Ўзб Рус Eng
Охирги янгиланиш : 18.07.2019



07:19:55 (GMT +5), Жм, 19 июл 2019

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетовнинг 2017 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти RSS обуна

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг XIV ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетовнинг 2017 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти


Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетовнинг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги

АХБОРОТИ

Бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда турли хил муносабатларнинг ривожланиши ва мураккаблашиши, янгидан-янги товар-алмашинуви, электрон технологияларнинг ҳаётимизга жадал кириб келиши, табиий равишда қонунларнинг ҳам мураккаблашишига олиб келади.

Биз тўғри тушунамизки, оддий инсонлар учун ҳам қонунлар тушунарли ва содда бўлиши лозим ва бунга ўз фаолиятимизда интиламиз, шу билан бирга объектив ҳолат қонунларни биз хоҳлагандай содда қилиш имконини бермайди.

Барча ривожланаётган давлатлар ҳам профессионал қонунлар қабул қилиш амалиётига ўтмоқда.

Шунинг учун, қонунларнинг моҳиятини, уларда белгиланган энг керакли, оддий инсонлар учун муҳим бўлган қоидаларни содда ва тушунарли тарзда етказиш долзарблиги ортиб боради.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган маросимдаги нутқида янги қабул қилинган қонунлар ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича соатдек ишлайдиган самарали механизм яратиш кераклиги таъкидлаб ўтган эдилар.

Шунга кўра, жорий йилда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар айнан давлат органларида ҳуқуқий таъминот ишларини яхшилаш, юридик хизматни тубдан ислоҳ қилиш, қонун ҳужжатларини кенг аҳоли оммаси ва уни қўлловчи субъектларга етказишдаги муаммоларни бартараф этишдан бошланди.

Жумладан, Юртбошимизнинг қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида қабул қилган қарорлари натижасида, ижрочилар ва аҳолини қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги ҳуқуқий ахборот билан таъминлашнинг сифатини оширишга, шунингдек, соҳадаги ишларни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқишга эришилди.

Энг муҳим жиҳат шундан иборат бўлдики, қонун ҳужжатларини тарқатиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш схемаси яратиб берилди.

Бу соҳадаги ислоҳотларни мантиқий давоми сифатида, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва соҳадаги кўплаб муаммоларимиз ҳал этилди.

Энг асосийси, ҳар бир вазирлик ва идоранинг бу борадаги вазифаси аниқ кўрсатиб берилди, соҳада ягона мувофиқлаштирувчи орган белгиланди.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборат бўлдики, давлат органларининг ҳуқуқий ахборот фондларини юритиш билан боғлиқ фаолияти тартибга солинди. Илгари давлат органлари ўзига тегишли бўлмаган қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиб келган бўлса, эндиликда фақат ўз соҳа фаолиятига тегишли ҳужжатлар ҳисобини юритиш жорий этилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқий хизматнинг ролини янада ошириш, қонун ҳужжатларини ижрочиларга етиб бориш билан боғлиқ ишларни ташкил қилиш мақсадида юридик хизмат тизими тубдан такомиллаштирилди. Бу соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича Президент қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор юридик хизмат ходимларининг адлия органлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши, соҳага малакали кадрларни танлаш ҳамда уларни ишончли ҳимоя қилиш имконини берди.

Ушбу қарор билан давлат органи тизимида қонун ҳужжатларини етказиш ва уларни туркумлаштирилган ҳисобини юритиш ишларини таъминлашга юридик хизмат масъул этиб белгиланди. Албатта, бу вазифани нақадар муҳимлиги ва жиддийлиги сабаб, бунга юридик хизмат жавобгар этиб белгиланди.

Соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Адлия вазирлиги ва ташкилотлар ўртасида қонун ҳужжатларини тезкор тарқатиш мақсадида ҳимояланган алоқа каналлари (VPN) орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ишга туширилди.

Бунинг натижасида 2017 йилда қабул қилинган 2 164 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар электрон шаклда ташкилотларга “E-xat” электрон почта тизими орқали уларнинг почта манзилига юборилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижрочиларга етказилиши ҳамда моҳияти ва аҳамиятининг аҳоли ўртасида тушунтирилиши юзасидан Намунавий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. Унинг ижроси доимий назорат қилиб борилмоқда.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ҳамда ижрочиларга етказиш ишларини яхшилаш мақсадида 2017-2018 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Кодекслар ва қонун ҳужжатлари тўпламлари 79 минг нусхада нашр этилиб, жойларга етказилди.

Бугунги вазият ва шароит қабул қилинган қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочиларга етказиш фаолиятиниянги ва замонавий усул ва воситалар ёрдамида амалга ошириш лозимлигини ва бу борада Адлия вазирлиги ўзининг янги ёндашувларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этишини талаб этмоқда. Бунда:

Биринчидан, анъанавий равишда кўп ресурс ва вақт талаб қиладиган тадбирлар, учрашувлар ўтказишни камайтириб, замонавий услубларда иш олиб боришга ўтилмоқда. Чунки, битта аудиторияга бориб, коллеж, лицейдами бошқа ташкилотга бориб қилинадиган тадбирга 100, боринг 200 киши иштирок этади.

Кейин кўп ҳолларда, аудитория худди мажбурлаб бир жойга тўплангандай туюлади. Энг ачинарлиси, тадбирларнинг таъсирчанлиги йўқ.

Шунинг учун, Адлия вазирлиги томонидан мазкур йўналишдаги тадбирлар сони мақбуллаштирилмоқда.

Иккинчидан, маълумотни етказиш усули сифатида информацион технологиялардан кенг фойдаланиш рағбатлантириляпти.

Бугунга келиб Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 миллионга етди, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар сони бир йил ичида 5 бараварга ошди, демак бу катта аудиторияни Биз учун керакли ҳуқуқий ахборот тарқатиш улкан майдончаси деб баҳолаш мумкин.

Шунинг учун, Биз Фейсбук, Инстаграм, Твиттер, Одноклассники, Вконтакте ижтимоий тармоқларида ҳамда Ютуб видеохостингида ўз саҳифаларимизга эгамиз, охирги 4 ой давомида ушбу саҳифаларимизга 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди, Фейсбук тармоғидаги “Адлия билан мулоқот” саҳифасига 7 минг нафар фуқаро аъзо бўлган ва мазкур саҳифалар бевосита фуқаролар билан мулоқот қилиш платформасига айланиб улгурди, ундан ташқари “Халқ билан мулоқот” гуруҳи ҳам Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан бошқариб бориляпти, бу саҳифа Интернетдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлиб, бугунги кунда 100 минг аъзосига эга.

“Телеграм” ахборот дастуридаги “Ҳуқуқий ахборот” канали 4 ой олдин ташкил этилди, бугунги кунга келиб – 80 минг аъзога эга, ушбу канал орқали бугунги кунгача 2,500 дан ортиқ ҳуқуқий ахборот тарқатилди. Канал аъзоларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаоллигини ошириш мақсадида турли танловлар эълон қилиниб, ғолиблар муносиб рағбатлантириб бориляпти.

Учинчидан, албатта барча фуқароларимиз интернетдан фойдаланмайди, айниқса қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш-тарзи, айниқса куз-қиш мавсумидаги кундалик муаммолари билан овора ва интернетдан фойдаланиш имконини бермайди.

Адлия вазирлиги раҳбарияти ва ходимлари томонидан республикани барча ҳудудлари айланиб чиқилди, таҳлил қилинди. Дастлабки таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, жойлардаги аҳолини ҳуқуқий маданияти даражаси, қонунларни тушуниш қобилиятини шакллантиришда жиддий камчиликлар борлигига гувоҳ бўлдик.

Охирги йилларда нафақат ҳуқуқий маданиятни оширишга эриша олмадик, балки бу борада аниқ негатив тенденция яққол кўзга ташланади.

Кўплаб фуқароларимиздаги боқимандалик кайфияти, меҳнатга муносабатнинг сустлашганлиги, бир томондан бу жараёнга ўз таъсирини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан судлар, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги сансалорликлар пенсия билан боғлиқ тушунмовчилик (масалан, пенсия бир пайтлари нотўғри ҳисобланган деб, пенсиядан пулни чегириб қолиш, жуда катта норозичиликларни келтириб чиқарган) уларнинг барчаси қаттиқ салбий таъсир ўтказган.

Шунинг учун, реал ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларда шундай ёндашув қилинмоқдаки, яъни муаммодан келиб чиқиб, тегишли ҳуқуқий ахборотни шакллантиряпмиз.

Масалан, Президентнинг Виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларни биринчи навбатда уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, коммунал хизмати ва соғлиқни сақлаш масалалари кўп ташвишга солмоқда.

Биргина уй-жой масаласида 199 мингдан ортиқ, меҳнат муносабатлари масаласида эса 121 мингдан ортиқ, коммунал масалада 110 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шунинг учун, ҳуқуқий ахборотнинг ҳам айнан шу мавзуларда етказилиши йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, бугунги жамиятимиздаги долзарб масалалар, яъни никоҳ муносабатлари, тўйларни ихчамлаштириш бўйича маълумотлар тарқатилмоқда.

Маълумотни етказиш шакли эса брошюра, флайерлар кўринишида бўляпти.

Талабга асосан нотариат ҳаракатларини маҳаллаларга чиқиб кўрсатиш йўлга қўйилди.

Президентимизнинг Конституция кунидаги топшириқларидан келиб чиққан ҳолда, Ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган “йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Унда асосий урғу ҳуқуқий тарғиботнинг замонавий шаклларига қаратилди.

Тўртинчидан, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг, уларга киритилган ўзгартиришларнинг моҳияти ва аҳамиятини ижрочиларга ва аҳолига ўз вақтида етказиш мақсадида ҳужжат қабул қилинган куниёқ босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилинмоқда ва мунтазам жойлаштириб борилмоқда. (226 та материал).

Бешинчидан, “Фуқароларга маслаҳат” (www.citizensadvice.org.uk) лойиҳасини Буюк Британия билан бирга амалга оширяпмиз. Мазкур лойиҳада барча ҳаётий ҳолатларда ҳуқуқий ечим таклиф этилади ва давлат хизматлари кўрсатиш электрон тизими билан боғланади.

Олтинчидан, қонун ижодкорлиги фаолиятига аҳолининг кенг қатламини жалб қилиш мақсадида “Telegram” мессенджеридаги “Huquqiy axborot” каналида махсус “Qonunchilikka taklif” боти ишга туширилди. Мазкур бот орқали 2000 дан ортиқ таклифлар келиб тушди.

Мазкур лойиҳа муҳтарам Президентимизнинг “... қонунларнинг бевосита ижодкори халқ бўлиши керак” деган сўзларининг амалда татбиқ этилиш кўринишидир.

Еттинчидан, бугунги кунда барча жабҳаларда ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетнинг шиддат билан ривожланиб бораётгани барчамизга маълум. Бу борада ҳам ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти кенг йўлга қўйилди.

Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси – “LexUZ”нинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий манбалари қаторига киритилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантирди.

Ҳозирда Миллий базада ўзбек ва рус тилларида 44 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган бўлиб, ундан бир кунда 13 минг нафардан ортиқ шахслар бепул фойдаланмоқда.

Миллий базанинг янги такомиллаштирилган версияси яратилиб, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нусхаларини Миллий базага киритиш ва уларни эълон қилиш бўлимларининг қўшилиши назарда тутилган.Қидирув механизми ва шакли оптималлаштирилиб, сайтнинг дизайни ва жозибадорлиги янада оширилди, мобил версияси эса такомиллаштирилди.

Миллий базада эълон қилинадиган ҳужжатларнинг лотин графикасидаги версияси ҳамда чет эл инвесторларини жалб қилиш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида энг кўп талаб қилинадиган қонун ҳужжатлари матнларининг инглиз тилидаги версиялари жойлаштириб борилиши режалаштирилди. Бунинг учун, қонун ҳужжатларнинг рўйхати шакллантирилди.

Саккизинчидан, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасида давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Адлия органлари раҳбарлигида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг ҳудудий комиссиялари ташкил этилди.

Уларнинг ташкилий йиғилишлари ўтказилиб, 2017 йил учун иш режаси тасдиқланди. Ҳар бир Кенгаш аъзолари – вазирликлардан ўз соҳасидаги мавжуд муаммо ва талаблардан келиб чиқиб, тегишли ахборотлар тайёрланишини талаб этмоқдамиз.

Давлат бошқаруви органлари масъул ходимларининг масъулияти ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш мақсадида ҳуқуқий тарғибот соҳасига масъул 19 053 нафар ходимларнинг рўйхати шакллантирилиб, улар иштирокида ўқув семинарлар ўтказилди ва 7 385 нафар ходимлар ўқитилди.

Тасдиқланган намунавий режа асосида, давлат органлари томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича 700 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда 17 миллионга яқин аҳоли қамраб олинди.

Идоралараро кенгашнинг қарори билан янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида кодексларга шарҳ тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи шакллантирилди. Ҳозирги кунда ушбу ишчи гуруҳ томонидан 12 та кодексга шарҳлар тайёрланди. Жиноят, Меҳнат, Жиноят ижроия кодексларига тайёрланган шарҳлар чоп этилди.

Таҳлиллар, Идоралараро кенгашнинг фаолиятида ҳам бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Кенгаш томонидан давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган. Давлат органлари томонидан тарғибот тадбирларининг эскича форматда олиб борилаётганлиги, янгилик механизмлардан фойдаланиш амалиётининг умуман йўқлигини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, Идоралараро кенгашнинг фаолиятини янада жонлантириш, унинг самарадорлигини қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Юқорида ҳам айтиб ўтдик: уй-жой, қурилиш, меҳнат ва коммунал соҳада минглаб муаммоларимиз мавжуд. Буларнинг барчаси тегишли органларниннг диққат марказида бўлади. Бунинг учун, “манзилли тарғибот” лойиҳасини амалга оширамиз, у орқали фуқароларнинг ёши, ижтимоий ҳолати, фаолият тури ва бошқа қатламларга бўлиб, тарғибот тадбирларини ташкил қиламиз.

Битта кичик хулоса ёки таклиф ўрнида қайд этиш лозимки, ҳуқуқий ахборотни инсонлар учун қулай бўлган вақтда ва кўринишда етказиш керак, бу биринчи навбатдан вақт нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга, Биз хоҳлаган вақтда эмас, у хоҳлаган вақтда маълумотни олиб билиши керак. Адлия вазирлигининг энг асосий вазифаси бу имкониятни аҳолига таъминлаб беришдан иборатдир.