Вазирлик ҳақида Вазирлик фаолияти Интерактив хизматлар Вазирликка мурожаат қилиш Халқаро ҳамкорлик Қонунчилик Нашрлар ва мақолалар Вазирлик кутубхонаси

Вазирлик ҳақида

Алоқа учун маълумотлар

Агар Сизнинг қонуний ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, ўйланмасдан Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари Ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

map
Ишонч телефони
1008
Тошкент, 100047, Сайилгоҳ кўчаси, 5
Девонхона: (0371) 233-13-05
Фуқароларни қабул қилиш ва мурожатлар бўлими: (0371) 236-26-10
Факс: (0371) 233-48-44
info@minjust.gov.uz

Вазирлик муассасалари

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти давлат корхонасининг фаолияти тўғрисида маълумот

ИЛК ҚАДАМЛАР

Истиқлолнинг дастлабки йилларидан барча соҳаларда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Президентимизнинг жиноий жазоларни либераллаштириш, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш, ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги фармонлари инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш учун қўйилган муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги Фармони асосида ташкил этилган “Адолат” нашриёти давлат корхонаси ҳам мустақиллик билан қадам-бақадам мамлакатимизда қонун ижодкорлигининг таркиб топиши, ҳуқуқий маърифатнинг халқ онггига, айниқса, ёш авлод шуурига сингдиришга муносиб хизмат қилиб келмоқда.

Ўзининг илк фаолиятини мустақил мамлакатимиз Президентининг фармонларини чоп этишдан бошлаган нашриёт ўз мавзу режасини тобора бойитиб, ҳуқуқий-маърифий, бадиий-детектив асарлари билан халқимиз ҳаётига чуқур кириб борди.

Нашриёт мустақил Ўзбекистон Конституциясининг яратилиши ва унга шарҳлардан тортиб, иқтисодиётнинг барча соҳаларини қамраб олган қонунлар, қарорлар, республикамиз кодексларини тезкорликда чоп этиб, халққа етказишда ташаббускор бўлди. Давлат ҳужжати саналган Ўзбекистон Республикасининг 15 та кодекси ва қонун ҳужжатлари тўплами мажмуини кетма-кет, изчил нашр этиб борди. Айниқса, 2009 йилда ўзида 3300 га яқин юридик атамани жамлаган Ўзбекистон юридик энциклопедиясининг чоп этилиши ва халқимизга етказилишида “Адолат” нашриётининг ташкилотчилик қобилияти ҳуқуқий маърифат ва маданият тарғиботи учун салмоқли амалий иш бўлди.

Президентимиз ташаббуси билан яратилган мазкур энциклопедия бугунги кунда халқимизнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда дастуриламал бўлаётганлиги барчамизга аён. 

Ўз олдига катта режаларни мақсад қилиб қўйган ҳуқуқий маърифат ўчоғининг келгуси фаолияти салмоқдор ва масъулиятли кечиши бугундан яққол сезилмоқда. Бунга давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлисида моҳиятан тарихий аҳамият касб этган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузаси асос бўлиб хизмат қилади. 

“Адолат” нашриёти томонидан муҳтарам Президентимизнинг юқорида кўрсатиб ўтилган Концепция маърузаси асосида тайёрланган 9 та номдаги ўқув услубий мажмуалар тўпламининг кўп минг нусхада нашр этилиб, тарқатилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

“Адолат” нашриёти демократик фуқаролик жамияти қуришга жадал киришган мустақил мамлакатимиз миллий қонунчилигини тарих саҳифаларига муҳрлашда ҳамда инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясида чинакам адолат кўзгуси бўлиб қолади.

ИЖОДИЙ ЖАРАЁН

“Адолат” нашриётининг 20 йиллик ижодий жараёни қизғин кечганлигини нашр этилган адабиётларнинг турли йўналиш ва жанрларда эканлигидан ҳам билса бўлади. Нашр этилган китоблар мазмун ва мавзусига қараб 6 бўлимга: ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп, маълумотнома, дарслик ва ўқув қўлланмалари ҳамда бадиий адабиётларга бўлинди. Бу адабиётлар 11 та: “Ўзбекистоннинг янги қонунлари”, “Ўзбекистон Республикасининг кодекслари”, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари”, “Қонунларни тушунтиришга мўлжалланган адабиётлар (шарҳлар ва саволларга жавоблар)”, “Қонун ҳужжатлари тўпламлари”, “Ахлоқ. Адаб. Адолат”, “Юридик маълумотнома (справочник ва луғатлар)”, “Дарслик ва ўқув қўлланмалари”, “Ёшлар ва болалар учун адабиётлар”, “Суд очерклари ва детектив адабиётлар”, “Ҳуқуқий меросимиз хазинасидан” каби туркумларга ажратилди. Кейинчалик бу туркумларга “Давлат ва миллат рамзлари”, “Ўзбекистон ҳуқуқшунослари”, “Ўзбек детективи” рукнлари ҳам қўшилиб, мазмунан бойиб борди.

Ўтган йиллар мобайнида муҳтарам Юртбошимизнинг топшириқлари билан Ўзбекистон Республикасининг барча кодекслари, иқтисодиётнинг турли соҳаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари ўзбек ва рус тилларида, ягона шакл ва андозада, сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар билан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, тарқатилмоқда.

Қонун ҳужжатларини аҳолига содда ва тушунарли ҳолда етказиш, уларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ҳуқуқшунос олимлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, қонун ҳужжатларига шарҳларни яратишга киришилди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ 
1993 йилда А.Саидов ва О.Юнусоваларнинг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунга шарҳлар”, М.Усмоновнинг “Ер тўғрисидаги қонунга шарҳлар” китоблари, муаллифлар жамоаларининг мулкчилик, тадбиркорлик тўғрисидаги қонунларга берган шарҳларининг иккита китоби, шунингдек, турли йилларда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, қатор қонун ҳужжатларига шарҳлар, “Пенсия таъминоти тўғрисида 1000 саволга 1000 жавоб”, “Хусусий тадбиркорлик”, “Қишлоқ хўжалигини хусусийлаштириш”, “Акционерлик жамиятлари: саволлар ва жавоблар”, “Меҳнат қонунлари бўйича юз саволга юз жавоб”, М.Восиқованинг “Ҳар бир аёл учун”, муаллифлар жамоасининг “Қишлоқ хўжалик кооперативларини ташкил этишнинг ҳуқуқий жиҳатлари” сингари ўнлаб китоблар чоп этилди.

Ноширлик корхоналари орасида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб бораётган нашриётга кўплаб муаллифлар мурожаат қила бошлади. Шу билан бирга, “Адолат”нинг буюртмаси билан даврнинг долзарб мавзуларида янги китоблар яратилди, бу нашриёт мавзу режасининг бойишига олиб келди.

Солиқ, божхона, банк, молия, меҳнат, ижтимоий таъминотга оид саволларни ўз ичига олган “Аҳоли учун юридик маълумотнома” деб номланувчи 6 китобдан иборат қомусий тўплам, мамлакатимиз ҳаётида рўй берган муҳим воқеа ва саналар, республикамиз мустақиллигига бағишланган, таниқли олимлар қаламига мансуб қатор адабиётлар – Ф.Отахоновнинг “Акционерлик жамиятлари”, “Хусусий тадбиркорлик”, “Юридическая служба в народном хозяйстве”, М.Файзиевнинг “Мустақиллик нима?”, В.Тўғоннинг “Бўлинганни бўри ер”, М.Хасанийнинг “Юрт бўйнидаги қилич” (ёхуд истило), Т.Тошлоновнинг “Мустақиллик дарси”, И.Санаевнинг “Бу кўҳна дунё”, суверен давлатимизнинг янги Конституциясини шарҳлашга бағишланган Ш.Ўразаевнинг “Мустақил Ўзбекистон Конституцияси”, Ф.Раҳимовнинг “Истиқлолдан яралиб, мустақилликни мустаҳкамлаган асосий қонун”, Ҳ.Одилқориевнинг “Янги Конституция – буюк тимсол”, бобокалонимиз Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган инглиз адиби Ҳ.Ҳукхемнинг “Улуғ Темур”, А.Саидов ва Л.Керэнларнинг “Амир Темур ва Франция” китоблари нашр этилди.

Ёшларни ҳуқуқий меросимиз хазинасидаги асарлар билан таништириш, уларни Ватанга муҳаббат, катталарга нисбатан меҳр-оқибат руҳида тарбиялашга қаратилган М.Мақсуднинг “Мажмаъ ул-Мақсуд”, Б.Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Ат-Термизийнинг “Сунани Термизий”, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”, А.Халлофнинг “Усулул фиқҳ”, “Мутафаккирлар ахлоқ-одоб ҳақида” китоблари нашрдан чиқарилди. 

Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб “Ўзбек детективи” туркуми очилиб, ушбу туркум остида А.Жўраевнинг “Ўқ узган ким?”, Т.Маликнинг “Алвидо, болалик”, Ф.Қиличевнинг “Бургут чангалида”, “Зулматдан садолар”, Б.Носировнинг “Олтин қаср фожиаси”, муаллифлар жамоасининг “Розыск”, “Чет эл детективи” туркуми остида эса, “Сулаймон подшонинг ҳукми”, инглиз ёзувчиси Х.Чейзнинг “Қиз ўғриси”, “Преднамеренное убийство”, “Фантомас”, F.Раҳматуллаевнинг “Нафс сиртмоғида” А.Ибодиновнинг “Латофат” дўконидаги қотиллик” ва бошқа асарлар чоп этилди.

ҲАМКОРЛИК УФҚЛАРИ

Нашриёт ижодий фаолиятининг юксалиши, унга бўлган ишончнинг ортиши қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан кўплаб буюртмалар берилишига сабаб бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор, фармон ва фармойишлари тўпламлари, Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қонун ва қарорлар тўпламлари, Ўзбекистон Фанлар Академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти олимлари билан ҳамкорликда “Юридик атамалар ва иборалар” тўплами нашр этилди.

Олий ўқув юртлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари учун ҳуқуқшуносликка оид қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди. И.Рамазонов ва Э.Мўминовларнинг “Политалогия”, И.Зокировнинг “Фуқаролик ҳуқуқи” (I, II қисмлари), А.Маматқуловнинг “Халқаро ҳуқуқ”, муаллифлар жамоасининг “Жиноят ҳуқуқи”, Р.Қаюмовнинг “Конституциявий ҳуқуқ”, З.Исломовнинг “Давлат ва ҳуқуқ назарияси”, А.Саидовнинг икки жилдли “Халқаро ҳуқуқ”, муаллифлар жамоасининг “Административное право” сингари дарслик ва ўқув қўлланмалари шулар жумласидандир. 

Нашриёт ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқий адабиётлар чиқаришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури, Тинчлик корпуси, ЮНЕСКО, Халқаро Қизил Ярим ой жамияти, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ), Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бўйича Германия фонди (IRZ), чет мамлакатларнинг юртимиздаги элчихоналари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Узбекистан и международные договора по правам человека”, “Инсон ҳуқуқлари декларацияси”, “Конституция ва биз”, “Болалар ҳуқуқи”, “Халқаро инсонпарварлик ҳуқуқи”, “Шарқ цивилизацияси”, “Вояга етмаганлар жиноий жавобгарлиги: Ўзбекистон ва Германия қонунчилиги”, “Вопросы систематизации законодательства и ведения его систематизированного учета с применением элекронных баз данных”, “Актуальные вопросы разработки проекта Кодекса Республики Узбекистан об административной ответственности в новой редакции в контексте международного сотрудничество” китобининг I ва II қисмлари, “Международный коммерческий арбитраж”, “Интеллектуал мулк ҳуқуқи: ривожлантириш истиқболлари”, “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлис, Халқ депутатлари кенгашлари ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунлари”, “Сайловга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” сингари китоблар нашр этилди. Бугунги кунда ҳам бу анъана давом этмоқда.

БУГУНГИ КУН

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз аҳолисини ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаш ва миллий қонунчилигимизни такомиллаштиришга “Адолат” нашриёти ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари кодекс, қонун ҳужжатлари тўпламлари, рисола ва бошқа кўринишларда эълон қилиниб келинмоқда. Жумладан, “Адолат” нашриёти томонидан Республикамиз Раҳбариятининг ташаббуси билан “Ўзбекистон юридик энциклопедияси” яратилди ва 20 минг нусхада нашр этилиб тарқатилди, барча кодекслар ягона шакл ва андозада доимий равишда қонунчиликдаги сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар билан, турли соҳаларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари кўп минг нусхада нашр этилиб келинмоқда. 

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунларини ўзида жамлаган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзлари тўғрисидаги қонунлари” номли тўплам 50 минг нусхада, муҳтарам юртбошимиз И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 18 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси асосида тайёрланган 9 номдаги ўқув-услубий мажмуалар жамланмаси 20 минг нусхада, “Никоҳланувчиларга ҳуқуқий психологик қўлланма” китоби 26 минг нусхада нашр этилиб тарқатилди.

Таъкидлаш ўринлики, “Адолат” нашр белгиси билан чоп этилаётган Ўзбекистон Республикасининг кодекслари, қонун ҳужжатлари тўпламлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар малакали мутахассислар томонидан таҳрир ва таҳлил қилиниб, расмий манбаларга асосланган ҳолда чоп этилганлиги боис, энг ишончли расмий манба ҳисобланади.

“Адолат” нашриёти 2009 йилдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба – “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” – “Собрание законодательства Республики Узбекистан” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами” – “Сборник международных договоров Республики Узбекистан” даврий нашрларини ҳам чоп эта бошлади, бу эса ўз навбатида нашриётнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нашр қилишда нечоғли ишончли ҳуқуқий манбаларга эга эканлигидан далолат беради.

Нашриёт меҳнат жамоаси ҳар доим янгиликка интилиб келган ва улкан марраларни қўлга киритиш мақсади билан меҳнат қилмоқда. “Адолат” нашриёти томонидан 2012 йилда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-ижроия, Солиқ, Оила, Уй-жой, Шаҳарсозлик кодекслари, Гражданский кодекс Республики Узбекистан, Налоговый кодекс Республики Узбекистан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонуни, “Нотариатга оид норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар тўплами”, “Давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан олимпиада иштирокчилари учун ўқув қўлланма”, “Суд экспертизасига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар”, “Актуальные вопросы разработки проекта Кодекса Республики Узбекистан об административной ответственности в новой редакции в контексте международного сотрудничество” (I ва II қисмлар), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет қонунчилиги” ва “Бюджетное законодательствоРеспублики Узбекистан”, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда “Международный коммерческий арбитраж”, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлис, Халқ депутатлари Кенгашлари ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунлари”, А. Раҳмоновнинг “Маънавий-экологик дахлсизлик ва ижтимоий адолат” китоблари нашр этилди. 

“Адолат” нашриёти ташкил этилгандан буён ўтган давр мобайнида 600 дан ортиқ номланишда қарийб 8000 босма табоқдан иборат 8 000 000 нусхадан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, кодекслари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳуқуқшуносликнинг турли соҳаларига оид илмий, илмий-оммабоп адабиётлар, дарслик, ўқув қўлланмалари ва бошқа адабиётларни нашр этиб, тарқатди.

Биргина 2009-2012 йилларда 550 мингга яқин нусхада ҳуқуқий адабиётлар нашр этилиб, республикамиз ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлари, судлар, олий ўқув юртлари профессор ўқитувчилари, талабалари, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда аҳолига етказиб берилди. 

Нашриёт вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлиб, уларнинг буюртмалари асосида китобларни таҳрир қилиш ва чоп этиш хизматларини ҳам кўрсатиб келмоқда.

“Адолат” нашриёти давлат корхонаси томонидан чоп этилаётган расмий нашрларни кўплаб хорижий давлатларга, жумладан Россия Федерацияси, Украина, Белорусь, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон Республикаларига жўнатилиши, ўз навбатида, ушбу хорижий давлатлардан ҳам расмий нашрлар келиб тушиши ва кенг миқёсда ахборот алмашуви йўлга қўйилган.

2010 йилдан бошлаб нашр этилиши режалаштирилган адабиётларга давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, корхона, ташкилот, муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар, судлар ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиш мақсадида уларга кенг миқёсда хатлар юбориш ва таклифларни умумлаштириш асосида адабиётларнинг умумий ададини белгилаш амалиёти йўлга қўйилган ва бу борада тегишли тизим яратилган.

Нашр этилган китобларни тезкорликда тарқатиш ишларини самарали йўлга қўйиш мақсадида улар билан доимий ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Адлия вазирлигининг 2012 йил декабрдаги вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва судлар билан ҳамкорлик меморандуми ижросини таъминлаш мақсадида “Адолат” нашриёти барча ҳамкорларнинг ҳуқуқий тарғибот тадбирларида ўзининг китоб ва журнал маҳсулотлари кўргазмаси билан фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, кодекслари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни, шунингдек турли мазмундаги ҳуқуқий адабиётларни кенг жамоатчиликка етказилишида ва уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишларига ўзининг хиссасини қўшиб келмоқда.

Шунингдек, чоп этилаётган адабиётларни кенг тарғиб-ташвиқ этиш мақсадида ноширлик маҳсулотлари умуммиллий ва халқаро кўргазмаларида, пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар марказида ўтказиладиган аксарият кўпчилик тадбирларда ўзининг китоб ва журнал маҳсулотлари кўргазмаси билан мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палаталарининг йиғилишларида, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари томонидан ўтказиладиган халқаро анжуманларда, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмларда, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, касб-хунар таълими масканларида ўтказиладиган ҳуқуқий тарғибот тадбирларида нашриёт томонидан чоп этилган адабиётларнинг сайёр кўргазмалари мунтазам равишда ташкил этилиб келинмоқда.

Нашриёт меҳнат жамоаси мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Биргина охирги уч йил мобайнида 400 дан ортиқ турли мавзудаги ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлиб, уларнинг 200 га яқини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилган.

2010 йилда “Адолат” нашриётининг www.adolatnashr.uz расмий веб-сайти ишга туширилиб, мазкур веб-сайтда ҳуқуқий тарғиботга оид мақолалар ва янгиликлар мунтазам ёритилиб келинмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий маърифатни тарғиб этиш борасида 2011 йилда ўтказилган “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” танловида нашриёт муҳаррири Г. Ортиқхўжаева муносиб иштирок этиб, “Ҳуқуқий тарғиботни ташкил қилишдаги яқин ҳамкорлиги учун” номинацияси ғолиблигига лойиқ деб топилди.

“Адолат” нашриёти фаолиятини кенг тарғиб-ташвиқ этиш, нашриёт томонидан амалга оширилган ижобий ишлар билан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ҳамда жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида 2012 йил 26 январда Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Марказий сайлов комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, қатор вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари раҳбарлари ва ходимлари, “Адолат” нашриёти фахрийлари иштирокида “Ҳуқуқий адабиётлар – суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг манбаидир” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. Нашриёт ташкил этилганлигининг 20 йиллигига бағишланган мазкур тадбир муносабати билан нашриёт фаолиятини акс эттирувчи фотоальбом тайёрланиб, “Адолат” нашриёти – ҳуқуқий адабиётлар маскани” номли журнал нашр этилиб, тарқатилди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги байрами муносабати билан хизмат бурчини намунали ижро этиб келаётганлиги ҳамда самарали меҳнати, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун нашриёт бош ҳисобчиси
Л. Закирова, девонхона мудири – кадрлар инспектори М. Алимоваларга “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил” кўкрак нишони, вазирлик тизимида узоқ йиллар меҳнат қилган, ҳозирги кунда ҳам нашриётнинг узтоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириб, ёш ходимларга ҳуқуқий адабиётларни нашрга тайёрлаш билан боғлиқ катта масъулият ва жиддий эътибор талаб этадиган ноширлик сир-асрорларини ўргатиб келаётган нашриёт фаҳрийси Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист М. Мирсамадовга Адлия вазирининг табрикномаси топширилди.

Нашриёт ходимлари бугунги кун талабларини хис этган ҳолда замонавий ноширлик имкониятларидан кенг фойдаланиб, ўтган йиллар мобайнида шаклланган ўзига хос анъаналарни давом эттирган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтиришга қаратилган туркум адабиётларни нашр этиш ҳамда нашриёт фаолиятини ривожлантириш йўлида чуқур изланмоқдалар. 

Манзил: Тошкент шаҳри, Буюк Ипак йўли кўчаси, 69-уй.

Мўлжал: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.    тел:268-28-56

www.adolatnashr.uz