Ўзб Рус
Охирги янгиланиш : 21.07.2018



11:41:03 (GMT +5), Яш, 22 июл 2018

Вазирлик тарихи

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташкил этилиши ва тараққиёт босқичлари

Ўзбекистон Республикаси Адлия халқ комиссарлиги 1924 йил 26 ноябрда Инқилобий қўмитанинг қарори билан Туркистон автоном республикаси Адлия халқ комиссарлиги негизида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон таркибига кирган аввалги Бухоро Амирлиги, Хоразм ва Қўқон хонлиги давлатларининг ҳудудида адлия идораларининг фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштиришдан иборат эди.

1925 йил 6 май куни Ўзбекистон Кенгашининг Марказий Ижроия қўмитаси Раёсати Адлия халқ комиссарлиги ҳақидаги Низомни тасдиқлади. Бу Низом янги барпо этилган Адлия халқ комиссарлигининг таркиби ва ваколатларини белгилаб берди. Низомнинг 1-бандига кўра Адлия халқ комиссарлигига умумий раҳбарлик; барча суд муассасалари, прокуратура ва тергов идоралари, нотариат ҳамда суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш ва йўналтириш; суд ходимларини лавозимларга тасдиқлаш; ер комиссиялари ва суд ваколатига эга бўлган бошқа ташкилотларнинг фаолиятини кузатиш; ҳимоячилар ҳайъатларининг фаолиятини кузатиш ва аҳолига юридик хизматни ташкил этиш; қонунчилик юзасидан Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитаси ва Халқ комиссарлиги Кенгашига киритиладиган барча таклифларни бирламчи кўриб чиқиш; қонунчиликка амал қилинишини назорат қилиш; амалдаги қонунларни шарҳлаш, республика қонун ва ҳукумат қарорларининг тўпламларини нашр этиш каби вазифалар юклатилган.

Адлия халқ комиссарлиги учта асосий: суд тузилиши ва назорати, прокуратура ҳамда қонунчиликка таклифлар киритиш бўлимларидан иборат бўлиб, Адлия халқ комиссари бир вақтнинг ўзида республика Халқ комиссарлиги Кенгашининг тақдимномасига биноан Марказий ижроия қўмитаси томонидан тайинланадиган ва вазифасидан озод қилинадиган республика Давлат прокурори бўлиб ҳам ҳисобланган. 1926 йил 22 декабрда Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги ҳақидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган, 1931 йил 11 октябрда эса кейинги йилларда суд ва прокуратура идораларининг таркиби ва вазифалари ўзгариши муносабати билан такомиллашиб борган янги Низом қабул қилинган.

Адлия халқ комиссари республика ҳудудида ягона суд сиёсатини амалга ошириш, барча адлия идораларининг фаолиятини ташкиллаштириш ва унга умумий раҳбарлик қилиш, мансабдор ва жисмоний шахслар ҳаракатларининг қонунийлиги устидан назорат олиб бориш билан шуғулланган. У жиноятчиликка қарши кураш борасидаги барча тергов идораларининг фаолиятини бошқарган, жиноятчилик ва унга қарши кураш усулларини ўрганган. Республикадаги махсус суд идораларининг фаолияти ҳамда меҳнат-тузатиш амалиёти устидан назорат олиб бориш ҳам Адлия халқ комиссарлигининг зиммасида бўлган.

Прокуратура 1936 йилга қадар Адлия халқ комиссарлигининг таркибида бўлган. Собиқ Иттифоқ Марказий ижроия қўмитаси ва Халқ комиссарлари Кенгашининг 1934 йил 27 октябрдаги қарорига асосан Адлия халқ комиссарлигининг тизимида бўлган меҳнат-тузатиш муассасалари Ички ишлар халқ комиссарлигининг таркибига ўтказилган. 1934 йил 10 сентябрда Ўзбекистон Республикаси МИҚ ва ХКК томонидан Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги, Прокуратура ва Олий суднинг таркибини бир қадар ўзгартирган “Суд ва прокуратура идораларини қайта ташкил этиш ва мустаҳкамлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Бу пайтга келиб Адлия халқ комиссарлиги Прокуратура, Олий суд ва бошқа бўлимлардан иборат эди.

Собиқ Иттифоқ МИҚ ва ХКК томонидан 1936 йил 20 июлда қабул қилинган “ССРИ Адлия халқ комиссарлигини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори марказлаштирилган суд ва прокуратура тизимини яратишда якунловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилди.

1936 йилнинг 8 декабрь куни Иттифоқ МИҚ ва ХКК томонидан Адлия халқ комиссарлиги тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд бошқаруви ваколатларидан озод қилинди ва республикадаги олий суд назорат инстанцияси бўлиб қолди. Барча прокурортура-тергов идоралари Адлия халқ комиссарлиги таркибидан чиқарилди. Собиқ Иттифоқ Адлия халқ комиссарлиги зиммасига суд идораларининг фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш юклатилди.

Ушбу Низомга асосан Ўзбекистон Адлия Халқ комиссарлигини икки ўринбосарга эга бўлган Халқ комиссари бошқарди. Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлигининг тизимида суд идоралари, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва суд ҳимояси бўлимлари, нотариат сектори, республика қонунларини мужассамлаштириш бўлими, ҳуқуқий маслаҳатхона каби бўлимлар фаолият кўрсатди. Бундан ташқари, республика Адлия халқ комиссарлиги суд ижрочилари фаолиятини бошқарди ҳамда назорат қилди, суд статистикасини ташкил этди ва олиб борди.

Иккинчи Жаҳон уруши йилларида адлия идоралари тизимида жиддий ўзгаришлар бўлмади, аммо айрим бўлимлар фаолияти республика маъмурий-ҳудудий бўлинишидаги ўзгаришлар ва ҳарбий вақт хусусиятларидан келиб чиқиб такомиллашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг 1956 йил 7 августдаги “Меҳнаткашлар депутатлари вилоят Кенгашлари қошидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бошқармаларини тугатиш ҳақида”ги Фармонига асосан республика Вазирлар Кенгаши ўзининг 1956 йил 6 ноябрдаги қарори билан республика Адлия вазирлиги тўғрисидаги янги Низомни тасдиқлади. Янги Низомга биноан Ўзбекистон Адлия вазирлиги бевосита республика Вазирлар Кенгашига бўйсунган. Вазирликда вазир, унинг ўринбосарлари ва бир нечта раҳбар ходимлардан иборат ҳайъат фаолият кўрсатган. Ҳайъат йиғилишларида суд ва адлия идораларининг ишини амалий бошқариш, ижрони текшириш, кадрларни танлаш, энг зарур буйруқ ва йўриқномаларни тайёрлаш каби масалалар ҳал қилинган.

1959 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати “вилоят ва халқ судлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш” мақсадида Адлия вазирлигини тугатди. Вилоят ва халқ судларининг ишини текшириш, уларнинг барча фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқи ҳамда суд статистикасини олиб бориш мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Олий судига юклатилди. Бундай қайта ташкил қилиш оқибатида юқори суд инстанциялари суд бошқарувини ҳам амалга оширди.

Республика Вазирлар Кенгашининг 1959 йил 27 мартдаги Қарори билан унинг ҳузурида Юридик комиссия ташкил қилиниб, бу комиссия зиммасига қонунларни мужассамлаштириш, ҳукумат топшириқларига кўра Вазирлар Кенгашига киритилган норматив хусусиятга эга қонун ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари лойиҳаларини дастлабки кўриб чиқиш юклатилган.

Аммо, кейинчалик давлат қурилиши амалиётига бундай юзаки ёндашув хато эканлиги ва қонун ҳужжатларини тайёрлаш сифатига, малакали ҳуқуқшунос кадрларнинг салоҳиятига салбий таъсир кўрсатганлиги маълум бўлди. Шу сабабли, ССРИ Олий Кенгашининг Раёсати 1970 йил 31 августда “ССРИ иттифоқ-республика Адлия вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонни қабул қилди. Унга асосланиб, 1970 йил 1 октябрда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсати ҳам Ўзбекистон ССР Адлия вазирлигини ташкил қилди. Республика Вазирлар Кенгашининг 1972 йил 27 сентябрдаги Қарори билан Адлия вазирлигининг Низоми тасдиқланди.

Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон АССР Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судларига ташкилий раҳбарлик қилиш, қонунларни мужассамлаштириш, қонунлар юзасидан таклифларни тайёрлаш, халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларга услубий раҳбарлик қилиш, давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқий билимларни тарғибот қилиш, аҳоли ўртасида қонунларни тушунтириш ишларини услубий бошқариш ва мувофиқлаштириш, нотариат, фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш, адвокатура идораларига ҳамда Тошкент суд экспертизаси илмий-текшириш институтига умумий раҳбарлик қилиш амалга оширилди.

XX асрнинг 70-80-йилларда адлия раҳбарий идораларининг таркиби ва ваколатларида жиддий ўзгаришлар рўй бермади. Ўзбекистон ССР Адлия вазирлиги томонидан судлар фаолиятини ташкилий таъминлаш амалга оширилди. Бу фаолият давомида суд идораларини ташкил этиш, адлия ва суд идоралари ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялаш, судларнинг одил судловни амалга оширишларига етарли шароит яратиш, судьялар ва халқ маслаҳатчиларининг сайловчилар олдида ҳисобот беришларини ташкил этиш масалалари ҳал этилди, вилоят, туман, шаҳар судларида, адлия идоралари ва муассасаларида ишларни ташкил қилиниши текшириб борилди.

Бу даврда Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги идоралари бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари билан ҳамкорликда айрим тоифадаги жиноят ишлари бўйича суд амалиётини ўрганди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрди. Хусусан, мулкни талон-тарож қилиш, порахўрлик ва чайқовчилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти, мулкни рўйхатдан чиқариш ишлари юзасидан суд-прокурорлик амалиёти умумлаштирилди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг давлат ва жамоат мулкини талон-тарож қилиш, ҳисоботларга қўшиб ёзиш ва чайқовчиликка қарши кураш ишлари текширилди, давлат мулкини талон-тарож қилиш ишлари юзасидан моддий зарарни ундириш борасидаги маъмурий ва молия идоралари фаолиятининг аҳволи ўрганилди.

Адлия вазирлиги ҳайъати бир неча маротаба вазирликлар, идоралар, ташкилот ва муассасалардаги ҳуқуқий хизматнинг аёллар ва вояга етмаганларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш борасидаги ишларини муҳокама этди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилишини олдини олиш ишларида ҳуқуқий воситалардан самарали фойдаланиш муаммолари вазирлик, республика адлия органларининг диққат марказида бўлди. Адлия органлари ходимлари аҳоли ўртасида қонунларни кенг тарғиб қилдилар.

Адлия ва суд идоралари фаолиятининг самарадорлигини ошириш уларнинг иш шароити ва моддий-техник таъминотига кўп жиҳатдан боғлиқ эди. Бу идоралар маҳаллий бюджетга катта даромад келтиришган, аммо уларни таъминотига маҳаллий идоралар маблағ бермаган, республика бюджетидан эса оз миқдорда пул маблағлари ажратилган. Кўп судлар, нотариал ва ФҲДЁ идоралари авария ҳолатидаги ёки фаолиятига мослаштирилмаган биноларда жойлашган. Қоғоз, ёзув машинкалари, оргтехника, мебел жиҳозларига етишмовчилик сезилган, ишловчилар сони эса меъёридан деярли икки маротаба кам бўлган.

1991 йилда Ўзбекистон халқи давлат мустақиллигига эришди. Унинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, аввало инсон омилининг устуворлиги, давлат мустақиллиги тамойиллари тан олинди, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш каби мақсадлар қўйилди.

Мустақил мамлакатимиз Адлия вазирлигининг ривожланиш тарихининг асосий саналарини кўриб чиқсак:

1992 йил 8 январь – давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-314-сонли тарихий Фармони қабул қилинди ва мустақил Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига асос солинган. Яъни, Ўзбекистон ССРнинг иттифоқ-республика Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлигига айлантирилди.

1992 йил 12 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 523-сонли қарори қабул қилинди ва Адлия вазирлигининг Низоми тасдиқланди.

1993 йил 17 июнь Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 294-сонли қарорига асосан Адлия вазирлигининг Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси таркибида Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими ташкил этилди.

1994 йил 24 январь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасига тегишли тартибда ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиб, Ҳуқуқий сиёсатни мувофиқлаштириш ҳамда Ҳуқуқий тарғибот бўлимлари негизида Ҳуқуқий сиёсатни ва халқаро ҳуқуқий алоқаларни мувофиқлаштириш бошқармаси, Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси ташкил этилди.

1994 йил 22 март Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 153-сон қарори билан “Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида”ги Низом қабул қилинди.

1994 йил 13 май – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги аппарати тузилмасини такомиллаштиришнинг баъзи масалалари тўғрисида”ги 257-сон қарорига асосан Халқаро-ҳуқуқий бошқармаси тузилди.

1995 йил 27 апрель – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш ва унинг аппарати тузилмасидаги ўзгартиришлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Адлия вазирлигининг Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси таркибида 3 та штат бирлиги миқдорида Тадбиркорлар ва хусусий мулк эгалари ҳуқуқларига риоя этиш бўйича қонунчиликнинг бажарилишини назорат қилиш бўлими ташкил этилди.

1995 йил 23 август – “Ҳуқуқ ва бурч” журнали ҳамда “Инсон ва қонун” ҳуқуқий газетаси Давлат Матбуот қўмитаси томонидан рўйхатдан ўтказилди.

1997 йил 10 июль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 345-сонли қарорига асосан Адлия вазирлиги тизимида фуқароларнинг қонунчилик бузилиши юзасидан ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш бошқармаси ташкил этилди.

1997 йил 9 октябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 469-сонли қарорига асосан Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси таркибидаги Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими негизида Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси ташкил этилиб, Адлия вазирлиги марказий аппаратининг алоҳида таркибий бўғини сифатида ажралиб чиқди.

1998 йил 24 февраль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини бошқариш тўғрисида”ги 77-сонли қарорига асосан Тошкент юридик техникуми негизида Тошкент юридик коллежи ташкил этилди ва 2003 йил 27 августда Адлия вазирлиги тизимига киритилди.

1998 йил 24 апрель – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги 1998 йил 4 мартдаги ПФ-1938-сон Фармонининг бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 177-сон қарорига асосан Адлия вазирлиги марказий аппаратида Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилди.

1999 йил 12 февраль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сонли қарорининг қабул қилиниши, шунингдек вазирликда иш юритилишини сифатли ва янада самарали тарзда ташкил этиш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Адлия вазирлиги Ҳайъати мажлисининг 1999 йил 25 январдаги 1-сон баёни билан вазирликнинг Ишлар бошқармаси негизида Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси ташкил этилди.

2000 йил 5 август – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 304-сонли қарорига мувофиқ аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, жамиятни ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш ва амалдаги қонун ҳужжатларини босқичма-босқич туркумлашни ташкил этиш мақсадида Адлия вазирлиги марказий аппаратида Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси ташкил этилди.

2001 йил 22 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 383-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Судлар фаолиятини ташкилий, моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти сифатида қайта ташкил этилди.

2003 йил 2 май – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 205-сонли қарори қабул қилинди ва унга асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хорижий инвесторларни ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш вазифаси юклатилди.

2003 йил 27 август Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 370-сонли қарори қабул қилинди ва Адлия вазирлигининг янги Низоми тасдиқланди.

2003 йил 29 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сонли қарори ҳамда адлия вазирининг 2003 йил 29 сентябрдаги 237-сонли буйруғига асосан Иқтисодий ислоҳот бўйича қонунчилик ва ноpматив ҳужжатлаp лойиҳалаpини тайёpлаш ва ҳуқуқий экспеpтиза қилиш бошқаpмаси Иқтисодий қонунчилик бошқармасига, Ҳуқуқий сиёсатни мувофиқлаштириш ва ўқув муассасалари бошқармаси эса Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармасига айлантирилди.

2004 йил 24 февраль – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 112-ф-сонли фармойиши билан тасдиқланган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар томонидан инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг ҳолатини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди ва Адлия вазири мазкур ишчи гуруҳининг раҳбари этиб белгиланди.

2005 йил 28 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан Адлия вазирлиги ўртасида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва унга риоя этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Меморандум имзоланди ва ушбу ҳужжат ҳамкорликда фаолият кўрсатиш учун замин яратди.

2005 йил 15 декабрь –Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-237-сонли қарорига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази ташкил этилди ҳамда мазкур марказнинг директори Адлия вазирининг ўринбосари этиб белгиланди.

2008 йил 27 октябрь – Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада фаолият юритувчи идораларнинг ўзаро алоқаларини мувофиқлаштириш мақсадида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги ўртасида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Келишув имзоланди.

2009 йил 31 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 340-сонли қарорига асосан 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан текин фойдаланиши белгилаб қўйилди.

2011 йил 17 июнь – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш соҳасида адлия органларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1555-сонли қарорига асосан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармасига айлантирилди ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 24 июлдаги “Қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4636-сон Фармони билан Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тугатилди.

2011 йил 23 август – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1602-сонли қарори қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг янги Низоми тасдиқланди.

2015 йил 15 май – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сон Фармони билан Адлия вазирлигига адлия органлари ходимларининг чегараланган миқдорини сақлаб қолган ҳолда, “бир дарча” марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий кўмак кўрсатиш вазифалари юклатилди.

2017 йил 12 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди.

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, қонун ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятнинг алоҳида масалалари бўйича – бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий ва энг муҳим вазифаси норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини изчил амалга оширишдан иборатдир.

Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган адлия вазири бошчилик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, нотариат ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идоралари, Давлат хизматлари агентлиги, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази, Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети, ТДЮУ ҳузуридаги Тошкент юридик коллежи ва Академик лицей, “Адолат” нашриёти, “Инсон ва қонун” газетаси ҳамда Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази киради.

Адлия вазирлигига турли даврларда раҳбарлик қилган адлия вазирлари:




Васикова Мамлакат

Собировна

(1970-1984 йй.)

Буриходжаев Наман

(1984-1985 йй.)


Алимджанов Баходир

Гуламович

(1985-1990 йй.)

Маликов Мухамед-Бабир 

Маджидович

(1991-1993 йй.)



Мардиев Алишер

Мардиевич

(1993-1995 йй.)

Мирсафоев Сирожиддин

(1995-2000 йй.)



Полвон-зода Абдусамат 

Абдухамидович

(2000-2005 йй.)

Мустафаев Бўритош

Мустафаевич

(2005-2006 йй.)



Отахонов Фозилжон

Хайдарович

(2006-2007 йй.)

Мухитдинов Равшан

Абдулатифович

(2007-2011 йй.)



Йўлдошев Ниғматилла 

Тўлқинович

(2011-2015 йй.)

Икрамов Музраф

Муборакходжаевич

(2015-2017 йй.)

2017 йилдан Давлетов Русланбек Қуролтайевич Ўзбекистон Республикаси адлия вазири лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда.