Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Вазирлик ҳақида

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Вазирлик муассасалари

ТОШКЕНТ ЮРИДИК КОЛЛЕЖИ

Тошкент юридик коллежи – давлат органлари, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар, жамоат органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар учун кичик мутахассис ҳуқуқшунос тайёрлайдиган Ўбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги етакчи ўқув юртидир.

Коллежнинг тарихи, ташкил этилиши ва ривожланиши ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири бўлиб ишлаган (1970-1984), юридик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос Мамлакат Собировна Восиқова номи билан боғлиқдир.

Коллеж 1977 йил 1 июлда Ўзбекистон Ҳукуматининг 560-р-сонли фармойиши асосида юридик техникум мақомида ва 1977 йил 8 сентябрда халқ хўжалигини ўрта махсус юридик маълумотли мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Тошкентда очилган ўрта махсус юридик билим берувчи ўқув юрти негизида ташкил топган.

Юридик техникум Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 14 мартдаги 130-сонли “Юридик таълимни қайта қуриш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент юридик коллежига айлантирилди ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 370-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига киритилди.

Коллеж ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида давлат органлари, ташкилот, корхона, муассасаларга, жамоат ташкилотларига, хусусий корхоналарга кичик мутахассис тайёрлаш билан бирга ўқувчи-ёшларга умумтаълим фанларидан билим бериб, уларнинг кейинчалик олий ўқув юртларида ўқишига имконият яратмоқда.

Ҳар йили коллежни мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар битириб, мустақил ҳаётга йўл олди.

Коллежда “Хўжалик масалалари ҳуқуқшуноси”, “Маъмурий-ҳуқуқий фаолият”, “Ҳуқуқшунослик” ва “Судларда ижро иши” йўналишлари бўйича кичик ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрланмоқда.

Ўқувчи-ёшларни ахлоқий, миллий қадриятларимиз асосида маънавий жиҳатдан тарбиялаш, аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини оширишда фаол иштирок этиш ўқув даргоҳининг вазифаларидан ҳисобланади.

Коллежда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, сиёсий-ҳуқуқий ва таълим-тарбия соҳаларига оид Ўзбекистон Республикси Президенти фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, миллий истиқлол ғояси, вояга етмаганлар, ота-оналар билан ишлаш, спорт ва соғломлаштириш, ўқувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш каби долзарб мавзуларда тадбирлар ташкил этилади.

Коллежда иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш “Иқтидорли ўқувчиларни излаш, аниқлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш”га доир иш режаси асосида амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, жорий ўқув йили давомида коллежда ўқитиладиган деярли барча фанлар бўйича иқтидорли ўқувчилар рўйхати тузилиб, уларга мураббийлар белгиланди. Мураббийлар иқтидорли ўқувчиларни фанлар бўйича ўтказиладиган олимпиадаларга тайёрлаш, ўқувчиларнинг дарс жараёнида фойдаланишлари учун услубий кўрсатмалар тайёрлаш ва уларни илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланишга жалб қилиш сингари ишлар бажаради.

Талаба ёшларнинг таълим-тарбиясида Маънавият ва маърифат бўлими таркибидаги Ахборот ресурс марказининг алоҳида ўрни бор. Ахборот ресурс маркази 2006 йил сентябрь ойидан бу ном билан юритилади. Коллежнинг замонавий талабларига жавоб берадиган марказ фондини 60 мингга яқин адабиёт, 150 номда электрон дарсликлар жамланмаси ташкил қилади ва унда 120 ўринли қироатхона мавжуд. Марказ босма адабиётлар электрон ахборот ресурслари, электрон ахборот ресурс технологиялари, ахборот ресурсларини қабул қилиш ҳамда фондларни шакллантириш бўлимларидан иборат.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири ахборот ресурс маркази фаолиятини такомиллаштириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, маданий, маънавий-ахлоқий қадриятларни улар онгига сингдиришдир.

Ҳар йили коллеж ўқувчилари марказ ходимлари билан ҳамкорликда “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг барча босқичларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Тошкент юридик коллежи ўқувчи-ёшлари бугунги кунда “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълим олиш билан бирга республика ва халқаро миқёсдаги маданият, санъат, фан ва спорт каби турли соҳалардаги кўрик-танлов ҳамда мусобақаларда иштирок этиб, қатор ютуқларга эришмоқда.

Хусусан, 2010 йилда “Ёш ҳуқуқшунослар” кўрик-танлови республика босқичида коллеж ўқувчилари фахрли биринчи ўринни эгаллади. 2011 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ёш ҳуқуқшунослар” республика кўрик-танловида эса коллежнинг “Куч адолатда” жамоаси олий ўринга сазовор бўлди.

Ўқувчи-ёшлар нафақат фан соҳалари бўйича, балки санъат ва журналистика йўналишлари бўйича ҳам республика миқёсидаги кўрик-танловларда Тошкент юридик коллежи ўқувчиси деган шарафли номни оқлаб, ўз истеъдод ва қобилиятларини намоён этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирда Тошкент юридик коллежида фан, маданият ва спорт соҳаларида улкан ютуқларга эришаётган, келажакда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган ўқувчи-ёшлар таълим-тарбия олишмоқда.

Коллеж фаолияти билан яқиндан танишишингиз учун унинг интернетдаги қуйидаги манзили орқали веб-сайтига киришингиз мумкин.

Манзил: 100113, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 8-мавзе, Лутфий кўчаси 47-уй.   тел: 273-85-92
  

tyuk.uz