Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Вазирлик ҳақида

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Вазирлик муассасалари

Х.СУЛАЙМОНОВА НОМИДАГИ РЕСПУБЛИКА СУД ЭКСПЕРТИЗАМАРКАЗИ

Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази 1995 йилгача Тошкент суд экспертиза илмий-тадқиқот институти деб аталар эди. Ўша даврда суд экспертлик фаолиятини тартибга соладиган бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқ эди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач Республика суд экспертиза маркази ўзининг янги ривожланиш босқичини бошлади.

Мамлакатда суд экспертиза фаолиятини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, холисона, аниқ ва ишончли эксперт хулосалари билан одил судловни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 22 июндаги 234-сонли “  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг экспертиза хизматини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори билан Тошкент суд экспертиза илмий-тадқиқот институти Республика илмий-тадқиқот криминалистика марказига (РИТКМ) айлантирилиб, унга суд экспертизаси масалалари бўйича илмий-услубий ва мувофиқлаштирувчи идора вазифаси юклатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Республика суд экспертиза маркази деб номлана бошланди.

Аввалига суд экспертизасига оид масалалар асосан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда акс эттирилган бўлиб, суд экспертизасининг тушунчаси ва унинг фаолияти маълум бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тулиқ ёритиб берилмаган эди.

Суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилиниши муносабати билан суд экспертиза фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллашиб борди. Ўзбекистон Республикаси 2010 йил 1 июнда қабул қилинган “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни суд ишларини юритиш турларидан қатъий назар, демократик принципларга асосланган суд-экспертлик фаолиятини тартибга солувчи умумий нормаларни белгилаб берди. Қонун билан Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари тартибга солинди ва суд-экспертлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик бирхиллаштирилди, шунингдек Ўзбекистонда суд экспертизасининг динамик ривожланиши, экспертлик тадқиқотларининг жаҳон стандартларига мос келадиган, замонавий илмий даражада ўтказилиши учун шароит яратиб берилди.

1991 йилда Марказда 4 та лаборатория, 2 та бўлим ҳамда 6 та вилоят бўлинмалари фаолият кўрсатар эди. 1992 йилда Марказ қошида суд-фонография экспертизаси бўлими ташкил қилинди ва порахўрлик, коррупция, рекэтни фош этишда муҳим ўрин эгаллайдиган суд-фонография экспертизасини ўтказиш бошланди.

1994 йилда Марказдаги суд-бухгалтерия бўлими асосида суд-иқтисодий экспертиза бўлими ташкил қилинди ва кенг қўламда иқтисодий экспертизалар ўтказила бошланди. Бу бозор муносабатларига ўтиш билан боғлиқ иқтисодий муаммоларга тааллуқли турли масалаларни ҳал этиш ва иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни очишда суд экспертизасининг имкониятларини сезиларли кенгайтирди.

2000 йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Марказда одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораторияси ташкил қилинди ва одам ДНКси суд-биологик экспертизасидан ўтказила бошланди.

2001 йилда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида Марказ бўлинмаси ташкил қилинди ва суд-автотехник экспертизалар ўтказила бошланди.

Бугунги кунда Марказда 5 та лаборатория, 3 та бўлим, 7 та вилоят бўлинмалари ва эксперт гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят бўлинмаларида аввал деярли барчасида фақат автотехник экспертизадан ўтказилган бўлса, мустақиллик йилларида уларда суд-иқтисодий, суд-қурилиш-техникавий, суд-товаршунослик, суд-ер экспертизалари ўтказиш ташкил қилинди.

Марказ томонидан 54 эксперт мутахассислиги бўйича кенг қамровдаги 40 та экспертиза тури ўтказилади.

Бугунги кунда Марказ суд экспертизаларини юқори илмий савияда ўтказиш, аниқ ва ишончли эксперт хулосаларини бериш учун замонавий техник база ва илғор услубларга эга бўлиб, ҳуқуқий давлатни шакллантириш, янги иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш шароитида унга юклатилган вазифаларни муваффақиятли ҳал қилиб келмоқда.

Унинг юксак салоҳияти анъанавий криминалистик, кимёвий, физикавий, муҳандислик, биологик, иқтисодий экспертизадан ўтказиш билан бир қаторда энг замонавий ва истиқболли одам ДНКси суд биологик (ген дактилоскопияси), фонографик (овоз ва нутқ), материалшунослик каби экспертиза турларини ўтказиш имконини беради. Сўнгги йилларда ҳеч қаерда ўтказилмаган, фақат Марказда ўтказиш ташкил этилган ўзбек тилидаги фонограммалар экспертизаси, суд-ер, йўл-транспорт, иқтисодиёт соҳасида банк-кредит, солиқ бўйича ва шу каби суд экспертизалари ўтказила бошланди.

Эксперт хулосалари энг оғир ва мураккаб жиноятларни фош этиш ва иш бўйича қонуний қарорлар қабул қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва судларга муҳим ёрдам бериб келмоқда.

Марказ ташкил қилинган дастлабки йилларда бу ерда 3.913 та экспертиза ўтказилган бўлса, 2011 йилга келиб бу кўрсаткич 24.540 тани ташкил этди.

Марказнинг Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қарши, Нукус, Гулистон, Урганч ва Термиз шаҳарларидаги бўлинмалари ходимлари одил судловни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Алоҳида эътибор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва судьялар учун илмий-услубий ишларга қаратилган.

Марказда суд эксперт тадқиқотларини ўтказиш билан бир қаторда суд экспертиза масалалари бўйича кенг кўламда илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилади.

Марказда олиб борилган илмий тадқиқотлар амалиёт талабларидан келиб чиқиб суд экспертизанинг ҳуқуқий, умумназарий асосларини ривожлантириш, суд экспертизанинг мавжуд услубларини такомиллаштириш ва янгиларини яратишга ва экспертиза соҳасида ахборот-қидирув тизимларини ишлаб чиқишга ва тўлдиришга қаратилган.

Бугунги кунда Марказда битта Давлат гранти асосида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги илмий-техник тараққиётни мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан тасдиқланган Давлат илмий-техника дастури (ДИТД) бўйича Ўзбекистон популяцияларининг Y-хромосома бўйича полиморфизмини тадқиқ этиш бўйича ва ички қўшимча режа асосида 13 та йўналиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, суд экспертизанинг умумназарий асосларини шакллантиришга қаратилган Ўзбекистонда суд экспертизасини қонуний бошқаришни такомиллаштириш бўйича, услубий масалаларини ишлаб чиқишга қаратилган: суд-хатшунослик экспертизаси соҳасида лотин графикасига асосланган ўзбек тилида атайлаб ўзгартириб ёзилган дастхатларни тадқиқ этиш, ҳужжатларни техник-криминалистик экспертизаси бўйича босилган тасвирлардан рангли струяли принтерларни аниқлаш ва таққослаш имкониятларини тадқиқ этиш, суд-баллистика соҳаси бўйича ўқ отган шахсни аниқлашда электрон микроскопини қўллаш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни микромиқдорини тадқиқ этиш, ўсимлик мойларини криминалистик тадқиқ этиш, микрозарралар экспертизаси бўйича толали объектларни таққослаш усулини ишлаб чиқиш, суд-қурилиш-техникавий экспертизаси соҳасида қурилиш объектларини баҳолашнинг бозор усулини қўллаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш, суд автотехника экспертизаси бўйича «UzGM» (Daewoo) автомашиналарининг тормоз хусусиятларини ўрганиш, суд иқтисодий экспертиза соҳасида банк тизимида иқтисодий жиноятларни содир этишда қўлланилган ҳужжатларни тадқиқ этиш, суд фонография соҳасида рақамли мосламаларда ёзилган ўзбек тилидаги фонограммалар товуш сигналларининг кўрсаткичларига тозалаш (фильтрлаш) воситаларининг таъсирини тадқиқ этишга қаратилган тадқиқотлар амалга оширилмоқда.

Компьютер техникасини суд экспертиза амалиётига жорий этиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар турли объектлар бўйича маълумотлар базасини яратишга қаратилган бўлиб, изшунослик ва шиша (ойна) экспертизаси такомиллаштиришга бағишланган.

Марказ томонидан МДҲ мамлакатлари, шунингдек АҚШ, Германия, Франция, Швейцария, Туркия, Хорватия, Финляндияда ўтказиладиган илмий-амалий конференцияларда ўзининг илмий тадқиқотлари натижалари асосида маъруза ва илмий мақолалар чоп этиб келмоқда.

Айтиш жоизки, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг Марказнинг халқаро нуфузи янада ошди. Адлия вазирлиги томонидан МДҲ давлатлари Азербайжан, Тожикистон, Украина, Қирғизистон, Грузия ва Хитой Халқ Республикалари Адлия вазирликлари билан суд экспертиза соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузилди. Уларга асосан Марказ Озарбайжон ва Украина Республикаларининг суд экспертиза муассасалари билан эксперт хулосаларини тақризга юбориш, илмий мақолаларни чоп этиш учун йўллаш ва услубий материаллар билан алмашиш шаклида ҳамкорлик олиб боради. Марказ ходимлари Чехия, Словакия, Германия Республикалари ҳамда Америка Қўшма Штатларида малака ошириб келдилар. Марказнинг 4 ходими халкаро токсикологлар жамияти (TIAFT)га аъзо бўлди.

Марказ ходимлари чет эл мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган бир неча илмий семинарларда иштирок этишган. Жумладан, Одам ДНКси суд биологик экспертизаси имкониятлари ҳақида, Ички ишлар вазирлигида ўтказилган қимматбаҳо ҳужжатлар ва янги кўринишдаги АҚШ долларини тадқиқ қилиш бўйича, Суд-тиббий экспертиза бош бюросида суд экспертиза лабораторияларини сертификациядан ўтказиш ва суд токсикология бўйича, Марказда ўтказилган синтетик гиёҳвандлик воситалар экспертизасига оид семинарларда олинган билимлар амалиётда қўлланилмокда.

Республикада суд экспертиза ва криминалистика соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, самарали меҳнатларини инобатга олиб, Марказнинг 14 нафар ходими давлатимиз юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Экспертиза маркази фаолияти билан яқиндан танишишингиз учун унинг интернетдаги қуйидаги манзили орқали веб-сайтига киришингиз мумкин.

Манзил: 100115,г. Ташкент, ул. Чиланзарская, 29 тел: 277-35-41

www.sudex.uz