Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 17.08.2018



03:55:36 (GMT +5), Шб, 18 авг 2018

Фаолиятнинг ҳуқуқий асослари

“Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сонли Фармони

“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли Қарори




Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони

Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига муҳим роль ажратилмоқда.

Сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида, айниқса, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш, уларнинг юридик хизматларини мувофиқлаштириш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш масалалари бўйича адлия органлари ва муассасаларининг роли ва масъулиятини ошириш имконини берди.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, адлия органлари ва муассасалари фаолиятида ҳуқуқий ислоҳотларнинг юқори самарадорлик даражасига эришишга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд. Хусусан:

биринчидан, адлия органларининг туман (шаҳар) тузилмаларининг мавжуд эмаслиги бевосита жойлардаги ҳуқуқий муаммолар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари уларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолда таъминланиш даражасининг чуқур ўрганилишига, жамиятдаги аниқ ҳуқуқий ҳолатдан келиб чиқиб манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда;

иккинчидан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли таҳлил қилиш ва унинг изчиллиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий нормаларнинг ўзбошимчалик билан ва нотўғри талқин қилинишига йўл қўймаслик юзасидан жойларда давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилмаган;

учинчидан, адлия органларига фаолият йўналишига мувофиқ бўлмаган ва бир-бирини такрорловчи, айниқса, шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш соҳасидаги вазифаларнинг юклатилганлиги давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш соҳасида уларга юклатилган биринчи даражадаги вазифаларни бажариш учун мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш имконини бермаяпти;

тўртинчидан, амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш бўйича жойларда адлия органларининг иши лозим даражада ташкиллаштирилмаган, бунинг натижасида эса аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти, айниқса, қишлоқ жойларда қониқарсиз даражада қолмоқда;

бешинчидан, юриспруденция соҳасида, аввало, халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини муносиб ифода этадиган мутахассисларнинг кескин етишмаслиги сақланиб қолмоқда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида талаб юқори бўлган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича юридик кадрлар тайёрлаш тизими мавжуд эмас;

олтинчидан, адлия органлари ва муассасалари ходимларини ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг паст даражада эканлиги мазкур соҳага юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, барқарор кадрлар захирасини шакллантириш имконини бермаяпти ҳамда ходимларнинг ташаббускорлиги ва масъулиятига салбий таъсир кўрсатмоқда;

еттинчидан, адлия органлари ва муассасалари фаолиятига янги ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, уларни замонавий воситалар ва ускуналар билан жиҳозлаш қониқарсиз ҳолатда қолмоқда.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. Адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг устувор йўналишлари деб куйидагилар:

биринчи, адлия органларини «Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат рухини қарор топтириш — демократик ҳуқуқий давлат кўришнинг гаровидир» деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантириш;

иккинчи, адлия органлари фаолиятига, устувор равишда, танқидий таҳлил ва ҳуқуқий муаммоларни, аввало, бевосита жойларда ишларни самарали ташкил этиш йўли билан ҳал этишга асосланган, сифат жиҳатидан янги механизмларни жорий этиш;

учинчи, давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш, танқидий таҳлил асосида изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

тўртинчи, ҳуқуқий тарғибот ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишнинг замонавий ва таъсирчан услубларини жорий қилиш, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

бешинчи, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини, маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларининг сифатини комплекс ва танқидий таҳлил қилишда адлия органларининг ролини ошириш, бу соҳаларда қонунчиликни янада такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

олтинчи, ўз фаолиятлари юзасидан жамоатчиликка тизимли равишда маълумотлар тақдим этиш йўли билан адлия органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот бериш тартибини жорий этиш, уларнинг аҳолини ташвишга солувчи муаммоларга юзаки муносабатда бўлиши ҳолатларига чек қўйиш, шунингдек, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг аниқ мезонларини белгилаш;

еттинчи, юридик кадрларни, айниқса, талаб қилинаётган тор доирадаги ва соҳавий мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги мутахассисларни ўқитишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш, юридик кадрларни етакчи хорижий таълим муассасаларига тизимли равишда юбориш;

саккизинчи, халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини, халқаро жамоатчилик ва хорижий инвесторларни мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида хабардор қилиш механизмларини ташкил этиш;

тўққизинчи, адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш, ходимларни ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини, шу жумладан уларни хизмат уйлари билан таъминлашни жорий этиш;

ўнинчи, адлия органлари ва муассасаларининг барча тузилмалари фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган касб-ҳунар коллежлари юридик хизматларининг штат бирликлари ҳисобидан, «республика — вилоят — туман (шаҳар)» уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилсин.

Белгилансинки, касб-ҳунар коллежларининг тугатилаётган юридик хизматлари функциялари тегишли туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан амалга оширилади.

3. Туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг асосий вазифалари этиб куйидагилар:

ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;

давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;

қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, «республика — вилоят — туман — маҳалла» принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш;

туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш белгилансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилсин.

5. 2018 йил 1 июлдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (кейинги ўринларда ФҲДЁ деб юритилади) органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, фаолиятини методик таъминлаш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилган ҳолда, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилсин.

6. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра 2018 йилдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ахборот тақдим этади;

Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, ҳудудий адлия бошқармалари бошлиқлари ҳар ярим йил якуни бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига жойларда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахборот тақдим этади;

туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошлиқлари ҳар чоракда тегишлича туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича ахборот тақдим этади.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги халқаро арбитражлар ва суд ишлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига:

давлат органлари ва ташкилотларига, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига белгиланган тартибда халқаро арбитражлар ва суд ишлари масалалари бўйича бажарилиши мажбурий бўлган топшириқлар юбориш;

адлия органлари ва муассасалари, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида, шу жумладан халқаро арбитражлар ва суд ишлари бўйича ўқиш ва малакаларини ошириш учун ривожланган давлатларнинг етакчи таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларига юбориш ҳуқуқи берилсин.

8. Тошкент давлат юридик университетининг Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази негизида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган, бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 25 нафар бўлган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил этилсин.

Қуйидагилар Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қонунчиликни ва унинг тармоқларини ривожлантириш соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий концепциялар ишлаб чиқиш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг инновацион услублари ҳамда усулларини ишлаб чиқиш;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатлари қўлланилиш амалиётини таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлаш;

етакчи хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

бир ҳафталик муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;

бир ойлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин;

икки ойлик муддатда туман (шаҳар) ҳокимликларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини киритсин;

икки ойлик муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Р. Иноятов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2018 йил 13 апрель,
ПФ-5415-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.04.2018 й., 06/18/5415/1072-сон)




Қарорнинг тўлиқ матни

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 13 апрелдаги ПФ-5415-сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш;

давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ушбу соҳада тегишли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиққан ҳолда комплекс ва танқидий таҳлил қилиш;

қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш;

маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш;

ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш;

нотариат, адвокатура ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш;

халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, халқаро шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, халқаро ҳамжамият, хорижий инвесторларни миллий ҳуқуқ тизими ва ўтказилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш;

юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширишни таъминлаш;

суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

адлия органлари ва муассасалари фаолиятида, биринчи навбатда аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ишлашнинг инновацион услубларини жорий қилиш.

2. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида:

Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш бошқармаси;

Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси;

Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси;

Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси;

Ҳуқуқий хизмат кўрсатишни давлат томонидан тартибга солиш бошқармаси;

Халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси;

б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази ва «Адолат» нашриёти негизида:

давлат унитар корхонаси шаклидаги Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда АКТРМ деб юритилади);

давлат унитар корхонаси шаклидаги «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази (кейинги ўринларда «Адолат» маркази деб юритилади) ташкил қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, АКТРМ ва «Адолат» маркази фаолиятини молиялаштириш товарлар (хизматлар, ишлар)ни реализация қилишдан олинган даромадлар, бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари бошқа маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Адлия органлари ва муассасаларига АКТРМ ва «Адолат» ҲАМ билан тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) бўйича шартномалар тузишга рухсат этилсин.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 158 нафардан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги тузилмаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг намунавий тузилмаси 4 ва 5-иловаларга мувофиқ;

туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг намунавий тузилмаси 6-иловага мувофиқ;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижрочиларга етказилиши ҳамда улардаги норма ва қоидаларнинг аҳолига тушунтирилиши схемаси 7-иловага* мувофиқ;

Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар 8-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

* 7- ва 8-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати, адлия органлари ва муассасаларининг тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. 2018 йил 1 майдан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига фақат ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилади;

ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий адлия органларининг ижобий хулосаси мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан улар манфаатдор ташкилотлар билан келишилганидан сўнг, шунингдек такроран — Вазирлар Маҳкамаси аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмаларида уларнинг концептуал қоидалари ўзгартирилганида ўтказилади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар агар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан уларга тегишли ҳужжатни қабул қилиш ёки аниқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ваколат берилган бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишлари мумкин.

5. Белгилансинки, 2019 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1993 йил 17 июнгача қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмаган умуммажбурий идоравий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ СССРнинг идоравий ҳужжатлари ўз кучини йўқотади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандга мувофиқ ўз кучини йўқотаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнига янгиларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида маслаҳат органи сифатида жамоатчилик асосида ишлайдиган, фаолияти фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан очиқ мулоқотни ривожлантиришга қаратилган Жамоатчилик кенгаши тузилсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Жамоатчилик кенгаши таркибини ҳамда унга юклатилган вазифаларни самарали бажаришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Бош прокуратурасининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) 9-иловада келтирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежларига (кейинги ўринларда юридик коллежлар деб юритилади) қуйидаги тартибни ўрнатган ҳолда айлантириш:

юридик коллежларнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва ахборот-ресурслари жиҳатдан кўмаклашиш Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда ТДЮУ деб юритилади) томонидан, уларнинг фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш ҳамда ташкилий-кадрлар базасини мустаҳкамлаш эса — ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади;

Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқлари лавозими бўйича юридик коллежлари директорлари ҳисобланади;

юридик коллежларни зарур ўқув ва спорт ускуналари, компьютер техникаси ва ахборот-ресурс фондлари билан жиҳозлаш харажатлари таълимга ажратиладиган бюджет маблағлари, шунингдек Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

юридик коллежларига қабул қилиш ҳар бир ҳудуднинг «юриспруденция» йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълимга эга бўлган кадрларга бўлган эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича танлов асосида 10-иловада келтирилган мутахассислик ва касбларга мувофиқ амалга оширилади;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик коллежлари битирувчилари ТДЮУга ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат ўтказиш орқали бакалаврларни тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ва ўқишнинг тугашидан сўнг тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда киришга ҳақли;

қайта ташкил қилинаётган юридик коллежлар ва академик лицейнинг 3 курс ўқувчиларининг ўқиши уларни таълимнинг ўхшаш йўналишлари бўйича яқин жойлашган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейнинг ўқувчилар контингентига қўшиш йўли билан ушбу таълим муассасаларида тамомланади;

б) 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ магистратурасига тўлов-контракт асосида талабаларни қабул қилиш квотасини 150 одамгача ошириш;

в) 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетининг магистратурасига қабулни тест синовларсиз ўқитиш муддати давомийлиги бир йил бўлган ҳолда амалга ошириш;

г) ТДЮУнинг бошқарув ходимлари, профессор-ўқитувчилари, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳисобидан ўрнатиладиган ҳар ойлик устамалар миқдорини икки бараварга ошириш;

д) педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази негизида ТДЮУ ҳузурида Халқаро стандартлар бўйича юридик кадрларни касб-ҳунарга ўқитиш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) тузиш, унда қуйидагиларни:

олий маълумотга эга мутахассисларни юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курслари;

халқаро стандартлар бўйича юридик кадрларни касб-ҳунарга ўқитиш юзасидан халқаро тижорат фаолияти, халқаро арбитражлар ва суд низоларини ҳуқуқий таъминлашни ўз ичига олган қисқа муддатли ўқув курслари;

ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ташкил этиш.

8. Белгилансинки:

Марказда юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш тўлов-контракт асосида олти ой муддатда, имтиҳон натижалари бўйича белгиланган намунада диплом берган ҳолда амалга оширилади;

юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган шахслар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига Марказнинг фаолиятини ташкиллаштириш, шунингдек юридик мутахассислик бўйича қайта тайёрлашга рухсат этиладиган олий таълим йўналишлари рўйхатини тасдиқлаш бўйича таклифларни киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил 1 июлгача 9-иловага мувофиқ касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейни бино ва иншоотлари, моддий-техник воситалари, ўқув ускуналари ва бошқа мулклари билан бирга оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул топширсин, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги эса уларни қабул қилиб олсин;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда юридик коллежларга айланаётган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейнинг бўшатилаётган педагог кадрларининг мутахассислигига мувофиқ ишга жойлаштирилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Madaniyat va ma’rifat» телерадиоканали» ДУК таркибида унинг умумий штат сони доирасида эфир вақтини мақбуллаштириш ҳисобидан «Нuquqiy axborot» телестудиясини ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Нuquqiy axborot» телестудиясини, энг аввало, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг, шунингдек қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳолига етказишга қаратилган сифатли эфир материаллари билан таъминлаб борсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қуйидагилар ҳақидаги таклифлари маъқуллансин:

пулли хизматлар ва нотариуслар томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатларни амалга оширишдан келиб тушадиган маблағларнинг 80 фоизи миқдордаги қисмини нотариал идоралар ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтириш;

нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божи суммаларидан бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар миқдорини 12 фоиз миқдорида белгилаш.

Адлия вазирига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божи суммаларидан ажратмалар ва нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун тушумлар ҳисобидан нотариал идораларда қўшимча таржимон, оператор, курьер ва аҳолига нотариал ва у билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатиш учун бошқа ишчилар штат бирлигини киритиш ҳуқуқи берилсин.

12. Белгилансинки, 2018 йил 15 апрелдан:

адлия органлари ва муассасалари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун устамалар ва мартаба даражалари учун қўшимчалар миқдорлари прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган миқдорларга тенглаштирилади;

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра адлия органлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилади;

адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати ходимларига, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошига қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда лавозим маоши таркибига киритиладиган 50 фоиз миқдорида устама тўлансин.

Мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларининг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан лавозимга тайинланган ва адлия органлари ва муассасаларининг мартаба даражаларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида амалда бўлган барча тўловлар сақланган ҳолда, татбиқ қилинади.

Мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар:

адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун — адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан;

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимлари учун — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ойлик муддатда туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг жойлаштирилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

икки ҳафталик муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;

бир ойлик муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

икки ойлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик коллежлари ўқувчиларини Тошкент давлат юридик университетига қабул қилиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарорини киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 11-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Р. Иноятов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2018 йил 13 апрель,
ПҚ-3666-сон

Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги
ПҚ-3666-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.

2. Вазирлик адлия органлари ва муассасалари фаолиятига умумий раҳбарлик қилувчи ва уни мувофиқлаштирувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади), фаолиятининг айрим масалалари бўйича эса бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.

Вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисобланади.

3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

4. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

5. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирадиган ҳудудий ва таркибий тузилмалар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эгадирлар.

6. Вазирликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, қисқартирилган номи — Адлия вазирлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи — Министерство юстиции Республики Узбекистан, қисқартирилган номи — Министерство юстиции ёки Минюст;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи — Ministry of Justice of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи — Ministry of Justice ёки Minjust.

7. Вазирликнинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчаси, 5-уй.

2-боб. Вазирлик тузилмаси

8. Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирлик марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари;

Давлат хизматлари агентлиги;

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқоти институти;

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази;

«Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази» ДУК;

«Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» ДУК;

давлат нотариал идоралари ва архивлари;

Юристлар малакасини ошириш маркази;

Тошкент давлат юридик университети;

юридик коллежлари;

Академик лицей;

«Инсон ва қонун» газетаси таҳририяти ДУК.

Адлия органлари ва муассасалари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита Вазирликка бўйсунадилар.

3-боб. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари

9. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш;

давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ушбу соҳада тегишли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиққан ҳолда комплекс ва танқидий таҳлил қилиш;

қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари (кейинги ўринларда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш;

маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш;

ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш;

ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш;

нотариат, адвокатура ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш;

халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, халқаро шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, халқаро ҳамжамият, хорижий инвесторларни миллий ҳуқуқ тизими ва ўтказилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш;

юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширишни таъминлаш;

суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

адлия органлари ва муассасалари фаолиятида, биринчи навбатда аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ишлашнинг инновацион услубларини жорий қилиш.

10. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш соҳасида:

конституциявий нормаларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда қонунга риоя этиш ва ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш мақсадида ҳуқуқий сиёсатнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади;

ҳуқуқий базани ислоҳ қилишнинг ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқади;

ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини бошқаради ва мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқ ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва услубий раҳбарликни амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятининг мониторинги ва таҳлилини амалга оширади;

қонунларни тайёрлаш ва қабул қилиш зарурияти масалаларининг олдиндан келишувини амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка, халқаро шартномалар нормаларига, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини, уларни коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий нуқсонларни, коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ва нормаларни аниқлайди ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамаси, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кўриб чиқиш учун киритади;

қонуности ҳужжатларига расмий шарҳларнинг лойиҳаларини тайёрлайди ва уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий шарҳларининг лойиҳалари бўйича хулосалар беради;

давлат органлари ва ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича услубий кўрсатмаларни тасдиқлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларини тасдиқлайди;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий кўрсатмалар мавжуд бўлган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказади;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрини юритади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлмаган ҳужжатлар тоифасига киритиш ҳақида қарорлар қабул қилади;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

Ҳукумат баённома қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ва имзолангандан сўнг уларнинг ҳисобини юритади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш тартибини тасдиқлайди, унга риоя қилиш устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисобини ва қонун ҳужжатларини туркумлаштириш бўйича ишларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади, уларнинг банкини (фондини) шакллантиради;

Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификаторини тасдиқлайди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга классификатор асосида кодлар беради;

адлия органлари ва муассасалари фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича тушунтиришлар беради;

2) давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ушбу соҳада тегишли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиққан ҳолда комплекс ва танқидий таҳлил қилиш соҳасида:

давлат бошқарувининг тегишли соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга салбий таъсир ўтказаётган тизимли муаммо ва камчиликларни таҳлил қилади;

давлат органлари ва ташкилотларининг бир бирини такрорловчи функцияларини чиқариб ташлаш, давлат бошқаруви тизимини ортиқча ва хос бўлмаган вазифалар, функциялар ва ваколатларни чиқариб ташлаш ҳисобига оптималлаштириш ва номарказлаштириш бўйича таклифларни тайёрлайди;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

давлат бошқаруви самарадорлигини такомиллаштириш ва ошириш, жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлайди ва тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритади;

хўжалик бошқаруви ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига давлат функцияларини ва алоҳида давлат ваколатларини бериш амалиётини ўрганади, шу асосда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлайди;

давлат бошқарувида ортиқча сарфлар даражасини пасайтириш, бошқарув қарорларини қабул қилиш фаолиятининг самарадорлигини ва тизимининг очиқлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларига бўлган маъмурий таъсирни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш бўйича чораларни кўради;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат-хусусий шериклик механизмларини қўллаш самарадорлигини ўрганади, уларни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотнинг асосий йўналишларини шакллантириш бўйича таклифларни тайёрлайди, маъмурий ислоҳотни амалга ошириш жараёнида юридик кўмакни амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотларига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишнинг самарадорлигини таҳлил қилади, таҳлил натижаларига кўра давлат бошқаруви тизимини, давлат органлари ва ташкилотларининг ташкилий-штат тузилмаларини ва ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат бошқарувини такомиллаштириш, маъмурий ислоҳотни амалга ошириш соҳасида тадқиқотлар ўтказилишини ташкиллаштиради;

давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонлари тизимини ишлаб чиқишда иштирок этади;

давлат органлари ва ташкилотларининг алоҳида функцияларини нодавлат секторга, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифларни ишлаб чиқади ва уларнинг таклифлари бўйича хулосалар беради;

3) қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш соҳасида:

қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкиллаштириш масалалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига тушунтиришлар беради ва зарур кўмакни амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкиллаштирилиши масалалари бўйича услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ташкиллаштирилишининг мониторинги ва таҳлилини олиб боради, ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

давлат органлари ва ташкилотларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва ташкилотларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкиллаштириш бўйича ижро интизомига риоя этилишини ўрганади, шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун ахборот-таҳлил ҳужжатларни тайёрлайди;

4) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш соҳасида:

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиётини таҳлил қилади ва ўрганади;

қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш фаолияти самарадорлиги масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни ташкил қилади, натижаси бўйича уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ҳуқуқий тартибга солиш юзасидан халқаро ва хорижий тажриба, илмий, тадқиқот ишлари натижаларини ўрганган ҳолда қиёсий таҳлил қилади;

аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишларини, уларнинг содир этилишига имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш учун ҳуқуқни қўллаш амалиётининг умумлаштириш материалларини давлат органлари ва ташкилотларига йўллайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўллаш амалиётини, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берувчи салбий омиллар, сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўради;

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятини таҳлил қилиш натижалари бўйича қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари юзасидан ўз хулосасини шакллантиради ва етказади;

қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштиради ва тегишли соҳа фаолиятида давлат сиёсатининг амалга оширилиши ҳолатини таҳлил қилади, унинг асосида ҳуқуқни қўллаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича чораларни ишлаб чиқади;

5) нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш соҳасида:

нодавлат нотижорат ташкилотларини ва уларнинг рамзий белгиларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

рўйхатдан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат реестрини юритади;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига, устав фаолиятига, таъсис ҳужжатларига, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотларга ажратилган маблағлар, грантлар, бошқа молиявий ва моддий ресурслардан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш бўйича чоралар кўради;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотлар фаолияти қонунийлигини таъминлаш масалалари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатлари, устав фаолияти ва таъсис ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган чоралар кўради;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитациядан ўтказади;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотлар томонидан ташкил этилаётган тадбирлар тўғрисидаги келиб тушаётган ахборотларни таҳлил қилади;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотларнинг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишини келишади;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотларнинг фаолияти ҳақидаги ҳисоботларни қабул қилади ва таҳлил қилади;

нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатлари бузилганда, уларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки уларни тугатиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди ва судга кўриб чиқиш учун киритади;

сиёсий партияларнинг устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағларини улар ўртасида тақсимлайди;

нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотларнинг фаолияти устидан мониторинг олиб бориш, чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет эл фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олиш тартибини белгилайди, шунингдек нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотларнинг фаолияти ҳақидаги ҳисоботларнинг, аккредитация карточкасининг шаклларини тасдиқлайди;

доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишни амалга оширади;

6) маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

давлат органлари ва ташкилотларининг маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматлари соҳасидаги фаолияти таҳлилини амалга оширади;

маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматлари соҳасида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ваколатли органлар томонидан маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатини ўрганади, давлат хизматларини кўрсатишда назоратни ташкил қилади;

давлат хизматларини кўрсатилишининг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва давлат хизматлари марказларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шароитларни яратишга кўмаклашади;

давлат органлари ва ташкилотларининг маъмурий тартиб-таомиллари ва давлат хизматларини кўрсатишнинг замонавий ва янги шакллари, механизмларини жорий этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича фаолияти самарадорлигини назорат қилиш ва баҳолашни амалга оширишни ташкил қилади;

давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ўртасида ахборот алмашинуви бўйича фаолиятини ташкил этишни мувофиқлаштиради ва кўмаклашади;

7) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш соҳасида:

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни ва назоратини амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини, улар томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ишлар ҳолатини ўрганади

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини тартибга солувчи аниқланган қонун ҳужжатлари талаблари бузилишларини бартараф этиш, шунингдек айбдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўради;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимига тайинлаш ва озод қилишда иштирок этади;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларига ҳуқуқий ишларга оид кўрсатмалар беради;

давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг малакасини оширишни ташкил қилади;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди, аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беради;

давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг ҳисобини юритади;

давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартибини, маълумотлар базасига киритиш учун маълумот тақдим этиш шакллари ва муддатларини белгилайди;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимига тайинлаш ва озод қилиш масаласини адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди;

давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг адлия органларида стажировка ўташ тартибини белгилайди;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимига биринчи марта тайинланган шахсларнинг стажировка ўташини ташкил этади;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматлари ходимларининг иш жойини моддий-техник жиҳатдан таъминлашга қўйилган минимал талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

8) ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг ишини ташкил этади;

давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқий тарғибот ҳолатини таҳлил қилади, мазкур соҳадаги ишларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳуқуқий саводсизликни йўқ қилишга, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга қаратилган аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш бўйича чораларни амалга оширади;

энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган масалаларни белгилайди ва улар бўйича манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботни амалга оширади, аҳолига қонун ҳужжатлари мазмун ва моҳиятини етказиш бўйича чоралар кўради;

ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланишни, шу жумладан веб-технологияларни қўллашни кенгайтиришни таъминлайди;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ва тарғиботини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлайди;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда қабул қилинган ҳужжатларнинг норма ва қоидаларини аҳолига тушунтириш бўйича намунавий ҳужжатлар йиғиндисини тайёрлайди;

қонун ҳужжатларининг мазмуни ва моҳиятини тушунтириб берувчи материалларни тайёрлайди, уларни аҳоли ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тарқатади;

давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилган ҳолда жамиятда ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишни ташкил этади;

9) ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш:

давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш имкониятини яратиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, услубий раҳбарликни ва назоратни амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг барча давлат органлари ва ташкилотларига ўз вақтида етказилишини таъминлайди;

ҳуқуқий ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишнинг дастурий-техник воситалари ва технологиялари жорий этилишини ташкил қилади;

давлат органлари ва ташкилотларини зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминлаш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилади, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан фойдаланишини белгиланган тартибда таъминлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбаи ҳисобланган «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда «Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами»нинг расмий нашр этилишини ташкил этади;

10) нотариат, адвокатура ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш соҳасида:

нотариат соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади ва ягона нотариал амалиётни таъминлаш бўйича чоралар кўради;

нотариуслар томонидан нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, уларнинг ишини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

нотариус ваколатларини бериш бўйича танлов ўтказиш тартибини белгилайди;

«Нотариус» ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг шакллантирилишини ва юритилишини ҳамда уни вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари билан интеграциялашни таъминлайди

чет элда фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлардаги нотариуслар имзосининг ва уларнинг муҳри кўчирмасининг ҳақиқийлигини тасдиқлайди, нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа функцияларни бажаради;

нотариал иш юритиш қоидаларини, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларни, нотариал ҳаракатлар, тасдиқловчи ёзувлар ва гувоҳномаларни рўйхатга олиш реестрлари шаклини, нотариус стажёри фаолиятини ташкил этиш тартибини тасдиқлайди;

нотариуслар томонидан статистик маълумотларни тақдим этиш шаклларини тасдиқлайди ва муддатларини белгилайди;

давлат нотариал идораларини ташкил этади ва тугатади, нотариус лавозимини таъсис этади ва тугатади, нотариал идоралар реестрини юритади;

нотариуслар лавозимлари умумий сонини тасдиқлайди ва муайян ҳудуддаги (нотариал округидаги) нотариуслар лавозимлари сонини белгилайди;

нотариуслар малакасини ошириш, уларни аттестациядан ўтказиш ва бошқа жойга ўтказиш (ротация) тартибини белгилайди;

Вазирлик ҳузуридаги Олий малака комиссияси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ тегишли расмий ҳужжатларга апостиль қўяди;

нотариал идоралар, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги консуллик муассасаларини қатъий ҳисобдаги гербли (махсус) бланклар билан таъминлайди;

нотариал идораларга бериладиган гербли бланкларни ҳисобга олиш, сақлаш, сарфлаш ва улар бўйича ҳисобот бериш тартибини белгилайди;

пуллик хизматлар ва нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар рўйхатларини, ушбу ҳаракатлар амалга оширилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлиги учун, шунингдек нотариал архивлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга нотариал тасдиқланган ҳужжатлар дубликатлари, рўйхатлардан кўчирмалар, маълумотномалар ва архив ҳужжатларининг нусхалари берилганлиги учун тўловлар миқдорларини тасдиқлайди;

адвокатлик тузилмалари ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолияти кафолатларини таъминлашда кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда малака комиссиялари ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси таркибини тасдиқлайди;

адвокатларга лицензиялар беришни ва адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказишни, шунингдек юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйишни амалга оширади;

тегишли адлия органида давлат рўйхатидан ўтган (ҳисобга қўйилган) адвокатлик тузилмаларида ишлаётган адвокатларнинг Йиғма давлат реестрини юритади;

адвокатлар малакасини оширишда кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда адвокатлик тузилмаларининг статистик маълумотларини тақдим қилиш шаклларини тасдиқлайди ва муддатларини белгилайди;

адвокатлик гувоҳномаси шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

адвокат томонидан ишни олиб боришда ордер шаклини тасдиқлайди;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни ўрганади;

нотариал ҳаракатлар бўйича статистикани юритади;

11) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича чораларни амалга ошириш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

давлат органлари ва ташкилотларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборот ва материалларни таҳлил қилади ва умумлаштиради, уларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

фуқаролар ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлайди, уларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўради;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши мумкин бўлган ҳолатлар тўғрисида ахборот йиғиш ва халқаро шартномаларда акс эттирилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари универсал стандарт принципларини ҳисобга олган ҳолда уни баҳолашни амалга оширади;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ўтказилаётган мониторинг натижаларини ўрганади;

фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўради;

12) халқаро-ҳуқуқий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, халқаро шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифларни келишади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тайёрлаш ва ижро этишда иштирок этади;

халқаро шартномалар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги халқаро шартномаларини тайёрлаш, тузиш ва бажариш ҳақида таклифлар тақдим этади;

адлия органлари фаолияти соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий нормаларни ўрганади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини уларга мувофиқлаштиришга доир таклифларни киритади;

хориждан маблағ жалб қилиш шартномалари ва Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатлари бўйича белгиланган тартибда юридик хулосалар беради;

хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

хорижий ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ўрнатади ва ривожлантиради;

13) халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, халқаро ҳамжамият, хорижий инвесторларни миллий ҳуқуқ тизими ва ўтказилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш соҳасида:

халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди;

халқаро арбитраж ва суд муҳокамалари масалалари бўйича халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди, шунингдек ушбу соҳаларда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан идоралараро ҳамкорликни амалга оширади;

халқаро шартномаларга мувофиқ халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалайди;

хорижий давлатлар судларида ва халқаро арбитражларда томонлардан бири Ўзбекистон Республикаси бўлган низолар кўриб чиқилаётганда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳимоя қилади;

Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги суд ва арбитраж муҳокамалари билан боғлиқ тегишли материалларни йиғишни ҳамда тизимли таҳлилини ташкиллаштиришни амалга оширади;

халқаро арбитраж муҳокамалари вужудга келишини олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, хорижий давлатлар судлари ва халқаро арбитражларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чоралар кўради;

хорижий давлатлар судлари ва халқаро арбитражларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш мақсадида хорижий ва миллий адвокатлик (юридик) фирмалари, маслаҳатчи ва экспертларни жалб қилади ҳамда фаолиятини мувофиқлаштиради;

аниқ бир арбитраж муҳокамаси доирасида ташкил этиладиган ишчи гуруҳларнинг ишчи органи функцияларини амалга оширади;

хорижий давлатлар судлари ва халқаро арбитражлар муҳокамалари масалалари бўйича маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва экс-Президентининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий, шу жумладан судда ҳимоя қилишни амалга оширади;

мамлакатда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, энг аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича, шу жумладан ишончсиз маълумотларни инкор қилиш мақсадида холис ахборотни халқаро ҳамжамиятга ва жамоатчиликка етказишни таъминлайди;

ваколатли органлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши, шу жумладан халқаро ташкилотлардан келиб тушган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз инсон қадр-қимматини камситувчи муомала турларини қўллашга доир мурожаатларни кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний эътирозлари ва тавсияларининг ижроси бўйича миллий ҳаракат режаларининг амалга оширилишини мониторинг қилади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний эътирозлари ва тавсияларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний эътирозлари ва тавсияларининг ижроси юзасидан миллий ҳаракат режалари ишлаб чиқилишида иштирок этади;

тегишли даврий маърузаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний эътирозлари ва тавсияларини бажариш юзасидан миллий ҳаракат режаларининг ижроси асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши масалалари бўйича услубий тавсияномалар ишлаб чиқади;

14) юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, юриспруденция соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширишни таъминлаш соҳасида:

ҳуқуқий таълимнинг ҳолатини таҳлил қилади, уни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг талабалари ва ўқувчилари учун юридик дарсликлар, ўқув қўлланмалари, шунингдек бошқа юридик адабиётлар нашр этиш режаларини ишлаб чиқади ва нашр этилишини ташкил этади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлайди, уларни Вазирлик тизимидаги таълим муассасаларида тайёрлаш ишларини ташкил этади ва раҳбарлик қилади;

юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширувчи таълим муассасаларини аккредитация қилишда, уларнинг педагог ва илмий ходимларини аттестациядан ўтказишда иштирок этади;

хорижий давлатларда юриспруденция соҳасида берилган таълим ва илмий унвонлар ҳақидаги ҳужжатларни эътироф этиш ва нострификация қилишда (эквивалентлигини белгилашда) иштирок этади;

юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

юристларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини, кадрлар ишини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

кадрлар захирасини яратади, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва стажировкадан ўтишини ташкил этади, адлия органлари ва муассасаларига кадрлар танловини амалга оширади ва уларни жой-жойига қўйишда қатнашади;

ҳуқуқий фанларни ривожлантириш чораларини кўради, давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ тизими, мамлакатда ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳаларида фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

ҳуқуқ соҳасидаги таълим ишларининг услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этади, ҳуқуқий тарбия ва таълимнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

15) суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот, экспертлик ишларини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси давлат суд-эксперт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга илмий-услубий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек Суд экспертизаси муаммолари бўйича кенгашни бошқаради;

суд экспертлик фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади, суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштиради;

суд экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чораларни кўради;

суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқади;

16) адлия органлари ва муассасалари фаолиятида, биринчи навбатда аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ишлашнинг инновацион услубларини жорий қилиш соҳасида:

илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг замонавий ютуқлари асосида адлия органлари ва муассасаларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш стратегиясини белгилайди;

электрон ҳукумат лойиҳаларини адлия органлари ва муассасаларида самарали амалга оширилишини таъминлайди;

инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш йўли билан адлия органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлиги шаклларини такомиллаштириш бўйича чораларни амалга оширади;

адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан электрон ҳукуматни жорий қилиш ва ривожлантириш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлайди;

адлия органлари ва муассасалари расмий сайтлари, бошқа ахборот ресурсларини Интернет тармоғида ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича чораларни амалга оширади;

адлия органлари ва муассасаларида ахборот технологияларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тартибга солувчи ва техник ҳужжатларни ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири (кейинги ўринларда — Вазир деб юритилади) ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати тўғрисида ахборот киритади.

Вазирлик қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11. Вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий ва таркибий тузилмалари функциялари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Вазир томонидан тасдиқланадиган низомлар ва уставлар билан белгиланади.

4-боб. Вазирлик ва унинг тузилмаларининг ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлиги

1-§. Вазирликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

12. Вазирлик ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

1) ўз ваколати доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган, шу жумладан бошқа давлат органлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар киритиш;

3) давлат органлари ва ташкилотларида:

норма ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқий ишлар, юридик хизматлар фаолияти, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳолатини;

ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари ижроси, давлат хизматларини кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этиш ҳолатини, шу жумладан жойларга чиққан ҳолда текшириш;

4) нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига риоя қилиниши, шунингдек уларга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишини текшириш;

5) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган:

давлат рўйхатидан ўтмаган норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган ҳужжатларни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш тўғрисида;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш, тўхтатиб туриш (тўлиқ ёки қисман) ёхуд уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида;

ишлаб чиқиш муддатини кўрсатган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш зарурлиги тўғрисида;

ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларини бажариш ҳолатини текшириш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати фаолияти, маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномаларни киритиш;

6) нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятида аниқланган қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисида нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотларига, адвокатлик тузилмаларига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

7) қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш;

8) фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик хизматларни фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари аниқлаганда ҳамда адлия органларининг қонуний талаблари бажарилмаганда, айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

9) давлат, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволарни киритиш;

10) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиёти тўғрисида зарур статистик маълумотларни, таҳлилий материалларни, ҳужжатларни, бошқа ахборотларни, қарорлар ва бошқа ҳужжатларни, маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан бепул тарзда сўраш ва олиш;

11) нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотлардан ахборот, ҳужжатлар ва маълумотлар, шунингдек уларнинг раҳбарлари ва масъул шахсларидан тушунтиришларни талаб қилиш ва олиш;

12) текшириш ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш, шунингдек Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш учун вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, илмий ва таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар вакилларини чақириш ва жалб этиш;

13) текшириш ва таҳлил давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларини чақириш, қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

14) давлатга тегишли Вазирликнинг ва унга идоравий мансуб тузилмаларнинг мол-мулкини ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бир таркибий тузилмадан бошқа тузилмага белгиланган тартибда ўтказиш;

15) Вазирлик ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари томонидан ўз соҳасида улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларни моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;

16) бюджетдан ташқари маблағларни ҳамда адлия органлари ва муассасаларининг депозит ҳисоб рақамларида жойлашган маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит рақамларида миллий ва хорижий валютада жойлаштириш. Бунда, маблағларни жойлаштиришдан олинган даромад адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамаларига ушбу даромадлар моддий-техник базани, ижтимоий ривожлантиришга ва ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирган ҳолда ўтказилади;

17) Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

18) Вазирлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

19) қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига зид бўлган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда давлат реестридан чиқариш;

20) жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаатларни кўриб чиқиш;

21) Вазирлик ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқишда давлат органлари ва ташкилотларининг ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;

22) хорижий давлатларнинг судлари ва халқаро арбитражларда Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳуқуқий низолар бўйича даъвогар ва жавобгарнинг вакили сифатида иштирок этиш;

23) адвокатлар малака комиссияларига адвокатларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини киритиш;

24) адвокатларга берилган лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш;

25) юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш;

26) нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда (конференциялар, семинарлар, тренинглар, йиғилишлар, акциялар ва шу кабиларда) иштирок этиш;

27) нодавлат нотижорат, шу жумладан диний ташкилотлар томонидан режалаштирилган тадбирларни ўтказилишини тақиқлаш юзасидан қарор қабул қилиш;

28) сиёсий партияларнинг уставларида назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

29) нодавлат нотижорат ташкилотларнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини, улар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда аккредитациядан маҳрум қилиш;

30) ўз ваколатлари доирасида хорижий давлатлар органлари ва халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш;

31) адлия органлари ва муассасалари фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган тегишли тузилмалар ташкил этиш, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг уставлари (низомлари)ни тасдиқлаш;

32) давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга риоя қилиш шарти билан текширишни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, давлат органларининг электрон базаларидан (банкларидан) фойдаланиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудларига ва биноларига кириш;

33) ўз ваколати доирасида маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

13. Вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий ва таркибий тузилмаларининг ҳуқуқлари, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Вазир томонидан тасдиқланадиган низомлар (уставлар) билан белгиланади.

14. Вазирлик:

ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, тегишли соҳадаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришилишини таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган буйруқлар амалга оширилишининг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши учун жавобгардир.

2-§. Вазирлик марказий аппаратининг жавобгарлиги

15. Вазирликнинг марказий аппарати:

Вазирликнинг таркибий ва ҳудудий тузилмалари билан биргаликда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлаш;

Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича Вазирлик марказий аппарати тузилмаларининг ишини ташкил этиш;

Вазирлик томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек Вазирлик томонидан қабул қилинадиган буйруқларнинг тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилиши сифати;

ўз фаолият соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг таркибий ва ҳудудий тузилмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар томонидан амалга оширилишини ташкил этиш учун жавобгардир.

3-§. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар)лардаги ҳудудий тузилмаларининг жавобгарлиги

16. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар)даги ҳудудий тузилмалари:

Вазирликнинг тегишли ҳудудий тузилмасига юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Вазирликнинг тегишли ҳудудий тузилмаси фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш;

Вазирликка киритилаётган ҳужжатлар лойиҳалари ва таклифлар, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг амалга оширилиши сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилиш асосида ўз ҳудудида тегишли соҳани ривожлантиришга доир таклифларни тайёрлаш;

ўз фаолияти соҳасини ривожлантириш, муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларни тегишли ҳудудда самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.

5-боб. Вазирлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари

17. Қуйидагилар Вазирлик биринчи раҳбари — вазирнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Вазирлик фаолиятини умумий бошқаришни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Вазирликка юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришни ташкиллаштириш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

3) Вазирлик, унинг тегишли таркибий ва ҳудудий тузилмалари фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президенти девони хизматлари ва Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари ҳамда Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларида ва унинг Президиумидаги масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири топшириқларини бажариш;

6) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Вазирликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Вазирлик фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

7) Вазирлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Вазирликнинг даврий иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

8) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий ва ҳудудий тузилмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

9) Вазирлик ходимларини тизимли қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

10) Вазирлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг мутахассисликларига (юриспруденция, иқтисод, молия, психология, ташқи алоқалар, филология ва ҳ.к) талаблар белгилаш, самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Вазирликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

11) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек Вазирликка ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионаллиги ва ўз ишини билиши, юксак даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлашга қаратилган чораларни амалга ошириш;

12) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига ва ўз ташаббусига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, уларни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида Вазирлар Маҳкамасига киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамасида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

13) «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳасини тайёрлаш фаолиятининг Намунавий регламентига мувофиқ Вазирликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;

14) ўз ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, зарур ҳолларда давлат бошқарувининг бошқа органлари билан биргаликда қарорлар ва бошқа ҳужжатларни биргаликда қабул қилиш;

15) Вазирлик раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

16) ўз ўринбосарлари ва ҳудудий тузилмалар, шунингдек идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

17) Вазирликнинг ҳудудий ва таркибий тузилмаларининг раҳбарлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

18) Вазирлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, ўзининг ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

19) Вазирлик ходимларининг Давлат бошқаруви органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиши устидан назоратни ташкил этиш;

20) ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

21) Вазирлик, унинг таркибий ва ҳудудий тузилмалари иш фаолиятининг замонавий шаклларини жорий этишни таъминлаш;

22) қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

23) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилишни ташкил этиш, Вазирликнинг раҳбарлари ва ходимларини уларнинг фаолиятида фаол иштирок этишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

24) адлия органлари ва муассасалари ходимларига белгиланган тартибда мартаба даражаларини бериш ҳамда олий мартаба даражалари бериш учун уларни, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа давлат органлари ходимларини Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этиш;

25) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги молиявий мутаносибликни таъминлаш учун адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағларини қайта тақсимлаш;

26) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

18. Қуйидагилар вазир ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Вазирлик раҳбари вақтинча бўлмаганида Вазир буйруғи асосида унинг вазифаларини бажариш;

2) Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

3) Вазирлик фаолиятининг мутасаддилик қилинадиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

4) мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар томонидан прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, тузилмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

5) мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларнинг режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларида ижро интизоми бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун таркибий тузилмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

7) Вазирлик ҳайъати, Вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

8) мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Вазирга таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, юксак даражадаги ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

9) мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Вазир томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Вазирнинг топшириғига биноан иштирок этиш;

10) Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни пухта ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

11) хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

12) мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

13) соҳага оид масалалар бўйича Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар кўриш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни Вазирлик раҳбариятига киритиш;

14) мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича Вазирга таклиф киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

15) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиш;

16) «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш;

17) давлат хизматлари самарадорлигини, улардан эркин фойдаланишни ва кўрсатилиш сифатини ошириш ҳамда «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

18) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сон Фармонига мувофиқ фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан келиб тушган барча мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

20) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

19. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) таркибий тузилмалар фаолиятига бевосита умумий раҳбарлик қилиш, ушбу тузилмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

2) тегишли таркибий тузилмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

3) Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий тузилмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

4) Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазир ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

5) таркибий тузилмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

6) таркибий тузилмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Вазирлик ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;

7) таркибий тузилмалар фаолияти соҳаларига оид қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

8) таркибий тузилмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда Вазир ўринбосарларига таклифлар тақдим этиш, профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

9) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари таркибий тузилмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Вазирликнинг таркибий тузилмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик Вазирлик раҳбарияти томонидан кўриб чиқиш, имзолаш (виза қўйиш) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Вазирлик раҳбариятининг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишлаб чиқишда иштирок этиш;

10) таркибий тузилмага тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни пухта ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

11) хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

12) таркибий тузилмалар ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш;

13) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этиш;

14) «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ таркибий тузилмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, мунтазам равишда шахсий, шу жумладан сайёр қабуллар ўтказиш;

16) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сон Фармонига мувофиқ фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

17) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

20. Қуйидагилар Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий тузилмалари раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

1) Вазирликнинг тегишли тузилмаси фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Вазирлик ҳужжатлари билан ушбу тузилмага юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

2) ҳудудий тузилмалар фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

3) ҳудудий тузилма ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ҳудудий тузилмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

4) Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазир ва унинг ўринбосарлари буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

5) Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ҳамкорлик қилиш;

6) тегишли тузилманинг мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилаш, ҳудудий тузилма фаолиятининг алоҳида тармоқларига раҳбарлик қилиш учун уларнинг шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;

7) ҳудудий тузилма фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, ҳудудий тузилманинг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

8) ҳудудий тузилмада кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудудий тузилма кадрлар захирасини шакллантириш;

9) Вазирлик раҳбари номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек ҳудудий тузилмага ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

10) ҳудудий тузилма ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш, шу жумладан, улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўриш;

11) ҳудудий тузилма ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини таъминлаш;

12) «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ ҳудудий тузилмада коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

13) ҳудудий тузилма ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

14) ҳудудий тузилмалар фаолиятига оид масалалар бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, мунтазам равишда шахсий, шу жумладан сайёр қабуллар ўтказиш;

16) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4904-сон Фармонига мувофиқ фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

17) ҳудудий тузилма ходимлари лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, уларни мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга интизомий чора қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, уларни давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида Вазирликка таклифлар киритиш;

18) давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш.

6-боб. Вазирлик раҳбарларининг жавобгарлиги

21. Адлия вазири:

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

22. Вазир ўринбосарлари:

Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларида Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган масалаларга доир жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

23. Марказий аппарат таркибий тузилмалари раҳбарлари:

тегишли таркибий тузилмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши;

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган Вазирлик марказий аппаратининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

24. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий тузилмалари раҳбарлари:

ҳудудий тузилмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

Вазирлик ҳудудий тузилмаларининг ушбу Низомнинг 16-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;

ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

7-боб. Вазирлик фаолиятини ташкил этиш

1-§. Вазирлик раҳбарияти

25. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган вазир бошчилик қилади.

26. Вазир ўзининг мақомига қўра Вазирлар Маҳкамаси аъзоси ҳисобланади.

27. Вазирнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

28. Вазир бўлмаган вақтда унинг ваколатлари вазирнинг биринчи ўринбосари томонидан, у бўлмаган вақтда эса вазир буйруғига асосан бошқа ўринбосар томонидан амалга оширади.

29. Вазирликнинг ҳудудий тузилмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

30. Вазирликнинг ҳудудий тузилмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар тўғрисидаги низом вазир томонидан тасдиқланади, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса.

2-§. Юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш, шунингдек Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмаларининг унинг ҳудудий тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби

31. Вазирлик ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек адлия органлари ва муассасалари орқали бажаради.

32. Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмаларининг унинг ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий тузилмаларининг раҳбарлари томонидан таъминланади.

33. Вазирлик марказий аппаратининг таркибий тузилмалари Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиб:

топшириқларни ҳудудий тузилмаларга ва идоравий мансуб ташкилотларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Вазирликнинг ҳудудий тузилмаларига ва идоравий мансуб ташкилотларига таркибий тузилмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолияти амалиётини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;

Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чоралар кўради;

Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан тушган таклифларни кўриб чиқади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иштирокини ташкил этади, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.

34. Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ва идоравий мансуб ташкилотлари Вазирлик марказий аппаратининг таркибий тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

Вазирлик раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида хабар беради;

белгиланган фаолият соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида марказий аппаратга ахборот тақдим этади;

уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида ишда аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида хабар беради;

ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда Вазирликнинг марказий аппаратига тақдим этади;

Вазирлик ваколатига тааллуқли соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган таклифларни Вазирликнинг марказий аппаратига юборади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат органларининг ҳудудий тузилмалари, комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро ҳамкорлик натижалари тўғрисида хабар беради;

ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида маълумот беради.

35. Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмалари ва унинг ҳудудий тузилмалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар вазирнинг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар вазир ўринбосари томонидан келишмовчиликларни тартибга солишнинг имконияти бўлмаса, сўнгги қарор бевосита вазир томонидан қабул қилинади.

3-§. Вазирликнинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги

36. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

37. Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари ўз ваколати доирасида бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Вазирликнинг ҳудудий тузилмалари тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро яқин ҳамкорлик қилади.

38. Вазирликнинг фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли хизматлари томонидан мутасаддилик қилинади.

§ 4. Вазирликнинг ҳайъати, бошқа кенгаш, маслаҳат, эксперт органлари

39. Вазирликда раҳбар, (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек унинг фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий тузилмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби вазирнинг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

40. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Вазирлик фаолиятининг ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чораларини кўрган ҳолда таркибий ва ҳудудий тузилмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;

Вазирлик фаолияти соҳасидаги ҳудудий ва тармоқ дастурлари амалга оширилишининг натижадорлигини ҳар чоракда ва мунтазам кўриб чиқиш;

жойларда Вазирлик фаолияти соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинишини таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Вазирлик марказий аппарати ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари билан белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.

41. Ҳайъат мажлисига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари, уларнинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклиф этилиши мумкин.

42. Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

43. Ҳайъат қарорлари вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади.

44. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, вазир юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ўз фикрини хабар қилиши мумкин.

45. Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.

46. Вазирликда кенгаш, маслаҳат ва экспертлик органлари тузилиши мумкин.

47. Вазирлик ҳузурида тузиладиган кенгаш, маслаҳат ва экспертлик органлари таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар вазир томонидан тасдиқланади, уларнинг таркиби ва низомлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланадиган ҳоллар бундан мустасно.

8-боб. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари

48. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.

49. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли хизматлари томонидан тасдиқланадиган Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.

50. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Вазирлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

51. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услубиёти қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

9-боб. Вазирликни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш

52. Вазирлик ва унинг ҳудудий тузилмаларини моддий-техник таъминлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари фондларнинг манбалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

53. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Хизмат вазифасини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган Вазирликнинг юқори малакали, ташаббускор ходимларига юқори малакаси учун вазир томонидан бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 200 фоизи миқдоридан кўп бўлмаган шахсий устамалар белгиланиши мумкин.

Вазирлик ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамалар вазир томонидан тасдиқланадиган қоидаларга мувофиқ тўланади.

54. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари билан бошқа лавозимларга тайинланган ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатасига сайланган (тайинланган) Вазирликнинг ходимларида Вазирликда берилган кўп йиллик хизматлари учун қўшимча ҳақ ва устамалар ҳамда мартаба даражалари сақланади.

10-боб. Вазирликнинг ҳисобдорлиги

55. Вазирлик раҳбарлари ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли хизматларига ва Вазирлар Маҳкамасига мунтазам равишда ҳисобот беради.

56. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг тегишли хизматлари раҳбарлари Вазирлик раҳбарларига юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича улар фаолияти устидан мунтазам мониторинг олиб боради, Вазирлик фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

57. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Вазирликнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортилади.

11-боб. Якунловчи қоида

58. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари 

1-боб. Умумий қоидалар

1.  Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари (кейинги ўринларда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.

2. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, адлия органлари ва муассасалари ходимларида юксак ҳуқуқий онгни шакллантириш, уларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.

3. Ходимнинг Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш мажбурияти унинг адлия органи ёки муассасасига ишга қабул қилинган кундан эътиборан келиб чиқади.

4. Адлия органлари ва муассасалари ходимлари қонун ҳужжатлари
ҳамда Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш адлия органлари ва муассасалари ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

2-боб. Адлия органлари ва муассасалари ходимларининг хизматдаги
хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари

5. Адлия органлари ва муассасалари ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

қонунийлик;

фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;

давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;

адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

6. Адлия органлари ва муассасалари ходимлари қуйидагиларга мажбур:

хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Адлия вазирлиги Ҳайъати қарорларига, адлия вазирининг буйруқлари ва кўрсатмаларига ҳамда мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш;

ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;

юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;

ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларда белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;

ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;

ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи ёки хизмат вазифаларини амалга ошириши жараёнида қонун талабларига зид бўлган бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, шунингдек ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;

хизмат вазифаларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва малакага эга бўлиш ҳамда касб-маҳоратини доимий равишда ошириб бориш;

адлия органлари ва муассасаларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида берилган ваколатларни қонун ҳужжатлари доирасида амалга ошириш, сансалорлик ва кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик;

хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш мақсадида фойдаланмаслик;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар
ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;

умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, миллий анъаналар, урф-одатлар ва қадриятларни ҳурмат қилиш;

ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки адлия органлари ва муассасаларининг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;

юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлиш, шу жумладан юриш-туриш, кийиниш ва муомалада ўз ҳамкасбларига ижобий томондан ўрнак бўлиш;

ишониб топширилган хизмат хоналаридан, давлат мулки, моддий-техника жиҳозлари ва материалларидан оқилона фойдаланиш;

адлия органи ёки муассасасида хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш, иш жойи
ва вақтидан ташқари хизмат масалаларини муҳокама қилмаслик;

шахсий манфаатдорлиги муносабати билан хизмат вазифаларини холисона бажаришига тўсқинлик қилиши ёки таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида ўз раҳбарига зудлик билан маълум қилиш;

адлия органлари ёки муассасаларининг бошқа ходимларига ҳамда ишга янги қабул қилинган ходимларга зарур амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш.

7. Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар ходимнинг қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.

8.  Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ходимга ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.

9.  Адлия органлари ва муассасалари ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

Ходимга ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан уларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ўзи ёки воситачи орқали пул, қимматли қоғозлар, моддий бойликлар, совғалар, ссудалар, мулкий моҳиятга молик бўлган хизматлар (шу жумладан, транспорт воситасидан фойдаланиш, даволаниш ва бошқалар) каби таклифлар билан мурожаат қилинган тақдирда, у ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиши ва таклиф қилган шахсни тегишли жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши лозим.

Бунда ходим порага мойиллик сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга ва сўзларга йўл қўймаслиги, мазкур ҳолат бўйича, шунингдек унга бошқа давлат хизматчилари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилганганлиги маълум бўлган ҳолатларда зудлик билан тегишли таркибий бўлинма раҳбарларини ёзма тарзда хабардор қилиши, бунинг имконияти бўлмаган ҳолатларда эса, телефон орқали хабар бериши ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол мурожаат этиши лозим.

Адлия органлари ва муассасалари раҳбарлари қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши факти тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ходимларнинг ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўйилмаслигини таъминлаши керак.

10. Ходим касбий фаолияти давомида ўзига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўриши шарт.

11. Адлия органлари ва муассасалари раҳбарлари ўз бўйсунувидаги ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, адлия органи ва муассасасида ёки унинг таркибий бўлинмасида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши, шунингдек
ўз бўйсунувидаги ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, бошқа қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

12. Адлия органлари ва муассасалари ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа ходимлар билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига даъват этилган.

Ходим хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар
ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Ходим ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда ходимнинг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

3-боб. Манфаатлар тўқнашуви

13. Ходим ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Манфаатлар тўқнашуви ходимнинг шахсий манфаатлари унинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Ходимнинг шахсий манфаатдорлиги унинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда давлат хизматчилари
ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

14. Ходимларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

Ходимлар ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.

Ходим ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.

Ходим ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

15. Ходим лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.

4-боб. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

16. Ходим томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

17. Ходим томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

18. Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари адлия органлари ва муассасаларидаги Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ комиссияси, тегишли адлия органи ёки муассасаси ходимларидан камида 5 кишидан иборат таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари тегишли адлия органи ёки муассасаси томонидан тасдиқланган Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги Низомда белгиланади.

Одоб-ахлоқ комиссияси Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосаларини ўрганиб чиқади ва Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида тегишли хулоса қабул қилади.

Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган деб топилган ҳолатлар юзасидан тегишли адлия органи ёки муассасаси раҳбарига интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисида таклиф киритади ёхуд йўл қўйилган қоидабузилишнинг хусусияти, қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атворини ҳисобга олган ҳолда унга нисбатан келгусида Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатларига йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантириш билан чекланади.

Ходим ўзи йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек тегишли раҳбарнинг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

5-боб Якуний қоидалар

19. Ушбу Одоб-ахлоқ қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш адлия органлари ва муассасалари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ваколатли таркибий бўлинмаси билан келишган ҳолдаги асосли таклифига кўра, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғига асосан амалга оширилади.