Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 18.11.2019



00:13:56 (GMT +5), Сш, 19 ноя 2019

Қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлашда адлия органларининг ўрни RSS обуна

Қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлашда адлия органларининг ўрни



Қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш масаласи муҳтарам Президентимизнинг доимий эътиборида бўлиб, мазкур муносабат мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг такомиллаштирилишида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Жумладан, Конституциямиз қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Юртбошимиз томонидан қонун ижодкорлиги ва уларнинг сўзсиз бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлат раҳбари, қабул қилинаётган қонунлар ва уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш зарурлигини ҳамда ҳаётимиздаги муносабатларда уларга қатъий риоя қилишимиз лозимлигини таъкидладилар.

Эътироф этиш керак, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирда қабул қилиниши ўз навбатида адлия органлари зиммасига бир қатор муҳим вазифаларни юклади.

Жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти устидан тизимли мониторинг ва назорат олиб боришнинг янги механизмлари ўрнатилди.

Таъкидлаш жоизки, вазирликнинг муҳим функцияларидан бири маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш саналади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада ривожлантириш учун, ушбу йўналишдаги мавжуд қонунчилик базаси бугунги кунда янада такомиллашди. Бинобарин, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.

Маҳаллий ҳокимликлар норма ижодкорлигининг фаол субъекти бўлиб, улар қабул қиладиган ҳар қандай ҳужжат қонунчиликка мувофиқ ва албатта халқчил ҳаётий бўлиши лозим. Шу сабабдан ҳам, бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ушбу соҳага масъул бўлган ходимлари масъулиятини ошириш, ҳудудий адлия бошқармаларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини тизимлаштириш ва ишлар самарасини ошириш мақсадида ҳудудий адлия органларида Ҳуқуқий экспертиза ва қонун ҳужжатларини туркумлаш шўъбалари ташкил этилган.

Шуниси аҳамиятлики, шўъбалар ташкил этилгунига қадар 5-6 турдаги ҳужжатлар норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар сифатида эътироф этилар эди. Ҳозирги кунда эса ҳудудий адлия органлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 20 турдан зиёдроқ ҳужжати норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб келинмоқда.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан адлия органлари ўртасидаги мустаҳкам алоқалар натижасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун ҳудудий адлия органларига тақдим этилаётган лойиҳалар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

Масалан, 2012 – 2013 йиллар давомида ҳудудий адлия органлари томонидан жами 1857 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2014 – 2015 йиллар мобайнида 3997 тани ташкил этди.

Бу борада Адлия вазирлиги томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя этиш ҳамда уларга кенг шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Шундай ҳужжатлардан бири бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги “Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига мазкур қарорнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши ва сифати бўйича мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг олиб бориш юклатилган.

Ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, ишлаб чиқилаётган ҳужжат лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш мақсадида ушбу лойиҳаларни Интерактив давлат хизматлари Ягона порталида муҳокамага қўйиш, унинг натижаларини лойиҳа юзасидан тузилган маълумотномада акс эттириш лозимлиги белгилаб берилди.

Бундан буён маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тайёрланаётган тадбиркорлик фаолиятига оид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари албатта тегишли тартибда Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали муҳокама этилиши лозим бўлади. Бу тайёрланаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янада пухта ишлаб чиқилишига мустаҳкам замин яратади.

Қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини таъминлаш ишларининг ҳолати, шунингдек қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши масаласида давлат ва хўжалик бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги юридик хизматнинг роли беқиёсдир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ давлат ва жамият қурилиши соҳасини демократлаштиришнинг замонавий талаблари ва жараёнларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш бўйича фаолиятни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш вазирликнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Вазирлик томонидан юридик хизматни ривожлантириш борасида кўрилаётган чоралар ҳамда бу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб борилиши амалиётда ўзининг катта ижобий самарасини бермоқда.

Жумладан, 2015 йил давомида 650 нафар ҳуқуқшунос Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўқитилиб, малакаси оширилди. 1223 нафар ҳуқуқшунос эса аттестациядан ўтказилиб, муносиб деб топилган ҳуқуқшуносларга сертификатлар берилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлашда уларни адлия органлари билан келишиш тартиби жорий этилиб, 39 нафар юридик хизмат ходимлари билан суҳбат ўтказилди.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликларнинг юридик хизмати ходимлари фаолиятини мониторинг қилиб бориш мақсадида, улар томонидан бажарилган ишлар тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича адлия органлари томонидан ҳисобот олиш ва таҳлил қилиш тартиби жорий этилган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, вазирлик томонидан амалга оширилаётган мазкур ижобий ишлар самараси ўлароқ давлат органлари, айниқса, маҳаллий ижро ҳокимияти фаолиятидаги қонунбузилиш ҳолатлари йилдан йилга камайиб бормоқда.

Маълумки, давлат органлари томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар аввало халқ манфаатларига, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланишига қаратилган бўлиб, ушбу ҳужжатларининг мазмунидан уларни тезкор ва тўла хабардор этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

Шу мақсадда, биргина ўтган 2015 йил мобайнида бевосита адлия органлари томонидан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган 2 млн 537 мингдан ортиқ аҳолини қамраб олган ҳолда 66,1 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Бунда 51 минг тадбир жойларда ўтказилди ва 13 мингдан ортиқ тадбир ОАВ да ёритилди.

Аҳоли билан бўладиган учрашувларда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Шунингдек, қонун ҳужжатларини етказиб беришнинг муҳим воситалари ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбаи ҳисобланган «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», кодексларнинг расмий нашр этилиши, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — «Lex.uz» нинг фаолияти самарали ташкил этиб келинмоқда. Ҳар йили тўпламнинг 52 та сони 5000 нусхада нашр этилиб фойдаланувчиларга етказиб берилмоқда. Шунингдек, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси — «Lex.uz» да 38324 га яқин ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, ҳар куни база хизматидан 10000 дан ортиқ киши фойдаланади, рўйхатдан ўтган ҳолда фойдаланувчилар сони эса 50000 га етди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, давлат органлари, айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти, улардаги юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан аҳолини ўз вақтида хабардор қилиб бориш вазирлик фаолиятининг энг муҳим йўналишлари ҳисобланади. Зеро, бу мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш учун йўл очиб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида давлат сиёсатини юритишда муҳим аҳамият касб этади.

А.Усманов,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари