Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 22.05.2019



00:18:31 (GMT +5), Жм, 24 Мая 2019

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш RSS обуна

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантириш





Муҳтарам Президентимиз томонидан қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, Конституциямиз қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузаларида ҳам юртбошимиз қонун ижодкорлиги ва уларнинг сўзсиз бажарилишига оид бир қатор фикрлар билдириб, хусусан, “қабул қилинаётган қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш зарурлигини ҳамда ҳаётимиздаги муносабатларда уларга қатъий риоя қилишимиз лозимлигини” таъкидладилар.

Мана шу ўринда, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши ўз навбатида адлия органлари зиммасига ҳам муҳим вазифаларни қўйди.

Бу борада адлия органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятига кўмаклашиш каби вазифаларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, биргина 2015 йил давомида адлия вазирлиги томонидан 33 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди, вазирликка тақдим этилган 1472 та лойиҳадан 958 тасининг ҳуқуқий экспертизаси таъминланди, 394 та идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, худудий адлия бошқармалари томонидан 1905 та қарор лойиҳаларидан 1693 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган 413 та қарорлар бекор қилинди.

Кўрилаётган чораларга қарамасдан бу борада давлат органлари, хусусан ҳокимликлар томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган камчиликлар талайгина.

Жумладан, норма ижодкорлиги масаласига кўпинча ҳокимлик юридик хизматининг вазифаси сифатида қаралиб, манфаатдор идора ва ташкилотларнинг тайёрланаётган лойиҳаларга масъулият билан ёндошмасликлари қабул қилинаётган қарорнинг мазмунан тор, сифат жиҳатдан талабга жавоб бермайдиган ва охир оқибатда амалда қўлланилиши ҳам муаммоли бўлишига сабаб бўлмоқда.

Ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги мавжуд камчиликлар ушбу соҳа фаолияти устидан назоратни ҳокимлар шахсан ўз зиммасига олишини, фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан прокуратура, ишчи ишлар, солиқ, божхона, адлия органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади.

Шундагина ҳар томонлама мукаммал бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади, уларни ижрочига ва аҳолига ўз вақтида етказиб бериш ва ижросини назорат қилиш орқали ҳужжатлар ижроси тўлиқ ва сифатли таъминланишига, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ошишига эришилади.

Азиз дўстлар!

Бугунги видеоконференциядан кўзланган асосий мақсад давлат органлари фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона амалиётни шакллантиришдан иборат экан, ўйлайманки чуқур мулоқот тарзида ўтказиладиган ушбу тадбир мавжуд муаммоли ҳолатларни муҳокама қилиш ва бу борадаги ишларни янада жонлантириш борасида тегишли хулосалар қилишимизга имкон беради.

Видеоконференция ишига муваффақият тилаган ҳолда, барчангизга масъулиятли ва шарафли вазифани адо этишда мустаҳкам соғлик, тинчлик – хотиржамлик тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат! 

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 

ўринбосари А.Усмановнинг Ўзбекистон 

Республикаси Бош прокуратурасида

бўлиб ўтган анжумандаги нутқи