етук, билимдон, ватанпарвар бўлиб униб ўсаётган давлат — қудратли, халқи кучли бўлади. Биз бугун мустақил тараққиёт йўлимизга бир назар ташласак, бу эзгу мақсадни рўёбга чиқариш, соғлом ва баркамол, интеллектуал салоҳияти юксак, мард ва жасур авлодни тарбиялаб вояга етказиш учун мамлакатимизда жуда кенг кўламли улуғвор ишлар амалга оширилилаётганига гувоҳ бўламиз.

Мустақиллик йилларида олий таълим тизимининг таркибий қисми сифатида юридик таълимни тубдан ислоҳ қилиш, ёш ҳуқуқшуносларни ҳар томонлама билимли ва маънавий баркамол қилиб тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2013 йил 28 июнда қабул қилинган “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, шубҳасиз, юридик таълим сифати ва самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қарорга мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат юридик институти университетга айлантирилди. ТДЮУ тизимида Фанлар академиясининг тугатилган Фалсафа ва ҳуқуқ институти базасида ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ташкил этилди.

Университет олдига ҳуқуқшунослик асослари, йўналишлари, илмий-тадқиқот тамойилларини чуқур ўзлаштирган, давлат ва жамоат ташкилотлари олдидаги назарий ҳамда амалий вазифаларни ҳал этишга қодир, юксак маданий савия, касбий билимдонлик ва ахлоқий-эстетик баркамолликни ўзида акс эттирган ватанпарвар, фидокор, юқори малакали мутахассис – бакалавр ва магистр кадрлар тайёрлаш ҳамда мавжуд кадрларнинг малакасини ошириш вазифаси қўйилган.

Университетда 2168 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, улардан 1892 нафари бакалавриатда, 276 нафари эса магистратура босқичида ўқимоқда.

ТДЮУ профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳиятини 2001 йилни 2012 йил билан таққослаганда фан докторлари 13 тадан 29 тага (улардан 1 нафари академик, 20 нафари эса профессор), фан номзодлари эса 57 тадан 110 тага (улардан 78 нафари доцент), фоиз ҳисобида 35%дан 66 %га ўсди. Профессор-ўқитувчиларнинг ўртача ёши 2001 йилдаги 53 ёшдан 2012 йилда 40 ёшга тушди. Ҳозирги кунда аспирантура ва магистратурани тамомлаган 66 та иқтидорли ёш мутахассис университет педагогик фаолият билан шуғулланмоқда.

2001 йилдан кейин бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича жами 11 та давлат таълим стандартлари тўла қайтадан ишлаб чиқилиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди. Ушбу стандартлар асосида бакалавриат учун 45 та, магистратура мутахассисликлари учун эса 56 та ўқув дастурларининг янги авлоди яратилди.

Мазкур дастурларнинг мазмун-моҳияти мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг меъёрларига мослаштирилиб, юридик фан энг янги ютуқлари билан бойитилди.

Университет профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув адабиётларини босқичма-босқич тайёрлаш ва чоп этиш режали асосда олиб борилиши натижасида, бугунга келиб бакалавриатнинг барча фанлари янги авлод дарсликлари билан тўлиқ таъминланди. Ҳозиргача университет профессор-ўқитувчилари томонидан 239 та дарслик, 634 та ўқув қўлланма, 503 та ўқув-услубий қўлланма тайёрланиб, ўқув жараёнига татбиқ этилди. Бунинг самараси ўлароқ 2002 йилда ТДЮУ жамоаси дарслик, қўлланма ва ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш ҳамда нашр этиш буйича Республикадаги барча олий ўқув юртлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2003 йилда ўтказилган танловда “Жиноят ҳуқуқи” дарслиги 1-ўринни, 2002 йилда эса “Фуқаролик ҳуқуқи” дарслиги 3-ўринни эгаллади. 2005 йилда эса “Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексига шарҳлар” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологиялар Маркази томонидан ўтказилган танлов ғолиби бўлди.

Ўқув жараёнига янги ахборот технологияларини жорий қилиш ва талабалар учун қулайликлар яратиш университет фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб, қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 676 та электрон дарслик ва ўқув қўлланма тайёрланиб, университет Ахборот-ресурс маркази қошидаги электрон базага киритилди. Кафедралар, деканатлар ва бўлимларда фойдаланиш учун жами 804 та замонавий компьютер сотиб олиниб, аудиторияларга 67 та мультимедиали проекторлар ўрнатилди. Ҳозирда университетимизда 2 та масофали ўқитиш қурилмаси, 2 та интернет-синф, 7 та компьютер синфи ва 3 та электрон кутубхона фаолият кўрсатмоқда.

Замон талабларига жавоб берадиган ҳуқуқшуносларни тайёрлаш, ўқув жараёнини такомиллаштириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун барча қулайликларни яратиш мақсадида ўқув бинолари ва талабалар турар жойи тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бугунги кунда ўқитувчилар дарсларни проектор, кодоскоп ва бошқа замонавий техник воситалардан унумли фойдаланган ҳолда ўтиш имкониятга эга бўлдилар.

Таълим жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида Университетда ўргатиладиган мутахассислик фанларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Олий суди, Олий хўжалик суди, прокуратура органлари, суд-экспертиза марказларида ўқитиш амалиёти йўлга қўйилган. Қолаверса, амалиётчи мутахассислар дарс жараёнларига фаол жалб қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Университетнинг халқаро ҳамкорлиги жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ТДЮУ бир қатор ривожланган демократик мамлакатларнинг юриспруденция соҳасидаги олий ўқув юртлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкам йўлга қўйган.

Жумладан, 11 та хорижий мамлакатларнинг (Франция, Япония, Болгария, Россия, Украина, Литва, Қозоғистон ва бошқ.) етук олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ҳақида шартномалар тузилди.

Юртимиз ва хорижий мамлакатларда ҳуқуқшуносликнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган қирққа яқин халқаро симпозиум, конференция ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий марказларидан келган юздан зиёд мутахассис Университетда маъруза қилган бўлса, иқтидорли талабаларидан 108 нафари хорижий таълим марказларида билимларини ошириб қайтди.

Хусусан, 2002 йилдан эътиборан Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларининг етакчи профессорлари ТДЮУ талабаларига маърузалар ўқимоқда. Бу амалий тадбирлар Япониянинг Мия ва Нагоя Университетлари билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги шартномалар асосида олиб борилмоқда. Нагоя университети билан ўрнатилган самарали ҳамкорлик натижаларидан бири сифатида 2005 йилнинг сентябридан бошлаб Университет қошида фаолият кўрсата бошлаган “Япон тили ва ҳуқуқини ўрганиш маркази”ни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Айтиш керакки, бундай марказ Ўрта Осиёда ягона бўлиб, бугунга қадар 200 га яқин университет талабаси ушбу марказда таҳсил олди. Бундай ҳамкорликнинг самараси сифатида бугунги кунда Япония олийгоҳларининг магистратура босқичида таҳсил олаётган Университетимизнинг 25 та битирувчисини ҳамда Германияда ўқиётган 3 та битирувчисини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Ўтган йиллар давомида Университет профессор-ўқитувчиларидан 592 нафари мамлакатимизнинг малака ошириш марказларида, 167 нафари эса чет элнинг етакчи олий таълим муассасаларида малакасини оширишга эришди. Шу билан бирга, ТДЮУ қошидаги Малака ошириш факультетида бошқа олий таълим муассасаларининг ҳуқуқшунос педагоглари ва кадрлар бўлимлари нозирларидан қарийб 2000 киши ўз касб малакасини оширди.

Университет мутахассислари 220 та монография, 349 та рисола, 27 та қонунларга шарҳ, 160 та конференция материаллари, 69 та илмий тўплам тайёрлаб чоп этди. Университет ҳуқуқшунос олимлари томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят кодекси, Фуқаролик, Жиноят-процессуал, Хўжалик процессуал ва Уй-жой кодексларига ёзилган шарҳларни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим.

Университет ҳузурида юридик фанлар номзоди (доктори) илмий даражасини беришга ихтисослашган 3 та кенгаш муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ўтган йиллар мобайнида бу кенгашларда 37 та докторлик ва 155 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Турдош олийгоҳлар учун ҳам юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Қорақалпоғистон Республикаси учун мақсадли равишда 2 та фан доктори ва 15 та фан номзоди тайёрланди.

Шу билан бирга, Университет олимлари томонидан амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган 400га яқин қонун лойиҳаси тайёрланиб, тегишли давлат органларига юборилди.

Бугунги кунга келиб Тошкент давлат юридик университет ўзининг иқтидорли талаба ва магистрлари, етук профессор-ўқитувчилари эришаётган салмоқли натижалар билан ҳақли равишда фахрланади.

Масалан, магистр ва талабаларимиздан 10 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндори, 31 нафари Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси эгаси, 30 нафари эса республика талабалар олимпиадаларининг ғолиби бўлгани ҳаммамизни беҳад қувонтиради.

Аҳолининг кам таъминланган қатламига беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Университет қошида юридик маслаҳатхона фаолияти йўлга қўйилиб, фуқароларга самарали ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Тошкент давлат юридик университет фақат таълим йўналишидаги ўқув юрти бўлиб қолмай, балки жиддий илмий база асосида ҳуқуқий тизимни ислоҳ қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган илмий марказга айланганини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Университет фаолияти билан яқиндан танишишингиз учун унинг интернетдаги қуйидаги манзили орқали веб-сайтига киришингиз мумкин.

Манзил: Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 35  тел: 233 66 36

tsul.uz