Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 22.05.2019



00:40:56 (GMT +5), Жм, 24 Мая 2019

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир RSS обуна

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир



Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2016 йилни мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилишни таклиф этиб, соғлом бола, соғлом авлод орзуси ҳақидаги азалий интилишларимиз, юксак эътиқодли ва ҳар томонлама комил инсонларни тарбиялаш билан боғлиқ муҳим мезонлар тўғрисида тўхталди. Болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш кераклигини алоҳида уқтирди.

Дарҳақиқат, халқимиз қадимдан оилага муқаддас қўрғон сифатида қараган. Зеро, оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган гўшадир. Азалдан халқимиз насл-насабнинг соғлом бўлишига алоҳида эътибор билан қараган. Ўғил уйлантиришдан олдин бўлғуси келиннинг етти пуштини суриштирган. Наслнинг тозалиги, авлодининг соғлом ва баркамоллиги кўп жиҳатдан онанинг сиҳат-саломатлилигига боғлиқ эканини яхши англаган. Тарихий манбаларда ёзилишича, соҳибқирон Амир Темур келин танлаш масаласига жиддий ёндашган. У: “Келин олишда унинг насл-насабини, соғломлигини суриштириб оламан, чунки авлодимизнинг давомчилари соғлом, бақувват бўлишлари керак”, — деган эди.

Ўтган йиллар мобайнида юртимизда тарихий анъана ва эзгу қадриятларни ривожлантирган ҳолда, оналар ва болалар соғлиғини сақлаш йўлида улуғ ишлар қилинди. Буни қуйидаги факт ва рақамлардан ҳам билиб олиш қийин эмас: кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Шу билан бирга, дунёдаги минглаб болалар мактаб нималигини билмай ҳаёт кечираётган бир пайтда Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил этмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсиялардан қарийб икки баробар кўп деганидир. Шубҳасиз, бу каби эътироф ва ютуқларни “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятимизда мустаҳкам қарор топаётгани билан изоҳлаш мумкин.

Шулар ҳақида фикр-мулоҳаза юрита туриб, бунинг ҳуқуқий асослари ҳақида ҳам тўхталиш жоиз. Аввало, Конституциямизда оиланинг ижтимоий мақоми, оналик ва болалик давлат муҳофазасида экани белгилаб қўйилди. Мазкур йўналиш бўйича илгари сурилган эзгу мақсадлар Конституциямизда Оила, Фуқаролик, Меҳнат, Уй-жой кодекслари, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Таълим тўғрисида”ги ва бошқа қонунларда ўз аксини топди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Юртбошимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соғлом ва мустаҳкам оила соғлом келажак пойдевори эканини назарда тутиб, бўлажак келин-куёвларни тиббий кўрикдан ўтказишга энг муҳим вазифа сифатида қарашимиз зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Хабарингиз бор, 2002 йили Оила кодексининг 17-моддасига никоҳланувчи шахсларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтказишни назарда тутувчи қўшимча киритилган эди. Унга асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланиб, никоҳланувчи шахсларнинг психик, наркологик, таносил, сил, ОИВ/ОИТС касалликлари бўйича тиббий кўрикдан ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари, 2013 йили қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ никоҳ муносабатларига киришишда қонунда белгиланган ёш цензига амал қилмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Шубҳасиз, юқоридаги қонун ҳужжатлари ўз вақтида қабул қилингани ва энг муҳими, соғлом зурриёднинг дунёга келишига қаратилгани билан аҳамиятли эди. Бу каби чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда сўнгги 10 йилда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар сони 1,3 баробарга, 6-15 ёшли болалар ўртасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш қарийб 35 фоизга камайди.

Маълумки, соғлом оиланинг вужудга келиши, соғлом боланинг туғилишида ФҲДЁ органларининг ҳам ўзига хос ўрни бор, албатта. Уларда келин-куёвларнинг никоҳи қонуний қайд қилиниши баробарида, оиланинг жамиятдаги ўрни, эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ота-она бўлиш масъулияти, шунингдек, Оила кодексининг нормалари, никоҳ шартномасининг тузилиши, тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти ҳам тушунтирилмоқда. ФҲДЁ бўлимлари ва Никоҳ уйлари қошида “Ёш оила қурувчилар мактаби”, “Оила дорилфунуни” ана шу мақсадлар йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда. Машғулотлар тизимли равишда ташкил қилиниб, уларга амалиётчи шифокорлар, психологлар, ҳуқуқшунослар, отахону онахонлар таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, ФҲДЁ органлари томонидан бошқа манфаатдор ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, улар иштирокида таълим муассасалари ва маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Учрашувларда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий таъсири, қизларни барвақт турмушга беришнинг зарари, эрта туғуруқнинг ҳали жисмонан ва руҳан етилмаган ёш қизлар организмида жиддий асоратлар қолдириши ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилмоқда.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2015 йили ФҲДЁ органлари томонидан 6400 тадан зиёд ўқув машғулоти ўтказилиб, уларда 315 мингга яқин йигит-қиз иштирок этган. Олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 2400 тадан ортиқ эрта ҳамда қарийб 2000 та яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олди олинди.

Яқинда қабул қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида мазкур йўналишдаги ишларни янада жонлантириш белгиланганини ҳисобга олиб, никоҳга кирувчи шахслар ўртасида тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги тўғрисида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, ушбу соҳада тўпланган тажрибани янада бойитиш, тарғиботнинг турли интерфаол усулларидан кенг фойдаланган ҳолда, оилада соғлом турмуш тарзини юритиш, ирсий ва туғма касалликлар профилактикаси бўйича тиббий ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, жорий йилда бу йўналишдаги тарғибот тадбирларини амалга ошириш орқали ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб боришни мақсад қилганмиз.

Ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори. Мамлакатимиз тараққиёти ва олиб борилаётган ислоҳотлар муваффақияти кўп жихатдан халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражаси, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини англаб етиши ва уларга амал қилишига боғлиқ. Хусусан, оила институти мустаҳкамлигини таъминлашда ҳам ҳуқуқий маърифат энг таъсирчан омиллардан бири саналади.

Республикамиз аҳолисининг 34 фоизи 18 ёшгача бўлган болалар, 58 фоизи эса 30 ёшгача бўлган ёшлар эканини ҳисобга олсак, ўз-ўзидан ҳуқуқий таълим-тарбия билан боғлиқ фаолиятимизни янада жонлантиришимиз лозимлигини кўрсатади. Шуларни инобатга олган ҳолда ўтган йиллар мобайнида ушбу йўналишдаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, уни яхшилаш бўйича киритган таклифларимиз асосида 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Таълимнинг барча босқичида ҳуқуқий фанларни ўқитиш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида ўтказилаётган “Сиз қонунни биласизми?”, “Ёш ҳуқуқшунослар”, “Тафаккур синовлари” каби кўрик-танловлар ҳам йигит-қизларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Ҳуқуқий маърифат соҳасидаги тарғиботни ахолига,кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Қонун ҳужжатлари билан Адлия вазирлиги зиммасига норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш юклатилганини ҳисобга олсак, бу борадаги масъулиятимиз анча залворли. Жумладан, Давлат дастурида 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш назарда тутилган бўлиб, шу кунларда уларнинг лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Масалан, ҳозир Адлия вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. У қабул қилинса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшлар учун қўшимча иш жойлари ва ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этиш, уларни ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишнинг махсус дастурларини жорий этиш, ташкилотлар томонидан уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини банд қилиб қўйиш тартибга солинади.

“Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга қўшимча киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси генетик модификация қилинган организмлар бўлган истеъмол товарларини олиб кириш ва истеъмол қилишни чеклашни кўзда тутади, болалар озиқ-овқатларига уларни қўллашга тақиқни киритишга қаратилган нормаларни ўз ичига олади. Давлат дастурига мувофиқ болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг соғлом оилада яшаш ва тарбия олиш ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган, етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга васийлик (ҳомийлик) белгиланишини рад қилувчи касалликлар тартибини назарда тутувчи қонун лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури билан Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган кенг қамровли вазифалардан иборат чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга астойдил киришганмиз. Уларнинг амалга оширилиши, ўз навбатида, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуши фаровонлиги ва албатта, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказишга ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилади.

М.Икрамов,

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири